Абдулла Қаҳҳор. Ҳикоялар

Ўғри
Отнинг ўлими итнинг байрами.
Мақол

Кампир тонг қоронғисида хамир қилгани туриб ҳўкизидан хабар олди. О!.. Ҳўкиз йўқ, оғил кўча томондан тешилган… Деҳқоннинг уйи куйса куйсин, ҳўкизи йўқолмасин. Бир қоп сомон, ўн-ўн бешта хода, бир арава қамиш – уй, ҳўкиз топиш учун неча замонлар қозонни сувга ташлаб қўйиш керак бўлади.
Одамлар дод овозига ўрганиб қолган: бировни эри уради, бировнинг уйи хатга тушади… Аммо кампирнинг додига одам тез тўпланди. Қобил бобо яланг бош, яланг оёқ, яктакчан оғил эшиги ёнида туриб дағ-дағ титрайди, тиззалари букилиб-букилиб кетади; кўзлари жавдирайди, ҳаммага қарайди, аммо ҳеч кимни кўрмайди. Хотинлар ўғрини қарғайди, ит ҳуради, товуқлар қақағлайди. Кимдир шундай кичкина тешикдан ҳўкиз сиғишига ақл ишонмаслиги тўғрисида кишиларга гап маъқуллайди.
Қобил бобонинг қўшниси – бурунсиз элликбоши кирди. У оғилга кириб тешикни, ҳўкиз боғланган устунни диққат билан кўздан кечирди; негадир устунни қимирлатиб ҳам кўрди, сўнгра Қобил бобони чақирди ва паст товуш билан деди:
– Ҳўкизинг ҳеч қаёққа кетмайди, топилади!
Унинг оғилга кириб қилган тафтиши Қобил бобога бир умид бағишлаган эди, бу сўзи ҳаддан зиёд севинтирди. Чол йиғлаб юборди.
– Худо хайр берсин… Ола ҳўкиз эди…
Одамлар, ўғри деворни қачон ва қандай асбоб билан тешгани, ҳўкизни қайси томонга олиб кетгани, уни қайси бозорда сотиши мумкин эканлиги тўғрисида баҳслаша-баҳслаша тарқалди. Ғовур босилди. Қобил бобонинг кампири йиғидан тўхтаб, элликбошини дуо қила кетди.
Eлликбоши ўғри тешган ерни яна бир кўрди. Қобил бобо қўл қовуштириб унинг кетидан юрар ва йиғлар эди.
– Йиғлама, йиғлама дейман! Ҳўкизинг оқ пошшо қўл остидан чиқиб кетмаган бўлса, топилади.
Элликбоши ҳўкизни жуда нақд қилиб қўйди – гўё у кўчага чиқса бас – ҳўкиз топилади. Бу «худо яллақагур» шунчалик қилгандан кейин бир нима бериш лозим-да. Текинга мушук офтобга чиқмайди. Бу одам элликбоши бўлиш учун озмунча пул сочганми? Мингбошининг бир ўзига етти юз боғ беда, бир той бергани маълум. Пошшоликдан ойлик емаса! Қобил бобо ҳамёнини қоқиштириб, борини элликбошига берди, яна қанча дуо қидди. Элликбоши бетўхтов аминга хабар қил-моқчи бўлиб чиқиб кетди.
Кечқурун Қобил бобо аминнинг олдига борадиган бўлди. Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, аминга қанча пул олиб борса бўлади? Берганга битта ҳам кўп, олганга ўнта ҳам оз. Чол-кампир кенгашиб шундай қарорга келишди: бу чиқим охирги ва ҳўкизни бўйнидан боғлаб берадиган чиқим, шунинг учун пулнинг юзига қараш ақлдан эмас.
Қобил бобо рўпара бўлганда амин оғзини очмасдан қаттиқ кекирди, кейин бағбақасини осилтириб кулди.
– Ҳа, сигир, йўқолдими?
– Йўқ… сигир эмас, ҳўкиз, ола ҳўкиз эди.
– Ҳўкизми?.. Ҳўкиз экан-да! Ҳимм… Ола ҳўкиз? Тавба!..
– Бори-йўғим шу битта ҳўкиз эди…
Амин чинчалоғини иккинчи бўғинигача бурнига тиқиб кулди.
– Йўқолмасдан илгари бормиди? Қандақа ҳўкиз эди?
– Ола ҳўкиз…
– Яхши ҳўкизмиди ё ёмон ҳўкизмиди?
– Қўш маҳали…
– Яхши ҳўкиз биров етакласа кета берадими?
– Бисотимда ҳеч нарса йўқ…
– Ўзи қайтиб келмасмикин?.. Биров олиб кетса қайтиб кела бер, деб қўйилмаган экан-да! Нега йиғланади? А? Йиғланмасин!
Қобил бобо ерга қараб тек қолди.
– Қидиртирсакмикин-а?– деди амин чинчалоғини этигининг остига артиб, — суюнчиси нима бўлади? Суюнчидан чашна олиб келинмадими?
Аминнинг бу гапи Қобил бобога «Ма, ҳўкизинг» деган-дай бўлиб кетди.
– Кам бўлманг,– деди пулни узатиб,– яна хизматингиздаман.
– Мен бетўхтов приставга хабар бераман. Ўзи чақиртиради. Бир ҳафта ўтди. Бу бир ҳафта ичида кампир «дуонинг зўри билан қулф очадиган» азайимхонга обдастагардон қилдиргани қатнаб ярим қоп жийда, уч елпиш товоқ жўхори, икки калава ип элтди, аммо иш чиқмади. Саккизинчи куни Қобил бобо яна аминнинг олдига борди. Аминнинг тепа сочи тикка бўдди:
– Ҳа, ҳўкизни уйларига элтиб берилсинми?! Ахир, борилсин, арз қилинсин-да! Фуқаронинг арзга бориши арбобнинг иззати бўлади!
Қобил бобо ёр-дўстлари билан кенгашди – приставга пулдан бошқа нима олиб борса бўлади? Маълум бўлдики, уни бегим дегунча кишининг бели синар экан.
Учта товуқ, гарчи бири курк бўлса ҳам, Қобил бобонинг ўзидан чиқди. Юзта тухумни қўни-қўшни, ёр-биродарлар ўзаро йиғиб берди. Аммо бу тортиқ билан тилмочдан нари ўтиб бўлмади. Тилмоч тортиқни олди ва бетўхтов приставга яхшилаб тушунтиришни ваъда қилди. Чолнинг бутун бўғинлари бўшашиб кетди, кейин тутоқишди, аммо гўрда бир нарса дея оладими! «Ўйнашмагил арбоб билан – сени урар ҳар боб билан». «Яхшилаб тушунтирилган» пристав битта кулангир, битта фаранги товуқ, уч сўм пулни олганидан кейин, Қобил бобонинг бахтига, «бетўхтов ҳокимга хабар бераман» демасдан, «аминга бор»,  деб қўя қолди. Амин «елликбошига борилсин», деди.
– Гумонингизни айтинг бўлмаса! – деди элликбоши тажанг бўлиб, – ким олганини мен билмасам, авлиё бўлмасам! Олган одам аллақачон сўйиб саранжомлади-да! Узоқ демасангиз, эринмасангиз кўнчиликка бориб териларни бир қараб чиқинг. Аммо териси кўнчиликка тушган бўлса, аллақачон чарм бўлди; худо билади, кавуш бўлиб бозорга чиқдими…
– Энди бизга жуда қийин бўлди-да. Пешонам шўр бўлмаса… –  деди чол ерга қараб.
– Эй, ёш боламисиз! Нега йиғлайсиз? Кап-катта одам… Битта ҳўкиз бўлса бир гап бўлар, худо ажалга тўзим берсин! Мен қайнагамга айтайин, сизга битта хўкиз берсин. Битта ҳўкиз одамнинг хуними?
Eртасига элликбоши Қобил бобони бошлаб қайнатаси – Эгамберди пахтафурушнинг олдига олиб борди. Пахтафуруш чолнинг ҳолига кўп ачинди ва ерини ҳайдаб олгани битта эмас, иккита ҳўкиз берди, лекин «кичкинагина» шарти бор. Бу шарт кузда маълум бўлади…
1936
Бемор
Осмон йироқ, ер қаттиқ. 
Мақол
Сотиболдининг хотини оғриб қолди. Сотиболди касални ўқитди – бўлмади, табибга кўрсатди. Табиб қон олди. Бетобнинг кўзи тиниб, боши айланадиган бўлиб қолди. Бахши ўқиди. Аллақандай бир хотин келиб толнинг хипчини билан савалади, товуқ сўйиб қонлади… Буларнинг ҳаммаси, албатта, пул билан бўлади. Бундай вақтларда йўғон чўзилади, ингичка узилади.
Шаҳарда битта докторхона бор. Бу докторхона тўғрисида Сотиболдининг билгани шу: салқин, тинч паркда, дарахтлар ичига кўмилган баланд ва чиройли оқ иморат; шиша қабзали кул ранг эшигида қўнғироқ тугмаси бор. Чигит пўчоқ ва кунжара билан савдо қиладиган хўжайини Абдуғанибой омборда қулаб кетган қоплар остида қолиб ўладиган бўлганида бу докторхонага бормай Симга* кетган эди. Докторхона деганда Сотиболдининг кўз олдига извош ва оқ подшонинг сурати солинган 25 сўмлик пул келар эди.
Бемор оғирлашди. Сотиболди хўжайинининг олдига арзга борди, аммо бу боришдан муддаоси нима эканини аниқ билмас эди. Абдуғанибой унинг сўзини эшитиб кўп афсусланди, қўлидан келса ҳозир унинг хотинини оёққа бостириб беришга тайёр эканини билдирди, кейин сўради:
– Девонаи Баҳоваддинга ҳеч нарса кўтардингми? Ғавсул-аъзамга-чи?
Сотиболди кетди. Беморнинг олдидан жилмаслик ва шу билан бирга тирикчилик учун хонаки бир касб қилишга мажбур бўлди – ҳар хил саватчалар тўқишни ўрганди. У эртадан-кечгача офтобшувоқда гавронлар ичига кўмилиб сават тўқийди.
Тўрт яшар қизчаси қўлига рўмолча олиб, онасининг юзини карахт, нимжон, хира пашшалардан қўрийди; баъзан, қўлида рўмолча, мукка тушиб ухлаб қолади. Ҳаммаёқ жим. Фақат пашша ғинғиллайди, бемор инқиллайди; ҳар замон яқин-йироқдан гадой товуши эшитилади: «Ҳей дўст, шайдулло баноми олло, садақа радди бало, бақавли расули худо…»
Бир кечаси бемор жуда азоб тортди. У ҳар инграганда Сотиболди чаккасига буров солинган кишидай талвасага тушар эди. Қўшниси бир кампирни чақирди. Кампир беморнинг тўзиган сочларини тузатди, у ёқ-бу ёғини силади, сўнгра… ўтириб йиғлади.
– Бегуноҳ гўдакнинг саҳарда қилган дуоси ижобат бўлади, уйғотинг қизингизни! — деди.
Бола анчагача уйқу ғашлиги билан йиғлади, кейин ота-сининг ғазабидан, онасининг аҳволидан қўрқиб, кампир ўргатганча дуо қилди:
– Худоё аямди дайдига даво бейгин…
Бемор кундан-кун баттар, охири ўсал бўлди. «Кўнгилга армон бўлмасин» деб «чилёсин» ҳам қилдиришга тўғри келди. Сотиболди тўқиган саватчаларини улгуржи оладиган баққолдан йигирма танга қарз кўтарди. «Чилёсин»дан бемор тетик чиққандай бўлди; шу кечаси ҳатто кўзини очиб, қизчасини ёнига тортди ва пичирлади:
– Худо қизимнинг саҳарлари қилган дуосини даргоҳига қабул қилди. Дадаси, энди тузукман, қизимни саҳарлари уйғотманг.
Яна кўзини юмди, шу юмганича қайтиб очмади – саҳарга бориб узилди. Сотиболди қизчасини ўлик ёнидан олиб, бошқа ёққа ётқизаётганда қизча уйғонди ва кўзини очмасдан одатдагича дуо қилди:
– Худоё аямди дайдига даво бейгин…
1936
*Сим  – ҳозирги Фарғона шаҳри.
Анор

Уйлар тўла нон, оч-наҳорим болам,
Ариқлар тўла сув, ташнаи зорим болам.
Ўтмишдан

Туробжон эшикдан ҳовлиқиб кирар экан, қалами яктагининг енги зулфинга илиниб тирсаккача йиртилди. Унинг шашти қайтди. Жўхори туяётган хотини унинг қўлидаги тугунчани кўриб, келисопни келининг устига қўя чопди. Кели лапанглаб ағанади, чала туйилган жўхори ерга тўкилди.
Туробжон тугунчани орқасига бекитиб, тегишди:
– Акажон, дегин!
– Акажон! Жо-он ака!..
– Нима берасан?
– Умримнинг ярмини бераман!..
Туробжон тугунчани берди. Хотини шу ернинг ўзида, эшик олдида ўтириб тугунчани очди-да, бирдан бўшашиб кетди ва секин бошини кўтариб эрига қаради. Ўз қилмишига гердайиб турган Туробжон унинг кўзини жиққа ёш кўриб:
– Нима эканини билдингми?– деди.– Асаларининг уяси! Турган-битгани асал! Мана, мана, сиқсанг асал оқади. Буниси оқ мум, ҳаром эмас – шимса ҳам бўлади, чайнаса ҳам бўлади.
Хотин енгини тишлаб бир нуқтага қараганича қолди.
– Ё, қудратингдан, ишонмайди-я! – деди Туробжон
келтирган матоини титкилаб. – Мана, чайнаб кўр! Кўргин, бўлмаса иннайкейин дегин…
Туробжон қизарди. У бир замон бетоб ўртоғини йўқлаб элтган тарвузини, бемаза чиққан бўлса керак, сигирнинг охурида кўриб шундай хижолат бўлган эди.
Ҳовли юзида айланиб юрган оқсоқ мушук тўкилган жўхорини искаб кўрди, маъқул бўлмади шекилли, Туробжонга қараб шикоягомуз «мяу» деди.
– Тур, жўхорингга қара! Уни кўр, мушук тегди.
Хотин тураётиб баралла йиғлаб юборди.
– Бу ер юткур қандай бало экан!.. Одамлардай
гулутага, тузга, кесакка бошқоронғи бўлсам-чи!
Туробжон дўпписини бошидан олди ва қоқмоқчи бўлганида кўзи йиртиқ енгига тушди, юраги ачиди: энди уч-тўрт сув ювилган янгигина яктак эди!
– Ахир, бошқоронғи бўл, эвида бўл-да! – деди дўпписини қоқмасдан бошига кийиб. – Анор, анор… Бир қадоқ анор фалон пул бўлса! Саҳаримардондан сув ташиб, ўтин ёриб, ўт ёқиб бир ойда оладиганим ўн саккиз танга пул. Акам бўлмаса, укам бўлмаса…
Eр-хотин тек қолишди. Хотин жўхорини туйиб бўлди, уни келидан тогорачага солаётиб тўнғиллади:
– Ҳавасга анор ейди дейсиз, шекилли…
– Биламан… Ахир, нима қилай? Хўжайинимни ўлдириб пулини олайми, ўзимни ҳиндига гаров қўяйми? Ғалатимисан ўзинг?
Хотин овқатга уннади, эрининг «бошқоронғи бўл, эвида бўл-да», дегани унга жуда алам қилди, хўрлиги келди, ўпкаси тўлди.
Овқат пишди. Қозоннинг занги чиқиб қорайган гўжага қатиқ ҳам ранг киргизолмади. Туробжон икки коса ичди, хотини эса ҳануз бир косани яримлатолмас эди. Унинг имиллашини кўриб Туробжоннинг кўзига негадир оқсоқ мушук кўринди. Мушук йиртилган енгини эсига туширди, авзойи бузилди. Унинг авзойидан «есиз жўхори, қатиқ, ўтин» деган маънони англаб хотин, кўнгли тортмаслигига қарамасдан, косани бўшатди, аммо дарҳол том орқасига ўтиб кўзлари қизарган, чакка томирлари чиққан ҳолда қайтди.
– Ҳали туғилмаган болани ер юткур дединг-а, – деди Туробжон борган сайин тутақиб.
Хотин индамай дастурхонни йиғиштириб олди, қозонга сув қуяётиб, эшитилар-ешитилмас деди:
– Ўша асалнинг пулига анор ҳам берар эди.
– Берар эди! – деди Туробжон заҳарханда қилиб. – Анор олмай асал олдим!
– Албатта берар эди! Албатта анор олмай, асал олгансиз!
Мана шундай вақтларда тил қотиб оғизда айланмай қолади, мабодо айланса, муштнинг хизматини қилади.
– Ажаб қилдим, – деди Туробжон титраб, – жигарларинг эзилиб кетсин!
Бу сўз унга қандай таъсир қилганини фақат бошқоронғи хотингина билади. Туробжон бу гапни айтди-ю, хотинининг аҳволини кўриб аччиғидан тушди, агар иззат-нафс қўйса ҳозир бориб унинг бошини силар ва: «Қўй, хафа бўлма, жаҳл устида айтдим», дер эди.
– Кишининг юрагини қон қилиб юборасан, – деди анчадан кейин. – Наинки мен асал олсам! Асал отлиққа йўқ, ҳали биз пиёда-ку! Хўжайинга бир ошнаси совға қилиб келган экан, билдирмасдан… ўзидан сўраб оз-роғини олдим… Ўзи берди. Тансиқ нарса, хурсанд бўлармикансан дебман. Ё тансиқ эмасми? Умрингда неча марта асал егансан? Ўзим умримда бир марта еганман: Шокирхўжа қандолатчи асал қиём қилдираётганда қозонига аммамнинг жўжаси тушиб кетганди, шу жўжани ялаганман…
Туробжоннинг бу сўзлари хотинининг қулоғига нотайин бир ғулдираш бўлиб кирар эди. Унинг Туробжон билан уй қилганига уч йил бўлиб келаётир, назарида, бу одам шу уч йилдан бери ғулдираб келган, ҳозиргиси шунинг давомидай эди. Иттифоқо, бу кун, нима бўлди-ю, уч сўзни равшанроқ айтди: «Жигарларинг эзилиб кетсин», деди. Оламда унинг суянгани эри, бирдан бир орзуси — анор эди, бирданига ҳар иккиси ҳам йўққа чиқди.
Хотин уйга кириб кетди. Анчадан кейин дарчадан хира шуъла тушди. Туробжон ҳам кирди. Хотин дарча ёнида, бир тиззасига бошини қўйган, қорамтир – кул-ранг осмонга қараб ўтирар эди. Туробжон тикка туриб қолди. Токчадаги бешинчи чироқ пихиллаб ёнар, унинг атрофида катта бир парвона айланар эди. Туробжон ҳам дарча ёнига ўтирди. Шифтнинг қаеридир «қирс» этди, қаердадир калтакесак чирқиллади, Туробжоннинг қулоғи жинғиллади. У ҳам осмонга – хира юлдузларга қаради. Масжиддаги кекса бақатерак орқасидан кўтарилган қизғиш ўт кўкка оловли из қолдириб жуда юқорилади ва гўё осмонга урилгандай чилпарчин бўлиб, «пўп» этди.
– Мушак, – деди Туробжон, – Муллажон қозининг боғида. Муллажон қози бешик тўйи қилган.
Хотин индамади.
– Шаҳардан тўралар ҳам чиққан, – деди Туробжон яна.
Хотин яна индамади. У Муллажон қозининг боғини кўрган эмас, аммо таърифини эшитган. Бу боғни кўз олдига келтириб кўрди: боғ эмас, анорзор… Анор дарахтларида анор шиғил, чойнакдай-чойнакдай бўлиб бўлиб осилиб ётипти.
– Битта мушак уч мири,– деди Туробжон, – юзта мушак отилса… биттангадан юз танга. Бир миридан кам — етмиш беш танга бўлади.
Eр-хотин узоқ жим қолишди. Туробжон оғзини катта очиб ҳам эснади, ҳам уф тортди.
– Ма, буни тик,– деди у яктагини ечиб, – ма!
Хотин яктакни олиб ёнига қўйди, афтидан, ҳозир тикмоқчи эмас эди.
– Бўл,– деди Туробжон, бирпасдан кейин, – ол… Сенга айтяпман!..
–  Ҳа, мунча!.. Туртмасдап гапира беринг… Тикиб қўярман, мунча қистов…
Туробжоннинг тепа сочи тикка бўлди.
–  Ҳай, сенинг димоғ-фироғинг кимга! Хўш, нима дейсан?
–  Мен сизга бир нарса деяпманми? Тикиб қўярман.
–  Ҳар нарсага рўзғор аччиқ бўла берса… қийинроқ бўлар, –  деди Туробжон яктагини кияётиб, –  камбағалчилик…
–  Камбағалчилик ўлсин!
Хотин бу гапни шикоят тарзида айтди, аммо Туробжоп буни таъна деб тушунди.
–  Нима, мен сени олганимда камбағаллигимни яширганмидим? Эркабойга ўхшаб чимилдиққа бировнинг тўни, кавуш-маҳсисини кийиб кирганмидим? Бундай армонинг бўлса ҳали ҳам серпулроқ одамга тег.
–  Иккита анор учун хотиниигизни серпул одамга оширгани уялинг!
Бу гап Туробжоннинг ҳамиятига тегди. «Жигарларинг эзилиб кетсин» дегани хотинига қанча алам қилган бўлса, бу гап Туробжонга шунча алам қилди.
–  Э, ҳой, анор олиб бермадимми? –  деди Туробжон майин товуш билан, аммо бу майин товушдан қўрққулик эди, –  сира анор олиб келмадимми?
– Йўқ! –  деди хотини бирдан бошини буриб.
Туробжоннипг боши ғовлаб, кўзи тинди.
– Ўтган бозор куни еган анорингни ўйнашинг олиб келганмиди?!
– Ўйнашим олиб келган эди!
Туробжон билолмай қолди: хотинининг елкасига тепиб, сўнгра ўрнидан турдими, ё туриб кейин тепдими; ўзини обрезнинг олдида кўрди. Хотин, ранги оппоқ, кўзларини катта-катта очиб унга ваҳимали назар билан қарар ва бошини чайқаб пичирлар эди:
–  Қўйинг… Қўйинг…
Туробжон уйдан чиқиб кетди. Бирпасдан кейин кўча эшиги очилиб-ёпилди.
Хотин узоқ йиғлади, эрига қаттиқ гапирганига пушаймон бўлди, ўзини қарғади, ўлим тилади; йиғидан толиб ташқарига чиқди. Қоронғи, узоқ-яқинда итлар ҳурар эди.
Кўча эшигини очиб у ёқ-бу ёққа қаради – жимжит. Гузар томонда фақат битта чироқ милтиллар эди. Самоварлар ётган. Қайтиб уйга кирди.
Том орқасида хўроз қанот қоқиб қичқирди. Кўча эшиги очилди. Хотин то бурилиб қарагунча Туробжон катта бир тугунни орқалаб кириб келди. У тугунни уйнинг ўртасига ташлади. Бир чойшаб анор ҳар томонга юмалаб кетди, бир нечаси обрезга тушди. Туробжон хотинига қаради. Унинг рангини кўриб хотин қўрқиб кетди –  бу қадар оқарган! Туробжон ўтириб пешонасини ушлади. Хотини югуриб олдига келди ва елкасига қўлини қўйди.
–  Қаёққа бордингиз? –  деди энтикиб. –  Нима қилдингиз?
Туробжон жавоб бермади. Унинг вужуди титрар эди.
1936
Адабиёт муаллими
Ўзининг айтишига кўра «нафис адабиёт муаллими» ўртоқ Боқижон Бақоев оғилга кириб таъби хира бўлди: сигирнинг қулоғига яна кана тушибди! Канадан ҳам кўра сигир унинг аччиғини келтирди: канани терай деса қўймайди – бошини силкийди, пишқиради.
– Ҳайвон! Сигир эмас, ҳайвон! – деди оғилнинг эшигини қаттиқ ёпиб. – Ҳайвон!
Хотини Мукаррам ҳовлида самоварга сув қуяр эди.
– Ҳайвон! – деди Бақоев, –бу сигирни сотиб пулига чўчқа олиш керак!
– Шаҳарда чўчқа асраш мумкин эмас, – деди Мукаррам самоварга кўмир солаётиб.
– Нима учун? Тақиқ қилинганми? Ким айтди? Мен ай-тиб эдимми? Тўғри, мумкин эмас… албатта, мумкин эмас…
– Уйга киринг, Ҳамида келди.
Ҳамида ўн олти ёшлардаги тирик, қувноқ қиз, поччасини кўриб севиниб кетди.
– Сиз уйда экансиз, билсам, дафтаримни олиб келар эканман… эсизгина…
Ўртоқ Боқижон Бақоевнинг таъби очилди – сигир, унинг қулоғидаги кўм-кўк кана, ғўқиллаб тумшуғи билан ариқ ёқаларини бузиб юрган чўчқа кўз олдидан кетди.
– Техникумдан рабфакка ўтибсан, деб эшитдим, ростми? – деди. – Ҳимм… яхши қилибсан. Рабфакка ўт, деб мен айтиб эдим шекилли? Ҳимм… Ауфф, зарда бўлибман… Рабфак яхши. Мен бир борган эдим. Кантселяриянинг эшигига практикум деб ёзиб қўйипти. Тўғри эмас. Практикум, минимум, максимум булар ҳаммаси лотинча ёки лотинчага яҳин сўзлар. Мен, шахсан шундай деб биламан.
Бир оз жим қолишди.
– Боқижон ака,- деди қиз уялиброқ,- бир нарсани сиздан сўрамоқчи эдим: биз синфда Чеховнинг «Уйқу истаги»ни ўқидик, гўдакни ўлдирган қизни суд қилмоқчимиз. Даъвогар гўдакнинг онаси –Раҳима бўлади, қораловчи – Шарифжон. Судялар ҳам бўлади. Мен қизни оқлаб, бутун гуноҳни унинг хўжайинига, ёш қизни бу қадар бераҳм эксплуататсия қилган кишига қўймоқчиман. Мана шу… Шуни ёздим. Шу тўғрида сизнинг фикрингизни билмоқчиман. Чехов шундай демоқчи эмасми?
Ўртоқ Бақоев ўйлаб туриб, сўради:
– Нафис адабиёт дарсини сизларга ким беради? Ҳакимов? Ахмоқ одам! Ўз устида ишламайди. Савол аломати ҳаммавақт»ми» дан кейин қўйилади десам, кулади. Гап бунда ҳам эмас…
Мукаррам самовар кўтариб кирди. Ҳамида ирғиб туриб, самоварни опасининг қўлидан олди ва столга қўйди. У, ҳомиладор хотинга самовар кўтартириб, қараб ўтирган поччасидан ўпкаламоқчи эди, бироқ уялди, индамади. Ўртоқ Боқижон Бақоев жуда чанқаб турган экан, устма-уст тўрт пиёла чой ичди ва терлади.
– Чучварадан кейин чой жуда яхши кетади-да, – деди юзидаги терни артиб, – Ҳимм… соқол ҳам ўсипти, сартарош бўлмаса одамлар маймун бўлиб кетар эди. Маймун, жуни тўкилиб, одам бўлган. Бу ҳақда Энгелснинг фикри бор…
– Ҳалигини айтмадингиз, Боқижон ака, – деди қиз, – Чехов шундай демоқчи эмасми?
Ўртоқ Бақоев яна бир пиёла чой сўради.
– Чеховми? Ҳимм… буржуазия реализми тўғрисида сўзлаганда, энг аввал унинг объектига диққат қилиш керак. Буржуазия реалистлари тушунган, улар акс эгтирган объектив воқеликни англаш лозим бўлади. Турган гапки, Чеховнинг ижоди бошдан-оёқ, бутун моҳияти билан илк буржуазия реализми, яъни… ҳимм… Мукаррам, товуққа мояк қўйдингми? Қўйиш керак, бўлмаса дайди бўлиб кетади… Тавба, товуқдан аҳмоқ жонивор йўқ — мояк қўйсанг туғади! Нима гучун мояк қўйсанг туғади? Хўроз нима учун саҳарда қичқиради? Ажойиб психология! Биология ўқийсизларми?
Ҳамида биологиядан нималар ўқиганини, бу ўқиш йи-лида яна нималар ўтилажагини сўзлаб берди ва ўзининг оқлаш нутқида физиологик асослар ҳам кўрсатиш нияти бор эканини айтиб, яна сўзни Чехов устига бурди. – Чехов тўғрисида ўзимнинг фикрим бор. Бошқалар нима деса десин, ҳар ҳолда унинг дунёга қарашида… Унинг дунёга қараши Пушкин ва Лермонтовларнинг дунёга қарашидан фарқ қилади. Бир давр, бир синф, бир мамлакат ёзувчилари бўлишларига қарамасдан, мутлақо фарқ қилади!
– Чехов Пушкин билан бир даврда яшаган эмас-ку, – деди Мукаррам, – бизнинг кутубхонада унинг Максим Горкий билан олдирган сурати бор. Чехов 1904 йилда ўлган бўлса керак.
Ўртоқ Бақоев бир оз ўнғайсизланди.
– Сизлар қайси Чехов тўғрисида гапираётибсизлар? Чойдан қуй!.. Бу Чехов ҳақидами? Тўғри, бу 1904 йилнинг биринчи ярмидами, иккинчи ярмидами ўлган… Бошқа рўмолча бер, бундан пиёз ҳиди келаётипти. Мен ана у Чехов, илк буржуазия реализмининг намояндаси бўлган Чехов ҳақида сўзлаётибман.
– «Уйқу истаги» қайси Чеховники? – деди Ҳамида.
– Ҳеч шубҳасиз бу Чеховники. Бу нарса биринчи марта «Современник» журналида босилган.
Шундан кейин ўртоқ Боқижон Бақоев узундан-узоқ сўзлаб кетди. Унинг нима тўғрида сўзлаётганини Ҳамида билмас эди. Детирдинг деган аллақандай машҳур танқидчи Шеллинг деган ёзувчига «сен дастёрга зор бўлгунча ўғлинг дастёр бўлади» деб хат ёзган; Маркс Добролюбовни Меринг билан бир қаторга қўйган; Стендинг деган аллақандай бир драматург ўлар чогида Демпинг деган бир танқидчига: «Агар бутун жониворларни худо яратган бўлса, мен унинг завқига қойил эмасман, эчкиемар ҳам жонивор бўлдими?» деган…
Ҳамиданинг боши оғирлашиб кетди; икки марта секин, оғзини очмасдан эснади.
Ҳамида мезбонлар билан хайрлашиб кўчага чиққанда қоронғи тушган эди; «Уйқу истаги» тўғрисида поччасидан ҳеч қандай фикр ололмади. Унинг сўзларидан нима олгани ҳақида ўзига ҳисоб берар экан, ғувиллаб турган бошида шун-дан бошқа ҳеч нарса йўқ эди: практикум, минимум, максимум; Детирдинг, Стендинг, Шеллинг, Меринг, Демпинг…
1937
 
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *