Биринчи китоб – биринчи азоб

Эски дафтардан

Китоби чиққан кун – муаллиф учун катта байрам. Шу куни елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлади. Фақат кўнгилда бир ҳадик аралаш ҳаяжон: ўқиганлар нима деркан?
Сир эмас, китоби чиққан ёш ижодкорларга, одатда, «бошқача» қарашади: «нимасидир борки, китоби чоп этилган». Ана шу «нимадир» кўпчиликни қизиқтира бошлайди ва ўз-ўзидан муаллиф эътиборга тушади. Гарчи биринчи китобнинг масъулияти катта бўлса-да, ғурурланса арзийдиган жиҳатлари ҳам кўп. Ҳа, ҳамма гап ана шунда. Китоб чоп эттириш кўпчилик учун ҳавасга айлангандек. Тўғри, ҳавас ёмон эмас. Аммо шунинг ўзи билан яхши натижага эришиб бўлармикан?!
Ҳозир китоб чиқариш катта муаммо эмас. Қўлёзма, маблағ бўлса, марҳамат. Бу ҳам истиқлол берган катта имконият. Илгарилари аксарият ижодкорларнинг китоби 30 ёшлар арафасида, баъзан ундан ҳам кечроқ чоп этиларди. Бу пайтгача муаллиф унча-мунча асарни қоралаб қўйган, адабий давраларни кўрган, ҳеч бўлмаса, ижод намуналари нуфузли нашрларда эълон қилинарди. Ҳали адабий жараёнда номи маълум бўлмай туриб, бирданига китоб чиқариш ҳоллари деярли кузатилмасди.
Кейинги пайтлари мактаб ёки лицей ўқувчиларининг илк машқлари китоб ҳолида чоп этилаётгани одатий ҳолга айланди. Истиқлол туфайли пешонаси ярақлаган ёш ижодкорлар кўп. Хоҳ назмда, хоҳ насрда бўлсин, уларнинг ижод намуналари тўплам ҳолида чоп этилаётгани кишини қувонтиради. Илмий изланишларини китоб шаклида нашр эттираётган ёшларга ҳавас қилса арзийди. Демак, имконият бор. Аммо бу имкониятдан тўғри фойдаланаяпмизми?
Албатта, биринчи китобнинг қувончи муаллифда ўзига ишонч туйғусини мустаҳкамлайди, ёниб меҳнат қилишга рағбат уйғотади. Истеъдодингга ўзингни, ўзгаларни ишонтиргинг келади. Бу эзгу ниятлар биринчи китоб мисолида рўёбга чиқади. Унинг энг яхши мукофоти ҳам шу.
Илк китоби чиққанидан руҳланиб, кучга тўлиб ижод қилаётганларнинг аксарияти ёшлар. Бундай муаллифлар орасида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг борлиги ҳам диққатга сазовор. Лекин ана шу китобларнинг савияси қай даражада – мазмуни ва шакли талабга жавоб бера оладими? Китоб чиқариш кимлар учундир эрмакка ўхшаб қолмаяптими?
Нашрдан чиқаётган тўпламлар орасида шеърий мажмуалар нисбатан кўп. Буни халқимизнинг шеъриятга, шоирларга бўлган муҳаббати билан изоҳлаш ҳам мумкин. Аммо чоп этилаётган биринчи шеърий китобларда (айниқса, ёшлар, ўқувчиларники) шеърга бўлган муҳаббат, туғма истеъдод туфайли юзага келган сатрлардан кўра, шоирликка бўлган шунчаки ҳавас устунлигини ўқиган киши сезмай қолмайди. Эътибор берган бўлсангиз, ёш ўқувчи-муаллифнинг анча кўркам, дизайни яхши, сифатли қоғозга босилган «китоб»ида бадиий жиҳатдан бўш шеърлар кўп. Мавзунинг саёзлиги, жумлаларнинг ғализлиги, носамимийлик, табиийки, уни ўқиган кишида деярли таассурот уйғотмайди. ¤хшаш мисралар, бир хил сарлавҳалар бундай тўпламларда тез-тез кўзга ташланади. Масалан, «Шундай қиздир асли Фарангиз, Келсин унга ҳавасингиз» каби жўн гаплар қалашиб келади.
Бундай китобчалардаги «шеър»лар «Онажоним», «Ватаним» номи билан берилганлигини тушунса бўлар, аммо оддий шеър техникасидан ҳам йироқ машқларни шеър деб бериш, китоб ҳолида нашр этиш тўғрими? Бу ҳолат ўқувчида, пул бўлса бас, китоб чиқариш мумкин, деган нотўғри фикр уйғотмайдими? Шубҳасиз, биринчи китоб камчиликлардан холи бўлмайди. Лекин шеърий асар билан оддий машқнинг фарқи бор-ку!
Олий ўқув юртларининг журналистика факультетига кирмоқчи бўлганлар ҳам китоб чиқаришга интилишади. Бу билан осонгина ўқишга кира оламан, деб ўйлашар, балки.
– Мактабда ўқиб юрган кезларимда менда журналистикага қизиқиш уйғонди, — дейди Ф. Фузайлова. – Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетига кириш учун тайёргарлик кўра бошладим. Фақат бир нарса мени хавотирга соларди: ”Журналистикага китоби чиққанлар кира олади”. Бу гапни эшитиб бир амаллаб китоб чиқаришга аҳд қилдим. Ўша пайтлари туман матбуотида кичик-кичик ҳикояларим, шеърий машқларим чиқиб турарди. Ана шуларни йиғиб, китоб қиламан, дедим ўзимча. Лекин ёзганларим ўзимга саёз туюларди. Ниҳоят, ўйлаб-ўйлаб китоб чиқариш фикридан қайтдим. Шусиз ҳам ўқишга кира оламан, деб ният қилдим ва бунга эришдим.
Тўғри, баъзан китоб чиқариш ижодий имтиҳонларда фойда бериши мумкин. Лекин бу фақат китоби чиққанларгина журналистикага киради, дегани эмас-ку!
Истеъдодли ёшлар қўллаб-қувватланиши керак, албатта. Аммо буни фақат унинг китобини чиқариб бериш, деб тушунмаслик лозим. Ёш ижодкор жуда эрта рағбатлантирилмаяптими, китоб чиқаришдай шарафли ва масъулиятли иш унинг учун оддий ҳолатга айланиб қолмаяптими, деган хавотир ноширни тарк этмаслиги лозим. Ахир, забардаст шоир-ёзувчиларимиз биринчи китобларини чиқаргунча қанча тер тўкиб, машаққат чекишган. Бугунги биринчи китобларнинг камчиликлари муаллиф ва унга масъулларнинг кам меҳнат қилганлигидадир, эҳтимол…
Бу ҳақда ёш ижодкорлар ўзлари нима дейди?
– Гўдак энди йўлга кираётганда, тайинки, равон юриб кетолмайди, – олий адабиёт курсида таҳсил олган Зумрад Ваҳобова. – Лекин, асосийси, у биринчи қадамини ташлади. Илк қадам ҳамиша ҳам равон бўлавермайди. Айтмоқчиманки, биринчи китоб ҳам, қайсидир маънода, ижодкорнинг кейинги қадамларига асос бўлади.
– Менинг илк китобчам “Лолагинам” 2003 йили чоп этилган эди, – дейди навоийлик ёш ижодкор Абдулазиз Рустам ўғли. – Тўғриси, ундан умуман қониқмаганман. Шеърларимда камчиликлар бўлиши табиий. Аммо китобдаги имловий хатолар, шеърларнинг мавзу жиҳатидан тўғри жойлаштирилмагани мени қониқтирмаган. Китобнинг савияси учун нашриётдагилар ҳам жавобгар. Шундай экан, айбни фақат муаллифга ағдариш ҳам тўғри эмас.
Бугун биринчи китоблар ҳақида адабий танқидчилар ўз фикрларини билдиришаяпти. Афсуски, китобдан ҳам катта мақолалар, буюртма тақризлар, беҳуда мақтовлар матбуотда учраб турибди.
Биринчи китоб, унга қўйиладиган талаб ва масъулият ҳақида адабиётшунос Маҳмуд Саъдий шундай дейди:
– Ҳозир қалам тебратганнинг куни туғди. Пули бор одам қоғоз қоралаб, кетма-кет китоб чиқараяпти. Ҳолбуки, бу китоблар орасида адабий воқеа бўлганини эслай олмайман. Авваллари биринчи китоб чиқиши байрам бўларди. У бир шоир ёки адиб адабиётга кириб келаётганидан дарак берарди. Эркин Воҳидовнинг “Тонг нафаси”, Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз”, Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” номли биринчи китобларини бунга мисол қилса бўлади. Ҳатто “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида илк китоблар учун “Ваъда” деган рукн ҳам ташкил этган эдик.
Бугун эса сўзнинг, биринчи китобнинг қадри анча пасайиб кетди. Масъулият сусайган. Олдин китоб муҳаррирлари қаттиққўл ва талабчан бўлиб, муаллифлар билан ижодий иш олиб борарди. Бу эса яхши китобнинг дунёга келишига сабаб бўларди. Ҳозирги китобларда таҳрирсиз жумлалар жуда кўп. Ҳатто ”Китоб савиясига муаллиф жавобгар” деган ёзувлар пайдо бўлди. У ҳолда китобни нашр қилган одамнинг масъулияти қаерда қолади? Умуман, китоб ҳолатида чоп этилган бадиий асарлар таҳрир қилиниши, муҳаррирларнинг обрўйини кўтариш керак, деб ўйлайман. Ахир, Навоий ҳам Ҳусайн Бойқарога таҳрир қилдирган эди-ку. Демак, ўша замонларда сўзнинг қадри жуда баланд бўлган.
Рус адабиётида Гогол доим Пушкиннинг маслаҳати билан иш қилган. Чунки улар ижод шунчаки эрмак эмаслигини яхши билганлар. Шунинг учун ҳам бадиий асарлар таҳририга алоҳида этибор қаратиш керак. Муқаддас китобларда ҳам сўзнинг қадри юксак эканлиги таъкидланган.
Сўзга бўлган масъулият шу даражада бўлганки, Некрасов биринчи китобини тўплаб, ёқиб юборган. Ёзганлари ўзига жуда бўш кўринган. Беназир шоиримиз Миртемир “Ўз шеърингизнинг жаллоди бўлинг”, деган эди. Бу билан ижодкор масъулиятли, талабчан бўлмоғи керак, демоқчи. Ижодга катта масъулият билан қаранг. Токи шеърингиз санъат даражасига кўтарилмагунича ишланг. Қайта ёзинг, сўз машаққатини чекишдан қўрқманг. Шафқатсиз равишда шеърингизни қисқартириб, таҳрир қилинг – жаллоди бўлинг. Мана, нима демоқчи у.
Биринчи китобда ҳам сўзга бўлган масъулият акс этиб туриши керак. Ҳар қандай биринчи китоб ўқувчи олдида катта синовдан ўтишдир. Шоир ёки ёзувчи тақдирини кўп жиҳатдан биринчи китоб белгилайди. Мен Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетида дарс бераман. Ушбу факултетда биринчи китобчаси чоп этилган талабалар кўп. Ҳар йили икки-учта китобчаси чиққан ёшлар келади. Афсуски, уларнинг аксариятида муаллиф нуқтаи назари, юракка етиб борадиган гаплар йўқ. Бир-иккитасининг китобчадаги шеър ва ҳикоялари (ҳаммаси эмас) яхши.
Бадиий савияси баланд шеърлар ёзган талабаларнинг китоби чоп этилмаган. Чунки улар ўзига талабчан. Яхши китоб чиқаришни хоҳлашади.
Афсуски, ҳозир “жўқийлик шеърияти” жуда авж олди. Бадиий сўз қадрланадиган ижодий муҳит яратилиши, ўқувчининг бадиий дидини ўстириш лозим. Ана шундагина яхши китоблар кўпаяди.
Бу бир мутахассиснинг фикрлари. Биз биринчи китоблардаги қуруқ сатрлар, бўш “асар”лардан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин эди. Аммо бунинг учун газета саҳифалари камлик қилади. Бундан ташқари, мақсад танқид эмас, китоб савиясини кўтариш учун ҳаракат қилишга чорловдир.
Биринчи китоб – биринчи азоб дегани. Бу азоб тинимсиз ўз устида ишлаш, сўз машаққатини чекишдан иборат. Унинг роҳати китобнинг ўқувчига манзур бўлишидир. Биринчи китоб – бошловчи ижодкорнинг ваъдаси. Шундай экан, у ўқувчини ваъдасига ишонтира олиши керак!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Мақола «Маърифат», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газеталарида чоп этилган. 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 576

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *