Бир куни кўнглингни топаман…

Эски дафтардаги бу битикларнинг бадиий савияси ўз йўлига, аммо ўша бокира туйғулар билан тиллашиш, барибир, бошқача эди…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

СЕВГИ

Гар сени ўйласам, бу жоним куяди,
Номингни сўйласам, забоним куяди.
Соғиниб-соғиниб йўл олсам сен томон,
Танамга ўт сочиб товоним куяди,
Севги.

Қалбимни ўтларда ёққаним сенмисан,
Кўзимдан дард бўлиб оққаним сенмисан?
Ногаҳон суқланиб қўл чўзсам қўлингга,
Сесканиб илондай чаққаним сенмисан,
Севги?

Менмас, сен бағрингни тиғласанг, қанийди,
Жонингни ўтларда доғласанг, қанийди.
Пойингда йиғлаган мажнунинг ўзимман,
Сен менинг пойимда йиғласанг, қанийди,
Севги!

Мен сени кўзимда сақласам, не бўлар,
Жонимни жонингга михласам, не бўлар.
Қизғаниб чарчадим ҳаммадан, энди бир
Кўксингга бош қўйиб ухласам, не бўлар,
Севги?!

Қочмагин, ортингдан чопаман, барибир,
Бир куни кўнглингни топаман, барибир.
Ўшанда ойларнинг юзига рашк сочиб,
Титраган лабингдан ўпаман, барибир,
Севги!
Cевги!!
Севги!!!

2000

КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ

Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади.
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин.
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман.
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.

Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди.
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай…

2001

ЁМОНИ ЙЎҚ ЖОЙГА КЕТАМИЗ

Бу дунё – руҳимнинг азоби,
Эзгулик – умримнинг савоби.
Қўй, энди йиғлама, кўнгилжон,
Бор, ахир, барчасин ҳисоби,
Қўлни бер, пок жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзларим қадалган самога,
Ташнаман бир ҳовуч зиёга.
Чарчадим заҳарли сўзлардан,
Юр, энди ғийбату иғвога –
Замони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Чопамиз Қуёшнинг изидан,
Ўпамиз гулларнинг юзидан.
Қизариб бир ширин туйғулар
Топамиз лоланинг кўзидан.
Армони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

Кўзимни севинч ҳам ёшласин,
Қўлимни омад ҳам ушласин.
Тишларнинг изи бор кўксимда,
Энди Бахт лабимни тишласин.
Зиёни йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.

«Йилт» этган зиёга зор кўнглим,
Биз истар дунёлар бор, кўнглим.
Муниса Онамнинг кўнгли бўш,
У бизни кутяпти, юр, кўнглим,
Ёмони кўп жойда нетамиз?
Онамнинг кўнглига кетамиз,
Онамнинг кўнглига кетамиз!

2001

***

Қачон кўзларингга султон бўламан?
Қаерда жонингга туташган йўлак?
Кўчангни қидириб нима қиламан,
Менга юрагингнинг манзили керак!

2003

***

Кўчалар кўнглимга ўхшайди,
Бағрига сокинлик сиғмаган.
Кечалар синглимга ўхшайди –
Йиғласам, қўшилиб йиғлаган.

Манзилга элтади автобус,
Мен қаён бораман – билмадим.
Кўксимни йиртади бир номус,
Наҳот, шу темирча бўлмадим?!

Кунларим тўкилиб боради,
Кечаги вақт – писта пўчоғи.
Кўксимда поездлар юради,
Юрагим – бекатлар ўчоғи.

Хаёлнинг охири қаерда,
Осмондан нималар тилайман?
Онамнинг кўкси қон у ерда,
Мен бунда музқаймоқ ялайман…

2003

***

Наҳот, дийдам шунчалар қаттиқ,
Бешафқатсан, Ҳаёт, бешафқат.
Ҳеч кимим йўқ ўзимдан ортиқ,
Онам учун тополмайман Вақт.

2003

МЕНСИЗЛИК

Юлдузлари ичикиб қолди,
Маҳзун энди Ойсиз осмоним.
Сенсизликка кўникиб бўлдим,
Қандай экан менсизлик, жоним?!

Ана, кўзим кўзингдан ўтди,
Қўй, яширма титроқларингни.
Хато қилдинг, ўзингдан ўтди,
Тишлаяпсан бармоқларингни.

Энди нурга бегона юзинг,
Қуёшингнинг ранглари қани?
Сиғмаяпсан ўзингга ўзинг,
Ҳаётингнинг тонглари қани?

Кечаларинг ўзингдай ғариб,
Армонларинг осмондан катта.
Юрагингга термилиб туриб,
Йиғлаяпсан биринчи марта.

Ухлаб қолган кунларинг ҳаққи,
Менинг ўрним бошқа – бўлакман.
Йиғлаб қолган тунларинг ҳаққи,
Мен, барибир, сенга керакман!

2003

КЎЗЛАРИМ

Кўзларим –
Меҳрнинг макони,
Нур сочар чиқсангиз йўлимдан.
Гарчи йўқ эса-да забони,
Ҳолимдан сўйлайди, ҳолимдан.

Кўзларим –
Ашаддий душманим,
Ошкора айлайди розимни,
Гўёки оғзи бўш бир ғаним,
Шивирлар қалбдаги сўзимни.

Кўзларим –
Ишонган дўстларим,
Сиз билан пинҳона сўйлашган.
Етказиб Сизга дил сўзларим,
Ҳаётбахш ёғдулар улашган.

Кўзларим –
Муҳаббат дунёси,
Бир куни олади бағрига.
Тополмай Сиз унинг қиёсин,
Сўнг чўкиб кетасиз қаърига.

Кўзларим…

2001

***

Мен – ҳаёт боғида омонат япроқ,
Тўкилиб кетаман эрта, индин ё.
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само.

Тангрим азал сени яратмиш суюк,
Қошингда заррача эмасман, зотан,
Шу қадар мангусан, шу қадар буюк,
Минг битта умримга арзийсан, Ватан!

Дунё нима ўзи – савдо бозори,
Яшасам бўларди дўст қилиб танни.
Худо урмасмиди, етиб озори,
Ҳаётдан пастроққа қўйсам Ватанни?!

Ўтиб қўймасмиди Отам баҳримдан,
Тўлиб кетмасмиди дўзах ноламга?
Қонлар оқмасмиди бу тош бағримдан,
Ватан қолдирмасам магар боламга?!

Йўқ, бундай яшашга кўнолмайди жон,
Сени танимаслик – Руҳимга иснод.
Сен деб яшамасам, борлигим ёлғон,
Сен бор, у дунёю бу дунём обод.

Менинг забоним – гул, қўлларим – сабо,
Сенга бўй таратмай сўлмайман, Ватан.
Ҳали кўп яшайман, аввали Худо,
Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!

2002

***

Юролмайман, оёғимда лойларим кўп,
Кучукчалар тишлаб олган жойларим кўп.
Осмонларга даъвогарлар бисёр экан,
Чап кўксимда чиқмай ётган ойларим кўп.

Юрагимни кемиради минг битта ўй,
Наҳот, энди ялпизларим сочмайди бўй?!
Мен бандангнинг қўлларига ишонмайман,
Тангрим, энди Ўзинг мени турғизиб қўй!

2003

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БАҲОР

Дарахтлар қайтадан уйғониб бўлди,
Бу йилдан қушларнинг умиди катта.
Бугун манов ниҳол тўрт ёшга тўлди,
Гуллаш ярашади унга, албатта.

Кўкариш пайида турибди хаслар,
Куртаклар ҳаётга бўй чўзаётир.
Тошлар бағрида ҳам баҳорий ҳислар,
Барчаси мўъжиза, мўъжиза, ахир…

Қара, шундоққина ёнингда баҳор,
Осмон гуллаб бўлди, гуллади Замин.
Ҳозир юрагингда қорга нима бор,
Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?!

2004

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 511

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *