Бир томчи дийдор

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
***
Ёмғир қуя бошлади бирдан,
Савалайди биллур қамчилар.
Панароққа қочгани билан
Топиб олар йўлни томчилар.
Парво қилмас симёғоч хумпар,
Бошдан-оёқ ҳўл бўлган жиққа.
Рақсга тушар олтин япроқлар
Шитир-шитир – ёмғирқўшиққа.
Мўлтирайди бекатлар юпун,
Маъюс тортар ёлғиз хиёбон.
Ниманидир эслатиш учун
Гумбурлайди қоп-қора осмон.
Ғилдираклар шошар қирғоққа,
Дарё бўлиб оқмоқда йўллар.
Бу сафар ҳам қизил чироққа
Тоқат қилмас автомобиллар…
Шу баҳона ютмади заҳар –
Ёмғир ювиб кетди барини.
Ғуборлардан зериккан шаҳар
Чайиб олди кўйлакларини.
УЗУН ОРЗУ
Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан,
Учсам. Ҳаммасини унутсам. Кетсам.
Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан,
Армон етолмаган манзилга етсам.
Қувиб тутолмаса ортимдан лаъин,
Муҳаббат ўртада бўлмаса даллол.
Худди шу энг мақбул, тўғри йўлдайин –
Учишим ҳеч кимга келмаса малол.

УЙҒОНИШ
Кўзларимдан оловлар сачрар,
Қафасдаги шердай оғриндим.
Ҳувиллаган одамзор ичра
Ҳаёт, Сени жуда соғиндим!
Кундалигим бир хил: уй, йўл, иш…
Қаноти йўқ қушга ўхшайман.
Ташвишларнинг ортида ташвиш…
Бу туришда қачон яшайман?
Қайда эшик очдим ғавғога?
Йўл бошида йўқотдим йўлни.
Оз бўлса ҳам тоза ҳавога
Олиб чиққим келар Кўнгилни.
Ёниб кетгим келади бирдан,
Адо қилди тунга шериклик.
Некбин-некбин нигоҳлар билан
Бугун сенга зорман, Тириклик!..
Юрагимда орзугул унар,
Умид тинмай қилар қўнғироқ.
Борган сари кўзларим тинар –
Борган сари Қуёш яқинроқ…
ЭСКИ ҲАҚИҚАТ
Дунё эски, ташвишлар эски,
Навқирондай бу ғамлар кўҳна.
Қарсак чалиб топамиз таскин,
Ҳаёт ўзи эски бир саҳна.
Гар пихини ёрган фуқаро
Ўзлаштирмоқ бўлар бугунни,
Ечолмаслар минг йиллар аро
Севги деган эски тугунни.
Ким бировни йиғлатиб кулар,
Шу ўйинлар менга қизиқми?
Ё ўчириб берарми улар
Пешонамда турган ёзуқни?
Фақат сира тинч қўймас бир ҳол,
Ўйлатади дунё ишлари:
Нигоҳлари маъюс мажнунтол,
Чинорларнинг хўрсинишлари…
***
Cевги, о, гуноҳдошим,
Тўполончим, бебошим!
Юрагимга тош отдинг,
Синай деди бардошим.
Ҳеч гапимга кирмадинг,
Йўл бошладим – юрмадинг.
Ёш боладай ортингдан
Чопганимни кўрмадинг.
Гоҳ тирилдим, гоҳ ўлдим,
Гадо бўлдим, шоҳ бўлдим.
Эшитмадинг, шекилли,
Янгиланган оҳ бўлдим.
Ҳисларимни ўйнадинг,
Панд беришни қўймадинг.
Ўзинг уни кўрсатиб
Яна мени қийнадинг.
Қилармисан тасаввур:
Ё муҳаббат, ё ғурур.
Бир сўз айтар севганим,
Минг йилгача чидаб тур.
***
Бардош либосининг иплари тиғдан,
Амаллаб кийдингми, ечишдан не наф?
Кўзингни яширма кўнгли мунглуғдан,
Сева олиш шараф, севилиш шараф.
Дақёнусдан қолган бу даҳри дунда
Бир янги заррадай кўзга илинсам.
Муродим гуллари очилган кунда
Не тонг, яшаш учун маҳкум қилинсам!
Сўнгги нафасгача эшиклар очиқ,
Ўз ҳолидан ўзи гумонда гумон.
Наздимда, кўрмаган бу қадар Ошиқ
Бир томчи Дийдорга ғарқ бўлган жаҳон…
ДЎСТ
Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик,
Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон.
Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик,
Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон.
Нечундир, бу ҳолга осон кўникдим,
Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани.
Ёнингга бормасам, кечир, севиклим,
Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани.
 
“Шарқ юлдузи” журнали, 2009 йил 2-сон.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.