Бу халқни қанча ўргансак ҳам оз!

Даҳолар даҳоси – халқ

Беназир буюк шахсларни етказиб дунёга тутган халқимиз даҳоси ҳақида тарих гувоҳлик бериб турибди. Аслида, даҳолар даҳоси халқнинг ўзи эмасми! Айни мураккаб ўзгаришлар, ғоявий-мафкуравий курашлар авж олган паллада ягона нажот – ўзликни англаш, чин эътиқодда собит бўла билишдир. Шу маънода ўз халқимиз, қолаверса, халқлар, турли маданият, қадриятларни ўрганиб, илмий хулосалар чиқариш, инсоният тарихидан етарлича бохабар бўлиш беқиёс аҳамиятга эга. Бунда, айниқса, этнолог-мутахассислардан чуқур билим, зеҳн-заковат ва кучли ирода талаб этилади.

Маълумот ўрнида: этнолог олим, тарих фанлари доктори, профессор Адҳамжон Аширов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти Этнология ва антропология бўлими бошлиғи. «Авесто»дан мерос маросимлар», «Relics of Ancient Religious Beliefs of the Residents of the Ferghana Valley», «Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари», «Этнология» (ҳаммуаллифликда), «Косонсой тарихи» (ҳамкорликда), “Ўзбеклар” (ҳамкорликда), “Марказий Осиё халқлари этнографияси, этногенези ва этник тарихи” номли монография, ўқув қўлланмалари ва рисолалари, республика ҳамда хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий нашрларида 100 дан зиёд илмий-оммабоп мақолалари нашр этилган.

Қизиқишдан илмий билишгача Адҳамжон болалик пайтлари геолог бўлишни орзу қиларди. У туғилиб ўсган Фарғона водийсидаги Чотқол тоғи этакларида жойлашган сўлим Ровот қишлоғи(Косонсой тумани)нинг қадимий тепаликлари – Дукортепа, Навжартепа мурғак қалбга жуда сирли туюларди. Баъзан шундоққина оёғи остидан чиқиб қолган қадимий сопол синиқлари ҳайрату қизиқишини юз чандон оширарди. Бувиси Қумрихон аянинг аждодлар тарихи, миллий анъана ва маросимлар ҳақида айтиб берган эртагу ривоятларини тинглаб зерикмасди. Маҳалла-кўйдаги тўйлар, байрамлар, турли сайилларда ўртоқлари билан ўйнаб юраркан, бот-бот болаларга хос бўлмаган ўйлар безовта қиларди. Хўш, бундай маросимлар нима учун ўтказилади? Катталарнинг баъзи удумлар ҳақида “Ота-боболаримиз шундай қилишган, бажармасак, ёмон бўлади”, дейишлари-чи? Ахир нега “ёмон бўлади”? Шу каби саволлар билан мактабдаги тарих ўқитувчиси Сотимжон домлани ҳам тинч қўймасди. Шундай қизиқишу ҳайратлар оғушида ўқувчилик йиллари ҳам ортда қолди. Тўғри, бу пайтда унча-мунча китоб унинг қўлидан ўтган эди. Онаси Сабоҳат опанинг туман кутубхонасида ишлагани Адҳамжон учун айни муддао бўлган, кутубхона унинг иккинчи уйи эди. Ҳатто касал бўлиб қолганида, бир тарихий китобни топиб берасан, деб хархаша қилгани, дадаси Азимжон ака ҳудуддаги бутун китоб дўконларию кутубхоналарни қидириб сарсон бўлганини ва охири бир яқин кишисидан топиб берганини таниш ҳамқишлоқлар ҳалигача кулиб эслашади. Мактабни тугатаётганида унинг орзу-ниятлари “пишиб” улгурганди: олим бўлади! Олий ўқув юртига икки йил ҳужжат топширди-ю, имтиҳонлар якунида ҳар гал озгина балл етмай, қайтишга мажбур бўлди.

Астойдил ҳаракат қилиб, учинчи уринишда, 1991 йили ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тарих факультетига ўқишга кирди. Мустақил юртнинг қалдирғоч талабаларидан бири бўлди. Талабалик йиллари этнография, ўлкашунослик йўналишидаги экспедицияларга чиқди. Беш йил давомида университетда ўқиш ва изланишлар натижасида болаликдаги кўплаб саволларига жавоб олди. Аммо бу жавоблар ҳам уни тўла қониқтирмасди. Илмий изланишларни янада кучайтиришга қарор қилди ва университетда таълим берган таниқли олим Ҳомиджон Ҳомидий маслаҳати билан Фанлар академияси Тарих институти аспирантурасига ўқишга кирди. Тақдир уни бу катта илм масканида таниқли олим, ўзбек халқи этнографиясининг зукко билимдони академик Карим Шониёзов билан рўбарў қилди. Изланувчан ёш йигит билан бўлган қисқагина суҳбат давомида устоз унинг соҳага бўлган кучли қизиқиши, асосийси, ўз ўлкаси, халқи тарихи, миллий қадриятларига бўлган меҳрини сезди, келажагига ишонч билдириб, шогирдликка олди. – Устоз суҳбатининг ўзи катта мактаб эди, – дейди қаҳрамонимиз. – Кутубхоналарда соатлаб китоб титкилаб топа олмаганларимизни устознинг бир оғиз гапидан олардик. Домла ўз соҳасини севиш ва қадрлаш билан бирга, халқини ҳам жуда яхши кўрарди. Cобиқ иттифоқ миқёсида ўтказилган турли илмий анжуманларда халқимизнинг ўтмиш тарихи, этногенези ва этник тарихига оид мулоҳазаларини қатъий ҳимоя қилиб, ўзбекларнинг бир неча минг йиллик тарихга эга эканини илмий асосда исботлаб бера олган. Устоз бутун умрини шу юрт илм-фани равнақи учун бағишлаб, ўзбеклар этнографиясининг долзарб муаммоларига оид йирик фундаментал тадқиқотларни амалга оширди, соҳада ўзига хос мактаб ярата олди. Умрини илмда ҳақиқатни излашга бағишлаган олимнинг инсоний хислатлари ҳам ўрнак бўлгулик эди… Шу тариқа Адҳамжон Аширов устозидек бўлишни дилига тугди. Илмий салоҳияти ва ташкилотчилик маҳорати боис қисқа давр ичида ЎзР ФА Тарих институтида кичик илмий ходим, катта илмий ходим, илмий котиб, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари вазифаларида масъулият билан фаолият кўрсатди. Мана, 20 йилга яқин вақт мобайнида ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи, халқимизнинг анъанавий турмуш тарзи, миллий ва диний анъаналаримиз тарихи каби ўзбек этнологиясининг долзарб мавзуларида тадқиқот олиб бормоқда.DSC00040

 

Ўзликни англаш илми

– Тадқиқот ишимиз ўзбекларнинг қадимий диний маросимлари ва анъаналари тарихига бағишланган, – дейди А. Аширов илмий ишининг аҳамияти ҳақида гапираркан. – Изланишлар давомида Фарғона водийси ўзбеклари анъанавий турмуш тарзидаги қадимий диний эътиқодлар билан боғлиқ маросимлар ва урф-одатларни ўрганиш асосида ташқи олам, коинот, табиат тўғрисидаги қадимий тасаввурлар ва илк диний-эътиқодий қарашлар борасида қатор янги маълумотларни илмий муомалага олиб киришга ҳаракат қилдик. Муҳими, ўзбек халқи турмуш тарзи билан боғлиқ маросимлар ва урф-одатларни илмий таҳлил этиш унинг этномиллий психологияси ва маданияти борасидаги билимларни бойитишга хизмат қилади. XXI аср ўзбек халқи тарихи ва миллий анъаналарни ўрганиш борасида янги зарварақлар очди. Айниқса, мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кейин халқимизнинг ўзлигини англаши, миллий қадриятлар, тарихий анъаналарга бўлган эътиборнинг ортиши натижасида этнология фанининг турли муаммоларини, хусусан, ўзбеклар этногенези ва этник тарихи, миллий хусусиятларимизни илмий асосда ўрганиш долзарб илмий-амалий аҳамият касб этмоқда. Аждодларимиз томонидан яратилган бебаҳо меросимиз, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизнинг қайтадан жонланиши ҳамда уларнинг энг ибратли жиҳатлари жамият ҳаётига олиб кирилиши ҳам этнологик тадқиқотларнинг долзарблигини таъминлаётир. Ўз навбатида, ХХ асрнинг сўнгги чорагидан бошлаб фаннинг тадқиқот объекти ва методларида ҳам айрим ўзгаришлар содир бўлди. Эндиликда этнологик йўналишда изланаётган тадқиқотчилар нафақат археик турмуш тарзи соҳиблари бўлган халқларни, балки замонавий индустрлашган халқлар ва маданиятларни ҳам тадқиқот объекти сифатида ўрганишга жиддий эътибор қаратмоқдалар. Шунингдек, ҳозир маҳаллий маданиятлар ҳам тадқиқотчилар диққатини тортмоқда. Юртимизда кейинги йиллари этнологлар томонидан тарих, археология, социология, фолклоршунослик, маданиятшунослик ва бошқа кўплаб ижтимоий фанлар ютуқлари асосида тадқиқотлар яратиш борасида эътиборга сазовор илмий ишлар қилинмоқда. Олимларимиз томонидан республикамизнинг турли тарихий-этнографик минтақалари этнологияси, ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи, халқимизга хос бўлган этномиллий анъаналар ва замонавий этномаданий жараёнларни ўрганишга эътибор қаратилаётир. Мамлакатимиз этнологлари АҚШ, Англия, Франция, Германия, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Марказий Осиё республикалари этнологлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Россия Фанлар академияси Этнология ва антропология институти билан ҳам доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу юртимизда этнология фани жаҳон фани билан ўзаро уйғун тарзда ривожланаётганидан далолат беради. Айнан мен тадқиқот олиб бораётган йўналиш халқнинг нафақат тарихи, балки миллий хусусиятларини ҳам кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамиятга эга. Биз ўзбек халқи этнографиясини ўрганиш орқали миллатимизнинг кечаги ва бугунги турмуш тарзи, маданияти, асрий анъаналаримиз тарихи ҳамда уларнинг дунё тамаддунида туган ўрни борасида маълумотларга эга бўламиз. Қисқача айтганда, халқимиз этнографиясини тушуниш орқали ўзбекнинг ўзлигини биламиз.

Маълумот ўрнида: Адҳамжон Аширов қаламига мансуб “Ўзбек халқининг қадимий диний эътиқодлари ва маросимлари” монографиясида халқимиз анъанавий турмуш тарзидаги қадимий диний эътиқодлар ва маросимлар яхлит бир илмий муаммо сифатида тадқиқ этилган. “Ўрта Осиё марвариди” дея шуҳрат қозонган Фарғона водийсининг турли қишлоқларида истиқомат қилувчи халқона анъаналар билағонлари билан суҳбатлашиб, олинган маълумотлар, тарихий-этнографик материаллар асосида илк бор ўзбек халқи турмуш тарзи – оилавий маросимлар, хўжалик анъаналари ва моддий маданиятда исломий ва исломгача бўлган диний эътиқодлар симбиози (уйғунлашуви) ёритиб берилган.

Бирдамлик – миллий қадрият

– Бу уч-тўрт йил нари-берисидаги гап. Бизни водийга – Андижондаги никоҳ тўйига таклиф қилишди. Таниш биродарлар билан бирга йўлга отландик. Айнан шу дамда биз билан бирга Япониянинг Киото университетидан ўзбекларнинг оилавий маросимларини тадқиқ қилиш учун Тарих институтига келган мутахассис Сейка Вазаки, италиялик олим Томмассо Теревизиани ҳамда Жанубий Кореялик ёш тадқиқотчи йўлга чиқди. Хорижлик ҳамроҳларимизнинг ўзбек тилида аскияю пайровлар билан мулоқот қилиб кетгани, очиғи, ҳаммамизни ҳайратга солди. Иккинчи томондан, уларнинг жамоавий анъаналаримиз ва удумларимизга бўлган қизиқишини ҳис қилиб ич-ичдан қувондик. Йўл давомидаги суҳбат асносида “Нима учун айнан ўзбек халқи этнографиясини тадқиқ қилаяпсизлар?” – деб сўраганимда, улар ўзбеклар орасидаги жамоавий муносабатлар ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш ниятида эканини, ўзбек халқи жамоа манфаатлари, жамоатчилик фикри доирасида, анъана ва урф-одатларга содиқлик негизларида бирлашишга мойил ва шунга интилувчи халқ эканлигини таъкидладилар. Зеро, анъаналарнинг ўзи ҳам жамоатчилик фикрининг барқарорлашган ифодасидир, дея фикрларига изоҳ беришди. Ҳақиқатан ҳам, биз ўзбекларни бошқа халқлардан ажратиб турувчи ўзига хос ментал хусусият – жамоавийликка алоҳида эътибор қаратилиши ва жамият ҳаёти, инсонлар турмуш тарзининг кўпроқ анъана, урф-одатлар орқали бошқарилишидир. Оддий бир мисол. Халқимиз қиз узатиш ёки куёв танлашда ҳам қуда бўлмиш томон хусусида маълумотга эга бўлиб, уларнинг ижтимоий келиб чиқишини, жамоада тутган ўрнини ва обрў-эътиборини ҳисобга олади. Агар бўлажак куёв ёки келиннинг ақли, одоби, ҳусн-малоҳати бир ҳисса бўлса, уларнинг қариндош-уруғлари, авлоднинг жамоадаги мавқеи ва бу хусусдаги жамоатчилик фикри иккинчи, аксарият ҳолларда ҳал қилувчи омил вазифасини ўтайди. Фарзандларни яхшига қўшиш, бу борада хато қилиб қўймасликда жамоа, жамият раъйи, кўпчиликнинг кенгашли фикри муҳим роль ўйнайди. Ғарбда жамоа инсоннинг ички, ботиний дунёси, руҳияти ва шахсий ҳаётига мутлақ аралашмайди. Шарқда эса буткул бошқача манзарани кузатамиз: ҳар бир урф-одат, маросим жамоа, маҳалла аҳли иштирокида ўказилади. Жамоа инсонни ижтимоий назорат остида тутиб туриш, шахснинг жамоадаги мунтазам иштироки унинг умумий ахлоқий меъёрлар доирасида иш тутаётгани исботи сифатида талқин этилади. Жамоадан ажралган ҳолда иш тутиш инсоннинг ижтимоий бегоналашуви сифатида баҳоланади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда урф-одат ва маросимларимизнинг анъанавий ўзига хос томонлари жонланаётган тарихий бир жараёнда менталитетимиздаги жамоавийликка хос меъёрий боғлиқлик фазилатини сақлаган ҳолда, унинг бир қадар индивидуаллашуви, жавобгарлик ҳиссини ривожлантириш, ўзи учун ўзи ҳисоб бера олиш, мустақил иш тутиш, шахсий масъуллик сингари хусусиятларни ҳам такомиллаштириш зарур. Афсуски, бугунги кунда ер шарида кечаётган глобаллашув жараёни натижасида жаҳон халқлари учун умумий этикет, умумий феъл-атвор, умумий менталитет шаклланмоқда ва бунга жаҳон миқёсидаги сиёсий, иқтисодий ва ахборот борасидаги глобаллашув жараёни анча кучли таъсир қилмоқда. Бундай глобаллашув, аниқроғи, умумийлашув муайян ижобий натижалар беришига қарамасдан, кўплаб салбий оқибатларга ҳам олиб келмоқда. Бу Шарқ гавҳари бўлган ўзбек халқининг миллий менталитетига ҳам бевосита ҳамда билвосита таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан, миллий қадриятларимиз, маросим ва удумларимизни келажак авлодга бутунича етказиб бериш, улар софлигини сақлаш заммамиздаги улкан масъулиятдир. Маълумот ўрнида: Адҳамжон Аширов илмий раҳбарлигида 1 номзодлик, 10 дан зиёд магистрлик диссертацияси ёқланган. Ҳозир унинг раҳбарлигида “Ўзбекларнинг тақвимий маросимлари”, “Муомала маданияти этнографияси”, “Ўзбекларнинг этноэкологик маданияти”, “ХХ аср ўзбек аёллари турмуш тарзида ислом дини”, “Хоразм воҳаси зиёратгоҳлари ва қадамжолари” каби долзарб мавзуларда ёш тадқиқотчилар фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимиз ёш олимлари билан бирга, Япония, Жанубий Корея, Белгия каби хорижий мамлакатлардан келган тадқиқотчилар ҳам ўзбеклар этнографияси бўйича изланиш олиб бормоқда. Чунончи, япониялик тадқиқотчилар ўзбекларнинг оилавий маросимлари, гиламдўзлик билан боғлиқ анъаналар ҳамда ўзбек миллий меъморчилиги этнографияси, белгиялик тадқиқотчи жамоавий анъаналар, жанубий кореялик тадқиқотчи ўзбек халқининг миллий таомлари бўйича изланиш олиб бормоқда. Янгича қарашлар эҳтиёжи – Келгусида ўзбек фани, хусусан, ўзбек халқи этнологиясини янада юқори савияга кўтариб, жаҳон миқёсига олиб чиқиш ва миллатимизнинг ўзига хос миллий анъаналари ҳамда тарихий қадриятлари борасида кенг маълумотлар бериш, қисқача айтганда, ўзбек халқининг ўзлигини англатувчи этномиллий анъаналарини кенгроқ таҳлил қилиш асосий мақсадимдир, – дейди суҳбатдошимиз келажак режалари ҳақида гапириб. – Бунга эришиш учун бугун қатор муаммоларни ҳал қилмоғимиз зарур. Аввало, замонавий ўзбек этнологияси ривожланган мамлакатлар фани билан ҳамоҳанг тараққий этган ҳолда ўзига хос ва мос мактаблари, концепциясига эга бўлмоғи керак. Методологик муаммоларга сифат жиҳатдан янгича ёндашувни ташкил этиш баробарида, анъанавий усуллар билан бирга ноанъанавий усуллардан ҳам фойдаланиш зарур. Назарий-методологик тадқиқотларга жиддий эътибор қаратилмас экан, бажарилган ҳар қандай тадқиқот ҳам амалий аҳамият касб этмайди ва илмий қимматга эга бўлмаган тавсифий тадқиқотдан нарига ўтмайди. Қолаверса, бугуннинг замонавий муаммоларини этнолог тадқиқотчи нигоҳи билан тадқиқ қилиш, олиб борилган ҳар бир тадқиқот жамиятнинг маълум бир соҳаси учун амалий натижа бермоғи лозим. Шундагина этнологик тадқиқотларга жамиятда қизиқиш ортади ва унинг амалий қиммати ошади. Республикамизда этнос назарияси, этногенез ва этник тарихга бағишланган сифат жиҳатидан юқори илмий хулосаларга асосланган тадқиқотларни яратиш зарур. «Ўзбек халқи этногенези ва этник тарихи»нинг мажмуавий муаммоси мамлакатимиз илмий муаммоларининг марказида тургани, халқимиз этногенези ва этник тарихининг турли жи¬ҳатлари жиддий ўрганилаётганига қарамай, мураккаблиги боис уни тугалланган деб бўлмайди ва у археолог, антрополог, этнограф, тарихчи, тилшунос ва бошқа соҳа олимларининг жамоавий фикр-мулоҳазаларини кутмоқда. Бу борада биринчи қадам сифатида мамлакатимизда ва чет элларда этногенез бўйича мавжуд барча адабиётларни имкон қадар ўрганиб чиқиш, махсус таҳлил этиш ва бу таҳлилга энг янги археологик, антропологик, нумизматик, тилшунослик, этнографик ва бошқа маълумотларни қўшиш лозим. Тадқиқотчилар томонидан ўзбек халқи генеологияси, этнодемографияси, этнопсихологияси, миллий менталитетига ва умуман олганда, этнос муаммоси билан чамбарчас боғлиқ тадқиқотларга, шунингдек, этник жараёнларнинг назарий-методологик концепцияларини шакллантириш, маданий антропология, этноэкология каби йўналишларга жиддий эътибор қаратиш ҳамда этнологик терминлар ҳамда атамаларга оид луғатларни нашр этиш мақсадга мувофиқдир. Олий ўқув юртларида этнология фани ўқитилишини сифат жиҳатдан такомиллаштириш ва бу соҳада тадқиқот олиб бораётган назариётчи олимлар билан амалиётчи педагоглар ўзаро ҳамкорликда янгича руҳдаги дарсликлар яратишлари лозим. Бу соҳада, айниқса, ўарбда кенг расм бўлган маданий антропология ёки ижтимоий антропологияга оид дарсликлар ва ўқув қўлланмаларидан ҳам бевосита фойдаланиш керак. Энг муҳим ишлардан яна бири мазкур соҳа учун университетлар ўқув дастурларидаги дарс соатларини кўпайтириш ва ижтимоий фанларга ихтисослаштирилган университет, институтларда “Этнология” кафедралари ёки илмий марказларини ташкил этиш ва этник антропология, этник социология, этнодемография, этноиқтисодиёт, этногеография, этнопедагогика, этнопсихология, этнолингвистика каби йўналишларда курслар ташкил этиш зарур. Замонавий жамиятда миллатлараро муносабатлар энг муҳим муаммолардан бирига айланаётган бир пайтда полиэтник жамиятни, миллий-этник муносабатларни, унинг тарихий асосларию бугунги ҳолати ҳамда истиқболларини этнологик йўналишда тадқиқ қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, Ўзбекистон ҳудудидаги нафақат турли этник ёки этнографик гуруҳларни ўрганиш, балки ижтимоий гуруҳларни ва турли маданий муҳитлар мулоқотининг жамият ҳамда халқлар турмушига таъсирини ҳам тадқиқ қилиш керак. Sust xotin marosimiНовое изображение

Ёш олимнинг изланишларидан ҳам аён бўлмоқдаки, фақат этноголия йўналишида эмас, бошқа соҳаларда ҳам қилинажак ишлар, “очилмаган қўриқлар ҳали кўп. Бу эса аҳли илмни янги-янги тадқиқоту изланишларга ундайди. Чунки ўзбек деган буюк миллат ва юксак маданиятли халқимизни қанча ўргансак ҳам оз!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2011 йил 27 август.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 625

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *