Вадуд Маҳмуд. Адабий мақолалар

Вадуд Маҳмуд ўтган аср 20-йиллари ўзбек адабиётида ўз мавқеига эга бўлган мунаққид, адиб ва публицист. 1898 йилда Самарқанд округининг Юқори Дарғам туманига қарашли Тайлоқ қишлоғида таваллуд топган. Дастлаб Самарқандда Абдуқодир Шакурий мактабида, сўнгра Уфадаги Олия мадрасасида (1917-1918), Самарқанд педкурсида (1918), Москвадаги В. Брюсов номли Олий Адабиёт институтида (1925-1926) таҳсил олган. Тошкентдаги САГУнинг иқтисод факултетига (1923) эркин тингловчи сифатида қатнаган. Айни чоғда, В. Маҳмуд 1919-1925 йиллар орасида ўқитувчилик ҳам қилган, Самарқанд ва Жиззах шаҳарларида маориф бошқаруви соҳасида фаолият кўрсатган.
1926-1927 йиллари «Маориф ва ўқитғувчи» журналида муҳаррир ёрдамчиси, 1926-1929 йилларда ТажГИЗда таржимон ва дарсликлар тузувчи бўлиб ишлаган.
У 1930 йили шўро тузумига қарши тарғиботчиликда айбланиб қамоққа олинади, учлик қўмитасининг қарори билан уч йилга қамалади. Қатағон даври туҳматларига дуч келган В. Маҳмуд Архангелск вилояти Каргополлага қамоқхонасида 1937 йил 18 августидан 1954 йил 26 январигача ҳибсда сақланади. 1960 йилда тўла оқланади.
В. Маҳмуд фаолиятининг маълум бир қисми Тожикистон Республикаси ФА Рудакий номидаги Тил ва адабиёт институти билан боғлиқ. Шу даргоҳда илмий ходим бўлиб ишлаган В. Маҳмуд «Фарҳанги забони тожики»ни тузишда қатнашади, мумтоз шарқ шеърияти тадқиқи билан шуғулланади, хотиралар ёзади. 1976 йилда вафот этган.

НАВОИЙГАЧА ТУРК АДАБИЁТИ

Адабиёт тафтишига бошлағонда ёзма адабиёт ва эл (оғзаки) адабиёти каби бир тасниф юритишга тўғри келадир. Лекин ёзма ва эл адабиёти орасини айирмоқ ва буларни жомеъ ва монеъ таъриф қилмоқ қийиндир, ҳатто мумкин эмасдир.
Ёзма адабиётнинг бир хусусияти ёзмалиғи, иккинчи, асар эгасининг маълум бўлишидир.
Эл адабиётининг хусусиятида шу сифатларнинг бўлмаслиги ва оғиздан оғизға кўчиб юришидир.
Энди таҳлил қилайлиқ:
Биринчи: бир вақтлар ёзма ўлароқ тасбит этилган бир адабий асар йўқолди дейлик ва сўнгра унинг парчалари оғиздан оғизға кўчуб юрди ва асар эгасининг оти ҳам унутилди дейлик.
Иккинчи: оғиздан оғизға кўчуб асрларча юрғон достон, мақоллар ёзилиб, бир мажмуа ҳолига кетирилди дейлик (қандайки бугун ҳар ерда қилинадир).
Бу икковини қандай қилиб ажратиш керак ва қайсисини қайсисиға киргизиш керак?
Воқеан, эл адабиётининг энг мумтоз хусусияти асар эгасининг эл экани даъво қилинадир. Ҳолбуки, биз текшириб қарасақ, бу даъво асоссиз бўлуб чиқадир.
Ҳеч бир достон, мақол, топишмоқ, ашула йўқки, йигирма киши ўйлашиб тўқуғон бўлсун ёки басталаган бўлсун. Ҳар бир достон, мақол, топишмоқ, ашула асосан бир киши томонидан чиқариладир. Ва сўнгра умумийлашиб кетадир.
Туркистоннинг сўнг шоирларидан Муқимий, Фурқат, Ҳазиний парчаларидан шундайлари борки, агар аллақайси қаронғу токчалардан, чуруб, қорариб кетган баёзлардан кўруб эгаларини билган бўлмасақ, уларни эл адабиётидан ҳеч вақт ажрата олмас эдик.
Бу тасниф шу даражада бўш бўлса ҳам, ишимизни енгиллатиб, бизга ёрдам бературғон бўлғон учун қабул қиламиз ва адабиётни икига айирамиз: ёзма адабиёт ва эл адабиёти.

Ёзма адабиёт

Туркларнинг ёзув билан танишлиқлари кўб эскидир. Туркларнинг милоддан бурун қурғон буюк императўрликларида юратурғон буйруқ, ёрлиқлар табиий ўлароқ туркча ёзув билан бўлар эди.
Бу ёзулар тўғрисида ҳоло ҳам илм оламида сарих  маълумот йўқдир.
Хитой воқеъномаларида тарихга маълум эски турк жамияти бўлғон «хул»ларнинг  ёзувлари борлиғи зикр этилса ҳам, унинг қандай ёзув экани номаълумдир. Радлўф бу ёзувнинг Ўрхун ёзуви бўлушини ўйлайдир. Хитой воқеъномалари 545 инчи йил воқеаларини ёзғонда ҳам туркларнинг ёзувлари борлиғи ва уни сунги учи билан ёзғонларини айтадирлар (Татар адабиёти тарихи, с.27).
Тури Южан уйғурларнинг милоддан икки аср илгари хат билишларини ва бешинчи аср милодийда порлоқ бир адабиётга молик бўлғонликдарини сўйлайдир (Миллий татаббулар мажмуаси, ж. 2, сон 4).
Турклар ўз ҳаёти тарихияларида турли-турли ёзувлар ишлатиб ўтганлар. Хитой таъсири остида бўлғон вақтларида тарихий тошлардан билинадирки, Хитой ёзувини ҳам ишлатганлар. Гул Такин тошининг бир ёғи хитойча ва бир ёғи ўрхунча ёзилғондир.
Бу ўрхун ёзувидан бошқа бир вақтлар моний алифбоси ишлатганлари маълум.
V асри милодийда Бизанш императўрлиғи теваракидан ҳайдалғон настури роҳиблари Сурия алифбосини олиб келганлар ва сўнгра бу ёзув уйғур ёзувига асос ўлароқ ишлатилган.
Будда динининг таъсири кучайган чоқларда Тибат алифбосини ҳам ишлатганлар. Бу 5-6 турли ёзувдан энг илгари қайсиси ишлатилганини ажратиш қийин.
Ҳозир энг эскиси ўрхун ёзувлари дейиладир. Бу туркларнинг ўзларига махсус ёзувдир. Турклар ҳарҳолда бирдан-бир ёзув ихтиро қилатурғон ва ишлататурғон бир ҳолда бўлмағон бўлсалар керак ва ўрхун ёзувида турли алифболарнинг таъсири борлиғи ҳам буни кўрсатадир.
Юқорида айтканимиз каби ўрхун ёзуви билан баробар хитой ёзувида назарда тутилса ва хитойларнинг эски маданиятли халқ эканликлари ва бунинг устига Хитой таъсирининг жуда ортиқ экани ўйланса, туркларнинг ҳарҳолда ўз махсус ёзувлари бўлмағон вақтларда хитой алифбосини ишлатканларини ўйлашга йўл берилган бўлур.
Ҳарҳолда — қандай бўлса ҳам — туркларнинг кўб эски замондан бери ёзув билган бўлишлари аниқдир.
Ўрхун битиктошларининг тил ва услуби оддий сўзга ўхшамасдан, ҳатто баъзи ерларида муқаффо иборалар ва мавзун фард ва қитъалари борлиғи унинг ишланган адабий тил билан ёзилғонини кўрсатадир.
Туркларнинг шомон динида бўлғон вактларида ҳам ёзилғон дуономалари бўлғонидек, моний динида бўлғон чоқларида «Хуос туонифат» унвонли ибодатхоналарда ўқулатурғон тавба дуолари бўлғон.
Бу дуо ёзилғон бир нусха тарихи маълум бўлғон «Тунғ» даври Чин китобларининг қоғозлариға ўхшағонидан шу даврда ёзилғон дейиладир. Бу нарса моний алифбоси ила ёзилғондир. Бунинг уйғур ҳарфи ила ёзилғонини Радлўф топиб бостирғондир (Петербурғ Академи мажмуаси, 1909 — Авғустус, Турк юрди, йил 1, сон 3).
Тури Южан ўз мақоласида (Татаббулар мажмуаси, жилд 2, сон 4) «7-нчидан 14-нчи асргача чўзулган бир замонни турк тили асарларининг энг эски даври атаб, энг биринчи турк асари ўлароқ «Қудотқу билиг»ни (462 ҳижрий), иккинчи ўлароқ «Юсуф-Зулайҳо»ни (630 ҳижрий), учинчи ўлароқ Рабғузийнинг «Қисас ул-анбиё»сини (710 ҳижрий) санайдир.
Бу даврга бўлушда битиктошларининг ва моний дуо ёзмасининг кирмаганини бир китоб шаклида бўлмоғонидан ва «Девони ҳикмат»нинг эса эски ёзма нусхасининг йўқлиғи эҳтимолидан ўйламоқ мумкиндир.
Локин бу даврнинг асарларига қўшмоқ мумкин бўлғон — «Китоби Қўрқут» (5-6 асри ҳижрий). «Ҳибат-ул-ҳақойиқ» (6—7 асри ҳижрий) ва «Девони луғоти турк» каби асарларнида санасак эски турк ёзма адабиёти жадвалини кўрсатган бўлурмиз.
Булардан бошқа (754 да) Хоразмий отли бир шоир томонидан чиғатойча ўлароқ Сарой шаҳрида ёзилғон «Муҳаббатнома» (милодий 14-нчи асрда Қутб тахаллусли бир шоирнинг «Хусрав — Ширин» манзумаси ва 777-нчи ҳижрийда Ҳисом Котибнинг бош ҳикояси) ва 800-да ёзилғон — уйғурча асли у ёнда бўлғон — «Тузукоти Темур», 846-да ёзилғон «Меърожнома» ва 863да ёзилғон «Бахтиёрнома» турк эски адабиёти асарларига киратурғон ва сиқалардандир.
Мана бу кўрсатилган асарлар турк адабиётининг то милод бошидан бери ёзма асарларга эга бўлғонини ва табиий ўлароқ бундай асарларнинг ёлғиз бизга маълум бўлғонлари билан қолмағонини ўйлашга ҳақ берадир.
Бу асарлар, умуман, турк тили билан ёзилғондирлар. Локин асрларига ва даврларига қараб турли-турли аталғонлар.
Турк тили бир вақтлар мўғул тили деб ҳам юритилган (Ҳисом Котибнинг Султон одли машҳур кесикбош ҳикоясининг мўғулчадан, яъни чиғатойчадан туркчая, яъни усмонличая чевирмаси), сўнгра уйғур тили, ҳоқония туркчаси ёки қашғар тили, ўғуз лаҳжаси, чиғатой тили, усмонлича, озорича каби чўқ отлар тақилғон. Асосан, чиғатойча уйғурчанинг муайян адабий ҳолға кирган бир бошқа шаклидир.
Фақат уйғур ҳарфи билан ёзилғони учун кўб чиғатой тили ҳавзасига киратурғон асарларни ажратишлар бўлғон. Ўрхун ҳарфи билан ёзилғон асарларнинг тили уйғурчадан фарқсиз бўлса ҳам, айри фараз қилинғон. Ҳолбуки, Ўрхунда уйғур ёзувининг қайсиси илгари бошланғонлиғини айришни қийин ҳолға қўятурғон эски асарлар қўлга киргандир ва бу икки ёзувнинг кўб вақтлар бирга юрутулғони маълумдир.
Асли «Настурий роҳиблари» томонидан келтурилғон уйғур ҳарфининг 8-нчи асрдан илгари мавжуд бўлиши мумкин бўлғони муҳокамасига таянибгина «Ўрхун езуви» эски дейиладир. Бунинг устига уйғур алифбоси тузулушига ҳам сомий, ҳам орий, ҳам хитой ҳарфларининг таъсири борлиғи кўз олдига келтирилса, бу шубҳанинг яна ортиш эҳтимоли бордир.
Нима бўлса бўлсун, қандай ҳарф билан ёзилғон бўлмасун юқоридағи асарлар турк ёзма адабиёти такомули тарихи тўғрисвда муайян бир фикр бера олатурғон даражада қийматдордирлар.

Эл адабиёти

Кўчма халқларда эл адабиёти бой бўладир.
Туркларнинг (типичный) ҳаётлари кўчмалик бўлғонидан бой бир эл адабиётига моликдирлар.
Бу адабиётнинг бойлиғи тўғрисида бизга энг кўб маълумот бературғон китоб «Девони луғоти турк»дир. Бунда эски турк достонларидан энг гўзал парчалар бордир. Ҳатто шундай чиройлик жойлари борки, ёзма адабиётни уелтиришгача борадир.
Эл адабиётининг эскидан ёзилғонлари орасида 211 нчи хижрийда форсчадан арабчага таржима этилғон «Ўғузнома» аталғон миллий достон борким, асосан туркчадан ўзгартирилгандир. Бу достоннинг муҳим бир қисми бўлғон «Дада Қўрқут» ёки «Китоби Қурқут» каби Сайид Баттол Ғози достонида эл адабиётидандир. Бу «Ўғузнома»нинг исломиятдан бурун тасбит этилганликига ҳукм этиш мумкиндир. Чунки 211 ҳижрийда форсчадан арабчага таржима қилинғон бу достоннинг форсчага таржима қилинғони билан арабчаланиши орасида ҳарҳолда анчағина вақт ўтуш эҳтимоли бўлғони каби форсча таржимаси ҳам учунда аввалан туркча ўлароқ ёзилғон (тасбит этилган) бўлиши лозимдир (Эллик мутасаввуфлар…).
Булардан бошқа эл адабиётига оид яна бир қанча ёзилғон ва ёзилмағон асарлар майдондадир.

«Навоийгача турк адабиёти» мақоласи «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1926 йил 1-сонида босилган.

БУ КУНГИ ШЕЪРЛАРИМИЗ ВА САНЪАТКОРЛАРИМИЗ

Адабиётимизнинг классик даври санъат ва унга тегишлик масалаларда ўзига махсус тарзда тараққий ва қонунларга эгадир.
Буюк адиб ва шоирларимиз фикри ҳаёт эътибори билан ислом динига ва унинг жавҳари бўлғон исломий тасаввуфга мансуб бўлғонидан ҳаётга ва турли тазоҳуротига назарлари табиий ўлароқ шу манзумаи фикрия доирасида бўлур эди.
Бу ҳукмимиз умумият эътибори биландир, чунки шарқнинг энг буюк кишилари энг буюк мутасаввуфларидир ва башариятнинг «урфони коинот» ҳақида топғон йўлларининг энг муаззами ва бу кунга қадар кўпчиликка нуфуз эътибори билан энг умумий ва ҳаётийси тасаввуфдир.
Йўқса узун исломий маданий-адабий ҳаётимиз муддатида манзумаи фикрия эътибори билан ҳаётға ва унинг натижаси ўлароқунинг турли тазоҳуротига бошқа ва ўзларига хос нуқтаи назар эгалари йўқ эмас эдилар.
Бу «исломий» назар истар «инна мин ал-шеъри ла-ҳикма»сидан ва истар майдонда бор адабий асарларнинг кўрсатилишидан маълум бўладир: шеърдан мақсад ҳикматдир, яъни халқнинг фойдасидир. Бошқача айтганда санъат санъат учун эмас, балки санъат ҳаёт учундир.
Бу даъвомизнинг исботи учун кўб узоқларға боришға ҳожат йўқдир. Бизда шеърнинг икки жабҳаси бордир. Чунки «ишқи»миз икки жабҳалидир: ҳақиқий, мажозий.
Ҳақиқий ишқ руҳи умумийга ҳулул дардидирки, энг юксак ва орифона бир амалдир.
Мажозий ишқ эса оддий ва нафсоний эҳтиросдирки, умумий ва табиий бир майлдир.
Кўруладирки, бу икки турли ишқ ҳам мабдаи ва ҳам ғоя эътибори билан ҳаётий ва инсонийдир. Чунки инсон бир мавжуд ва ҳам шуурлик бир мавжуд бўлғони сифати билан ўзининг яратилишини ва яшашининг ғоясини тушунмак ва билмак истайдир. Табиий бир махлуқ бўлиши эътибори билан эса жисмоний эҳтирос ва ҳавасларга ҳам боғлонғондир.
Бу икки «майл»ким натижада икки «ишқ»ни вужудга келтирди, икки «шеърий жабҳа»ни ҳам майдонға отди. Бирисида «ҳақиқий ишқ» тараннум этилди, иккинчисида эса «мажозий ишқ» рақслари ўйналди.
Туркда «Ҳикмат» соҳиби Яссавий, «Лисон ут-тайр» нозими Навоий, «Лайли-Мажнун» муаллифи Фузулий, «Мабдаи нур» эгаси Машраб, «Илоҳийлар» эгаси Ошиқ Пошшо, «Илоҳий тараннумлар» соҳиби Амирийлар шу ишқ шоирлари эди.
Юксак фикр ва буюк ғоя эгалари энг буюк одамлардирлар. Буюк мутасаввуфлар, инсониятпарварлар, ҳакимлар энг буюк зотлар бўлғонларидан уларнинг асарлари табиий ўлароқ башариятнинг юксак фикр ва буюк ғоя саҳифаларидир.
Шу қисқагина муқаддима билан турк адабиётини фикр ва маъно жиҳатидан икки жабҳага бўлгандан кейин мақоламизнинг тилаги бўлғон адабиётнинг гўзаллиги ва ясалиши баҳсига келамиз.
Турк адабиёти фикр ва ғоя жиҳатидан шу қадар юксак бир манзумаи фикрияга мансуб экан, шакл эътибори билан қандай ҳолда эди?
Бу масала биринчи боқишда кўрунгани каби енгил эмасдир. Турк адабиётининг шакл жиҳатилан вазиятини майдонға отиш айрим татаббуларга боғлиқдир.
Эскидан қолғон турк, сўнгра бошқалардан қабул қилинган ажамий шакллар, биринчи хилнинг такомул равиши, иккинчисининг ўзгариши, бу кунги халқ адабиётида асл турк шаклларининг ҳоли форс ва араб шаклларининг Туркистон ва Туркиядаги янги адабиёт давридаги ҳолини ўрганиш турк адабиёти мабҳасларида ишланмаган мавзулардан биридир.
Вазн масаласи ҳам шунга ўхшашдир. Асл турк вазнининг бу кунги ҳоли арузнинг Туркияда Ҳомид, Фикрат ва Яҳё Камол, Туркистонда Муқимий билан янги адабиётчиларимиз қўлидағи вазият жиддий текширилатурғон мавзулардир.
Шундай бўлса ҳам бу мақола сиғдирғанича бу масалалардан баҳс этсак ва шу тўғриларда умумий фикрлар юрутсак, балки келгуси татаббулар учун бир бошланғич ясағон бўлурмиз.
Бизда янги адабиёт Туркия адабиёти тақлиди билан бошланғондир. Шунинг учунда бизнинг адабиётимиз билан Туркия адабиётининг умумий сажияси муштаракдир. Руҳда ва шаклда Туркистон, Қафқозё, Қрим доимо Туркияга эргашадир. Бу ҳам табиийдир. Чунки аввалан тил муштаракдир, сўнгра тарихий маданият муштаракдир ва оқибат Оврупо маданиятига қарши бу кунги вазият муштаракдир.
Навоий асрида чиғатой адабиёти кучли бўлғонидан Туркия адабиёти бизнинг адабиётдан кўб мутаассир бўлғон эди. Бу куни эса ғарб турк адабиёти бизникидан кучли, маданий ва адабий ҳаётга молик бўлғонидан бизникилар уларга эргашмакдадирлар.
Бизда янги адабиёт кучли шахслар билан бошланмади ва ҳали кучли намояндалар бермади.
Ўзбек янги адабиётининг насри, тилини энди янги-лаб келаётғон Фитрат билан, ишини кўбдан бошлаб эндигина майдонға отишға муваффақ бўлғон А.Қодирийдан бошқа ҳеч бир нимага молик эмасдир.
Шеърда бўлса Чўлпондан бошқа тилга оларлиқ ва ишини кўрсата олғон кишимиз йўқдир. Бунингда камчиликлари ҳали жуда кўбдир.
Бизда шеърнинг шу назм қисмига кўбрак қизиққан ва шоир отини шу мазмунда олмоқ истаганлар кўбрак бўлғонидан бу мақоламизни шеърнинг шу манзум қисмига ҳаср қилмоқ истадик. Ўзбек насри тўғрисида бошқа вақт ёзармиз.
Бизда янги адабиёт — боришидан кўринадирки — «санъат ҳаёт учун» деган шиорни тутгандир. Чунки манзума ва мансур асарларнинг ҳар қайсисида жамиятнинг такомули таъқиб қилинадир ва ғояси кўрсатиладир. Шунинг учунда у жамиятнинг хато ва саҳвларидан баҳс қиладир ва тузатилишини истайдир. Демак бу кунги адабиётимиз жамиятимизнинг ислоҳи учун хизмат қиладир.
Эски тасаввуфий адабиётимиз ўзининг ахлоқий дастурлари ва ҳикматлари билан эски жамиятимизни тарбияламак истар экан, бу кунги жамиятимиз адабиёти ҳам бошқа асрий асосларга таяниб, яна ўшал жамиятни ислоҳи учун борадир. Бу эътибор билан эски ва янги турк адабиётининг самимий бир робитаси бордир.
Шеър техникаси эътибори билан, яъни шакли назм, тил, тарзи баён жиҳатидан бўлса ҳеч алоқаси йўқ даражада эскидан ажралғондир. Эски назм: девои йўли, ғазал, қасида, маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, таржиъ, таркиббандлар, рубоий каби шакллардан иборатдир.
Бу кун бу шаклларнинг девон йўли билан мураббаъ ва маснавийга ўхшаш қитъалардан бошқа ҳеч бириси ишлатилмайдир. Бошқаларининг ўрнига ғайри мукаррар турли иттиродсиз шакллар ишлатиладир.
Эски тил ислом руҳини тараннум этганидан исломий истилоҳ ва таъбирлар билан тўлдирилғон ва араб-форс маданиятининг ўртаға отғон фикр ва қолибларини ўзига кўб олғон эди.
Бу кунги тил бўлса у эски исломий руҳдан айрилғонидан биттобеъ унинг истилоҳ ва таъбирларини, фикр қолибларини ташлаб оз бўлса ҳам асрий фикрлар, баъзи бир қолиблар — сўзлар олмокда ва шу йўл билан бормоқдалар. Бу янги тилнинг бир хусусияти, муҳовара тилига ёқлашмоқ тамойули борлиғидир. Эски тарзи баён ва саноеъи шеърия қонунларидаги эски ташбеҳ, истиора ва таржилар, тамсил ёки насиҳат йўллари ташланиб табиийликка яқин-ясама санъатлар — тасаннуъдан узоқ, бир оз рамзий (символический) ифода ўрун олмоқдадир.
Бу эски ва янги адабиётнинг хусусиятларидан кўрилдики, янги адабиёт эскидан назм техникаси эътибори билан анча айри ва асл хусусиятларга моликдир. Фақат кўрайлик қани, бизнинг шоирлар бу хусусиятларни қанча ўзлаштирганлар ва қанча муваффақ бўлғонлар.
Сўзимиз шеърнинг техникаси устидадир. Айта оламизким, шоирларимиз ва шоир бўлғучиларимизнинг энг катта аҳамиятсиз қарагон ва диққат қилмағон нуқталари шундадир.
Уларнинг мавзулари билан олғон шакллари, қабул қилғон вазн ва оҳанглари, сўз тузишларининг алоқаси йўқ ҳукмидадир.
Бу робиталарни эски шеърга уста Фитрат билан янги шеъримизнинг биринчи намояндаси Чўлпоннинг оз-моз риоя қилғонини кўрамиз.
Фитратнинг манзум — шеъри уч-тўртдан ошмағонидан унинг тўғрисинда бир ҳукм бермак у қадар тўғри бўлмас. Лекин Чўлпон тўғрисида юқоридаги ҳукмимиз ўрунсиз эмасдир. Яъни у шеърнинт техника жиҳатига бир оз аҳамият берадир. Кўбрак диққат қилса эди ва шу камчиликларини тўлдирса эди, янги адабиётимиз устига жиддий таъсир ижро қилғон бўлур эди.
Даъволаримиз қуруқ бўлмасин, бир оз катта ёзувчиларнинг фикрлари билан ҳам танишайлик:
Амриқонинг машҳур ҳикоянависи ва шоиридан бўлгон Эдгар Пў «Тайна творчества» деган мақоласида бир достон қандай ёзилғонини ҳикоя қиладир: у, шеърда илҳомни тамомила рад қилмаса ҳам, унга энг аҳамиятсиз ўрун берадирки, мана шу бизга керакдир. Унингча, шеър тамомила муҳокама, ҳисоб ва ўлчак натижасидир.
Эдгар Пў айтадир:
«Мен ҳаммадан бурун берилатурғон «таъсир»ни атрофлича ўйламоқни ортиқ кўраман. Шу билан доимо назарда тутилиши керак бир нарса борки, уда асолат — оргинальностдир, ҳар кимки буни назарда тутмаса кўб гуноҳ қилғон бўладир. Бошлаб ўзимдан: «Одамнинг юрагига, ақлига, жонига таъсир қилатирғон нарсалардан нима ва қандайини танлаб олиш керак?» деб сўрайман. Бир янги ва кучли таъсир ажратғондан кейин шунга қандай қилиб муваффақ бўлишни ўйлайман. Бир оддий мундарижа ва бир хос оҳанг (тон) воситаси биланми, аксинчами ёки мундарижа ва оҳангнинг хослиги биланми? Бундан сўнг матлуб таъсирга етишмак учун калималар билан воқеанинг жараёнини уюштиришга тиришаман.
Кўпчилик ёзувчиларни, айниқса шоирларни — улар аллақандай юқоридан келатурғон илҳомнинг таъсири остида ёзадирлар, деб эҳтиром қиладирлар. Ҳолбуки, бу зотлар келиб шоир ва ёзувчиларнинг мусваддаларини бир кўрсалар эди ва уларнинг ёримчиқ ва ишланмаган фикрларининг чизилганини ва улар билан бир қаторда бутун фикрларининг ҳали ишланмаган бир ҳолда ётғонини, айрим, мукаммал тасвирий парчаларнинг кўздан тушуриб қолдирғонини, унинг ўрнига аллақандай сўзлар келтириб, бир-бири билан зўрлаб уюшдирилғонини кўрса эдилар, ижодий кучнинг юздан тўқсон тўққузини ҳисоб ва ўлчамнинг ташкил қилғонини тушунар эдилар».
Эдгар Пў ўз даъвосининг шоҳиди ўлароқ «Қарға» деган достонининг ёзилиш тариқини кўрсатадилар ва: «Бу достоннинг ҳеч бир сатри илҳом билан бўлмади, ёлғиз риёзий йўл билан, яъни ўлчам ва санаш билан бўлди» дейдир.
Бу достончи назарда тутғони юқорида айтганимиздек муайян таъсирдир. Ва шу тилакга эришмак учун тиришадир. Бошлаб манзумасининг ҳажмини белгиламакчи бўладир. Чунки унинг тилаги бўлғон «таъсир»ни тугал бера олиш учун манзуманинг бир ўтиришда ўқилиб битиши лозимдир. Бир мажлисда ўқилмаса, бўлиниб-бўлиниб ўқилса «умумий таъсир» йўқоладир. Манзуманинг бирлиги бутунлиги қўлдан чиқадир. Ҳолбуки, шоирнинг тугал бир таъсир ижро эта олмоқ учун ҳеч бир воситани қўлдан чиқармаслиги керак. Бу бир ўтиришда ўқилатурғон асарнинг албатта узун бўлмаслиги шарт. Шунинг учун бу ёзатурғон нарсасини юз байтдан оширмаслиққа тиришадир.
Шеърнинг бошқа шаклларини қўйуб нечун достоннинг қабул қилинғониға келайлик.
Эдгар Пў дейдирки: «Шеърдан таъсир, асосан, гўзаллик воситаси билан бериладир. Гўзаллик ва гўзал нарсани ҳис этганда инсоннинг руҳи юксаладир. Менимча, гўзалликнинг энг биринчи замини достондир. Агар бир ҳақиқат бермак истасак ёки бир «эҳтирос» кўрсатмакчи бўлсоқ бунинг энг яхши замини айрим парчадар билан «наср»дир.
Гўзалликни ўзимнинг майдоним қарор бергандан сўнг «тарзи баён»нинг тон масаласи билан шуғулландим. Тажриба билан «тарзи баён»нинг қайғули бўлишини қарор бердим. Ҳар бир гўзалликнинг энг юксак мартабасида кўз ёш сўрайдир. Шунинг учун (меланхолик) «савдоий» бир тарзи баён — достон учун энг мувофиқ бир тарздир. Ҳажм, замин (шакл) ва тарзи баён белгилашач, санъаткорона бир инжалик (художественная тонкость) излай бошлайдики, бутун достоннинг очғичи бўлсин. Артистона таъсир бериш қилиқларини бир кўздан кечиргандан кейин биладики, унинг энг биринчи шай усули (припев) «таржиъ» усулидир. Бу припевнинг умумийлиги мени таҳлил қилиб ўтирмасдан қабул қилишға ва яроқли билишга қаноат қилдирди. Таржиъбанд мустаъмал намуналарда ёлғиз рубобий (лирическая) манзумалар бўлиши билан тахдид этилган эмас, балки унда берилатурғон маъно ва садонинг як оҳанг (монотонность) бўлиши билан ҳам таъсирни кучайтирмак истайдилар.
Бунинг устига айният (однообразие) ва такрор ҳислари воситаси билан ҳам завқ олинадир. Ҳолбуки, ман бу асарга турлилик ҳам киритайин ва бу билан ҳам таъсирни кучайтирайин дедим. Шунинг учун садонинг як оҳанглигиии саклаб туриб, маъносини эса ўзгарта бордим. Яъни бандимни ўз ҳолига қўйиб туриб унинг мавқеини ва сифатини ўзгарта турдим.
Бу қарорлар бўлғондан кейин энди «таржиъбанд»ни топиш қолғон эди. Маълумки, юқоридаги муҳокамаларим натижасида унинг қисқа бўлиши лозимдир. Шунинг учун таржиъбанд ўлароқ бир сўз олдим. Бу сўзнинг такрорланиб туриши учун достоннинг қитьаларга бўлиниши ва ҳар қитъанинг охирида бу таржиъбанднинг такрорланиши керак эди. Табиий, бу сўзнинг ҳам оҳангдор, ҳам маънидор бўлиши лозим эди. Бу муҳокамалар «ҳеч вақт, мумкин эмас, бўлмайдир» маъносида бўлғон (невер море) сўзини олишга мени мажбур килди. Бу калиманинг яна бир ортиқлиғи услубнинг қайғули бўлишига маъно томонидан яқин бўлишидир.
Энди мавзуга ўтайлик:
Барча қайғили масалалардан энг умумийси ва энг қайғилиси қайсиси? Табиий ўлум қайғиси эмасми? Ўлум гўзаллик билан бирлашганда шоирона бўлмайдирми; гўзал хотуннинг ўлуми! Бундан кейин бошимда бир ошиқ ва бир маъшуқ мазмуни жилваланди.
Энди қарор бердимки, ошиқнинг маъюсона ҳасратларига қарши машъум саналғон ва як оҳанг товуш чиқаратурғон қарға оғзидан шу «невер море» жавоби чиқсин. Шунда қарғанинг ҳар бир жавобида яна бошқа бир таъсир бериш имкони борлиғини сездим. Шундай қилиб энди ман асаримни бошламоқчи бўлдим. Бошдан таъсирни секин-секин кучайтириш менга маъқул кўринди. Ва шунинг учун аввало, истинод нуқтасини белгиламакчи бўлиб энг юксак таъсирни тайин қилмоқчи бўлдим ва достонимнинг энг охири бўлғон «қитъа»ни қўлга қалам олиб энг аввал ёздим.
Энг охирги парчадан бошладим, чунки аввало энг кучли таъсирни белгилаш керак эди. Бу муайян бўлғондан кейин достонни турландирмак йўли очилди. Иккинчидан, ҳар қитъанинг қофия, вазн ва ҳажмини қатъий суратда белгилаш мумкин бўлди ва таассурнинг энг юксаги бел-гилангандан сўнг бу таассурдан оширмаслиқ ва унга зарар бературғон сабаблардан узоқ бўлишлиқ керак эди».
Бундан кейин Эдгар Пў узун таҳлилларга давом қилиб воқеанинг ўтиш вақтини белгилайдир ва унинг қоронғу ва бўронли кечани олғонини, қарғанинг ташқаридаги гурултилардан қочиб келиб теразага қаноти билан урганда очилиб уйга кирганини ва кириб «Паллада»нинг мисдан ясалғон қора ҳайкали устига ўтирғонини ва бу ҳайкалнинг «бир олим»ники бўлиши билан ошиқнинг олимлиги ва қоралиги билан мавзунинг қоралиги орасидаги муносабатлардан баҳс қила бошлайдир. Ва энг сўнггидан айтадирки: «Ҳар қанча бу ясама планим ва қўрсатган ўлчакларим очиқ ва маълум бир нарсадан баҳс қилсалар ҳам яна меним кўнглим ҳаммасининг ичида яширин, мунда мажбур фикрнингда бўлишини истади ва шунинг учун бир-икки умумий ва яширин фикр ҳам бердим».
Бу юқоридан бери узундан-узоқ тақдим қилинғон фикрлардан мақсад ёлғиз қобилият деган кучнинг қандай ишланганини ва ясамалиқлар орқасида жилваланганини кўрсатмакдир. Бу фикрларга ўзбек ёш адабиётининг эҳтиёжи буюқдир.
Бу кунги адабиёт ўз тарихидан тамоман узилган бир ҳолда борадир. Эскидан бир нарсаси бор эдими, йўқми, тили қандай ҳолда эди, ишланган эдими, йўқми, не даражага қадар ишланган эди, ортиқлиқ ва камчилиги каерида? Адабий оқим жараёнлари бор эди. Уларнинг бир-биридан айирмалари қандай ва не даражада эди, бу кунги адабиёт нега эскини ташлади, ўзининг бу ишидан зарар кўрдими, форвда? Бу масалалар жиддий бир адабиёт туғдириш даврига эришилган бўлса, кенг бир суратда майдонға ташланатурғон ва очилатурғон мабҳаслардир.
Қисқагина шуни айтайликким: Турк тили асосан бой тил бўлиши билан ва турк миллатининг оғзида неча минг йиллардан бери юруб, икки минг йилга яқин адабий йўлға кирди ва бешинчи аср ҳижрийдан бошлаб ўнларча буюк шоир ва адибларга эга бўлуб, илмий ва адабий ишланиб келди; шарқ турк адабиётининг олтун даврлари бўлғон Навоий, Умархон даврлари билан ғарб турк адабиётининг Фузулий, Боқий, Надим, Лола даври ва асримизда Ҳомид, Номиқ ва Фикрат каби энг буюк шоир ва санъаткорлар қўлида ҳам керагинча ишланди ва турк тили шунинг учунда асрий бир ҳолга кирди.
Шарқ турк адабиётининг олтун даврларидан сўнг ишланмай қолғонини даъво қилатурғонлар бўлса ҳам, бу фикр тўғри эмасдир, текширмаслик ва юзаки қарашдан келгандир. Чунки ярим асргина илгари яшагон Муқимий, Фурқат каби ўнларча шоир ва санъаткорлар тилни шу қадар ишлатганларки, бу кунги ёш адабиётимизнинг ҳоли уларга етишига кўб замон керакдир. Бунинг устига бу кунги «Фарғона» халқ ашулаларидаги тилнинг равонлиги, соддалиги, самимийлиги ўз-ўзидан ва бошланғич (первобитний) бир ҳолда эмас, балки узун муддатлар ишланганлик орқасидағина эришилгандир…
Навоийнинг тил ва услуби маълумдир. Шунинг учун ундан мисол кўрсатмай шарқ турк шеърининг иккинчи олтун даври бошлиғи бўлғон Умархоннинг бир мухаммасини кўрайлик, Навоийдан қанча фарқи борлиги ўз-ўзидан билиниб қоладир:

Саҳар чаманда қулоғимга бонг авд етар,
Башорати карим вожибул вужуд етар.
У кечаким тўлун ой сағриға жавд етар,
Фалак ситорасидин шарбати шуҳуд етар,
Савод сармадима кўзларимга дуд етар.

Буни кўрсатмакни иккинчи бир сабаби ҳам бор. Юқорида Эдгар Пўнинг таҳлилини кўрдик. Амирийнинг шу ғазалини ўшанга қараб бир оз таҳлил қилайлик: Умархоннинг мавзуи тасаввуфнинг юксак нуқтаси бўлғон умумий руҳга фано бўлиш, қуюлиш, коинот руҳи билан бирлашиш мавзуидир. Ўшанинг ҳасратидир. Эдгар Пў таъсирни гўзаллик орқасида бериш кераклигини айтадир. Фақат бир ўлум масаласи чиқарадир ва гўзалликни унга қўшиш учун «гўзал бир хотуннинг ўлуми» деган мавзуни оладир. Ҳолбуки, кўрингиз ўзининг қўйғон «гўзаллик орқали таъсир, бериш» қонунига Умархонми муваффақ бўлғон, Эдгар Пўми? Мавзу орасидаги тафовутни кўрингиз, Умархоннинг ҳам қайғуси, ҳасрати бор, лекин «бир хотуннинг ўлуми учун» эмас, коинотнинг умумий руҳига қуйилиш ҳасратидир. Кўрингиз мавзу нақадар буюк, нақадар олийдир.
Сиз қандай талаққий этсангиз этингиз, буниси аниқ-ки, инсоннинг эришган энг юксак даража фардиятчилик (индивидуализм) эмас, ўзининг фардиятини йўқотиб, жамият ҳаёти яшашида, ундан ўтса ҳинднинг сигирни тимсол (символ) қилиб олғон ҳайвон дўстлигида, яъни бутун жонли нарсаларни сўйишда, бундан ҳам ўтса жонсиз нарсаларда ўзига муштарак ҳаёт тасаввур этишда ва уларнинг умумий руҳларини сезиш учун интилишдадир.
Тасаввуф мана шу энг сўнгги нуқта маслагидир.
Умархон шу фалсафанинг бир намояндаси бўлғонидан саҳарнинг насими, уднинг суруди. ойнинг нури, юлдузларнинг сўзлари, кечанинг қоронгулиғи унга гапирадир. Уларнинг сўзларини сезадир. Руҳлари билан сирлашадир.
Бу мавзуни олғонлан кейин бунга муваффақ бир шакл топқонми, йўқми? Албатта! Чунки мухаммасни олғон. Мухаммас Эдгар Пўнинг таҳлилидан маълум бўладирки, банд-бандга ажралғон ва ҳар қайусида бир-бировиға алоқадор, фақат айри-айри мавзулар ишлата турғон, яъни бутун фикрлар берилиб, тугатиб бир-бировидаги робитани маҳкам боғлаб бориш учун энг мукаммал шаклдир. Сўзларнинг терилиши, калималарнинг оҳангдорлиғи, ҳарфларнинг садо бературғон, титрайтурганларининг олиниши кўрсатадирки, Умархон ҳақиқий бир санъаткордир.
Эдгар Пў (пелеточе)даги охирги «рий» ундан илгариги уст чўзгини баланд ва оғир ва чўзиқ товуш бериш учун мақтайдир.
Умархонда ҳам айнан шу ҳолни кўрмаймизми? Буни бир тасодиф асарими деймиз. Шу қадар юксак фикр соҳиби ва шунча ҳунарманд бир шоирни ҳарфнинг садоси, калималарнинг оҳанги, вазннинг тилидан хабарсиз демак мумкинми?
Умархондан уч юз йил илгари келган Навоий калиманинг, товушнинг маъно билан келишмаги кераклигини шундай яхши татбиқ қилғон экан нечун Умархон ундан ўтказмасун!
Кўрингиз Навоий нима қилғон? Мажнуннинг ғамининг тасвирида: .

Кўнглига ўгулди қўҳи андуҳ,
Андуҳи йиғилди қўҳ то кўҳ.

Шу байтда «ў» товушининг угултиси, «г»нинг гумбирлаши, «ҳ»нинг сочилиб кетиши ва бу товушларнинг такрори ҳақиқатан тоғнинг йиқилиб, устига сочилиб, майдаланиб кетишига, йиқилиб дараларнинг тўлуб, бақириб кетишига ўхшамайдирми?

_______________
Вадуд Маҳмуднинг жиддий, бироқ охирига етмай қолган мақолаларидан бири — «Бу кунги шеърларимиз ва санъаткорларимиз»да танқидчининг илмий-эстетик қарашлари ўз ифодасини топган. Мақола «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1925 йил 4-8-сонларида босилиб чиққан.
Айрим сўзлар изоҳи:
1. «Инна мин ал-шеъри лаҳикматун» — Албатта шеърда ҳикмат бор.
2. Ҳулул — етишиш, кўчиш.
3. Мабдаи — асоси.
4. Мабҳас — баҳс.
5. Сажияси — табиати, характери.
6. Ҳаср қилмоқ — ажратмоқ.
7. Саҳв — хато, адашиш.
8. Робитаси — боғланиши.
9. Ғайри мукаррир — бетакрор, такрор бўлмаган.
10. Иттиродсиз — тартибсиз.
11. Биттобеъ — кетма-кет, тобелик билан.
12. Муҳовара тили — баҳс, суҳбат тили.
13. Тамсил — ўхшатиш.
14. Мусвадда — қоралама.
15. Шайъ — кенг(тарқалган).
16. Мустаъмал — истеъмол қилинган, ишланган.
17. Таҳдид этилган — чегараланган.
18. Истинод — суяниш, таянч.

АДАБИЙ ТАНҚИДГА БИР НАЗАР

(А. Саъдийнинг «Ўзбек ёш шоирлари» мақоласи муносабати билан)

Шу кунларда ўзбек матбуотида ўзбек адабиёти тўғрисида кўпгина нарсалар ёзила бошланди. Бу эса бизнинг учун буюк аҳамият билан текшириладурғон бир майдондир. Ўзбек адабиётига оид жиддий бир нарса ёзмоқ учун керагича замин ва восита йўқ даражасида бўлғон шу замонда бундай ҳаракат қўб қийиндир. Чунки бу ҳақда ҳалигача ҳеч бир қадам отилмағон ва ҳеч тажриба йўқдир. Бу мавзуда тажриба ўлароқ А. Саъдий ўртоқнинг бир неча мақолалари қўлимиздадир. Албатта, шундай яшланмаган бир мавзуга бир кун бизнингда иштирок этишимизга, тўғриси, А. Саъдий ўртоқнинг «Ўзбек ёш шоирлари» унвони остидаги адабий танқидлари сабабчидир. Бўлмаса ҳали биз ҳеч бир жиҳати очилмағон — хом бир мавзу устида бирдан умумий фикр баён этишга жасорат қила олмас эдик. Бизга қолса, ўзбек ёш шоирларининг текширилиши учун бошлаб уларнинг асарлари бирма-бир, атрофлича текширилиб, сўнгра ҳар шоирга айрича қиймат бергач, умумий фикрга кейиндангина киришмак мувофиқ бўлар эди.
Биз А. Саъдийнинг мақоласини биринчи қатла кўздан кечирганда фаҳш хатолар кўрганимиздан бу ҳақда чуқурроқ тафтишларга киришдик. Биз бошлаб ўзбек ёш шоирлари сарлавҳасини кўруб, мавзу ҳақида қандай тасаввурларда бўлғон бўлсақ, буткул тескарисини кўрганимиздан бу ҳақда сукут билан ўтиришни ўзнмизга мувофиқ кўрмадик. Бошлаб шуни айтишга тўғри келадирки, шунча катта бу мавзуни олғон ёзғучи ҳеч бир жиддий текширишга кириша олмағон. Қуйида кўрсатиладурғон бузуқ хатолар буни очиқ қўрсатадир.
Бошлаб Саъдийнинг янги адабиётимизни чиғатой ўзбек адабиёти атаб, бу ўзбек услубининг боши ўлароқ Абулғози томонидан бошланғонини ва бу йўлни Беҳбудийлар таъқиб этган деган фикрини кўрсата оламиз. Бу «назар» бизнинг текширишимизга қаралса, тўғри бир назар бўлиб чиқмайдир. Чунки Абулғозининг на тили, на услуби чиғатой тил — услубидан бошқа нарса эмас, Абулғозининг насри том маъноси-ла чиғатой тил ва услуби билан ёзилғон. Мана «Шажараи турк»дан бир парча (айнан): «Чиғатой хон ҳайбатлик ва сиёсатлик подшоҳ эрди ва доно эрди … Бу айтилғон вилоятнинг ҳеч қайсисиға ўзи борғон йўқ, аммо доруғалар қўйуб эрди ва мулла Сакокий онинг надими эрди…».
Сўз чўзилмасин деб қисқа бўлаклар кўрсатдик. Шу билан ҳам умумий бир фикр олиш мумкиндир. Чиғатой адабиётининг энг муҳим рукнларидан бири бўлғон Бобирнинг «Бобирнома»сидан кўз олдиға келтириб чоғиштириш учун тағин бир парча тақдим қиламизким, шудир (айнан):
«Андижон устида воқе бўлубтур. Фарғона вилоятининг пойтахтидур — ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур, қовун маҳалида фолиз бошида қовун сотмоқ расм бўлмас, Андижоннинг ношбатисидан яхшироқ ношбати бўлмас, Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидан сўнгра бундан улуғроқ қўрғон йўқтур…».
Бу мисоллар текширилганда ва чоғиштирилганда на тил, на услубда ҳеч бир «айрилиқ» эмас, балки «бирлик» кўринадир. Балки Саъдий «Шажараи турк»да истеъмол қилинган бир нечагина луғат-сўзнинг Бобирларда ёки бошқа чиғатой адабиётида бўлмаганидан шундай катта бир «кашфиёт»да бўлгандир. Ҳолбуки ўзбеклик деган жараёнлар борлигига далил бўла олмайдир. Балки бу ўзгалик бир тилнинг, яъни чиғатой тилининг бир неча аср орасидаги такомули ва ўзбекнинг ўзбеклиги натижаси деб қаралса маъқул бўлиб қоладир. Ҳолбуки юқоридагидан ҳам маълум бўлгани каби иккови орасида ҳеч бир айирма йўқдир. Бу хато эса текширилмай ҳавоийгина фикр юритишнинг натижасидир.
Бунинг орқасидан Беҳбудийларнинг Абулғози тил — услубини бошқадан тиргизганликларини айтадиким, бу ҳам тўғри эмасдир. Мана Беҳбудийнинг «Ойна» журналидаги «Бир миллат қандай тараққий этадир» деган мақоласидан бўлак: «Тажрибакор ва олим бир муҳаррир ёзадирки: тараққийнинг энг биринчи унсури ва тухуми маорифдир ва клмдир. Шубҳасизки, бир миллатнинг фардлари, яъни бир тоифанинг одамлари нақадарки, саъйи қилгувчи ва нақадарки, олим ва ишбилгувчи бўлса, у миллат маданийда шунча муҳим ва шунча юқори бир маҳал тутар. Масалан бир рўзғорда бир она ва тўрт ўғул бор. Буларнинг ҳар бири иш билгувчи ва ҳар бири тинмас ва коркун ва фойдакордирлар. Албатта бу рўзғор бой ва обод бўлур ва атрофдагиларга нуфуз қилар…».
Беҳбудийнинг ва унинг билан бирга ишлаган «янги адабиёт» эгаларининг тиллари ҳам Саъдий айтганича ўзбекча, яъни чиғатойдан бошқа бир тил ва услуб бўлмай айни ўшал тил ва услубдир ва унинг бир оз такомул этган ва замоннинг ўтиши билан аҳамиятсиз ўзгарган суратидир. Бугунги адабиётимизни ўзбек адабиёти деб аташимизнинг сабаби дунёда бўлмаган Абулғози ўзбекчаси билан ёзилиши учун эмас, шундай «илтизомий» бир суратда фақат от учунгина «ўзбекча» бўлгани учундир.
Энди ҳалигача кўрилмаган ва текширилмаган бир масалага келайлик: ҳақиқатан ўзбек тили деган бир тил бормидир, йўқмидир ёки бу фақат юқорида айтганимиз каби қуруқ бир отдан иборатмидир?
Бунга қўлимиздан келганича жавоб берайлик: Туркистонда «ўзбек» аталган бир қавм бўлгани каби «ўзбекча» деган бир тил ҳам бордир. Лекин у тил бугунги газета ва китобларимизнинг тили эмас. Балки у тил ҳали адабиётимизга кирмагандир. Бу ўзбекча соф ўзбеклар яшаган жойларда ишлатиладирким, унинг намунасини Ғози Олим ўртоқ адабиётимизга биринчи ўлароқ ҳадя этди («Билим ўчоғи»нинг 2-сонида «Алпомиш» достонини қарангиз). Достондан намуна учун бир бўлак оламиз (айнан):
«Ай, Бойбўри жолғиз соғон бир ул бир қиз берди, жолғиз эмас эгиз берди. Мундан борсанг парзандини даврсанг халойиқти жийиб тўй-томоша берсанг, тўйға қаландар бўлиб бориб отини ўзим қўйиб келаман», деб равзадан овоз келди. Бу сўзди эшитиб бийлар зиёда вақти хуш бўлиб минди биров отти, бийлар манзилига жетти, бийлар вақти хуш бўлиб халойиқти жийиб қирқ кечаю қирқ кундуз тўй-томоша бериб жотди».
Мана бу тил ўзбекчадир. Бу тил чиғатойдан кўб жиҳатдан айриладурғон бир тилдир. Бунинг услубида ўзгачадир. Абулғозининг «Шажараи турк»и эса бу тил билан ёзилган эмас, балки чиғатой тили билан ёзилган. Мана шу келтирган намуна ва далилларимиз бу даъвомизни исботига кифоят этса керак. Бундан шу натижа чиқадирки, бу кунги адабий тилимиз ва Беҳбудийларнинг тили ва услуби, А. Саъдий айтганича ўзбекча бўлмасдан юқорида кўрсатганимизча чиғатойчадир.
Энди келайлик Фитратнинг шоирлиғи тўғрисиға.
Энди А. Саъдийнинг иккинчи бир билмаган нарсасига келайлик. Бу эса Фитратнинг шоирлиқ шуҳратининг феврал инкилоби билан йўлдош эканидир. Бу шундай бир ёлюндирки, бундай бир сўзни муҳаррирнинг қандай уялмай айтишига киши ҳайрон бўлмай қолмайдир. Бир оддий таржимаи ҳол ёзғонда бу неча билмай сўз сўзлаш қандай уят бўлса, бир миллатнинг шоири деб танилғон бир кишисини текширмак даъвоси билан чиққан адабиётчининг бу қадар жаҳолати унутилмас бир гуноҳдир. Балки Тотористонға Фитрат феврал инқилоби вақтида танилғондир, балки А. Саъдий ўртоқ инқилобдан кейингина Туркистонға келгач Фитратни таниғондир. Лекин бу билан Туркистонда ҳам шул вақтларда таниши лозим келарми экан? Бунга бизнинг шубҳамиз бор.
Ҳар ҳолда Фитратни шоир ва адиб ўлароқ Туркистон 1910 нчи йилдан бери танийларким, ўшал вақтларда унинг ёзғон шеърлари ҳатто ёзма ҳолда қўлдан қўлға юрар эди. Ҳали бу ҳам нари турсин, Болқон уруши вақтида Адарнанинг булғорлар томонидан олиниши муносабати билан Фитратнинг айтган марсияси ёлғиз Туркистонда эмас, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонларғача тарқалиб неча тилларда достон бўлғони ҳар бир туркистонлиққа очиқдир. Фақат шугина Фитратнинг қандай бир шоир ва қачон танилғонини кўрсатишга етса керак.
А. Саъдий ўзининг қандай бир ишка урунғонига сира қиммат бера олмағон кўринадур. Чунки оддий бир таржимаи ҳол ёзадурғон киши каби ҳам текширишни ортиқча топадир. Ва айтадир: «Фитратнинг бизга маълум бўлғон асарлари «Ўзбек ёш шоирлари» мажмуасидаги шеърлари билан «Чин севиш» ва «Ҳинд ихтилолчилари» деган томошалиқлари ҳам 23 нчи йилда босилғон «Қиёмат» деган хаёлий ҳикоясидир. Фитратнинг ёзғон асарларини, ҳеч бўлмаса, отларини ҳам билишни ҳожат билмайдир. «Текшириш» даъвоси билан ўртаға отилғон бу зот билмаслиги билан кулги бир ҳолга тушиб қоладир. Саъдий ўртоқ бир ёзувчининг қандай кучга эга бўлганини билиш учун унинг ёзғон асарларини кўриб текширишга эҳтиёж йўқ деб билган бўлсангиз, буни билингики, бу ишни сиздан бошқа киши қилмайдир. Ёзғучини текшириш учун унинг асарларини кўриш керақдир ва шундан кейингина унга бир киймат бермак мумкин бўлур. Бу қилғон ишингизга биз ҳеч бир от топа олмадик. Бунда сизнинг қилғон кашфиётингиздан бириси каби танилишға муносиб сифатларингиздандир.
Бунда фақат шунигина айтиб ўтайлик, ким Фитратнинг сизнинг қўлингизға тушмаган ва октябр ўзгаришидан илгари ёзилғон ва босилғон 10 га яқин асари борким Фитратни сизнинг танишингиздан илгари бизга шоир ва адиб ўлароқ танитқон ушбу асарлардир.
А. Саъдийнинг юқорида кўрсатган «уч кашфиёти» бизга шундай бир фикр берадирким, бу киши ёзғон нарсасини ҳеч бир илмий асосга кўра олмағон, балки кайфича ёза борғон. Чунки юқорида кўрсатилган моддалар «адабий танқид»даги энг муҳим жумлалардир. Бу қадар буюк ва кенг мавзуга бунча тор маълумот ва ҳеч тафтишсиз осилишнинг маъносини билиш қийиндир.
Юқоридағи фаҳш хато ва ёлғонлар бизга биринчи кўришда қизиқ туйилғонидан бу мақолалар ҳақида тузукроқ бир фикрга келмак учун Саъдий ўртоқнинг бошқа ёзғон нарсаларини ва унинг ҳоли билан таниш бўлғон кишилардан у ҳақида кенгроқ маълумот олмоқ нияти билан баъзи тафтишларда бўлиндиқ. Бу тафтишларимизнинг натижаси ҳам бу ўртоқнинг адабий танқиднинг қийматини яхши тақдир этмак учун чоғи келганда оз-моз айтиб ўтишни муносиб кўрамиз.
Мақоладаги бутун назарларнинг янглиш ва тўғри эмаслиги аниқ бўлса ҳам, тоғин бир неча жойига ўз фикримизни айтмай ўта олмаймиз.
Маълумдирки, адабиёт ижтимоий ҳаётнинг натижасидир. Бир миллатнинг ижтимоий ҳаётидир. Шу асос қабул қилинғондан кейин очиқ белгиликдирким, бир миллатнинг адабиётини текширганда у миллатнинг ижтимоий ҳаётини текшириш керак. Ҳолбуки ўзбек адабиётини турлик даврларига бўлиб текшириш даъвоси билан чиққан А. Саъдий ўзбек миллати ҳаётини текширишини ортиқ кўрган, яъни адабиётнинг ижтимоий ҳаётдан айри ўлароқ текширган ва шу асосга таяниб ўз фикрларини ўртаға ташлағон.
Биз бу тўғрида шуни айтамиз: замонимиз янгилашган сари янгилашадир. Эски назариялар кундан-кун кўмулуб бормоқда, эски замонларда адабиётнигина эмас, умуман илмларни юқоридан келадурғон, илоҳий деб биладурғон назариялар бугун борса келмас йўлиға тушган. Бу кун ҳар «ҳол»ни ижтимоий ҳаётдан чиққан бир «ҳодиса» деб таниш замонидир. Очиқ айтганда замонамиз идеалистлиқ замони эмас, материйалистиқ замонидир. Шунинг учунда букун эски жилдларни ташлаб, оз бўлса ҳам, янги жилдларга бурунмакни тавсия қилиб ўтар эдик. Бу кун идеалистлиқ йўлида қилинадурган хизмат бир хизмат эмас. Матирийалистлиқ усули маъқул эмас экан, ўзингизгагина маъқул бўлмасун, уни матбуотга чиқариб ўқувчиларни заҳарлаш керак эмас. Айниқса, ўзбек ёшларини идеалист бир ҳаётдан ва тушунчадан матирийалист ва асрий бир ҳаётга киргизиш керак бўлғон шу даврда сизнинг келиб бошқадан эски чуруб кетган илмларни сочишингизға майдон йўқдир. Бу ҳақида албатта у сизнинг вақтингиздағи «асҳоби каҳф» таҳсиллари кифоя қилмайдир, айниқса сизнинг бу илмингиздан «мустағний»дирмиз.
Мана А. Саъдийнинг бир жумласи: «Булар энг илгари «Таржумон» шогирдлари бўлсалар, кейиндан «Шўро» ҳам «Вақг» шогирдлари бўлуб, асл руҳ ёғидан шу газета шу журнал йўлида давом этадилар». Бу жумла билан ёзғучи шуни айтмакчи бўладирки, бу адабиёт Туркистоннинг ҳаётидан туғулғон эмас, балки юқоридан келган ва устозлар оркалиғина туғулғон бир нарсадир. Яъни агар «Таржумон», «Вақт», «Шўро» бўлмаса, Туркистонда у адабиёт ҳам бўлмаса эди, демак истайдир. Ҳолбуки, адабиётни ижтимоий ҳодисадан танийдурған биз матирийалистлар ундай ўйламаймиз.
Балки Туркистон шу 20-30-йиллар ижтимоий ва иқтисодий ҳоли билан «Шўро» ва «Вақт» бўлмаса ҳам, шундай бир адабий бир давр кечирар эди, деймиз. Бу эса ортиқ бу куннинг комсомолларига ҳам маълум бўлган бир қазиядир.
Адабий танқид эгаси юқоридаги асос билан бориб, бу давр шоирларининг энг очиқ типи «Авлоний» эканини ва бу майдоннинг ваъз майдони қилинғонини ва ҳар вақт бол ўрнида қора нон емакка тўғри келганини ёзадир.
Бу нима демакдир? Сизнингда шариат деб қичқириб юрган вақтларингиз, дин отидан халқни илм ва маърифга ташвиқ қилғон кунларингиз йўқми эди; бу уятмидир? Сизнингча у даврнинг шоир ва адиби бу куннинг материйалист—марксистчами муҳокама этсунлар эди?! Сизга бу кун қора нон кўринган нарса ўз вақтида бол эмасми эди?
Ҳар даврнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳодисаларини ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидангина ахтариш керакдир. Кўкдан шакар тушиш даври ўтган.
Энди А. Саъдий ўртоқнинг шеър текширишидаги кучини синаб кўрайлик.
А.Саъдийнинг текшириш даражаси, маълумоти, усулининг моҳиятини кўрдик. Энди унинг шеър текширишидаги кучини бир синайлик.
«Адабий танқид»нинг бир жумласи: «Фитратнинг энг яхши асарлари форс тилида ёзилғон дегувчилар бор, биз уларни кўрганимиз йўқ. Фитратни бир ўзбек шоири сифати билан текширганимизда бизга унинг форс асарларининг кўб кераги ҳам йўқ. Уларни Эронни адабий танқидчилари текширсинлар».
Биз айтамизким, бу ўлканинг кўб жойларида: Самарқанд, Бухорода, Фарғонанинг кўб шаҳарларида икки тил била сўйлайтурғон «бир миллат» яшайдир. Бунинг устига шуни ҳам билдирайликким, Туркистоннинг адабиёти билан машғул бўлғон ҳар бир йигити илгари ҳам шундай бўлғони каби ҳозир ҳам форс тилини биладир, Ҳатто бу тил биланда «шоҳ асарлар» вужудга келтиргандир. Бу миллат форсчани ўқиб эмас, юриб ўрганадир ва шунинг учун ўз ҳиссиётини ҳеч ўзгалик сезмасдан ифода қила оладир. Сўнгра буни тушуниш керакдирким, адабиёт тилдангина иборат эмас, унда руҳ ва фикрнинг муҳим ўрни бордир. Фитратнинг форсча асарлари эса Эрон руҳ ва фикри билан эмас, шу Туркистондаги икки тил билан сўйлашатурғон ва бу кунги истилоҳ билан бири ўзбек деб аталган «миллат»нинг руҳ ва фикр таржимонидир. Шунинг учунда уни бир ўзбек ёзувчиси сифати билан текширганда ҳам форсий асарларини кўздан кечириш керақдир. Ҳолбуки А.Саъдий ўртоқ Фитратнинг ўзбекча асарларининг бир нечасинигина кўргандир. Балки ҳали бошқа асарларининг бору йўғини ҳам билмас.
А.Саъдий ўртоқ юқоридаги жумлада Фитратнинг форсча асарларини қўрганимиз йўқ дегандир. Ҳолбуки кўрганда ҳам уни ўқиб тушуна олмас эди. Чунки бу зот туркистонлик бўлмағони ва унинг устига ўз тилидан бошқасини билиш унга ортиқча бўлғони учун форсийчани ҳам билмайдир. Бу эса кенг адабий бир даврни текшириш учун эмас, Туркистоннинг бир шоиринигина текширишга ҳам энг бой бир манбани қўлдан чиқаришдирким, шу ҳолда бу адабий танқиднинг қийматини майдонга чиқарадир.
Фитратнинг шеърларини текширганда А.Саъдий бир-икки мисол келтирадир. У шеърларининг нима таъсири остида ёзилғонлиғини ва қачон ёзилғонлиғини ва бу шоирнинг кучи нима таъсири остида ўса бошлағонини сира кўрсатмайдир. Масалан, Фитратнинг бир шеъридан «истар эсанг менга келиб гапирма» деган мисра услуб ва фикрда буткул иктидорсизлик демакдир» деб айтадир. А. Саъдийча бўлса, «истар эсанг»ни олиб ташлаб «менга келиб гапирма» дейишга кифоя этадир. Ҳолбуки, «истар эсанг менга келиб гапирма» билан «менга келиб гапирма» орасида кўб айирма бордир. Бир нечасида шоир «истар эсанг» дейдир, чунки маҳбубасидан айрилмоқ истамайдир. Балки агар маҳбубаси истаса, унинг шоир қошиға келиши оғир келатурғон бўлса, келмаслигини айтадир. А. Саъдийча бўлғон мисрада эса, сира келмаслигини айтиши керакдирким, бунда А. Саъдий шеърни англамайдир. Шоирнинг руҳига кира олмайдир.
Иккинчи мисол «Яна ёндим» деган шеърида «Эришмадим сира сизга…» дегандан кейин:

Нега бўйла қиласиз?
Нечун мени сабабсиз унутдингиз — айтингиз!
Ўтинамен… ялинамен, қочмангиз, қайтингиз!

- деган уч йўл ҳеч кераксиз ва буткул ортиқдир дейдир.
Ҳолбуки мана шеърни тамоман ўкингиз, бу А.Саъдийча ёмон бўлғон шеърда ўзининг ҳаяжонини қандай тадрижий ортдуруб бориб қандай энг юксак тасаввурни беришга муваффақ бўлғондир. Агар шул кераксиз топилғон уч мисрани айтмасайди, шеърнинг ҳеч бир мазияти қолмасди. Мана шеър:

Яна ёндим…
Юрагимнинг қони, қизғин олови-ла қайнағон
Кўз ёшларим қайдасиз?!
Куним каби узун, қора шу кечада кутубмен,
Эришмадим сира сизга… нега бўйла қочасиз?!
Нечун мени сабабсизча унутдингиз — айтингиз!
Ўтунамен… ялинамен… қочмангиз — қайтингиз!
Яна бутун борлиғимнинг негизлари емирилди,
Умидимнинг кўб чидамли тераклари йиқилди.
Хаёлимнинг тотли, чучук соатлари бутунлай
Узоқлашиб кета мендан..!  Тўсиб турар йўлимни
Умидсизлик қайғулари тонги отмас бир тундай,
Ўлум дахи қутқарғали келиб тутмас қулимни…

Мана булар кўрсатадирким, А. Саъдий шеърни яхши англамайдир.
Тағин бир мисол: ғариб, кимсасиз ўзбекларнинг адабиётида бир оз йўл кўрсатмак умиди билан А. Саъдий томонидан ёзилган «Адабиёт дарслари»дан бир мисолгина келтирайлик ва шу билан у асарнингда моҳиятини кўрсатайлик. Ўзбек шоирларининг бобоси бўлган Навоийнинг энг юксак ва бизнинг асрий завқимизга ҳам мувофиқ, фасоҳат ва балоғатнинг санъаткорлик билан қандай уста уюшдирилгани тубандаги шеьрини А. Саъдий қандай англатадир. Бир кўриб ўтайлик. Айнан: «Услубда очиқлиқни қандай англаймиз? Ёзувчининг фикрини қийинлиқ билан чекинмасдан ҳам тўғри ва комил англай олсак, шу услубда очиқлиқ сифати топилғон бўладир. Навоийнинг шу қуйидаги мисралари очиқ эмасдир. Навоийнинг энг туманлик услубига мисол:

Саҳар ховар шаҳи чарх узраким, хайлу хашам чекги,
Шиои хат била кўҳсор уза олтун алам чекти.
Казо фарроши чекти субҳнинг сиймин супургусин,
Музаҳҳаб парларин аидоқки, товус ҳарам чекти…
Муаззин Каъба тоқи узра гулбонги самад урди,
Бараҳман дайр айвонида оҳанги санам чекти.
Ёқа чок этти гоҳи субҳ ул мотамғаким ошиқ,
Бу муҳлик шоми ҳижрон ичра юз хуноби ғам чекти.
Хушо, улким мунунгдек чоғи вафосиз умрни англаб,
Сабуҳи жомини аҳбоб бирла дамбадам чекти, –

дейдир. Бу шеърлар ҳар жиҳатдан мукаммал бир парчадир. Ҳолбуки А.Саъдийга қолса бу англашилмайтурғон услубдир. Чунки бу шеърдаги арабча, форсча луғатларни англамағонлиғин айтмайдир.

Иккинчидан бир адабий даврни текширмак учун юқорида изоҳ қилганимиз каби ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни текшириш керак бўладирким, буни А.Саъдий қила олмағондир. Демак, бу киши ўзбек ҳаёти билан таниш эмасдир.
Учинчидан, бу ўртоқ шеърнинг ўзини керагича англамайдир. Агар шеърни яхши англаса эди, юқорида қўрсатилган мисоллардаги ҳаяжонларнинг даражасини тақдир этар эди ва Навоийнинг шеършш «англашилмас» нарса деб кетмас эди.
Энди бу адабиёт муаллимининг «ёқламасдан энг тўғри бир, сўзини эшитайлик. «Фитрат шоир эмас, балки шоирликка интилгувчидур. Ул шоирлиқ билан файласуфлик ва мутафаккирлик орасида адашиб қолгон бир одамдир. Унинг фитрат ва табиатида мутафаккирлик, файласуфлик, тағин дурустроғи, ҳакимлик бор, лекин ҳали ғунчаси очилиб етмаган бир ҳакимлик!»
Мана «ёкламасдан айтилган энг тўғри сўз» шудир. Бир миллат тилини, руҳини, ҳаётини англамағон ва билмаган кишининг шеър ҳақида ёки бир шоир ҳақида айтилган сўзларнинг бундан ҳам ортиқ қулгу бўлишини ҳали ҳеч ким кўрган эмасдир. Бу илмий жиҳатини қўйуб туруб, бунинг қанча «ёқламасдан» айтилғон эканига бир назар солсак, бу «адабий танқид»нинг моҳияти майдонга чиқадир. Фақат буни бошқа мақоламизга қолдирмоқни муносиб кўрдик. А.Саъдий биринчи мақоласида Фитратнинг ўзбек адабиётига фалсафий янги бир тўн берганини айтиб туриб, иккинчи мақоласида «ҳали ғунчаси очилмағон бир ҳакимлик!» деб ўз сўзига ўзи қарши кетадир.
Фитрат сўзининг табиати ва руҳи ёғини текширган «адабий танқидчи» унда ҳам идеялий, ҳам ҳиссийлик, ҳам рўмантизм ва умидсизлик борлигини бизга очиқ кўрсатадирким, бу-да юқоридаги кашфлардан қолишмай-турган бир нарсадир. Бир кишининг ҳам идеалист, ҳам умидсиз, ҳам синтиминталист, ҳам рўмантик бўлишини майдонга чиқариш адбатта катта ходиматдир. Маатаассуф, биз бу ходиматга қарши унинг кутган мукофотини бера олмаймиз.
Сўзимизнинг охирида бу «адабий танқид»га ўзимизнинг қарашимизни айтиб ўтишни мувофиқ кўрамиз.
Биринчидан, бу бир адабий танқид эмасдир. Чунки, бунда «адабий» маъно ортида ҳеч бир нарса йўқдир. Тилни, ҳаётни, руҳни ва асосан шеърни тушунмай юритилган фикрларни адабий деб атамоқ муносиб эмасдир. Шу эътибори билан бу илмий нарса ҳам эмасдир. Иккинчидан, бу «танқид» эмасдир. Бу бир сўкишдир. Бир муни «ғунчаси очилмаган ҳакам», «Истамбул соя фоеларида юрган» каби таъбирлар билан ёритилғон бир муҳокама танқид эмасдир.
Учинчидан, бу ёзувда усул бузуқдир. Ижтимоий ҳодисаларни матирйалист усули билан текширмаслик тўғри фикрни топа олмасликдир.

_______________
Мунаққиднинг ушбу «Адабий танқидга бир назар» деган мақоласи А. Саъдийнинг «Ўзбек ёш шоирлари» мақоласига жавоб сифатида ёзилган. Мақоланинг биринчи қисми «Туркистон» газетасининг 1924 йил 22 январ, 7 феврал сонларида, қолган бир қисми «Зарафшон» газетасининг 1924 йил 10 апрел сонида босилади. Мақола охирида таҳририят томонидан: «Бошқарма: Бу мақоланинг боши «Туркистон» газетасининг 222-230нчи сонларида босилиб, қоламаси босилмағонлиғи сабаблик, биз ёш адабиётимиз учун унинг аҳамияти борлиғини кўзда тутиб босилишини мувофиқ кўрдик», деган бир изоҳ ҳам ёзилган.
А. Саъдийнинг мақоласи эса «Туркистон» газетасининг 1923 йил декабр, 1924 йил январ сонларида чиққан.

Манба: Вадуд Маҳмуд. Танланган асарлар. Тошкент, «Маънавият», 2007. Нашрга тайёрловчи, сўзбоши, луғат ва изоҳлар муаллифи филология фанлари доктори Баҳодир Каримов.

Мақолалар матни www.ziyouz.uz сайтидан олинди.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 377

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Новинки музыки 2015 слушать и скачать бесплатно mp3opia.ru