Ватанни севиш ҳам ибодат

БАХТ МАНЗИЛИ
Отам бизни мендан бахтли бўлсин, деди,
Онам бизни умри нурга тўлсин, деди.
Йўлимизда кунларини қурбон қилиб,
Ойга чиқдик елкаларин нарвон қилиб.
Ғамларини кўзларига қамаб қўйди,
Юраклари кемтик эди, ямаб қўйди.
Юзимизга шамол тегмай катта бўлдик,
Бошимизни ерга эгмай катта бўлдик.
Қайғулари олам экан, олам экан,
Оламлардан кенгроқ одам отам экан.
Қорлар ёғса, қучоғига қочиб бордик,
Сочларига оқ гулларни сочиб бордик.
Кўнглингизнинг дарёларин кўп қуритдик,
Она, Сизни меҳнат эмас, биз қаритдик.
Ёнингизда не талашдик – ғавғо қилдик,
Эвазига фақат дардлар совға қилдик.
Сиз деб ҳатто игнани ҳам харж қилмадик,
Ота-она кўнглин нега Ҳаж билмадик?
Умрингизни ўғирладик, ёшлик қурсин,
Худо Сизга кўпроқ қилиб қайтиб берсин…
 
ҚИСМАТ
Риёни билмайди азим дарахтлар,
Ҳеч кимга сездирмай қилар ибодат.
Сирларин бой бермас, ўтса-да вақтлар,
Мудом сукут одат, тафаккур одат.
Жони оғрийдими – безовта, бедор,
Баъзан ошиқлардай сармаст ҳислардан.
Дарахтлар капалак каби беозор,
Ким зиён кўрибди шу мунислардан?
Мен ҳам битта дарахт бўлгим келганди,
Шохларига қуёш, ойлар осилган.
Фақат бахтсизлигим ё бахтимгами,
Пешонамга Одам бўлиш ёзилган…
 
ИШҚВАТАН
Энг тўғри баҳони халқ берган,
Эркинлик – ҳақ сўзга итоат.
Шу юртни суйсин деб Ҳақ берган,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Ялтироқ хорижнинг либоси,
Кўзларни ўйнатар жилоси,
Тупроқча бўлолмас тиллоси…
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Онангга яхшилик қилгандай,
Отангнинг кўнглини олгандай,
Болангга Бахт мерос қолгандай,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Қалбингга иймонни тож қилгин,
Йўлида жонингни харж қилгин,
Ватанда туриб ҳам ҳаж қилгин,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Бахт пайдо Эл деган дардингдан,
Кўнглингни кўчирма юртингдан,
Қуёшни эргаштир ортингдан,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Гарчи Ой олисдир, йўл йироқ,
Муҳаббат – беминнат йўлчироқ,
Эй, Ўзбек – манглайи ярқироқ,
Ватанни севиш ҳам ибодат.
Беҳзод ФАЗЛИДДИН
“Ҳуррият” газетаси, 2007 йил 14 ноябр.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.