Кўнглингдан ўзгага қулоқ солмагин

 
Беҳзод ФАЗЛИДДИН
УЗУН ОРЗУ
Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан,
Учсам. Ҳаммасини унутсам. Кетсам.
Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан,
Армон етолмаган манзилга етсам.
Қувиб тутолмаса ортимдан лаъин,
Муҳаббат ўртада бўлмаса даллол.
Худди шу энг мақбул, тўғри йўлдайин –
Учишим ҳеч кимга келмаса малол.
***
Беҳуда чиқиллаб толиқди соат,
Лаҳзалар карвони бўлолмади жам.
Қиёфа жангидан чекинди сурат,
Ўзини кутишдан тўймади Одам.
Йиллар оқиб кетди – юзлари сўлғин,
Таъмини йўқотган туйғулар тахир.
Тонгни бедор кутди безовта, дилхун,
Илинжнинг ўлгиси келмайди, ахир.
Қадарда борига қилмади зарда,
Сўзласа, сукутдан баланд сўзлади.
Валекин энг сўнгги сонияларда
Илиниб қолмаса эди кўзлари…
***
Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида,
Кимларнинг бахти бут кимнинг дардида,
Тентираб юрибман сўзлар юртида –
Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.
Кунда нафс отига тиларман тўзим,
Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим,
Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим –
Муҳаббат аралаш, исён аралаш.
Узилиб-узилмас ишонч иплари,
Аёвсиз отилар бало тўплари,
Руҳимда эврилиш талотўплари –
Эътиқод аралаш, гумон аралаш.
Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман,
На асал ялайман, на тош тишлайман,
Бирда сарғаяман, бирда яшнайман –
Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.
***
Қўрқмайсизми, тушингизга кирмай қўйсам,
Хаёлингиз билан суҳбат қурмай қўйсам,
Кўнглингизнинг кўчасида юрмай қўйсам,
Қўрқмайсизми?
Борлигимни биласиз-у, билмасдайсиз,
Зорлигимни биласиз-у, билмасдайсиз,
Муштоқсиз-у, лек назарга илмасдайсиз,
Билмасдайсиз.
Кунни тунга, тунни кунга айлантирдим,
Кўзларимни ўчмас унга айлантирдим,
Дил шўрликни бир мажнунга айлантирдим,
Ўйлантирдим.
Атиргулнинг япроғидан тикони кўп,
Яратганнинг биз билмаган ирфони кўп,
Омон бўлсак, яшамакнинг имкони кўп,
Имкони кўп…
***
Кўзни юмиб севдим, севиб кўз очдим,
Кўҳна изтиробдан янги сўз очдим.
Бир Қуёш айланар қорачиғимда,
Оташин уфқларга қайта юз очдим.
Покиза гўдакдек жилмаяр дунё,
Севгимнинг кафтида улғаяр дунё.
Азондай беозор уйғотиб тонгни,
Муқаддас булоқда юз чаяр дунё.
Шамол қулоғимга шивирлайди шеър,
Юракка ҳамоҳанг энтикмоқда ер.
Мудраган оламга ҳайратлар сочиб,
Ошкор бўлаётир ўн саккиз ёш сир.
***
Кўзларимга ишон, қўлларингни бер,
Ахир, ғамларингни тугатмоқчиман.
Ўзим билмайман-у, лекин, барибир,
Мен сенга яшашни ўргатмоқчиман.
Кел, илми ушшоқни ўзлаштирайлик,
Бирга нажот топсин бу яримжонлар.
Орзунинг исмини ўзгартирайлик,
Имконлар навбатда турар, имконлар.
Кўнглингдан ўзгага қулоқ солмагин,
Чорла, безовта қил, тушларимга кир.
Аммо аро йўлда туриб олмагин,
Фақат кетмасингга мени ишонтир.
***
Чиқиб кетса эди шу иблис қондан,
Сўнг топа олмаса мангуга изим.
Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан,
Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим.
Қайтадан тозарсам — севсам қайтадан,
Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум,
Арш сари зиналар қўйсам тавбадан,
Саодат асрини эслатса умрим…
***
Бу қаро дард ёпишди қайдан,
Оппоқ ғамларимни соғиндим.
Кетгим келар ғурбатсаройдан,
Покроқ дамларимни соғиндим.
Бардош оти ҳансираб борар,
Вужуд не деб алжираб борар?
Қароғларим қовжираб борар,
Чашми намларимни соғиндим.
Жон ипидан оташ яратган,
Ўзи нураб зиё таратган,
Довулларни эсанкиратган –
Ўчмас шамларимни соғиндим.
Хилқат борми ундан нафисроқ,
Муҳаббатга бир оз хасисроқ,
Жондан яқин, жондан азизроқ
Аллакимларимни соғиндим.
***
Не ҳикмат дилингнинг яролиғида,
Беадоғ тахайюл йўлига жим боқ.
Кутиш ва куттириш оралиғида
Йигирма йил ўтди – қолгани жумбоқ.
Нимадир етмади, яна, кимдир кам,
Балки, омадсизлик эди омадим.
Улгурса бўларди тозаришга ҳам,
Яшашни билдим-у, яшай олмадим.
Гоҳи уялтириб, гоҳи уялиб
Бирма-бир жон берди дақиқаларим.
Шунчалар ишондим, келдим суяниб –
Ҳаққа элтгаймикан ҳақиқатларим?
“Ёшлик” журнали, 2012 йил 7/8-сон.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.