Тадбирнинг «таъм»и қочса…

Эски дафтардан

Таом таъми туз билан. Меъёр топилмаса, оғизни бемаза қилади. Ҳамма нарсанинг мазаси ана шу «туз»да.
Турли ташкилотлар, таълим муассасаларида ўтказиладиган тадбирлар сценарийси кўпчиликка яхши таниш. Кунда-кунора бирор тадбирига таклиф қиладиган ташкилот ҳақида ҳамкасбимиз ўхшатиб бир гап айтганди: «Улар сув қайнатса ҳам чақиришади».
Тадбир кўп бўлгани яхши, лекин уларнинг бир хиллиги-чи? Бундай тадбирлар ҳақида ёзиш ҳам осон. Ўтказилган жойи ва мавзусини ўзгартириб қўйсанг бўлди: яна бир «янгилик» тайёр.
Иш юзасидан кўп тадбирларга боришга тўғри келади. Аксарият ҳолларда уларнинг бир хил – қолипда эканлигидан ҳафсаланг пир бўлади. Бирор янгилик олишга иштиёқманд бўлиб, борган жойдан қуруқ ҳисобот тинглаб келишнинг ўзи бўладими? Вақтни бой бериб келиш мумкин, холос. Ўтказилаётган тадбирлар орасида вақтингни ҳеч қизғанмай ўтиришга арзирлиси кам. Бундай тадбирбозликдан муддао не? Нега тадбирлар “қолип”дан чиқмай қолган?
Амалга оширилаётган ишни кўрсата олиш яхши, албатта. Аммо бунинг учун фақат тадбир ўтказиш билан чекланиб қолиш керакми?
Бутун ташкилотнинг бўрттириб кўрсатилган “ибратли” фаолияти ҳақидаги тадбирлар ким учун қизиқ? Шундай хабарлар газеталарда бот-бот кўзга ташланади. Мана шу ерда биз журналистларнинг ҳам изланмаётганимиз ёки тайёрига ўрганиб қолганимиз кўриниб турибди. Ачинарлиси, бундай “анъана” аллақачон таълим муассасаларига-да ”кўчиб” улгурган.
Одатда, бирор бир байрам ёки муҳим сана муносабати билан тадбир ўтказилади. Қизиқ, тадбир фақат байрамми?
– Яхши китоб чиққан кун ҳам биз учун байрам, – дея ўз фикрини билдиради бир ўқитувчи. – Тадбир ташкил этиш учун бирор санани кутиб ўтиргандан кўра ўқишли янги китоб тақдимотини ўтказган маъқул, деб ўйлайман. Назаримда, ҳамма нарсада ижодий ёндашув бўлмас экан, у «қуруқ» бўлиб қолаверади. Тадбирлар ўтказишда ҳам ижодийликка алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Мана, «тадбирчи»лардан бирининг онаси айтиб берган гаплар:
– Қизим мактабида ўтказиладиган бир тадбирга жуда кўп вақт тайёргарлик кўрди. Ўқишдан кейин ҳам мактабда қолиб, уйга кеч қайтарди: «Репетициядан келаяпман!» Азбаройи қизиққанимдан, бунинг устига, қизимнинг ижросини томоша қилиш мақсадида у ерга бордим. Зал ўзига хос тарзда безатилган. Саҳнага икки ёш бошловчи чиқиб келиб, анча вақт шеърий тарзда «саломлашди». Кейин навбатни қўшиққа берди. Ундан сўнг рақс, ортидан яна қўшиқ. Фарзандимни саҳнада кўриш иштиёқи кучли бўлгани боис анча куй-қўшиқни тинглаб ўтиришимга тўғри келди. Тўғрисини айтсам, у оммавий саҳнадаги рақсда иштирок этди, холос. Қизим ва дугоналарининг ёшига мос бўлмаган қилиқлар билан «рақс»га тушишидан (буни рақс ҳам деб бўлмайди) ўзим уялиб кетдим. Тадбир давомида ўғил болалар ҳам улар билан бирга ғалати тарзда ўйинлар кўрсатди. Шунга шунча вақт тайёргарлик кўрганига тушуна олмадим. Баъзи кунлари дарс тайёрламай, маҳалламиздаги дугонасиникига борарди.
Байрам тугагунча зўрға чидаб ўтирдим. Сўнг синф раҳбарининг олдига бордим. «Шундай қилмасак, болалар зерикиб қолишади-да» ўзини оқлагандай бўлди у. Шу воқеадан кейин қизимни унча-мунча тадбирларда иштирок эттирмайдиган бўлдим…
Газета-журналларга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган хатлар орасида байрам ёки бирор тадбирнинг сценарийлари ҳам бор. Уларнинг кўпида ўша ҳолат акс этган: бошловчи шеърий тарзда саломлашади, яна навбатни шеърга беради. Ундан кейин қўшиқ, рақс. Шеърий сценарийларни ўқиб, келган меҳмонлар бутун тадбир давомида шеър эшитиб ўтиришар экан-да, деган хулосага боради киши. Демак, муаллифлар ўз таълим муассасаларида худди шундай сценарий асосида тадбир ўтказадилар.
Маълум бир фан юзасидан синфлараро танловлар ўтказиш яхши анъана. Бунда ўқувчига дарсликдаги мавзулар юзасидан аниқ саволлар берилиб, бадиий чиқишлар ҳам тарбиявий аҳамиятга эга бўлса, нур устига нур. Бундай тадбирларнинг кўпайиши, албатта, яхши натижа беради. Афсуски…
…Жавлон бугунги тадбирга қолмади. Синф раҳбари қанча таъкидлаган бўлса-да, кетишни афзал билди. “Яна ўша… Синфимизнинг қизлари чиқиб, шеър айтади, рақс тушади. Яхшиси, уйга бориб математикадан берилган мисолни ечганим маъқул, – деб ўйлади у. – Кейин укамни ўйнатаман”.
Эртасига ўқитувчисидан ”қочиб кетгани” учун танбеҳ эшитганига қарамай, хафа бўлмади. Чунки синфхонага кириши биланоқ тенгдошларининг кечаги тадбирни назарда тутиб ”Ухлаб қолай дедим”, ”Зерикиб кетдим” деган сўзларини эшитган эди…
Ўқувчи-ёшларнинг тадбирларда фаол иштирок этмаётгани ҳақида кўп гапирамиз. Уларни дангасаликда, бефарқликда айблаймиз. Баъзан тадбирда иштирок этмаган Жавлон каби болаларни жазолаймиз ҳам. Гоҳида катта бир тадбирга юзаки ёндашамиз: ўтади-кетади-да. Шунда ҳам фикрлашни, янгилик қилишга уринишни хоҳламаганимиз панд беряпти.
Аслида эса шундай салбий ҳолатлар тадбирларнинг ”маза”си йўқолиб бораётганига сабаб бўлаётгани кундай равшан. Ўқувчилар баъзан бутун чорак давомида ололмаган билимини яхши бир тадбир орқали эгаллаши мумкин эканини ҳам унутмайлик. Муҳими – тадбирнинг “таъм”ини қочирмаслик. Ана шундагина “Бугун тадбир бор” деб айтилган гап болани бездирмайди.
Бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. Нима дедингиз?

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
“Маърифат” газетаси, 2008 йил 4 октябрь

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 710

Один комментарий на “Тадбирнинг «таъм»и қочса…

  1. Мухлис
    13.06.2014 at 21:37

    Жуда тўғри фикр. Таълим муассасалари арзимас тадбиру юбилейлар учун ҳурматли шоирларнинг қимматли вақтларини олишлари бемаънилик.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *