Тоғай Мурод қайтиб келди!..

togay_murodЭсингизда бўлса, Тоғай Мурод «Отамдан қолган далалар» романини Деҳқонқул тилидан «Мен қайтиб келаман!» дея хотималаган эди. Ўз сўзига жавобгарлик ҳисси ёзувчида кучли бўлган.
«Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Момо Ер қўшиғи», «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» ва… «Мен қайтиб келаман». Охиргисини ҳам Тоғай Муроднинг ўзи ёзганга ўхшайди. Чунки бу китобда ҳам ўзига хос феъл-атворли адибнинг Шахси «мана мен» деб кўриниб туради. Ундан-да биз билган, асарларини севиб ўқиган ёзувчимизнинг «ҳид»и келади. Аммо Тоғай Мурод ҳақида, ажиб хислатлари тўғрисида билмаганларимиз ҳали кўп экан…
XX аср ўзбек адабиётида ўзининг бақувват асарлари билан чуқур из қолдирган, бетакрор услуб эгаси, қалбларни забт эта билган адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод ҳақидаги «Мен қайтиб келаман» деб номланган хотира китоб мутолааси орқали ўқувчи севимли адибининг ўзига хос қирраларини яна бир бор кашф этади.
«Янги аср авлоди» (2007) нашриётида чоп этилган ушбу китобдан элликка яқин муаллифнинг адиб ҳақидаги ёрқин хотиралари, самимий дил сўзлари ўрин олган. Улар орасида атоқли ёзувчи, шоир, санъаткорлар, спортчилар билан бир қаторда талабалар ҳам бор. Ҳар бир ёдномада ўхшаши йўқ инсон, ҳассос қалб соҳиби тўғрисида янгидан янги гапларни учратиш мумкин.
Китоб икки қисмдан иборат. Биринчи қисм – «Ёрқин хотиралар»да Тоғай Муродни кўрган, билган ва у билан бевосита суҳбат қурган кишиларнинг хотиралари берилган. Унда тилимизни бойитишга ҳисса қўшган, «ўз асарлари билан адабий жамоатчиликни-да эсанкиратиб қўйган», ўзига хос дунёси бўлган ижодкор шахс тўғрисида ҳаётий мисоллар асосида фикр юритилади. Деярли ҳамма муаллифлар фикрида шундай уйғунлик бор: «У бошқача оадм эди».
«Ғалати» феълли инсонни яқинлари, дўсту биродарлари меҳр ва самимият билан хотирлайди: «Айрим Тоғай Муродни билмаганлар уни жуда қўрс, ўжар, гапга сира кўнмайдиган одам деб ўйлашарди. Лекин тил топишсангиз, у жуда очилиб, дилдан гаплашарди. Оқни оқ, қорани қора дер эди. Ўртада туриб у ёқ-бу ёққа товланишларни билмасди. Ўзи жуда самимий бўлиб, олифтагарчиликка тоби йўқ эди». (Жуманиёз Жабборов)
«Тоғай бизнинг жўрабошимиз эди, – деб ёзади адибнинг болалик дўсти Саттор Алимардонов. – Унинг айтгани айтган, дегани деган бўларди. У танани чиниқтиришни яхши кўрарди: қорда ювинишни, Измолининг сойигача (3–4 чақирим масофа) югуриб бориб келишни, қиш пайтларида ариқнинг музини ёриб, чўмилишни ёқтирарди…»
Қувонса болалардай беғубор бўлиб кетадиган, яхшиликлардан кўнгли тоғдай кўтариладиган ҳалол, мард инсон Тоғай Мурод ҳақидаги ёрқин хотиралар китобни безаб турибди.
«Бир кўрмоқ истардим» номли иккинчи қисмда эса Тоғай Мурод асарларини севиб ўқийдиган, у билан ақалли бир учрашиш армони бўлиб қолган, шунга қарамай, адиб билан ғойибона суҳбатлашган, дўст тутинган мухлисларнинг суюкли ёзувчига атаган дил изҳорлари ўз ифодасини топган. Тоғай Мурод билан хаёлан суҳбат қуриш, ёзувчига замондош бўлиш фахрини туйган мухлис қувончи, уни бир кўрмоқ орзусидаги қалб армони – бари-бари забардаст носирни хаёлларда гавдалантиради. Уларга қўшилиб ўқувчи ҳам Тоғай Мурод билан учрашиб, суҳбатлашгандай бўлади.
«Гаплашиш усулларидан тортиб, асарларигача алоҳида бир дунё» (Одил Ёқубов) бўлган ёзувчи билан боғлиқ хотираларнинг барчаси ҳам китобхонда ажиб таассурот қолдиради, пишиқ бадиий асардек мароқ билан ўқилади.
Кўпинча хотира ёзаётган муаллиф ёдга олинаётган шахсни «унутиб» қўйиб, ўзи ҳақида гапира бошлайди. Натижада муаллифнинг ўзи тўғрисидаги маълумотлар «кўпайиб», хотирланмиш киши унинг «соя»сида қолиб кетади. «Мен қайтиб келаман» китобида бу қусур учрамайди, деб айта олмасак-да, ҳар бир ёдномада, барибир, Тоғай Мурод шахси бўй кўрсатиб турибди.
Хотира китоблари тинимсиз чоп этилаётган бир пайтда ўқувчида «Ҳамма ҳақида ҳамма хотира ёзса бўлаверади» қабилидаги нотўғри тушунча шаклланиб улгурган, десак хато бўлмас. «Мен қайтиб келаман»да эса шу каби аксарият «хотиралар»дан фарқли ўлароқ, адабий асар даражасидаги ёдномаларни ўқиш мумкин. Шу боис китоб чоп этилганидан ҳеч қанча вақт ўтмай ўз ўқувчиларини топа олди.
Ўлмайдиган қўшиқлар яратиш нияти билан яшаган оловқалб инсоннинг тинимсиз ўқиб-изланиши, ҳар бир асарни яратишга жиддий тайёргарлик кўриши, «оригинал характерли» қаҳрамонлари китобхонга ҳам яшаш илмидан сабоқ бераётгандек… Ёзувчининг ҳар бир сўз устида чеккан заҳмати, қўлёзмаларни қайта-қайта ишлаши, «қора» меҳнатдан қочмаслиги кўпчилик ижодкорларга ўрнак бўлгулик. Эҳтимол, бу ўзи айтмоқчи, китобхондан «қўрққани» сабаблидир.
Шунингдек, китобда Тоғай Муроднинг қувончли онлари, ранжиган кунлари, «не кунларни кўрмаган» асарлари тақдири, куёвлик олди ҳаяжонлари, ёзувчи билан «тарихий интервью» тарихи… тўғрисидаги хотиралар берилган. Эътироф этиш жоизки, китоб заҳматкаш адиба, йиллар давомида ёзувчи билан ҳамнафас бўлган рафиқаси Маъсума Аҳмедованинг меҳнати самарасидир.
«Мен қайтиб келаман» китобининг нашриёт юзини кўришгача бўлган «тақдир»идан оз бўлса-да, бохабарман. Унинг чоп этилиши осон бўлмади. Ниҳоят, у кунлар ортда қолди. Муҳими – чиқиши билан қўлма-қўл ўқилаётган китоб қўлимизда. Қолган гапларни унинг ўзи айтади.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Моҳият» газетаси, 2007 йил 25 май.

Изоҳ: Ушбу тақризнамо материал ёзилганига етти йил бўлди; талаба-ўқувчилик таассуротлари. Шундоқ бўлса-да, борича ҳавола этгим келди. Аммо баъзи сайтларда бу материалнинг “ваҳимали” қилиб берилганини кўриб, ўзимдан уялдим. Чунки булар шунчаки оддий ўқувчи фикрлари, китоб ҳақида айтилмай қолган бошқа асосий гаплар бўлиши мумкин. Тоғай Мурод ҳақидаги хотиралар китобини яна синчиклаб ўқисам, эҳтимол, бугун бошқачароқ ёзармидим. Бундан ташқари, йиллар ўтгани сари ижод ва шахсият масаласини яхшироқ тушуниб бораётганга ўхшайман…
Муҳими – “Мен қайтиб келаман” қўлимизда. Ҳали улгурмаган бўлсангиз, китобни топиб, албатта, ўқиб чиқинг. Қолган гапларни ўзингиз айтасиз.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 454

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *