Умидларнинг ўзи умидвор

IMAGE0011

***

Менинг ўлмайдиган оғриқларим кўп,
Кетиб бўлмайдиган дардларим бисёр.
Тилимнинг учида чандиқларим кўп,
Муҳаббат, кўнглимни гуллатиб юбор.

Ҳуда-беҳудага ранжитмай турса,
Тинглаб чарчамайман устоз Ҳаётни.
Кўксимни юлдузлар бўшатмай турса,
Ўкситиб кетмайман Адабиётни.

Илдизи шу қадар мустаҳкаммикин
Жонимда кўкариб ётган иллатнинг?
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!

Худойим, умримни гуллатиб юбор…

ГАДО

Мени майда ғамлар кўкартирмади,
Битта-битта узди томирларимни.
Ҳали ҳам кўксимга кўклам кирмади,
Ҳаётга қарз бердим бор нурларимни.

Қарғалар ортимдан не деса, деди,
Ҳар келган балони ҳикматга йўйдим.
Энг катта давлатим юрагим эди,
Уни ҳам бировга бой бериб қўйдим.

Шу ғариб ҳолимга бунча қийнайсан,
Зиғирча жонимга бўлганмисан зор?!
Барибир, яхшисан, қуруқ қўймайсан,
Чорраҳага ташлаб мени умидвор…

***

Эриб борар кўксимдаги қор,
Тилим – гулзор, дилим – дуозор,
Худойимдан сўраганим бор,
Энди менинг яшашим осон.

Шукур айтиб ҳар деганига,
Берганига, бермаганига,
Яна умрим маънога эга,
Энди менинг яшашим осон.

Ҳар жоннинг ўз насибаси бор,
Ким шодлик, ким ғамга харидор,
Умидларнинг ўзи умидвор,
Энди менинг яшашим осон.

Боғларимга бўйлади баҳор,
Ўлмасликка сабаблар бисёр,
Бандаликдан бўлдим бахтиёр,
Энди менинг яшашим осон.

Айбларимни ёпиб келар У,
Гар мен юрсам, чопиб келар У,
Қайда бўлсам, топиб келар У,
Энди менинг яшашим осон.

Умидларим ростлаб борар қад,
Бу қандай бахт, қандай саодат?
Севишим ҳам бўлса ибодат,
Энди менинг яшашим осон.

ҚЎНҒИРОҚ

Уйимни тўлдирган жимликни бузиб,
Ҳаётни эслатиб янграр қўнғироқ.
Олисдан бир гўзал (кўзини сузиб)
Гапирар, адашиб тушибди бироқ.

Ўзим билан ёлғиз қоларман яна,
Домига тортади хаёллар – денгиз…
Телефон!.. Жунбушга келади хона,
Яна ўша “Бошқа жойга тушдингиз”.

Наҳот, ҳамма мендай адашган, ёнар,
Саволлар тош бўлиб урилар бошга.
Ҳар сафар алмашиб қолар рақамлар,
Сўраган бегона, сўралган бошқа…

Ҳамон довдирайман, Руҳимда тўфон,
Мени шу симларга боғлаб қўйган Вақт.
Юрагим жиринглар – жонли телефон,
Эҳтимол, қўнғироқ қилаётган Бахт…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Моҳият” газетаси, 2008 йил 11 январ.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.