Умид қўнғироғи

 

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

ЭСКИ ҲАҚИҚАТ

Дунё эски, ташвишлар эски,
Навқирондай бу ғамлар кўҳна.
Қарсак чалиб топамиз таскин,
Ҳаёт ўзи эски бир саҳна.

Гар пихини ёрган фуқаро
Ўзлаштирмоқ бўлар бугунни,
Ечолмаслар минг йиллар аро
Севги деган эски тугунни.

Ким бировни йиғлатиб кулар,
Шу ўйинлар менга қизиқми?
Ё ўчириб берарми улар
Пешонамда турган ёзуқни?

Фақат сира тинч қўймас бир ҳол,
Ўйлатади дунё ишлари:
Нигоҳлари маъюс мажнунтол,
Чинорларнинг хўрсинишлари…

***

Мен – ўзини сотиб қўйган қул,
Хаёлимга занжир солиб бер.
Ўзингдан ўзгадан озод қил,
Юрагимни ундан олиб бер.

Осмон эдим, қандай эгилдим,
Қаро ерга дондай тўкилдим,
Наҳот, шунча осон енгилдим,
Юрагимни ундан олиб бер.

Қандай ишқ бу, йўлдан чалғитса,
Ўтдан олиб ўтга ирғитса,
Паришонман, яна тўзғитса…
Юрагимни ундан олиб бер.

Бир нигоҳга мендай зормас у,
Тоза дардга интизормас у,
Мени Сенга олиб бормас у,
Юрагимни Гулдан олиб бер.

ЖАВОБ

Мени тушунмади тушунганларим,
Уларни тингладим, ўзимни тийдим.
Ишонмай қийнади ишонганларим,
Митти озорларни кечирдим-қўйдим.

Ёт сўзга беркитдим қулоқларимни,
Ҳақгўй кўзларимни атадим ғаним.
Шамоли ўчирди чироқларимни,
Мендан кечиб кетди кечмаганларим.

Дўстлар, дўстларимга айтинг, шошмасин,
Арзонга учмасин сотмоқчи бўлса.
Хиёнатида ҳам майдалашмасин,
Каттароқ тош отсин отмоқчи бўлса!

***

Севги ёмон, севги дилозор,
Бор-будимдан мени айирди.
Андишасиз меҳмондай беор
Дил уйига сўроқсиз кирди.

Чеҳрасида жозиб табассум,
Бир чиройли ҳислардан ийдим.
Беихтиёр – билмасдан ўзим
Уй тўрига ўтқизиб қўйдим.

Эъзозладим, бағримни очдим,
Хизматида бўлдим эрта-кеч.
Дастурхонга боримни сочдим,
Шунданмикан, кетгиси йўқ ҳеч.

Кундан-кунга бўлди яқинроқ,
(Ё мезбонни ёқтириб қолди.)
Хаёлимга ташлади қармоқ,
Мени буткул оғдириб олди.

Ғуруримга кейин солди чанг,
Ўзлаштирди ичу сиртимни.
Ҳеч қанақа қўшинсиз – бежанг
Ишғол этди Кўнгил юртимни…

Энди нажот сўрайман кимдан?
Ё бўшатгим келмас майдонни.
Ҳайдолмайман ҳануз умримдан
Севги отли гўзал шайтонни…

УЙҒОНИШ

Кўзларимдан оловлар сачрар,
Қафасдаги шердай оғриндим.
Ҳувиллаган одамзор ичра
Ҳаёт, Сени жуда соғиндим!

Кундалигим бир хил: уй, йўл, иш…
Қаноти йўқ қушга ўхшайман.
Ташвишларнинг ортида ташвиш…
Бу туришда қачон яшайман?

Қайда эшик очдим ғавғога?
Йўл бошида йўқотдим йўлни.
Оз бўлса ҳам тоза ҳавога
Олиб чиққим келар Кўнгилни.

Ёниб кетгим келади бирдан,
Адо қилди тунга шериклик.
Некбин-некбин нигоҳлар билан
Бугун сенга зорман, Тириклик!..

Юрагимда орзугул унар,
Умид тинмай қилар қўнғироқ.
Борган сари кўзларим тинар –
Борган сари Қуёш яқинроқ…

ШАРҚ ҲИКМАТИ

Қор ёғмоқда. Демак, ёғиши керак,
Табиатнинг шунга эҳтиёжи бор.
Бугун кимдир йўлдан оғиши керак,
Эртан тавбалардан тўлар божи бор.

Камалак ўзига бежиз бермас зеб —
Борлиққа ненидир олдирмоқчи тан.
Нега ўксинасан қанотим йўқ, деб,
Демак, сен учишга тайёр эмассан.

Бир зарра уринмас бунда беҳикмат,
Оғироёқ Ерга топилгай чора.
Нимани эслатар бу тирбанд бекат,
Қуёш тутилиши нега ишора?

Жадаллашиб борар соатдаги зарб,
Дунёнинг тақдири шундай чигалдир.
Жазавага тушсин истаганча Ғарб,
Ҳозирча биз учун сукут афзалдир.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008 йил 12 сентябр.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 401

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *