Шеърига кўчган шахсият

Адабиёт севгиси юрагимга сут билан сингган бўлса керак, шу туйғу бир пайтлар адашиб кириб қолганим ва бир йил ўқиганим Политехника институтидан ҳужжатларимни олдириб, ТошДУнинг филология бўлимига топширтирган. Ҳа, техникадан кўра адабиётни яхши кўрардим, лекин шу адабиётнинг бир қаноти бўлган шеърни (ўқирдим-у) ёдлашга келганда хафсаласизлик қилардим. Биринчи босқичда дарсларни бошлаганимизданоқ устоз Умарали Норматов ўзининг такрори йўқ завқлари ва шавқлари билан биз талабалар ўзимизча адабиётга севги деб юрган ялқов туйғуларимизни, ёнолмай тутунқираган ҳисларимизни қўзғаб, алангалатиб юборди. Лекин шунда ҳам, тан олишим керак, шеърни севишда ва севиб шеър ўқишларда мен бошқалардан анча орқада эдим. Талаба курсдошларим ўтиришларда, пахта далаларида мушоиралар, баҳри байтлар қилишса, мен мактаб дарсликларидан ёдлаб олганим айрим мисраларни такрорлаб зўрға қутулиб кетардим. Уларга қараб ҳам ҳавас қилардим, ҳам ичимдан ўксинардим − адабиётни шуларчалик яхши кўрмайманми, деб ўзимдан хавотирланардим.
Бахтимга бу ҳолат узоққа чўзилмади. Иккинчи босқичдами ўқиб юрганимизда бир гуруҳ ёш шоирларнинг илк китоблари чоп этилди. Кечагача адабиётчи талабаларнинг баҳслари, талашиб-тортишишлари боиси бўлган Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Абдулла Орипов номлари қаторига энди бу жажжи китобчаларнинг муаллифлари Шавкат Раҳмон, Усмон Азим ва яна бир неча шоир акаларимизнинг исмлари ҳам қўшила бошлади.
Булардан қўлимга биринчи бўлиб Шавкат Раҳмоннинг “Рангин лаҳзалар” китоби тушди ва… шу қадар шўнғибман, битта шеъринимас, иккита шеъринимас, тўласича бутун китобни ёдлаб чиқдим! Кейин яна бир шоир акамизнинг, ундан кейин Усмон Азимнинг китобларини ҳам битта шеърини қўймай ёдлаб олдим. Шундай қилиб, юрагимнинг қат-қатида бекиниб ётган шеърни севиш ва англаш сандиқчаси очилиб кетди гўё[1].
Шавкат Раҳмоннинг истарали у илк китоби “Ватан” тўртлиги билан бошланарди:
Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормаклик учун
Узун умрим етмаса керак.
Бир ўқишимдаёқ эсимда қолди. Нимаси мени ўзига тортди, нимаси юрагимга тегиб кетди − у пайтлар тузукли тушунтириб беролмасидим ҳам. Содда сўзлар, туркона оҳанг. Ҳозирги ёшлар мендаги бу ҳиссий қабул сабабларини унча англаб етмаслиги мумкин. Чунки у пайтлар ватан ҳақида қанақа шеърлар ёзилгани ва ўқилгани кўпларига қоронғи. Ватан кўпинча юзаларда бўларди, ватанни севиш ҳам юқорилардан талаб этилгани учун ўша юқориларга ёқадиган тарзда севилар ва баён қилинар эди. Шавкат Раҳмоннинг Ватани эса жуда чуқурларда (бунинг устига, одамни ўйлантирадиган уч… нуқтаси билан) жойлашган. Ернинг эмас, денгизларнинг эмас, юракнинг чуқурларида. У кўз-кўз қилинмайди, уни “юрак ўз тубига яширган”. Ёмон кўзлардан, ёмон ниятлардан ва… сохта муҳаббатлару сохта сифатлардан асраган. Ахир, сохта муҳаббат изҳорлари уни хўрлаши мумкин, у бундай юзакиликлардан баланд туради. Чуқурликларда юксаклик хос унга! Унга ҳатто севги изҳор қилинмайди. Минбарларни эгаллаб, кўкракларга муштлаб у ҳақда жар солинмайди. У юракларда бўлади, унга боғлиқ туйғулар томирларда оқади. У соғиниб изланади, ахтарилади. Айниқса, мустамлака шароитида. Айниқса, халқнинг эрки ўз қўлида бўлмаганида… Уни чинакам севган киши уни топиш ва англаб етиш учун қийин сафарга (“Оҳ, вой, мунча йўл оғир…”) отланади. У шунчалар чуқурларда жойлашгани, юрак уни шунчалар тубига яширганидан “унга етиб бормаклик учун узун умр етмас”лиги ҳам мумкин…
Бугун Шавкат ака орамизда йўқ. Яратганнинг ҳикмати билан у қирқ олти ёшида, умрининг айни куч-ғайратга тўлиқ палласида илоҳий раҳматга қовушди. Бугун энди биз орқада қолганлар бу инсоннинг тугал умрига ва тугал ижодига ялпи кўз ташласак, яхлит хулосалар чиқарсак бўлади. Шу нуқтадан боқилса, менинг назаримда, Шавкат Раҳмон бутун ижоди билан, бутун ўй-хаёлию қайғулари, дардлари билан шу Ватан сари − муштдеккина юраги туб-тубига яширган, ўзигина танийдиган, суйган ва соғинган ана шу сирли макон сари юрди, талпинди. Бир пайтлар ширин орзулар оғушида “Сенга етиб бормаклик учун Узун умрим етмаса керак”, деб чамалаган йигирма беш яшарлик ёш шоир тақдирнинг буюк ёзуғи ила, қирқ олти ёшида, оғир касалга чалиниб, ўлим билан олишиб ётган паллаларида битилган (балки) охирги шеърида ортида қолаётган оламга “Абадият оралаб Ўшга (“Ватанга” деб ўқинг. – Н.М.Р.) қачон етамиз?” деб савол қўйди!
Айт, эй хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди гужумлар.
Оҳ, вой, мунча йўл оғир,
Булбулим…
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим − Ўшим кўринди,
Султон − Ўшим кўринди…
“Эй хаста булбулим…” деркан, Шавкат Раҳмон юракни − ўзи ардоқлаб, умр бўйи суйиб-соғиниб яшаган Ватанни “ўз тубига яширган юрак”ни назарда тутади. Ва: “Эй юрагим − эй хаста булбулим, бу аҳволда Ватанга қачон етамиз?!” дейди. Ватанни ахтариб йўлга чиқаётганида шоир “Сенга етиб бормаклик учун Узун умрим етмаса керак” деб тусмоллаган эди, аммо бу тусмоли тагида қачондир бир кун Ватанга етишиш илинжи ҳам бор эди, умидворлик бор эди, лекин шоирнинг юрагига яширинган Ватан чинданам жуда-жуда чуқурликларда экан, афсус, унга етиб боришга Шавкат Раҳмоннинг тақдирда белгиланган умри етмади. Ва хаста шоир касалхона тўшагида, ўзидан тобора устун келаётган ўлим билан олишиб ётаркан (“Менинг ҳар қадамим муқаддас, менинг ҳар қадамим ўлимга қарши”), қисқа умри ичида у сирли, у маҳрам Ватан сари қилган бу оғир йўлчилигининг сўнгини энди армон ила “абадият оралари”га ҳавола қилди. “Шунда қолиб кетсам гар нетамиз? Абадият оралаб Ўшга қачон етамиз?” дея… сўник нигоҳини сўнг бор (хаёлан) узоқдаги “қорли тоғлар бағри”га йўллади…
Шоир бир умр талпинган у Ватан қандай ватан эди? Унинг ўхшаши, чеки-чегараси борми ўзи? Қаерда бошланиб қаерда тугарди у Ватан? Тугармиди? Излаган топадиган нарсами У? Ватанни топдим деган борми бу дунёда? Қанча йил яшаш керак Уни топиш учун? Ватаннинг нималигини билган борми?
Шавкат Раҳмон йўлчи шоир эди. Отамиз Одам (алайҳиссалом) бошлаб берган ва ҳар бир Одам боласи туғилганида кесиладиган киндигидан узаниб то абадиятлар қаърига улашиб кетадиган у олис йўлга − Ватанга элтадиган йўлга тушган шоир эди. Илк (“Рангин лаҳзалар”) китобининг биринчи шеърини охирги (“Сайланма”) китобининг охирги шеърига боғлаб турган нарса мана шу йўлчиликдир. Қолган барча шеърлари ҳам, айримлари тўғридан-тўғри, айримлари айланма сўқмоқлар билан мана шу йўлчиликка қандайдир миқдорда ва шаклда боғлангандир. Уларни Ватан сари чиқилган йўлда шоирнинг кўрган-кечирганлари, кузатувлари, такрорланмас манзаралар, йўлдош туйғулари, кутилмаган кечинмалари… деса бўлади.
Масалан, мундай қараганда оддий бир манзара чизгиси бўлиб туюладиган мана бу шеърини ўқиб кўринг. Шунчаки эмас, тингислаб, манзаранинг пайтига ва ҳолатига диққат қилиб, шоирнинг йўлчилиги қиррасидан боқиб ўқинг-а:
Кимдир от етаклаб ўтар азонда,
узилар кўчанинг саҳарги туши.
Тўсатдан от кишнаб юборган онда
шошилиб эшикни очди бир киши.
Тонгда от етаклаб ўтиб борар ким,
қоп-қора оловдай ловиллар ёллар.
Кампирлар аланглаб қулоқ солди жим,
бир сесканиб кетди нуроний чоллар.
Бомдодга азон айтилар маҳали (“азонда”!), яъни, тонг қоронғулигида (“қоп-қора оловдай ловиллар ёллар”!)… ҳали кўплар саҳарги тушини кўриб ётган палла… кимдир от етаклаб ўтиб қолади… Албатта, ким от етаклаб ўтаётгани маълум эмас, кимлигининг аҳамияти ҳам йўқ, муҳими етаклаб ўтилган ва жасорат тимсоли бўлмиш отнинг ўзи ва от туёқларининг ҳайбатли дупури… Кўчанинг саҳарги туши узилишига ҳам жасоратли отнинг ҳайбатли шу дупур-дупури сабаб…
Аммо чиндан ҳам шу дупур-дупурми сабаб? Дупур-дупур нима ўзи? Оддий бир шовқин, холос. Шовқиндан кўчанинг уйғониб кетиши жуда жўн бир воқелик, ҳатто шеърга кўчиришга арзимайдиган воқеликдир. Демак, бу ерда бошқа нарса бор. От туёқларининг дупур-дупури бир пайтлар йўқотилган (шоир ич-ичидан қўмсайдиган, жуда кўп шеърларида кўнгли тусаган) жасоратдан дарак берувчи сирли товушлар ўлароқ, саҳарги тушини кўриб ётган кўчанинг ўзинигина эмас, бу кўча аҳли юракларида қачонлардан бери ухлаб ётган эски хотираларни ҳам қўшиб уйғотиб юборди! Худди шунинг учун ҳам, айниқса “тўсатдан от кишнаб юборган онда” бир киши шошилиб эшикни очди…
Бу киши ким ва у нега эшикни шошилиб (!) очди? От дупури ва кишноғи унга нималарни эслатди? Нималар уйғонди унинг юрагида? Ўтган аср етмишинчи йилларининг (шеър ўша пайтлари ёзилган − Н.М.Р.) кампирларини бу манзарага “аланглатиб жим қулоқ солдирган” нарса нима? Ўтган аср етмишинчи йилларининг чолларини “бир сескантириб юборган” нарса нима? Бу чол-кампирлар ҳар бири етмишлардан ошган, балки саксонларга етгандир, улар қайси замоннинг одамлари эди ва от дупури билан кишноғи уларга нималарни эслатди?! Айтганча, шеърнинг илк сарлавҳаси “Олис хотира” бўлганини ҳисобга олсак, масала ойдинлашади…
Албатта, кичкинагина юракка сиққан улкандан-улкан Ватаннинг замонлар ичидаги бир парча қора тарихидан хабари бор кишилар мундай қарашда оддий ва жўн бир манзара чизгиси бўлган бу ҳолатни юрак-юракдан бошқача ва теран ҳис этишади. Балки “қоп-қора деворга суяниб, ёп-ёруғ хаёллар суриб” юрган айрим орзуманд кишилар, ёруғ кунлар келиб қолдимикан, деган ўйда шоша-пиша эшикларини очиб кўчага қарагандир[2].
Ёки, масалан:
Кўзингизни очинг, қўрқманг,
зиёдан қамашсин, оғрисин, майли,
майлига яшамак бўлсин қийинроқ,
очиқлиги туфайли,
сатрларининг Шавкат Раҳмон ижоди ўзак масаласига − Ватан мавзуига боғлиқ жойи йўқми? Бор! Бор бўлганидаям тўғридан-тўғри боғланади. Ахир, Ватан сари фақат очиқ кўз билан борилади! Ватанни фақат кўзи очиқларгина танийди! Чинакам ватанпарвар кўзини йирикроқ очади, майлига очиқлиги туфайли яшаши қийинроқ бўлсин, майлига кўзлари қамашсин ва ё оғрисин…
Шавкат Раҳмон ижодида бу фикрларимизга далиллар яна кўплаб топилади, лекин… мен нима қилмоқчи эдим ўзи? Шавкат ака ҳақидаги хотираларимни титкилаб, у кишини шахс сифатида, бир инсон сифатида қандай танишимни ёзмоқчи эмасмидим?
Шавкат аканинг илк китоби мени шеърга қандай шавқлантирганини айтдим. “Яшамоғим зарур ҳар дақиқани, ғазаб билан, севги билан тўлдириб, дунёдаги барча қора нарсани ёруғ лаҳзаларда ўлдириб. Токим бош кўтариб қарай қуёшга, токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат, токим тош мисоли тегмасин бошга мен яшай олмаган ҳар бир дақиқа”; “…қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни, яшамаслик учун юраксиз”; “Йиқилмак, тўхтамак мумкинмас, қаерга бўлса ҳам юрганим яхши”; “Йиқилма, ўзингни ушлагин, отсинлар жаҳолат тошини, лабингни қаттиқроқ тишлагин, кўрсатма кўзларинг ёшини”; “Бу сўзни бир умр айтмай яшадим, ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ. Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим, бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ”… каби яна кўп-кўп сатрлари кўнглимнинг қай бир бурчакларига ўрнашиб олиб, сира тинчлик бермаганларини соатлаб гапириб беришим, бунақа мисолларни кетма-кет ўртага қўйишим мумкин. Лекин, қарасам, бунинг учун шоирнинг ҳамма шеърини қарийб бирбошдан кўчириб ёзишимга тўғри келаркан. Яхшиси, у шеърларни ҳар ким ўзи ўқисин, ўзи завқлансин, ҳар ким ўзи учун Шавкат Раҳмонни ўзи кашф этсин.
Мен вақтида ўзимнинг шавкатраҳмонимни кашф этганман ва бу яхши одамни, яхши шоирни бир умрга севиб қолганман. Менинг шавкатраҳмоним қандай одам эди?
Бир пайтлар илк китобчасини тўлиғича ёдлаб ўқиб юрганларимда ҳали келажакда бу шеърларнинг эгаси билан танишишимни, танишиш не, ака-укадай бўлиб кетишимни хаёлимга ҳам келтирмаганман, албатта. Яқинлашиб кетганимиздан кейин эса, бу ажойиб инсон билан минг йилдан бери қадрдон бўлиб келгандай эдим.
Шавкат Раҳмон самимий киши эди. Камгап, босиқ, камтар… Лекин бу камгап, босиқ ва камтарлиги юрагидаги жасорат ва тўғрисўзликни тўсмасди, аксинча, бу мақталган хислатлар ичда яшнаб ётган гўзал хислатларининг ташдаги бир ифодаси эди. Яъни, Шавкат ака ичи билан таши бир, ичи ташига, таши ичига терс иш қилмайдиган БУТУН ОДАМлардан эди. Кўзларидаги, қарашларидаги мунгни, товушидаги бир оз синиқликни эътиқодга айланган маҳрам туйғуларини ўз замонида очиқ айта олмаганидан, ичга яширишга, пардалар билан ўрашга мажбур бўлганидан деб биламан.
Ҳатто мустамлакага, ҳақсизликларга, зулмга исёни ҳам сокин эди Шавкат Раҳмоннинг. Ўзи таърифида (“Автопортрет” шеърида) шоир бундай дейди:
Энг бахтиёр лаҳзаларда ҳам
унинг сокин исёни сўнмас.
Туғилмаган шунчаки асло,
у ҳеч қачон шунчаки ўлмас.
“Сокин исён”… Бу икки сўз аслида бир қозонда қайнамайди − сокинлик исённи, исён сокинликни инкор этади. Ҳеч ҳам қовушмайди улар гўё. Лекин Шавкат акани шахсан таниган, яқиндан билганлар бу икки терс ҳолат унинг шахсиятида ниҳоятда муносиб равишда қовушганини, бир-бири билан роса чиқишганини кўради. Шоирнинг бу сокин исёни қайғули ёки ғазабга минилган онлардагина эмас, балки “энг бахтиёр лаҳзаларда ҳам” сўнмайди. Чунки унинг туйғулари юзада эмас.
Умуман олганда, юзакилик − ҳақни сўйлашда, Ватанни севишда, инсонга меҳрда, тарихни тушунишда, ҳатто шеърий тимсолларда ҳам юзакилик Шавкат Раҳмоннинг биринчи рақамли душманидир. Минбар шоири бўлмаганининг сабабларидан бирини шунда кўраман. Ўзи фитратан ўйчан, босиқ бўлгани учун унинг туйғулари ичга қараб ўсган. Ҳатто исёнини ҳам сокинлаштирадиган даражада ич-ичга қараб юксалган! Масалан, “Фикр” шеърида шоир ўзини тинчоқар дарёга ўхшатади:
Дарёга айландим
ўйчан дарёга,
руҳимда қадимги осойишталик.
Қаъримга беркитдим долғаларимни,
руҳимга бўйсунди дунё ишлари.
Дарё долғасиз бўладими?! Йўқ, бўлмайди. Аммо Шавкат Раҳмон шарқироқ, енгилтак сой эмас, долғаларини қаърига − чуқурликларига беркитган босиқ-оғир, ўйчан дарёдир. Бўлмаса, феълида ўжар, фикрида, эътиқодида, ҳаракатларида қатьий киши у. “Руҳида қадимги осойишталик”ни сақлаган бундай ўйчан дарё бир долғаланмасин! Сокинлик бағридаги долға агар юзага чиқса нималар юз бериши ҳаётда кўп кўрилган.
Яна бир шеърида “Умрим кўчкилардай жимжит, шиддатли” деган сатрларни ўқиймиз. Шиддатини қаърига яширган жимжит кўчки… Унинг шиддати жимжитлигида. Тўғрироғи, жимжитлигининг туб-тубида шиддат яширин. Жимжитлик косасига сўнгги томчи томиб, бир кўчиб бермасин бу жимжит кўчки!
Булар ҳаммаси Шавкат акадир, Шавкат Раҳмоннинг ич кимлиги ва кўнгил кўзгусидир.
Шавкат Раҳмонни умрида кўрмаган киши шеърларидан унинг ички ва ташқи суратини осонгина чиза олади. Ишонинг, икки томчи сувдай бир хил чиқади, ғирт ўхшайди, қуйиб қўйгандай ўзи бўлади! Мен Шавкат Раҳмоннинг шахсиятини ҳам, шеъриятини ҳам шунинг учун яхши кўраман.
Бугунги кўз билан қараганда ҳам, агар Шавкат ака тирик бўлганида, ижоди учун ҳеч ким олдида қизармаган бўларди. Болаларини хижолатга қўядиган шеърлар ёзмади у. Чунки у эътиқодида содиқ турди, замона зайлига юрмади. Тўғри, замонининг айрим эпкинлари таъсирида ёки яккаҳукмрон мафкура тўсиқлари боис айрим ҳақиқатлардан кўплар қатори у ҳам узилгани учун шеърларида бир оз фикрий тойилишлар сезилади. Лекин, биринчидан, ундай шеърлар ёки сатрлар жудаям оз; иккинчидан, ўшалар ҳам шеър сифатида ёмон эмас, мазмунида нимадир яхшиликлар бор; учинчидан, у замонни билган, у замонда яшаган одамлар ҳолати ҳисобга олинса, сал-пал тушунарлидир. Энг муҳими − Шавкат Раҳмон бир шахс ўлароқ ҳам, бир шоир ўлароқ ҳам ўзига катта йўлни танлашда адашмади, борар манзилни ҳам тўғри белгилади. Йўлдаги таассуротларда майда-чуйда камчиликлар бўлиши табиийдир.
Шавкат ака касалхонада экан, бир гал кўргани борганимизда, унинг тўзимига, руҳий тетиклигига қойил қолдим. Ичимдан ўтганини ўзим биламан: қаршимдаги севимли кишим, севимли шоирим тузалмас дардга чалинган, кунлари, ойлари саноқли қолган эди, аммо у ҳеч нарса бўлмаётгандай, ўлим шарпаси сездирмасдан бошига яқинлашиб келаётганини ҳис этмаётгандай эди. Жуда чиройли суҳбат бўлди. Ҳаётдан, адабиётдан, тўғрилик ва эгриликлардан гаплашдик. Ҳолбуки, у кунлар Шавкат ака оғир дарддан азоб чекиб, “Осмон тўла ҳаволар битта менга етмайди”, деб турган кунлар эди. Мен Шавкат аканинг матонатидан таъсирланиб, уни руҳан янада тетикликка ундайдиган бир-икки филм келтириб бердим кейинги сафар. Ундан кейинги келганимда эса, ўша филмлар ҳақида суҳбатлашдик. Фикр-мулоҳазалашдик.
Орада бирор ҳафтача тузалгандай бўлди. Оёққа турди. У пайтлар мен “Шарқ юлдузи” журналида ишлардим. Бир куни туйқус таҳририятга келиб қолди. Тўғри бизнинг хонамизга кирди. Оғир касалликдан кейин анча-мунча озган, бир оз паришон кўринар эди. Лекин мен Шавкат аканинг касалхонадан чиққанини, ўз оёқлари билан юриб келганини кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Бир шоир ўртоғи билан бирга келибди. “Катталарнинг олдига кириб кетди, мен сиз билан гаплашгим келди”, деди. Ва биз то у шоир акамиз катталарнинг олдидан чиққунича узоқ гаплашиб ўтирдик…
Ёшлигида ёзган бир шеърида “Менинг ҳар қадамим ўлимга қарши” деб эълон қилган Шавкат Раҳмон (“ўлимга қарши” ифодасини асл маъносида “ўлим сари” деб ҳам тушуниш мумкин − Н.М.Р.), бир мўмин ўлароқ, ўлимнинг ҳақ эканини биларди. Тақдирга тан бермасдан иложи йўқлигини ҳам биларди. Суҳбатимиз руҳида шу нарса сезилди. Биз шу гал бошқача хайрлашдик. Шавкат акани охирги кўрганим ҳам ўша бўлиб қолди.
Ўлим мусибати одамларни бирлаштиради, унда бошқа ҳодисаларда учрамайдиган шундай ноёб хусусият бор. Худди шунинг учун ҳам Шавкат ака “Ўлим бирлаштирар бегоналарни” деб бошланувчи бир шеърида:
“…Мана, бегоналар,
бепарволар йўқ,
ниҳоят одамлар биродар − тенгдир.
Ўлимга бош эгдим
қўрққанимданмас,
ҳурмат қилганимдан бошимни эгдим”,
деб ёзган эди. У ўлимини эркакчасига қарши олди. Чунки бу дунёга у шунчаки келмаганидек, шунчаки ҳам яшаб ўтмаган эди. Ҳар ким қатори у ҳам бир вазифа билан келди ва шу вазифасини маромига етказиб бажарди. Сўнгра вақтинчага бизларни ташлаб, эрта бир кун ҳаммамиз ҳам борадиган маконга − бу дунёдаги хизматларининг мукофотини олишга кетди. Жисман ўлими эса биз мухлисларини маънавий шахси − шеърлари атрофида бирлаштирди.
Аммо мен сўзимни бу ҳазин оҳанглар билан тугатмоқчи эмасман. Сўзнинг сўнгини Шавкат Раҳмоннинг ўзига бермоқчиман. Ер билан сирлашиб ёзган бир шеъридаги умидбахш сатрлари шоир чиндан ҳам бу дунёда бекорга яшаб ўтмаганини билдиради бизларга:
Тобора яқиндир
жасорат они −
мингта қуёши бор гўзал дақиқа −
менга ҳам бир куни бўлур намоён
кўпга насиб бўлган буюк ҳақиқат.
Мен севган дарёлар шундоқ қолурми,
мени ўйлатган йўл қолурми шундоқ?
Мен суянган тоғлар шундоқ қолурми,
шундоқ қолармикан юракларда доғ?
Ногаҳон
хаёлим ёришиб кетар,
эслаб келажакнинг улуғларини.
Мен сочиб кетаман кўҳна бағрингга
ўлмас ғояларнинг уруғларини.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
2011 йил феврал — март.
________________________________________
[1] Тақдирнинг ҳикматини қаранг, биз талабаларга адабиётга қандай меҳр қўйишни ўргатган устозимиз Умарали Норматов юрагимга шеърлари билан бир умрга кириб келган Шавкат Раҳмон оиласи билан кейинги замонларда қуда бўлишди. − Н.М.Р.
[2] Бир шеъридаги “Қоп-қора деворга суяниб, ёп-ёруғ хаёллар сурасан” сатрларига шайх Алоуддин Мансур тимсолан, мустамлака (“қоп-қора девор”) шароитида яшаётган кишининг Ватанни озод кўришни орзу (“ёп-ёруғ хаёл”) қилиши, деб маъно берганида раҳматли Шавкат Раҳмоннинг кўзлари ёшланганини эшитганман. − Н.М.Р.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.