Қаҳрамонингиз ким?

Эски дафтардан
Яхши одамлар, ўз касбининг фидойилари ҳақида кўнгилдаги гапларни айтганга нима етсин. Лекин кўпинча бундай кишилар байрам ёки таваллуд кун арафасида “эсга тушиб” қолади. Ё аксинча, ҳуда-беҳуда баъзи танишларимизни қуруқ мақтов билан кўкка кўтарамиз. Кўпинча ўзимиз билган-билмаган ҳолда улардан “қаҳрамон” ясаймиз. Шу тарзда газетчилар орасида ўзаро “ҳақида материал” деб аталадиган “жанр” ривожига “ҳисса қўшамиз”.
Тунов куни бир киши таҳририятимизга кириб келди. “Ўқитувчим илтимос қилганди, у ҳақда бирор нарса чиқарса бўлармикан? Мана буни кўринг-чи”, деб қўлидаги қоғозни берди. Ўқиб чиқдик. «Фалончижон Пистончиев бир неча йилдан бери ёшларга таълим-тарбия бериб келади. У ўзининг меҳнатсеварлиги, изланувчан ва камтарлиги билан жамоа орасида обрў қозонган…”. “Асар” шу руҳда давом этади. Фалончи аканинг меҳнат фаолияти, эришган ютуқлари, қисқача айтганда, таржимаи ҳоли. “Камчилиги бўлса, ўзингиз қўшиб юборарсиз,” – дейди муаллиф илтимос оҳангида. Тўғриси, дарҳол рад этиб, материални қайтаришнинг иложи бўлмади.
Ўша киши қайта-қайта қўнғироқ қилиб, мақоланинг “тақдир”и билан қизиқди. “Кутишаяпти-да. Ўқитувчимнинг олдида уялиб қолмай”, – дея ҳол-жонимизга қўймаганидан кейин материални газетада бера олмаслигимизни яхшилаб тушунтирдик.
Очиғи, унинг ўқитувчисига қойил қолмадик. Боз устига, шогирднинг ўзи устозининг қандай эканидан хабар бериб турибди. Қизиқ, одатда устозлар, таълим фидойилари ҳақида шогирдлар ёки ҳамкасблари дил изҳорига ўхшаш бирор нима қоралаб келарди. Қачондан бери устозлар шогирдларига айтиб (ёки илтимос қилиб) ўзи ҳақида ёздирадиган бўлиб қолди?
Бунисига-ку, чидаса бўлар. Аммо ўзи ҳақида ёзиб келадиганларга нима дейсиз! “Мени ўзимдан яхшироқ ким ҳам биларди? Ўзим ёзиб қўя қолдим”, – дейди ҳеч хижолат тортмай. Ўша “ёзиб қўя қолинган” материални ўқиб, на кулишни биласиз, на куйишни. Мақтовларнинг кети узилмайди. “Қаҳрамон” шу пайтгача бутун умрини фақат ва фақат муваффақияту яхши ишлар билан ўтказиб, одамларга, юртга катта нафи тегаётгандай таассурот қолдиради. Уни ўқиб, муаллиф-қаҳрамоннинг ўзи айтмоқчи камтарлигига ҳам шубҳа қила бошлайсиз.
Жамиятда камтарин меҳнати ва инсонийлик фазилатлари билан ўз ўрнини топган фаол, фидойи инсонлар ҳақида қанча ёзилса, ярашади. Аммо қуруқ мақтов, ортиқча хушомаддан иборат мақолалар кимга керак? “Қаҳрамон”нинг ўзигами?
Беҳзод
2007

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.