«Ҳикоя» ҳақида ҳикоя

Эски дафтардан

Cўзнинг қудратидан тўғри фойдаланиш, уни беҳудага исроф қилмаслик яхши асар яратиш омилларидан биридир. Умуман, ҳар доим Сўзга эҳтиёжимиз борлигини, Сўз кучига таяниб иш юритишимизни унутиб қўймаяпмизми?
Кўпгина хусусий газеталарда чоп этилган саёз асарларни ўқиб, яхшигина безак берилган “китоб”ларни варақлаб, шундай хулосага келади киши. Ҳозир Сўзга, бадиий адабиётга бўлган ҳурматсизлик, истаган кишининг китоб чиқараверишини кўриб, ҳайрон қоласиз. Ўқувчига эстетик завқ бермайдиган, фикрлашга, мушоҳада қилишга ундамайдиган, аксинча, руҳиятига салбий таъсир қиладиган енгил асарларнинг кўпайиб кетаётгани, ҳақиқатан ҳам, ачинарли ҳол. Уларнинг “ҳикоя” ёки “қисса” номи остида берилишини қандай тушуниш мумкин?
Бир бирига жуда ўхшаш бундай “ҳикоя”лар тили ҳам ғариб. Такрорий жумлалар, мантиқсиз гапларни айтмаса ҳам бўлади. Баъзи беўхшов гаплар ўқувчининг ғашига тегади (“Сира пайқамаган эканмиз, Мавжуда опанинг сочлари сақичдай (?) қоп-қора, майин жингалак толалари ялтираб тураркан”, “Бўлади кулги! У кишининг юзлари лавлагидай (?) қизаради” ).
Бундай асарларнинг “сюжет”и ҳам деярли бир хил: қишлоқдан ўқиш ёки ишга келган қиз шаҳарлик бир йигит билан танишади. Ораларида ишқий муносабат пайдо бўлади. Натижада қиз… Ота-онаси олдига боришдан, одамларнинг гап-сўз қилишидан номус қилиб ё ўзини осади ёки… Мана шу “икки оғиз гап” бутун асар давомида кенгайтирилиб, қизнинг руҳий ҳолати, азобларини ёзиш билан “бойитилади”. Қолган “ҳикоя”лар ҳам шу каби воқеалар баёни асосида ёзилган (тўғрироғи, тўқилган) бўлади. Воқеалар кўпинча қизнинг кундаликлари тарзида баён қилинади.
Бу каби хом асарлар ўқувчига нима бера олиши мумкин? Деярли ҳеч қандай тарбиявий аҳамиятга эга бўлмаган (кўпинча “кимларгадир сабоқ бўлиши учун ёздик” қабилидаги гаплар билан асар камчилиги хаспўшланади) “кўча ҳикоялари” хусусий газеталарда нега бу даражада кўпайиб кетяпти? Уларнинг “ҳикоя”, “қисса” деб берилиши баттар асабга тегади. Ахир, ҳикоя (қисса) ёзиш хамирдан қил суғуришдек осон иш эмаски, истаган киши қўлига қалам олиб ижод қилаверса… “Эри қўшниси билан юриб кетибди, қизи ўқишни баҳона қилиб кайфу сафо суриб юрган эмиш” каби ғийбатнамо гаплар қачондан бери адабиётга даъво қиладиган бўлиб қолди? Адабий тилнинг оддий қоидалари талабларига ҳам жавоб бера олмайдиган “пойинтар-сойинтар” жумлалардан иборат “ҳикоя”лар бадиий ижод намунаси бўла оладими? Ваҳоланки, шунчаки зерикканда, бекорчиликда ўқилаётган асар ҳеч қачон бадиий асар даражасига кўтарила олмайди.
Уларнинг деярли бир хил сарлавҳаларига эътибор беринг: “Нафс бандалари”, “Ҳирс бандилари” ва ҳоказо.
Минг афсуски, “янги ёзувчи”ларнинг “мухлис”лари ҳам кўп. Улардан бу ҳақда сўрасангиз, асарнинг зўрлигини, “маза қиладиган” жойлари кўплигини айтишади. Наҳотки, уларда ҳам ҳақиқий адабиёт шундай бўлади, деган тушунча бўлса? Лекин мутолаа қилишга, фикрлашга ўзида куч топа олган (айниқса, ҳозирги шиддаткор давримизда бу жуда муҳим) киши ҳақиқий асар билан оддий тўқимани ажрата олади. Бинобарин, қимматли вақтини бундай “кўча ҳикоялари”ни ўқиш учун сарфламайди.
Бадиий асарда, жумладан, ҳикоя ва қиссаларда мазмун ва шакл мутаносиблиги жуда муҳим. Ҳикояни ҳамма халқлар адабиётида энг кўп ривож топган жанр деб айтиш мумкин. Ўзбек ҳикоячилигининг энг яхши намуналарини яратган Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев… ҳикояларини қайта-қайта ўқиб, зерикмайсиз. Бундай асарларни ўқимаган кишининг ҳикояга бўлган муносабати ва у ҳақдаги тушунчаси ҳаминқадар бўлади. Аслида, номлари келтирилган улуғ адибларимизнинг юксак истеъдоди замирида яратилган асарлар билан биз айтаётганларни бир-бирига солиштириш эриш туюлиши мумкин. Чунки улар билан хусусий газеталарда берилаётган “ҳикоя”лар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.
Истеъдодли ёзувчи, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари Луқмон Бўрихоннинг бу борадаги фикрлари шундай бўлди:
– Ҳикоя жанри ижодкордан бадиий, тўлақонли тасвирни талаб қилади. Фақат баёнчилик билан чекланиб қолиш ҳикоя ёзиш дегани эмас. Афсуски, “сариқ матбуот” деб аталаётган нашрларда бундай талабларга жавоб бера олмайдиган ҳазми енгил асарлар кўпайиб кетди. Ҳатто муаллифлар ушбу “ҳикоя”ларини жамлаб, китоб қилиб чиқаришяпти.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади? Улар бадиий асар даражасида бўлмаганига қарамай, одамлар уларни қўлдан қўймай ўқишяпти-ку? Мен бунда кўпроқ ёзувчиларнинг ўзлари айбдор, деб ўйлайман. Чунки бадиий жиҳатдан етук асарлар кейинги йилларда кам яратиляпти.
Бундан ташқари, маълум муддат орада бўшлиқ пайдо бўлди. Ана шу бўшлиқни олди-қочди “ҳикоя”лар тўлдира бошлади. Натижада ўқувчи диди шу даражада ўтмаслашдики, ҳар қандай енгил асарни ҳам бадиий асар сифатида қабул қила бошлади. Аслини олганда, бу ҳам катта муаммолардан бири. Бунга ечим топиш фақат 2-3 кишининг ёки маълум бир жамоанинг иши эмас, бу давлат миқёсида бўлиши керак. Чинакам адабиёт намуналарини чоп этадиган жиддий нашрларга моддий жиҳатдан ёрдам бериш лозим. “Ҳайбаракачилик” жуда авж олди. Ҳуда-беҳуда мақтовларга ҳам чек чек қўйган маъқул.
Бизнингча, бу борада адабиёт муаллимлари зиммаларига ҳам катта масъулият юкланади. Улар ёш авлодга бадиий асар, хоҳ у ҳикоя бўлсин, ҳоҳ қисса ёки роман, қандай асосга қурилиши, чинакам асарнинг оддий тўқималардан фарқини тушунтириб беришлари, ўқувчиларда эстетик дидни шакллантиришлари лозим эмасми? Адабиёт дарсларида ўқувчиларга нафақат ўқиган асари мазмунини гапириб ёки шеърни ёддан ифодали ўқиб беришни топшириш, балки адабий жанрлар, бадиий асарга қўйиладиган талаблар ҳақида ҳам кўпроқ билим бериб бориш керак-ку. Токи эртага улар савияси паст, саёз асарларни ўқиб, вақтни зое кетказмасин. Онгу шуурини ҳақиқий адабиёт намуналари мутолааси билан бойитсин.
Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Раъно Эгамшукурованинг бу ҳақдаги мулоҳазаларини ўқиб кўринг:
– Адабиёт – сўз санъати, деймиз. Санаът нима? Эстетик аҳамиятга эга бўлган, инсонни руҳан озиқлантирадиган, ҳис-туйғуларини тарбиялайдиган, энг муҳими, уни ҳайратга соладиган гўзалликнинг уйғунлашувини санъат дейиш мумкин. Адабиёт инсон руҳини тарбиялайди. Шу маънода адабиёт қуроли сўз бўлиб, унинг Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи “атомдан кучли” эканлиги ҳам шундадир. Лекин кўплаб хусусий газеталарда ҳикоя, қисса номлари билан чоп этилаётган воқеалар баёнини ўқиб, адабиётнинг кучи “ўтин ёриш”га сарфланаётганига ачинасан киши. Ҳикоянавислик, қиссанавислик, умуман, бадиий асар ёзишнинг ҳам ўз меъёри ва қонун-қоидалари бор. Биз назарда тутаётган “асар” бадииятдан анча йироқ бўлган, баёнчиликка асосланган тўқима ёки уйдирма воқеалардир.
Ҳикояда воқеалар тасвирланар экан, албатта, қаҳрамон руҳияти табиат билан уйғун ҳолда ёритилади. Бу ўқувчини табиат билан яқинлашишга, атроф-муҳитга эътиборли бўлишга ундайди. Биз назарда тутаётган “ҳикоя”лар бундан батамом узоқ. Уларни ўқиган катта ёшдаги кишилар энсаси қотиб, газетани қайта қўлига олмас, агар у бадиий асар қандай бўлишини яхши тушунса. Лекин эндигина адабиётни тушунаётган, балоғат ёшидаги ўсмир йигит-қизлар учун бу маънавий-руҳий зарба бўлиши мумкин. Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини билмаган ёшлар ота-онасининг ёки синфдошининг бир оғиз оғир гапи учун ўзини осиб қўйган қаҳрамондан қандай тарбиявий жиҳатни ўрганиши мумкин? Ёки йўлдан адашган беномус қизнинг пуллари эвазига унга “ёрдам берган” гинеколог аёлнинг қилган иши – “ёрдам”и нотўғри эканини “янги ёзувчи” билади-ю, уни бу иши учун бир ҳафта ичида “жазолайди”: ўша қиз унинг ўғли уйланаётган келин бўлиб чиқади. Гинеколог бунга дош беролмай, ўз “сир”ини айтолмай кўз юмади. Худди шу воқеа бошқа газетада гинеколог эркак қаҳрамони иштирокида берилади. Унда на руҳий азобланиш, на сўзнинг таъсир кучи бор. Бу каби “ҳикоя”лар шундоқ ҳам нур тезлигида ўтаётган умримизни бекорчи нарсалар учун сарфлашга сабаб бўлмоқда. Ҳис-туйғуларимизга салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда, кўпчилик, айниқса, ёшларда фикрлашга, тафаккур қилиш, мантиқий сўзлашга бўлган эътибор йўқолиб бормоқда. Бу эса адабиётнинг “атомдан кучли”лиги салбий тарзда намоён бўлаётганининг далилидир. Ахлоқсизликни баён қилувчи бу каби уйдирмаларнинг зиёни кўп. Бу борада ҳамма фаол бўлиши керак. Ахир, ҳар бир ижодкор ўз халқининг маънавий қиёфаси-ку!
“Кўча ҳикоялари” психологик жиҳатдан ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани бор гап. Қаҳрамон йўлини тутиб, охирини ўйламай нотўғри иш тутаётганлар йўқ дейсизми?
Кўпчилик муаллифлар бундай тўқималарини асосан қалам ҳақи олиш учун ёзаётгани сир бўлмаса керак. Таҳририят жамоасидан буюртма олиб, ёзаётганлар ҳам бор. Қалам ҳақи асар савиясига қараб берилса, ушбу “ҳикоя”ларнинг баҳоси қандай бўлар экан?
Тўғриси, таниқли ёзувчилар, эл назаридаги адибларнинг бадиий жиҳатдан етук асарларини бундай газеталарда деярли учратмаймиз. Эҳтимол, уларнинг ўзлари буни хоҳлашмас. Аммо яхши асарлар билан газета мавқеини ошириш керак эмасми? Жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари ҳисобланган асарларни ўзбек тилида ўқишни ким истамайди, дейсиз? Афсуски, аслиятдан таржималар жуда кам. Бу ҳам бир муаммо.
Хуллас, бу борадаги фикр-мулоҳазаларга якун ясашнинг иложи йўқ. Ҳозирча эса мавзуга эмас, мақолага нуқта қўйиб турамиз.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2007 йил 3 феврал.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 462

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *