Улар қачон ўзгаради?

Эски дафтардан

Биродар нима қилишини билмай қолди…
Кимга ёрилса экан? Тенгқурлари уни нуқул “ёввойи”ликда айблашади: “Сен ҳам одамга ўхшаб яйраб юрсанг-чи”. Тўғри, уларга ҳадеб қўшилавермагани яхши эмас. Лекин ўзлари шунга мажбур қилишади-да. Айримлари ёш болаларнинг қилиғини килишади, яна бировлари ақл ўргатгани-ўргатган. Биродар улар орасида ўзини жуда ноқулай сезади. Гапи ҳеч қовушмайди. Ё, ростдан ҳам, “қариб” колдимикан?
Улар кўринишидан яхшигина йигитлар. Аммо…
Яқинда ана шундай тенгдошларидан бири уйланди. Келин хушхулқ, хушрўйгина қиз экан. Тўғриси, Биродар қизга ачингандай бўлди. Куёвболани неча йилдан бери билади. Уйлангунича ҳам бошқа қизлар билан кўп “шўхлик” қилган.
Дарвоқе, тўй ҳақида. Давра қизиб бораверди. Куёвжўралардан бошқа ҳеч ким яйраб рақсга тушмади, ҳисоб. Биров ўртага чиқиб ҳам кўрсин-чи! Шароб кучидан қўчқорга айланган йигитлар бир бўлиб шундай ташланадики… Тўй тугагунича кайф-сафо. Ундан кейин уруш-жанжал. Уларнинг тилида бунинг номи – “йигитчилик”! “Ҳаётдан қанча лаззатланиш керак бўлса, шу даврда яйраб олиш керак. Эртага бошингга олахуржун тушгандан кейин кеч бўлади. “Ёшлигингда ўйнаб қол” – мана уларнинг “ҳаёт фалсафаси”.
Улар билан бирга кўча чангитиб юрган, кейинчалик бу одатини ташлаб астойдил спортга меҳр қўйган Нодир жаҳон чемпиони бўлди. Ёшу қарининг ҳаваси келди. У ҳам кечагина шулар қаторида эди. Бошида ўтган-кетганнинг кўзига ғирт бекорчи, безори кўриниб юрган Нодир ўзгарди-қолди. Ота-онасининг, яқинларининг койишу танбеҳлари таъсир кўрсатди. Ўйлаб қараса, бу юришидан ўзига ҳам, бировга ҳам фойда йўқ. Боксга қизиқиб кўрди… Бугун у – чемпион. Тенгдошларидан анча юқорида.
“Менинг ундан қаерим кам? Агар яхшироқ ҳаракат қилсам, мен ҳам чемпион бўлишим мумкин-ку”, дейдиган марди топиладими-йўқми, Биродар билмайди. Мана, Шерзодни олайлик. Билаклари бақувват, айни кучга тўлган пайти. Машқ қилса, яхшигина спортчи чиқиши мумкин ундан. У эса шундай имкониятини беҳуда совуряпти. Ёки Баҳодир, Даврон-чи?.. Улар на спортга қизиқди, на илм йўлини тутди.
Биродар улардан четроқ юришга ҳаракат қилади. Китоблар билан гаплашади. Телевизор билан ҳам ҳеч келиша олмади-да. Экранда деярли ўша аҳвол: ҳаётни айш-ишратдан иборат деб ўйлайдиган, яйраб-кулган, қийшанглаган йигит-қизлар…
Бир куни синфдоши билан кетишга тўғри келди. Йўл-йўлакай китоб дўконига кириб ўтмоқчи эди. “Тезда чиқасанми?” сўради ҳамроҳи буни хушламагандай. “Хоҳласанг бирга кириб чиқамиз”, – деди у хижолатомуз. У ерда 10 дақиқа бўлдими-йўқми, шерик бетоқатлана бошлади: “Зерикиб кетдим, тезроқ бўлсанг-чи”. Ноилож шундай ажойиб дунёдан чиқиб кетди. Шу пайтда ўртоғига нималардир дегиси, саволлар бергиси келди. “Устимдан кулгани қолади, холос” деб ўйлади. Тўғри, эндигина бу ҳақда гап бошлаган ҳам эдики, шериги оғзига урди: “Яна ақллилик қилмагин…”.
…Укаси Биродарни бир синфдоши сўраётганини айтди. “Тайёргарлигингни кўриб қўй, бугун Шокирникида ўтирамиз. Гап навбати унда”. Очиғи, шу ёшда “гап” ташкил этган жўраларига ҳайрон. “Яна ёввойилик қилибди-да” дейишмасин учун ноилож уларга қўшилди. “Гап” ўз номи билан гап экан. Биров бировга гап бермайди. Суҳбат мавзуси тез-тез ўзгариб турса-да, бир хил – ғийбатнамо. Қизиқ, ўғил бола ҳам шунақа майдагап бўладими?
Шу зайлда кунлар ўтаяпти. Биродар-ку, бир йўлини топиб олар. Лекин тенгдошларига жуда ачинади. Эртага уларнинг ҳаёти қандай бўлади? Улар тарбиялаган фарзандлар-чи? Яқинда Зариф иккинчи марта уйланади. Хотини ёқмаганмиш… Қодир отаси қаттиқроқ уришгани учун уйига бормай қўйибди. Мурод қўшнисиникига меҳмонга келган бегона болалар билан муштлашиб, касалхонада ётганмиш…
Ана шунақа гаплар. Биродар ҳали ҳам нима қилишини билмаяпти. Тенгдошларига айтар гаплари кўп. Лекин фойдасиз. Барибир, улар газета ўқимайди…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2009 йил 14 январ.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 175

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *