20 сентябр шеърлари

Ушбу шеърлар Туғилиш қувончу изтиробларидан бир шингил; атай шу сана муносабати билан ёзилмаган-у, сентябрнинг йигирманчиларида – туғилган кунда туғилган битиклар…

ЎН САККИЗ ЁШ РОЗЛАРИ20 сентябр. куз

Бугун ўн саккизга тўлади қуёш,
Ўн саккизда учар юлдузнинг ҳуши.
Ойнинг қароғида ўн саккизта ёш,
Ўн саккизга тўлди кўнглимнинг қуши.

Лолажон, унутма менинг номимни,
Мен кўҳна дунёни этяпман сайр.
Кўтариб кетяпти йиллар жонимни,
Болалик, кўзингдан кетяпман, хайр.

Ана, учиб кетди менинг умримдан,
Ўн саккизта турна – ўн саккиз азоб.
Балки, ҳисобимга ёзилди бирдан
Ўн саккизта гуноҳ, ўн саккиз савоб.

Қалбимнинг ўн саккиз ери ям–яшил,
Баҳор ўн саккиз бор менга юз бурди.
Лабимнинг ўн саккиз ери қип-қизил,
Лола ўн саккиз бор лабимни кўрди.

Жонимни қоғозга едиравердим,
Айтмоқ истайвердим тирик сўзимни.
Ўн саккиз йил аро қидиравердим,
Зора, ўн саккизда топсам ўзимни…

2001

ЎН ТЎҚҚИЗ ЙИЛ ХУЛОСАЛАРИ

Мен нима кўрибман муштдай бош билан,
Билмайман, нечада дунёнинг ёши.
Ўтиб кетмасайдим кўзда ёш билан,
Англаганим, ҳаёт – тегирмон тоши:
Айланиб-айланиб ўтавераркан.

Замин тўла умид, самода умид –
Сен билан, то ерга кирмагунингча.
Тўлиб ётибди-ку ҳавода умид,
Жонингни Жабборга бермагунингча,
Ҳаётдан нимадир кутавераркан.

Ахир ҳаммани ҳам сийлаган Худо –
Мени супрасидан қуруқ қўймаган.
Кўнгил тоза бўлса, Бахт унга ошно,
Барибир, яхшининг оғзи куймаган,
Улоқ ҳам яхшида кетавераркан.

Оловли дарёда кўприкка қиёс,
Савобга тўлдирвор гул дамларингни.
Дўст-душман ораси киприкка қиёс,
Не қилсанг, ўйлаб бос қадамларингни;
Кимдир гул, кимдир тош отавераркан.

Ичимдаги итга дум бўлганим йўқ,
Кўнглимни ёритгай илоҳий ёғду.
Раббимни ёд этиб кам бўлганим йўқ,
Ўн тўққиз йилимнинг хулосаси шу:
Оллоҳни дўст билган ютавераркан.

2002

***
Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида,
Кимларнинг бахти бут кимнинг дардида,
Тентираб юрибман сўзлар юртида –
Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.

Кунда нафс отига тиларман тўзим,
Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим,
Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим –
Муҳаббат аралаш, исён аралаш.

Узилиб-узилмас ишонч иплари,
Аёвсиз отилар бало тўплари,
Руҳимда эврилиш талотўплари –
Эътиқод аралаш, гумон аралаш.

Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман,
Гоҳ асал ялайман, гоҳ тош тишлайман,
Бирда сарғаяман, бирда яшнайман –
Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.

2009

ЙИГИРМА ЕТТИНЧИ БЕКАТ

Китобдай ўзимни варақлайман жим,
Нимагадир ташна, негадир муштоқ.
Қайси воқеъликдан рангиндир умрим,
Қай ўринда дардим ишонарлироқ?

Сийқа сакталиклар этмасми мулзам,
Бахайр бўлармикан руҳий сафарим?
Биров ўқиганми мендан олдин ҳам –
Мунча ҳилвирайди саҳифаларим?!

Мана бу қўл изи, мана бу доғлар
Қайдан пайдо бўлди бугун бағримда?
Оҳ, наҳот, тарихга кўчди у чоғлар!
Хотирот ҳиди бор ҳар бир ҳарфимда.

Мавҳум эҳтирослар – бежиз ёнишлар,
Таъкидлар – қувончим ва ё оҳимдир.
Кўп нуқталар – узоқ иккиланишлар,
Сўроқлар – гумону иштибоҳимдир.

Нелардан сўйлайди бу сўзлар сози,
Зиммасига қандай аъмол ортилган?
Ўта таъсирчанми, мақбулми, баъзи –
Мисралар остига чизиқ тортилган…

Шукур, зерикмадим ўзимдан бир зум,
Ўкиндим. Қувондим. Ўртандим. Куйдим.
Холис баҳо берар дедим-у, ўзим –
Келажак қўлига топшириб қўйдим…

2010

***
Исён бўлиб исён эмасди бу ҳис,
Иймон бўлиб иймон эмасди бу ҳис,
Аммо сира тинчлик бермасди бу ҳис,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Воҳким, маълумоти олий телбаман,
Осон енгиламан, осон енгаман,
Манов кўпикларга қандоқ сингаман,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Тушуниб бўларми ҳаёт дарсини,
Адо этарманму фарзу қарзини,
Ким ғаразсиз тинглар юрак арзини,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Такрор-такрор айтдим, дил ёриб айтдим,
Бош олиб кетдим-у, ёлвориб қайтдим,
Кул эт, ғазабингни келтирса байтим,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

Бир ёруғ дуога айланди умрим,
Нур бўлиб қошингга шайланди умрим,
Сўзингга, Ўзингга бойланди умрим,
Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 093

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *