-30+: Ўттиз йил нари-берисида

Йўл-йўлакай Таҳрирсиз хаёллар

Биз кўп нарса ютдик ва (эҳтимол) ундан-да кўпроқ ютқаздик. Иложсизлик,  қўнимсизлик, дарбадарлик, устига устак, абадий майда муаммолар, етишмовчилигу тушунмовчиликлар жуда кўп вақтимизни еди, гул ёшлигимизнинг қайта берилмас олтин онларини, бетакрор соҳир дамларини ютиб юборди, куч-қувватимизни сўриб олди, асабларимизни тинимсиз эговлади. Йигитликнинг олов йиллари, қизликнинг гулгун фасли шовқинлар, катта-кичик ўйинлар суронига қоришиб кетди. Чорак асрдан зиёд умр орзу-армонлари – ҳеч ўнгланмаган тақдир талотўплари ҳақида гапирсак, нолиган, ношукрлик қилганга ўхшайвердик. Бошқаларни қўя турайлик, ҳарҳолда, аксарият аҳли фаросат бизни шундай қабул қилди.
Сўзга муҳаббат, ижодга садоқат илмидан имкон борича, ҳолимизга яраша сабоқ олдик, ёзув қоидаларини, ҳижолар, рукнлар, ритмларни ўрганган бўлдик, аммо бу уринишларимиз кўпроқ ҳарфхўрлик тусини олгандек. Ҳурмат қилган, интилган кишиларимиз бизга ўзлари билиб-билмаган ҳолда сеҳрли сўзларни, олифта шаклларни, жимжимаю ҳашамни, найрангларни ўргатди. Ва ўзимиз ҳам бир қадар найрангбозга айланиб улгурдик. Шу тариқа ҳеч ёниб кета олмаётган ўтиндай ўттизнинг нари-берисида тутаб, тутақиб турибмиз.O'ziga ishonch1
Табиийки, бу йилларни яшаш, кутиш ва куттириш оралиғида кун кечириш ёш жонга осон бўлгани йўқ. Ўртамиёналикнинг ўта ўткинчи шамоли кўзни каттароқ очишга ҳеч қўймади. Баъзан олқишу эътирофлар гирдобида йўқолиб, гоҳо одатий ташвишлар ботқоғига қулоғимизгача ботиб кетдик; гоҳи чўнтагида ҳемири йўқ, аммо ўз кучига ортиқча ишонган мағрурлар сингари ҳаволандик. Кўпинча оддий рўзғор ташвишлари, кундалик юмушлар ҳақида ўйлашга ҳафсала қилмадик – ҳолимиз бўлмади. Ҳатто саломатлигимизга тузукроқ эътибор қаратмадик, натижада вужуд экологияси бир қадар бузилди. (Ҳали бу ўзимизга қимматга тушмаса бўлгани!) Буларнинг эвазига эришганимиз – бир уюм қоғоз, таъна-маломат… Бу ҳолдан кимлардир ўзича лаб бурди, устимиздан кулди, тан ола туриб ҳам писанд қилмади. Шу ғариб ҳолимизга бизни алдаб, фойдаланмоқчи бўлганлар-да бор эди. Аммо – баландпарвозроқ қилиб айтганда – Сўзга, Юртга, Одамларга хиёнат хаёлимизга ҳам келмади. Ўз зараримизга бўлса-да (албатта, бу ҳам фойдамизга эди, аслида), тўғри яшашга жон-жаҳдимиз билан тиришаётибмиз. Баъзан билиб-билмай буни иддао қилдик. Истаб-истамай ҳалитдан ғамгину андак аламзада оҳангларга берилдик. Хулласи, Давр тўлғоқлари юракларимизда акс садо бера бошлади.
Тўғри, биз оғир йиллардагидек тинимсиз меҳнат устига муттасил оч-наҳор юрмадик ё бировнинг қўлига қараб қолмадик, лекин ундан-да баттар аҳволга тушдик – руҳий азоблар қуршовида қолдик. Ҳа-я, биз чиқиб келган жойдан бу ергача келишнинг ўзи узун бир саргузашт-эртак. Насиб қилса, буларнинг бари ҳали катта бир Китоб бўлажак…
Шу тариқа ўттизнинг нари-берисида ўзини излаб, нимадир қилишга чоғланиб юрган авлоду қурдош қаламдошлар бугуннинг ясама қаҳрамонларидан кам хизмат қилмаяпти, шекилли. Лекин, аниқки, бундан кўра яхшироқ яшаш имкони бор эди. Боз устига, баъзан аждодларнинг буюк хатолари товонини тўлаб яшаётганга ўхшайди одам…
Бизга ёрдам беришни истайдиган саноқли инсонларнинг ўзлари-да мададга муҳтож чорасиз одамлар эди. Ўқишни, ёзишни, уқишни ўргатишди-ю, ўқитган, ёздирган, уқдирган Зот зиммамизга юклаган фарзлар борасида истаганимизни ола билмадик. Айни шу масалада биз ёлғиз эдик, ёлғизлар эса ҳеч қачон баланд уча олмайди. Бу илоҳий Нурни Яратганнинг Ўзи дилга солди. Шу Нур ичга инган сари қалб очила бошлади. Ва, ниҳоят, энди-энди яшаётганга ўхшаяпмиз.
Илойим, фарзандларимиз биздай қийналмасин, болаларимиз биздан кўп карра, ҳар жиҳатдан яхшироқ, кучлироқ, эътиқоди бутун, иймони саломат бўлсин. Тақво туғини баланд кўтарсин. Зотан, умр – аслида, Ҳақиқатни таниш, Ўзингни Ҳаққа ҳозирлаш йўлидир. Насиб қилса, энди буни болаларимизга бафуржа ўргатамиз. Ўзимиз орзу қилган гўзал муҳитни оиладан ярата бошлаймиз. Иншаалоҳ, фарзандларимиз биздан кўра мазмунлироқ, чиройлироқ ва Инсон номига муносиб умр кечиргайлар…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 4 402

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *