Ўзимга ўзимдан кечиб бораман…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
CЎЗ
Мен Ундан уялдим, мен Ундан қўрқдим,
Кўнглимни таржима қилолмади У.
Оёғидан қирқдим, бошидан қирқдим,
Барибир, меники бўлолмади У.
Ундан кетолмайман, Ундан қолмайман,
Тақдирим У билан шерик-ку, Она.
Унга етолмайман, лекин толмайман,
Бу дунё Сўз билан тирик-ку, Она!
ЖОНИМ
Ўт ичида яшаш осонми, Жоним,
Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним?
Айириб қўйишди йўлларимизни,
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?
Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди.
Синовсиз манзилга етиб бўлмайди.
Ахир, муҳаббатнинг кўчаларидан
Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди.
Ер, Само биз билан, қисинмайдилар,
Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар.
Тушуниб турибди Худойим бизни,
Нега бандалари тушунмайдилар?!
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?..
***
Қачон кўзларингга султон бўламан?
Қаерда жонингга туташган йўлак?
Кўчангни қидириб нима қиламан,
Менга юрагингнинг манзили керак!
***
Биламан, бу йўлнинг шартлари оғир,
Бу йўлдан шунчаки ўтиб бўлмайди.
Ғамлари бешафқат, дардлари оғир,
Бу йўлдан шунчаки кетиб бўлмайди.
Лекин ортга қайтиб нима қиламан,
Сўзлар нажот сўраб бақираверса?
Худойим, мен қандай ухлай оламан,
Тушимда Хизрлар чақираверса?
Энди дардлар мени тарбиялайди,
Ўткинчи ҳислардан қочиб бораман.
Яна юрагимда шеърлар гуллайди,
Ўзимга ўзимдан кечиб бораман.
Барибир, йилларга бермас эдим тан,
Бошқа манзилларга рўбарў этса.
Тангрим, қисматимдан минг бор розиман,
Мени шу йўл бир кун Ўзингга элтса.
ИҚРОР
Тунларга йиғладим. Ойга ёрилдим,
Жонимдан товонлар тўлаётирман.
Ўзимча ўйлардим: «Шеърга йўғрилдим».
Бугун битта Сўз деб ўлаётирман.
Арзийди осмонлар бағримга келса,
Ахир, юлдузлардан кўп менинг дардим.
Қанийди, қанийди, имкони бўлса,
Кўнглимни кўрсатиб қўя қолардим.
Елкамда тоғлар бор – кўтаролмайман,
Нимага хабар йўқ юлдузларимдан?
Бу кетишда бошқа кўкаролмайман,
Ажралиб қолдимми илдизларимдан?!
Менинг осмонларим қайда – билмайман,
Фақат билиб олдим ушоқлигимни.
Тавба қилдим. Ортиқ даъво қилмайман,
Мен энди тушундим қашшоқлигимни.
***
Мени ёндир, дедим – оловга тутдинг,
Зарра–заррамгача ёниблар кетдим.
Ҳар бир қадамимда синовга тутдинг,
Қоқилиб яшашга кўниблар кетдим.
Бошимни тошларда ёрдим неча бор,
Нега уйғонмайман, мудрайман доим?
Ўзинг хоҳламасанг, ҳаммаси бекор,
Одам қиладиган Дард бер, Худойим!
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2004 йил 13 август.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.