Абай. Насиҳатлар

АбайУлуғ қозоқ маърифатпарвар шоири, қозоқ ёзма адабиёти асосчиси Абай (Иброҳим Қўнонбоев) умрининг охирларида яратган ушбу «Насиҳатлар» («Нақлия сўзлар») дидактик ва фалсафий мазмундаги катта-кичик насрий лавҳалардан иборат бўлиб, уларда адибнинг илғор фалсафий, ижтимоий қарашлари ўз аксини топган. Асарни таниқли адиб Носир Фозилов ўзбек тилига таржима қилган. Қуйида «Насиҳатлар»дан парча берилмоқда.

Олтинчи сўз

Қозоқларда: «Ҳунарнинг боши бирликда, ризқнинг боши тирикликда» деган мақол бор. Аммо улар: бундай бирлик қандай элда қандай қилса бўлади — буни билишмайди. Улар: от ўртада, ош ўртада, кийим ўртада, бойлик ўртада бўлса экан, деб ўйлашади. Ундай бўлса — бойликдан нима фойда-ю, камбағалликдан нима зиён? Ундай бўлса ошна-оғайнинг йўқолмай туриб, мол топишнинг нима кераги бор? Шуми бирлик? Йўқ! Бирлик — қўрангдаги молда эмас, тушунчангда бўлиши керак. Мол берсанг отаси бошқа, онаси бошқа, дини бошқа, тирикчилиги бошқалар ҳам сен билан тинч-тотув бўлаверади. Агар бирлик мана шундай ҳисоб билан ўлчанса, яъни молга сотиб олинса, бу бирлик — бирлик эмас, аблаҳликдир! Дўст бўламан деган киши бер демасдан дўст бўлса, тинч-тотув яшаса, туз-насибасини худодан тиласа яхши бўлади. Акс ҳолда, туз-насибасини худодан тиламайди, меҳнат қилмайди ва бир-бирига бало излайди, бир-бирини алдашнинг пайига тушади. Хўш, шу ҳам бирлик бўлдими энди?
«Ризқ – тирикликда» дейишади. Бу нима дегани? Демак, танангда жонинг бўлса, тириклик шуми? Йўқ, бундақа тириклик итда ҳам бор. Тирикликни шундай деб тушуниб, шу тушунча билан яшаган одам ўлимни ёт кўриб, охиратга душман бўлади. Ўз жонинигина ҳимоя қилиб, ёв тегса қочиб, қўрқоқ аталиб, меҳнат қилишдан бош тортиб, эринчоқлик қилиб, махсимча бўлиб юриш – бу ҳам юқорида айтилган ризққа нисбатан нонкўрлик қилишдир. Тирикликни бундай тушуниш ярамайди; ўзинг тирик бўлганинг билан кўнглинг, кўкрагинг ўлик бўлса, бу тириклик – тириклик эмас, албатта; ўзинг тирик бўлсанг-у, кўкрагинг ўлик бўлса – ақл топсанг мол топмайсан, мол топсанг ақл топмайсан. Ҳалол меҳнатинг билан эринчоқ¬лик қилмай мол топиш учун ғайрат қилолмайсан.
Иш вақтида айёр, ош вақтида тайёр бўлиб, сиртинг ялтираб, ичинг қалтираб юриб, тирикман дегандан кўра – бундан худо юборган ҳалол ўлим минг марта афзал.

Ўн тўртинчи сўз

Тирик одамнинг юракдан ҳам азиз жойи борми? Бизнинг қозоқларда «юракли киши» дегани – ботир киши дегани. Улар юракнинг бундан бошқа фазилатларини тушунмайдилар. Раҳм-шафқат қилиш, меҳрибонлик, инсон фарзандини ўз бағрим деб тушуниб, уларга ҳам ўзини аягандек аяб қараш – буларнинг ҳаммаси юрак ишидир; шунингдек, ошиқлик, севги-муҳаббат ҳам юрак иши. Юракнинг маслаҳатига амал қилиб гапирилганда гап ёлғон чиқмайди. Юракнинг айтганига кирмай, нафснинг буюрганини қилсанг – сўзсиз адашасан. Қозоқларнинг «юракли» деган кишиси – мақташга унча арзимайди. Улар: бировнинг айтган гапига кирадиган, ваъдага вафо қиладиган, ёмондан тез юз ўгирадиган, итга ўхшаб кўч кетидан эргаша¬вермайдиган, балки аксинча, адашган кўпнинг жиловидан ушлаб тўғри йўлга солиб юбора оладиган, гарчанд мушкул бўлса-да, адолатли ақл эътироф этган нарсага, гарчи осон бўлмаса-да, бўйсунмайдиган кишиларни ботир деб ҳисобламайдилар. Балки аксинча, улар фақат қашқир юракли кишиларнигина ботир деб тушунадилар.
Қозоқларимизда одам боласи ақлсизлигидан йўлдан озмайди, балки ақлли гапларни уқиб олишга зеҳни ўтма¬ганлигидан ғайратсизлиги ва қарорсизлигидан йўлдан озади. Мен уларнинг кўпчилигининг бирор ишни «билмасдан қилиб қўйдим» деганларига мутлақо ишонмайман. Улар гарчанд билиб турсалар ҳам, ножўя ишларга орсизлиги, виждон¬сизлигидан йўл қўйишади. Ёмонликка бир берилиб кетдими, бас, ундан ўзини тортиб оладиган журъат қозоқларда камдан-кам бўлади. Уларнинг эл орасида: эр йигит, ботир йигит, пишиқ йигит, деган гапларига ишонмаслик керак. Улар бу сўзлар билан йигитларни бўлар-бўлмасга мақтаб, ҳовлиқтириб, йўлдан оздиришади-ю, охири нима билан тугаши ҳақида ўйлашмайди. Худога ҳам, бандасига ҳам хуш келмайдиган, ор-номусни оёқости қиладиган бу ишлардан ўзини соф тута олмайдиган, беҳуда мақтовларга учадиган, ўзининг қилаётган ишини ўзи сезмайдиган йигитни яхши йигит деб бўладими? Сатқаи яхши йигит кетсин у! Шу ҳам одам бўлди-ю!

Ўн бешинчи сўз

Менинг назаримда, ақлли киши билан ақлсиз кишини ажратиб турадиган битта нарса бор.
Авваламбор, бандаси яратилгандан кейин, дунёдаги мавжуд нарсаларга қизиқмай иложи йўқ. Худди шу пайт унинг умрида энг қизиқ даври бўлиб эсида қолади. Шунда ақлли одам келгусида нафи тегадиган бир ишга меҳр қўйиб, ихлос билан ёпишар экан-у, бир кун унинг ана шу қизиққан нарсаси ўзининг севган касбига айланиб, кунига яраб, кўз кўрадиган, қулоқ эшитадиган, кўнгил сезадиган бўларкан. Ниҳоят, шундай ўтган умрнинг ўкинчи ҳам бўлмас экан.
Ақлсиз киши нимаики кўрса – шунга ҳавас қилиб ва уларнинг биронтасининг ҳам бошини тутолмай, не-не тиллага топилмайдиган умрини ит азобига хор-зорлик билан ўтказиб юборар экан-у, кейинги ўкинчидан фойда чиқмас экан. У одам ўзини ёшлигида, бу ҳунар бўлмаса, у ҳунар, деб ўзини ҳар ишга қодир сезиб, у шоҳдан бу шоҳга учиб қўниб, гўё ёшлиги абадий тураверадигандай, белининг қуввати, кўзининг нури кетиб, қаримайдигандай кўринаркан-у, вақти келиб, тушуниб, бирор ишнинг бошини ушлайман, деганда, ёши ўтиб, кучи кетиб, қўлидан ҳеч нарса келмай қолар экан.
Кейин ҳар нарсага бир қизиқиш масаласи. Агар бирор нарсага қизиқсанг – бора-бора уни севиб қоларкансан киши. Бир нарсани севишнинг ўзи ҳам бир дард бўларкан. Ана шу севган ишингга, касбингга етай-этай деб турганда, одамда қандайдир бир мастлик, мағрурлик пайдо бўларкан. Маълумки, мастлик ҳар қандай маст кишининг айбини кўпроқ юзага чиқарар, кўзларини шира бостирар, мағрурлантириб юборар экан. Ана шундай пайтда эслик одам эсини йўқотиб қўймай, ақл-ҳушини бир жойга йиғиб олиб, ўз касби-корининг этагидан маҳкам ушлар экан. Эссиз, овсар кишилар эса боши айланиб, кўзи тиниб, босар-тусар жойини билмай, ҳовлиқиб, бош яланг, эгар-тўқимсиз отини қамчилайверар экан – мен шуни кўрдим.
Агарда сен ҳам ақлли кишиларнинг сафида бўлгинг келса, ҳар куни бир марта, ё ҳафтада бир марта, ҳеч бўлмаса, ойда бир марта ўзингга ўзинг ҳисоб бер! Ўтган умрни қандай ўтказибсан: на илмга, на жамиятга ва на ўзингга фойдали бирор иш қилибсанми? Ё эса қандай қилиб ўтказганлигингни ўзинг ҳам сезмай қолибсанми?

Ўттизинчи сўз

Бизда бир мақтанчоқлик деган ярамас нарса бор. Асли шу нарсанинг нима кераги бор ўзи? Зотан, бу – ор-номуссизлик, нодонлик, ўйсиз-хаёлсизлик ҳамда на ботирлик ва на одамгарчиликдан хабари йўқликнинг аломатидир! Тағин, безрайиб туриб: «Э, бор худоё! Кимдан ким ортиқ экан шунчалик! Бировнинг насибасини биров топиб берармиди ҳеч? Кимнинг боши кимнинг эгари қошида юрибди… Биров менинг қозонимни қайнатиб берибдими, ё мен бировнинг қўлига қараб қолибманми?» – деб керилади. Баъзан эса дағдаға қилиб: «Ҳаммага бир ўлим!.. Вой онасини фалон қилай! Бундай юргандан кўра ўлганим ортиқ! Жуда нари борса – ҳайдаб юборар, отиб юборар! Қаерга борсам ҳам бир ўлим!» –деб кекирдагини чўзадиганлар кўп-ку.
Мана, ўзларингиз кўриб юрибсизлар: ҳозир ҳеч бўйига қараб тўн бичадиган, айтган гапида қатъий турадиган қозоқ борми дунёда? Йўқ, мен ҳали ўлимга бардош бера оладиган қозоқни ҳам ёки, аксинча: мен ўлимга бардош бера олмайман, деб очиқ гапирадиган қозоқни ҳам кўрганим йўқ… Борди-ю, ақлсиз бўлса-да, шундай журъатли қозоқ топилса, у кишини ҳайратга солган бўлур эди! Афсуски, йўқ. Бунинг ўрнига шундайлар борки, зўр келганда сичқоннинг инини минг танга қилиб, қочиб кирарга тешик топмай қолади. Хўш, бундай кишиларни нима деб атаймиз? Эй худо! Ўз жонига ортиқча ҳотамлик қиладиган, мол-дунёни писанд
қилмайдиган бечораларнинг аҳволига қаранг. «Уялмас юзга толмас жағ беради»,– деб шуни айтишар эканлар-да…

Ўттиз биринчи сўз

Киши эшитган нарсасини унутмаслик учун тўртта шарт бор: аввало, бунинг учун зеҳнли бўлмоқ керак; иккинчидан, бир нарсани кўрганда ё эшитганда – унга чин юракдан ихлос қўйиб, фаҳм-фаросат билан уқиб олмоқлик лозим; учинчидан, эшитганларини ичида бир неча марта такрорлаб, кўнгилга жо қилмоқ керак; тўртинчидан, кўнгилга бошқа нарсаларни мутлақо келтирмаслик ва келса ҳам унга заррача эътибор бермаслик керак. Масалан: беғамлик, бепарволик, ўйин-кулги ёки қайғу-ҳасратга берилмаслик ва бошқа нарсага ихлос қўймаслик керак. Акс ҳрлда, бу тўрт нарса ақл билан илмга путур етказадиган омиллардир.

Ўттиз иккинчи сўз

Илм ўрганишни талаб қилган киши, аввало, уни билиши керак. Бунинг бир неча шартлари бор. Буларни билмай туриб ўрганилган илм юқмайди. Аввало, ўрганилаётган илм-ҳунарни охир бир кун келиб бирон кори-ҳолимга яраб қолар, деб ўрганмасдан, ҳаётда уни турмушга татбиқ қилиш мақсадида ўрганмоқ керак. Чунки илмни фақат билиб қўйиш учунгина ўргансанг ва шу билан қаноат ҳосил қилсанг, бундай илмнинг кимга кераги бор? Киши ўзининг билмаган нарсасини билиб ўрганса – бундан қанчалик ҳузур- ҳаловат топишини асти қўяверинг! Агар сен илмга астойдил меҳр қўйиб ўргансанг, сенда, яна кўпроқ билсам экан, деган муҳаббат пайдо бўлади. Шундагина сен кўзинг кўрган ҳар бир нарсани кўнглингга маҳкам тугиб, уқиб оладиган бўласан.
Агар борди-ю, кўнглинг бошқа нарсада бўлиб, ўқиб ўрганаётган илмингни шунга сабаб қилиб кўрсатсанг, яъни уни ана шу кўнглингдаги нарса учунгина ўрганаётган бўлсанг, унда илмга деган меҳринг гўё ўгай онанинг меҳри каби бўлади. Агарда чин ният билан ўрганаётган бўлсанг, унда илмга деган меҳринг худди ўз онангнинг меҳридай илиқ ва самимий бўлади. Сен илмга чиндан ҳам ихлос қўйсанг, у ҳам сенга меҳр қўяди ва сен уни тезроқ қўлингга киритасан. Агар сен унга чала меҳр қўйсанг, ўрганган илминг ҳам чала-чулпа бўлади.
Иккинчидан, илмни ўрганганда яхши ният билан ўрганиш керак. Аммо биров билан баҳс бойлашмоқ, талашишмоқ учун ўрганиш керак эмас. Баҳс, аввало, кўнгилдаги ишончни мустаҳкамлаш учун бўлса – бу зарар эмас, лекин ҳаддан ошиб кетса – кишини тузатишдан кўра ҳам кўпроқ бузиб қўйиши мумкин. Бунинг сабаби: баҳс қилувчилар кўпроқ ҳақиқатни аниқлаш учун эмас, балки бир-бирларини енгмоқ учун ҳаракат қилишади. Бундай баҳс хусуматни кучайтириб, одамгарчиликни йўқотишгача олиб боради. Бундай ҳолда асосий мақсад илм ўрганиш бўлмай, одамнинг юзини ёлғон сўзга бурадиган бўлиб қолади. Бундай мақсад фақат бузуқ кишилардагина бўлади. Тўғри йўлдан кетаётган юзта одамни адаштирган киши, эгри йўлдан кетаётган битта нотавонни тўғри йўлга солган кишидан сатқаи кетсин! Баҳс – бу ҳам аслида илм ўрганишнинг бир йўли. Бироқ унга ортиқча ҳирс қўйиш ярамайди. Чунки баҳсга ортиқча ҳирс қўйишдан мағрурлик, мақтанчоқлик, хусумат, ёлғончилик, ҳатто арзимаган нарсадан жанжал чиқариш ва бировга мушт кўтариш каби ёмон фазилатлар туғилади.
Учинчидан, агар ҳар бир ҳаракатинг туфайли ҳақиқатга эриша оладиган бўлсанг, ўлсанг ҳам бу йўлдан қайтма, маҳкам тур! Ахир, ўзинг шубҳа қилган нарсага ўзгалар қандай қилиб ишонч билдирсин? Ўзинг ҳурмат қилмаган нарсани ўзгалар нега ҳурмат қилсин?
Тўртинчидан, илмни кўпроқ ўрганиш учун одамда яна икки нарса бўлиши лозим: бири – мулоҳаза юритиш, иккинчиси эса – муҳофаза қилишдир. Бу икки хусусиятни борган сари кучайтира бориш керак. Бу нарса кучаймай туриб илм ўрганиш қийин.
Бешинчидан, шу насиҳатларнинг ўн тўққизинчи сўзида ёзилган ақл касали деган тўрт нарса бор, шундан эҳтиёт бўлиш керак. Шуларнинг орасида беғамлик, бепарволик деган нарса бор, зинҳор-зинҳор шу нарсадан эҳтиёт бўл! Чунки бу, биринчидан – худонинг, иккинчидан – халқнинг, учинчидан – давлатнинг, тўртинчидан – ибратнинг, бешинчидан – ақлинг, ор-номуснинг душманидир; ор-номус бўлган ерда булар бўлмайди.
Олтинчидан, сенда илмни, ақлни бир меъёрда сақлайдиган феъл-атвор, хулқ деган нарса бор. Сен шу нарсани эҳтиёт сақла! Кўрган нарсангга қизиқаверсанг: ё бировнинг ўринли, ё бировнинг ўринсиз гапига ишониб кетсанг, ёки тўғри келган нарсаларга кўнгил қўяверсанг – феъл-атворингнинг бузилиб кетиши ҳеч гап эмас. Феъл-атворинг бузилганидан кейин эса ўқиб илм ўрганганингдан ҳеч фойда йўқ. Кўкрагингда унга ўрин бўлмагандан кейин, уни қаерда сақлайсан? Аксинча, киройи илминг бўлгандан кейин, уни эҳтиёт қиладиган фаҳм-фаросатинг, ақли-ҳушинг, ор-номусингни қўлдан бермайдиган феъл-атворинг ва ғайратинг бўлса – нур устига аъло нур! Лекин бу эҳтиёткорлигинг, шубҳасиз, ақл учун, ор-номус учун қилинган бўлсин!

Биз ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 486

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *