Абдулҳамид Чўлпон. Шеърлар

surat1ГЎЗАЛ

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букуб,
Айтадир: «Мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен – шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!»

Кўзимни оламен ой чиққан ёққа,
Бошлаймен ойдан-да сени сўрмоққа,
Ул-да айтадир: «Бир қизил яноққа
Учрадим тушимда, кўмилган оққа!
Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!»

Эрта тонг шамоли сочларин ёйиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадир: «Бир кўриб, йўлимдан озиб,
Тоғу тошлар ичра истаб юрамен!
Бир кўрдим мен уни – шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!»

Ул кеткач, кун чиқар ёруғлиқ сочиб,
Ундан-да сўраймен сенинг тўғрингда.
Ул-да уятидан бекиниб, қочиб,
Айтадир: «Бир кўрдим, тушдамас ўнгда.
Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!»

Мен йўқсил на бўлуб уни суйибмен?!
Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куйибмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,
Мен суйиб…мен суйиб кимни суйибмен?
Мен суйган «суюкли» шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

1919 йил, феврал, Тошкент

ЎЗБЕГИМ

Сўлқиллаб келасан, ўзбегим,
Маърифат отига отланиб,
Бир мири топган боладай —
Оғзингни иржайтиб…. суюниб!
Дунёда ҳамма халқ қизиққан —
Гавҳардек бебаҳо от эдинг.
Ҳуррият бўлганда сен келдинг,
Минайин семирган отга деб,
Оғзингга «маллалар» бир тепди,
«Маърифат ҳаромдур сартга», деб
Оғзингдан қон келди, йиғладинг,
Кўзингдан заҳарли ёш келди.
Кўраман, охирда минибсан,
Чарчаган бўлса-да, отингга.
Тангрига шукр қил, юра бер,
Кўз солиб, ўнгингга, чапингга!
Тез тузат, оҳ… мана бир хатонг:
Отингни чопасан шаҳарда.
Қишлоқда фақирлар кутадур —
Кечада, кундузда, саҳарда!
Билгилким, ҳаётинг, томиринг,
Ўзбегим, камбағал қишлоқда.
Қишлоқда чопасан отингни,
Чопишинг беҳуда тошлоқда.

1919 

ХАЁЛИ

Кўнглимдаги муҳаббатнинг учқунин
Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим.
Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда
Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим.

Қулоғимга “Ол бахт!” деб эшитилган
Азонларни шайтоний деб ўйладим,
Шунинг учун бахт берган малакка
Турли-турли афсоналар сўзладим….

Сочларини ўйнаб туриб эшитди
Ва дедиким: “Афсоналар беҳуда!”
Бул сўзлари қулоғимға етишди:
“Оқдим, – деди, – қонли, зардобли сувда…”

“Оқ-оқ, – деди афсоналар султони, –
Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир;
Ул зардобли, қонли сувлар остида
Қора кийган жонинг жилва этадир.”

Кет, эй шайтон, босирқадим… қўрқамен:
Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган.
Кўрасанми? Мен эзилган ётамен,
Устимга-да бало тоғи йиқилган.

Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак,
Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак.

1920 йил, апрел, Тошкент

ЁРУҒ ЮЛДУЗГА

(Ҳазар эсдалиги)

Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла.
Оталарнинг тарихдаги хатосин,
Шул хатодан осуғланиб, ёвларнинг
Эл кўксида сурган ишрат, сафосин.

Сўзла, англат ўтгандаги турмушнинг
Бутун қонли, шонли, жонли ерларин.
Кўз олдимда жилваланур юрт учун
Жонлар бериб, қонлар тўккан эрларинг.

Ўнат, қўзғат, тўлқинлантир, ҳовлиқтир
Кенг Ҳазарнинг кўм-кўк, юмшоқ сувларин,
Сўзлаттириб, чарчат, ҳорсин, чарчасин,
Тери оқсин, кўкка чиқар буғларин.

Кўпиклантир, майда, оппоқ кўпикдан
Кўйлак кийдир, ясантир сув бетларин,
Ул сувлар-ла пардоз қилдир, кийинтир
Тоғли, тошли қирғоқларин, четларин.

Нега жимсен, нега жавоб бермайсен,
Нега кўзинг қизаринди, ёшланди?
Нега юзинг сўлган каби юмшарди?
Нега сенда бир талваса бошланди?

Биламен мен, сўзламайсен шунинг-чун –
Сўзлайдирган яхши сўзинг йўқ эрур.
Оғиз очсанг, йўқсил элни эзмакка,
Қон қилмоққа ҳасратларинг кўп эрур.

Майли, майли, қандоқ аччиқ бўлса ҳам,
Тўғри сўзни яширмасдан сўзлай бер,
Ҳар қанчалар юрак ёрғич куй бўлса,
Ботир бўлиб секингина куйлай бер.

Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда
Кўнгилларга тегмай ўтар кабидир.
Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда
Йўқсил дилни суюнтирар кабидир.

Фалокатлар кўрган ота-боболар
Истиқболнинг қимматини билмаган.
Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар
Тузуккина чора, тадбир қилмаган.

Биз, йўқсиллар, бошқаларга қул бўлиб,
Чет оёқлар томонидан эзилдик.
Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида
Алам ортган, жабр кўрган биз эдик.

Етар, бўлди. Мени гапга солдинг-да,
Ўзинг унда тинглабгина турасан:
Яна, тағин таъсирланиб сўзимдан,
Оҳ-воҳ қилиб, ўзни ҳар ён урасан.

Сўзла, сен-да тилларингни ўйнатиб,
Эски алам ичра бизни олиб бор.
Яшрин ётган пардаларни, зулматни
Қараб турма, нуринг билан йирт-юбор.

Ялинтирма, бошқаларга ялинган
Каби сен хам ялинтирмоқ истайсен;
Эзилганни эзишликка сен, гўзал.
Озроқ шарм, озроқ ҳаё қилмайсен?

Сўзла, англат, гўзал юлдуз, тез сўзла,
Мен-да сенингдек чиройли сўйлармен.
Ҳазардаги кўпикларга бирлашиб,
Сени мақтаб ширин куйлар куйлармен.

Оғиз очдинг, товшинг келди, эй юлдуз,
Сўзла, сўзла, ёт киши йўқ, иккимиз…

1920 йил 19 август, Боку, Баҳри Ҳазар

ҚАЛАНДАР ИШҚИ
(Эски тартибда)

Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку.

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку.

Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.

Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.

Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни,
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку.

Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.

1920

МЕН ВА БОШҚАЛАР

(Ўзбек қизи оғзидан)

Кулган бошқалардир, йиғлаган менман,
Ўйнаган бошқалар, инграган менман.
Эрк эртакларини эшиткан бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглаган менман.

Бошқада қанот бор, кўкка учадир,
Шохларға қўнадир, боғда яйрайдир.
Сўзлари садафдек, товуши найдек
Куйини ҳар ерда элга сайрайдир.

Менда-да қанот бор, лекин боғланган…
Боғ йўқдир, шох йўқдир, қалин девор бор.
Сўзлари садафдек, товуши найдек.
Куйим бор. Уни-да деворлар тинглар…

Эркин бошқалардир, қамалган менман,
Ҳайвон қаторида саналган менман.

1921 йил, апрел, Тошкент

* * *

Милтираган хира чироқсен, йўқсил,
Ел қаттиқроқ келиб урса ўчарсен.
Ёр алдаган севгучининг руҳидай
Бир лип этиб йўқликларга кўчарсен.

1921 йил, май

* * *

Хаёл, хаёл… Ёлғиз хаёл гўзалдир,
Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқамен.
Хаёлдаги юлдузларким, амалдир,
Оловимни алар учун ёқамен.

Гўзал хаёл, кел, бошимда гул ўйнат,
Маним истак-тилагимни эркалат!

1921 йил, май

СУЙГАН ЧОҚЛАРДА

Гўзалларнинг маликаси экансан,
Буни сенинг кўзларингдан ўқидим.
Ўқидим-да, истиқболим қушига
Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.

Гунафшалар қулоғимга мадҳингни
Сўзлаб-сўзлаб чарчадилар, битмади…
Аламзада булбул йиғлаб, кечалар
Аламингнинг сўнгин тамом этмади.

Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин,
Шоир бўлсам, айтиб-айтиб йиғлардим.
Ўшал эски жароҳатли қалбимни
Сатрларнинг наштари-ла тилардим.

Хаёлимнинг қип-қизилдан кийинган
Парилари, ҳурларини кўрдингми?
Аламимдан гуллар эккан йўллардан
Коинотга ҳаёт сочиб юрдингми?

Йўлларингда шеър айтса сўлган барг,
Қулоғимга мусиқалар келтирур.
Қачон сенинг мусиқали овозинг
Сенинг мени суйганингни билдирур?

1921

ХАЛҚ

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…

Халқ қўзғолса, куч йўқдирким, тўхтатсин.
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.

Халқ исёни салтанатни йўқ қилди.
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…

Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсун унинг бошидаги кўланка.

Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ховлиқар, бир ўйнар,

Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

1921 йил 8 сентябр, Бухоро

БУЗИЛГАН ЎЛКАГА

Эй, тоғлари кўкларга салом беран зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда қуюқ булут кўланка?
Учмохларнинг кавсаридек покиза,
Садафларнинг донасидек топ-тоза
Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,
Томчилари ёмғир каби учаркан,
Нима учун йиғлар каби инграйлар?
Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар?
Табиатнинг ўтини йўқ ўтида
Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар
Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида
Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.
Бу нега?
Айт менга.
Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон,
Устларида на пода бор, на йилқи,
Подачилар қайси дорға осилғон?
От кишнаши, қўй маъраши ўрнига
-Оҳ, йиғи.
Бу нега?
Туморчалар, ҳамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган,
Чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да,
Хароб бўлган элдан-да.
От минганда, қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда, учар қушни тутқувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда?

Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар,
Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қўлларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайдир оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?

Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини сўриб олай,
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай…
Нима учун ағдарилган, йиқилган
Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда?
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?

1921, Андижон

АМАЛНИНГ ЎЛИМИ

Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда инграган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасининг инсонларими?

На учун уларнинг товушларинда
Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар?
На учун ёзмишнинг ўйнашларинда
Ҳар юриш кўнглимни наштардек тиғлар?

Кенглик ҳаёллари учдими кўкка
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка,
Хаёлда порлаган шамларми сўнди?

Кечанинг жон олғич қоронғилиги,
Нажот юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳақи, ҳақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?

Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар,
Шарқнинг кўкрагида бир жой топмасми?
Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар
Ухлаган дилларга силжиб оқмасми?

Ҳар кеча кўкларда ўйнаган юлдуз
Айтар эди менга: “Эрклик юлдузи –
Тутқинч эллар учун само кундузи,
Кўнгилда қолғуси унинг бир изи”.

У бир из, кўзимнинг нурларидан ҳам
Юксакдир, мен уни ўпмак истаймен.
Агар топилмаса, бу юртлардан ҳам
Кўчиб йироқларга кетмоқ истаймен.

Йиғлаган, инграган амал қизими?
Кўкдаги юлдузлар унинг изими?

1921

ГЎЗАЛ ТУРКИСТОН

Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Саҳар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?

Билмам не учун қушлар учмас боғчаларингда?

Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи.
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.

Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар!

Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қуллик, асорат – барчаси ёнсин.
Қур янги давлат, ёвлар ўртансин.
Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин!

Яйраб, яшна ўз ватанинг гул боғларинда.

1921

БИНАФША

Бинафша, сенмисан, бинафша, сенми –
Кўчада ақчага сотилган.
Бинафша менманми? Бинафша, менми –
Севгингга, қайғингга тутилган?

Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг?
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг?

Бинафша,
Айт менга,
Кимлардир уларким,
Игнани бағрингга санчалар?
Бинафша,
Бир сўйла,
У қандай қўлларким,
Узалар, ҳидлайлар… янчарлар?

Бинафша, шунчалар чиройли юзинг бор,
Нимага узоқроқ кулмайсан?
Бинафша, шунчалар тортгувчи тусинг бор,
Кўнглимга исриклик тўкмайсан?

Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери,
Қайғингни қайғимга қўшгил.
Бинафша, сенинг-чун кўкрагим эрк эри,
Бу эрдан кўкларга учгил!

Бинафша, гўзалим, қайғилим, келмайсан,
Қайғинг зўр, қайғимни билмайсан,
Менга бир кулмайсан!..

1922 йил, март, Тошкент

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?

Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми?
Қиличлар энди синмасми?

Тириксен, ўлмагансен,
Сен-да одам, сен-да инсонсен;
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсен!

1922 йил 7 август, Тошкент

КЎКЛАМ ҚАЙҒИСИ

Ай қоронғи, узун қишнинг хаёли,
Кўклам чоғи кўзларимда ўйнама!
Айрилиқнинг чидаб бўлмас малоли
Кўклам, майса юзларида қайнама!

Бир оз… бир оз кўнгил берай кўкламда
Шафтолининг гўзал, қизил юзига,
Бир оз… бир оз алданмайин кўнглимда
Бош чиқарган йигитликнинг сўзига.

Қаршимдаги кулиб турган юмшоқ қиз
Кўм-кўк майса ўртасида бир гулдир.
Кўп йиғладим… ёшларимни қатор чиз
Ва қаршимда гўзал қизни бир кулдир!

Кўклам чоғи … Сайроқ булбул сайрамас,
На учунким, танбуримнинг тили йўқ.
Ул гўзал қиз чин қараш-ла қарамас,
На учунким, умидимнинг йўли йўқ.

Тилларимда ҳар кўкламнинг қўшиғи,
Юрагимда ҳар гўзалнинг севгиси,
Кўзларимда ҳар қайғидан бир йиғи,
Юзларимда алданишнинг белгиси…

Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаган?
Ёлғиз менми ҳар умидда алданган?
Ёлғиз менми кўкрагимни тиғлаган?
Ёлғиз менми севинч билан бўлмаган?

Ай кўкламнинг кўз тортгучи келини,
Нима учун йиғлатасан бир мени?..

1922 йил 31 март, Тошкент

КИШАН

Кишан, гавдамдаги излар букун ҳам биткани йўқдир!
Темир бармоқларингнинг доғи буткул кеткани йўқдир!

На мудҳиш, на совуқ манхус, на қизғанмас қучоғинг бор!
Башар тарихининг ҳар саҳфасида* қонли доғинг бор!

Юмилмас кўзларингнинг ҳар бири бир элни қаҳр айлар,
Фақат бир борлиғингдирким, бутун борлиқни заҳр айлар!

Қулф бирлан сенинг эркингда кўп йиллар қолиб кетдим…
Фақат ҳар тебранишдан қутулишликни умид этдим.

Кишан, гавдамдаги доғинг ҳануз ҳам биткани йўқдир,
Фақат буткул қутулмоққа умидим энди ортиқдир!..

1922 йил 15 сентябр, Тошкент

_________________________________________
* «Д»ни «ид» (и)га айлантириб, қаттиқроқ чўзиб ўқимоқ лозим («саҳфасида» каби), йўқса, аруз ўрнида ёзилган бу парчанинг вазни бузиладир. Бу парчада шунга ўхшаган жойлар яна бир мунча бор, умуман, аруз вазнида ёзилган парчаларда шу қоида кузатилмоғи керак. (Шоир изоҳи.)

ЮРТ ЙЎЛИ

Узоқ… оғир йўлға чиққан йўлчимен,
Бу йўлларда қилоғузим юлдуздир.
Мен юртимнинг пок истакли кучимен,
У юлдузнинг тугалиши кундуздир.

Томирларим олов каби қайнаған
Қонларини кечмишлардан олмишдир.
Билагимда ирғиб, чопиб ўйнаған
Унутма, ким оёқларинг толмишдир.

Узоқ йўлнинг йўлчисимен, борамен,
Истагимни бу йўллардан оламен.

1922 йил 13 декабр, Бухоро

МЕН ҲАМ СЕВАМЕН!

1

Ойдин кечаларда кўкка кўз тикиб,
Ёруғ юлдузлардан севги кутдим мен.
Ҳар юлдуз тиғига руҳ билан тегиб,
Узун тунлар бўйи кутиб ўтдим мен.

Юрғанда, турганда ҳар гўзал нарса,
Меним кўзларимга севги кўринди.
Севгига ёт бўлган ҳақиқий шуъла,
Ўтлар, оловлар-чи,
пирпираб сўнди!

Йигитлик кўкариб, яшарган дамда
Ҳар юмшоқ товушқа тутқун бўлдим мен…
Ҳар гўзал чеҳрага кўнгил берганда,
Борлиқни у учун қурбон қилдим мен…

2

Энди у кунларим ўтиб кетдилар….
Энди турмушимда ойдин кечлар йўқ.
Вафосиз севгилар учиб битдилар…
Англадим севгида ҳар кўнгил бузуқ!

Кўнглим қуруқ эмас, яна севги бор,
Фақат бу севгида алданиш йўқдир.
Ҳорган кўзларимда хаёл яна бор,
Фақат у хаёллар нурдан тиниқдир.

Энди ҳар нафасда яна куямен,
Фақат мажнун бўлиб элни севамен,
Унга ҳурмат билан бўйин эгамен,
Бошимни у учун дорга қўямен!..

1923 йил 3 июл, Тошкент

СОМОН ПАРЧА

(“Кундалик дафтарим”дан)

“…Даҳр бир селобдир мулҳқк фано дарёсина,
Бизда саргарониз ул селоба душмуш хору хас.
Чилкинур хору хас ул селоба ўлдикча равон,
Етмадан дарёя роҳат мумкин ўлмаз бир нафас…”

                                          Фузулий

Топширдим ўзимни муҳитнинг эркига…

Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб борамен.
Ҳар амал, ҳар ишни “ҳақ” деб борамен,
Вазминим қолмади бир узуқ қилча…

Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни,
Чақмоқдек ялтираб учиш йўқ энди.
Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди,
Оқишнинг йўлига солдим кунимни.

На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт!
Кўзимда оғир бир таслим нури бор.
Ай ўтли кечмишим, юзингни беркит,
Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.

Мен энди худди бир сомон парчаси…
Лекин зўр денгизнинг чексиз қўйнида,
Жимгина борадир кирсиз қўйнимда,
Эркин кўпикларнинг алла қанчаси!

Кирмаймен кўчанинг боши беркига,
Чунки таслим бўлдим муҳит эркига…

1923 йил, Андижон

СЕЗГИ

Боқчаларда сўлди гуллар, сўлди гуллар, сезмадим,
Қип-қизариб, ботди кунлар, ботди кунлар, сезмадим.
Қайда қолди қонли кунлар, қонли кунлар, сезмадим.
Сочларинг боғлаб олиб, боғлаб олибдир сезгини!

Бир йироқ йўл, ким унинг йўқдир кети, йўқдир кети,
Чанг ва тупроқ бўлди, кетди… унда кўпларнинг бети,
Минг жаҳаннамдир, жаҳаннамдир унинг икки чети,
Бир куни ўлгай адошиб қон муҳитнинг келгини…

Кўзларимни мен тикиб қолдим, тикиб қолдим унга,
Лола гулларни экиб қолдим, экиб қолдим унга,
Тоза умидни тутиб қолдим, тутиб қолдим унга,
Чунки мен кўрдим, кўриб қолдим кераклик белгини!..

1923 йил з декабр, Қўқон

СОЗИМ

Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганмен,
Улфат диёрига маскан қурганмен.
Юзимни ўт эмас, гулга бурганмен,
Самовий завқларға тўлиб турганмен
Булбуллар севгини мақтаган дамда!

Чечаклар ўсгуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унгуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшагуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.

Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшалган инларга жонлар киргуси,
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси,
Жандалар танимга теккан кунларда!..

1924 йил 14 август, Ўш

ЯНГЛИШАСИЗ

Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлаймен,
Ер бетига сира назар солмаймен!
Янглишасиз, мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен…

1924 йил 28 сентябр, Қўқон

СИРЛАРДАН

I

Бир тутам сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми, ё тараб-ечай,
Сир деб сақлаганинг менинг қўйнимда;
Сир деб сақлайинми ё елга сочай?

Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку: «Уларда вафо йўқ!» дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?

II

Очилган қўйнимда тўлғанган танинг
Кўнгилдан қилча ҳам ҳид етказмаса,
Менга яқинлашма, ай, тирик бўса!
«Севдим» деганларинг ёлғондир сенинг!..

1925 йил 19 январ, Тошкент

ГАЛДИР

Мен дутор бирлан туғишғон кўҳна бир девонаман,
Ул туғишқоним билан бир ўтда доим ёнаман.

Дилларида ғам тўла бечораларга ёрман,
Вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман.

Мен дуторнинг торларига беркиниб олсам агар,
Пардаларнинг ҳар бири бергай бўлак ғамдан хабар.

Пардалар узра юриб турган одам бармоқлари
Кўкрагимдан кўп босар, шундан бўлур толмоқлари.

Икки торни қақшатиб, бармоқлар ўтса тўхтамай,
Ғамли ун чиқмас ўшал торларда Галдир йиғламай.

Аҳли ғамлар мен каби мажнунсифат галдир бўлар,
Шул сабабдан банданинг номини Галдир қўйдилар…

Йўқ ишим ҳоким, амалдор, шоҳу хоқонлар билан,
Биргадурман доимо ҳамдард бўлғонлар билан!..

1925 йил 26 март, Андижон

МЕН ШОИРМИ?

“Таржимаи ҳолим”га

Хаёлим бир учиб, кетиб қоладир,
Мен ҳам тизгинини қўйиб берамен.
Зотан, қандоқ қилиб тутиб турамен?!
Энг нозик қилимга тегиб қоладир.

Учадир… учадир… минг қабат кўкни,
Бир бошдан сийпалаб ўта берадир.
Зерикмай, эринмай кета берадир,
Баъзан ҳовлиқтириб жинни юракни…

Кўланка кабидир, ўткан еридан
Сўнгра қарасангиз, бир нишон қолмас,
Юрган ерларидан озиқ ҳам олмас,
Шунда зерикамен унинг сайридан…

Бир замон бир ширин жойга етканда,
Нарига ўтмасдан тўхтаб қоладир,
Ошиқдек ястаниб, ётиб оладир…
Шу чоқда қийналиш бошланар менда.

Чунки хаёлимнинг кўзлари билан
Бир гўзал ҳолатни кўриб турамен,
Лаззатга ғарқ бўлиб, ўлиб турамен
У ҳолни борлиқнинг сўзлари билан

Англатиш қўлимдан келмай қоладир,
Шул чоқда тилларим қалдираб кетиб,
Борлиғим йўқликка ғилдираб кетиб
Демаким: “Бошқалар билмай қоладир –

Шундай гўзалликни! Аттанг, агар мен
Рассом бўлсам эди, чизиб берардим,
Ўхшаш нусха билан ёзиб берардим.
Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?!.”

Шоирлик менда бир соями деймен,
Ҳар бир тушунчамни ёза олмагач,
Рассомдек хаёлни чиза олмагач,
Ҳақир борлиғимга кўп афсус еймен…

Хаёлим юксакдан тушиб кетадир,
Шоирлик чанг бўлиб, учиб кетадир…

1926 йил

БАҲОРНИ СОҒИНДИМ…

Баҳорни соғиндим, баҳорни…
Кўрганда ерлар, оламлар тўла қорни.
Қор… қор —
Заҳарли ниналар каби
Кўзларга қараб оқар…
Қайдасен, қайдасен,
Латиф сийналар каби
Далаларга сингган баҳор?
Тала-туз,
Экин-тикин…
Ғамгин-ғамгин
Сўла бошлади.
Сарғайган япроқ,
Бўяниб тупроқ
Ўла бошлади, ўла бошлади…
Йўқ… ўлим йўқдир!
Ёлғиз бир ўчиб, бир сўниш бордир.
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор.
Яна баҳорлар,
Яна лолалар,
Яна сиз, эй… эркин тилаклар!..

1926 йил 16 сентябр, Самарқанд

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 257

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *