Абдулла Орипов. «Танланган асарлар»дан шеърлар

СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?

Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан изингни.
Ёноғингдан ранг олган дедим –
Лолазорга бурдим юзимни,
Учратмадим аммо ўзингни,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

Узоқларда залворли тоғлар
Хаёлимни келдилар босиб.
Кечди қанча интизор чоғлар,
Васлинг менга бўлмади насиб,
Сенсиз мен ҳам, баҳор ҳам ғариб,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

Ўнгирларда сакрайди оҳу,
Наъматакда саъва миттижон.
Қорликлардан сипқарилган сув,
Дараларда уради жавлон.
Нигоҳимдан фақат сен пинҳон,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

Мана, бугун наврўзи олам,
Дўстларимга гуллар тутарман.
Қайлардасан, севгили эркам…
Қўлимда гул, сени кутарман,
Умрим бўйи чорлаб ўтарман,
– Сен баҳорни соғинмадингми?

1963Abdulla Oripov 1

МЕН НЕЧУН СЕВАМАН ЎЗБЕКИСТОННИ?

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.
Нечун Ватан дея еру осмонни,
Муқаддас атайман, атайман танҳо.
Аслида дунёда танҳо нима бор?
Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?
Ёки қуёшими севгимга сабаб?
Ахир қуёшли-ку бутун Осиё.
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Боғларин жаннат деб кўз-кўз этаман.
Нечун ардоқларкан тупроғини мен,
Ўпаман: «Тупроғинг бебаҳо, Ватан…»
Аслида тупроқни одил табиат,
Тақсим айлаган-ку, ер юзига тенг
Нечун бу тупроқ деб йиғлади Фурқат,
О, Қашқар тупроғи, қашшоқмидинг сен?
Хўш, нечун севасан Ўзбекистонни,
Сабабини айтгин, десалар менга,
Шоирона, гўзал сўзлардан олдин,
Мен таъзим қиламан она халқимга:
Халқим, тарих ҳукми сени агарда,
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?
Ватанлар,
Ватанлар,
Майли, гулласин,
Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо,
Юртим, сени фақат бойликларинг-чун
Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!

1964

«МУНОЖОТ»НИ ТИНГЛАБ…

Қани айт, мақсадинг нимадир сенинг,
Нега тилкалайсан бағримни, оҳанг,
Нечун керак бўлди сенга кўз ёшим,
Нечун керак, рубоб, сенга шунча ғам!

Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,
Қайлардан келмоқда бу оҳу фарёд.
Ким у йиғлаётган? Навоиймикин,
Ва ё май куйчиси Ҳайёммикин, дод!

Етар, эй чолғучи, бас қил созингни,
Бас, етар, кўксимга урмагил ханжар,
Наҳотки дунёда шунча ғам бордир…
Агар шу «Муножот» рост бўлса агар.

Агар алдамаса шу совуқ симлар,
Гар шул эшитганим бўлмаса рўё.
Сен бешик эмассан, дорсан, табиат,
Сен она эмассан, жаллодсан, дунё!

Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,
Асрлар ғамини сўйлар «Муножот».
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзод!

1964

ОНА ТИЛИМ

Минг йилларким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!

1965

ТИЛЛА БАЛИҚЧА

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузча томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёптилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…

1965

ДОРБОЗ

Булутларга ёндош, осмон остида,
Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.
Қиличнинг дамидай арқон устида,
Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.

Одамлар, одамлар, уни олқишланг,
Қаранг, у нақадар эпчил ва ўктам,
Биз-чи, эҳ.. баъзи бир кўзи очиқлар
Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам.

1965

***
Чувалади ўйларим сенсиз,
Хаёлимга тароқ ургайман.
Менинг қўлим етмаган юлдуз,
Тушларимда сени кўргайман.

Баланддасан тоғлар қоридан,
Чақирасан мени илгари.
Ёлбораман арвоҳ ортидан
Интилувчи Ҳамлет сингари.

Маҳшаргача, майлига, кетай,
Кетай, майли, бўлиб овора.
Сени сўраб қўймаса нетай
Ерда қолган севги бечора.

1966

***
Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси,
Танимни жунжитар оқшом шамоли.
Нега бунча ғамгин найнинг навоси,
Нега қалбим тўла ўкинч ва малол?

Барглар орасига тинмасдан сира
Ошно юлдузлардан тўкилади нур.
Билмайман, қийнайди қайси хотира,
Титроқ юлдуз каби музлаган шуур.

Мағлуб баҳодирнинг найзаси мисол
Маъюс эгилади терак учлари,
Барглар соясида ўйнайди беҳол
Уйқудаги қизнинг бедор тушлари.

Атрофимда ётар гариб бир виқор,
Билмам, нега ўчди қалбим сафоси.
Нима ҳам қилардим, на иложим бор.
Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси.

1967

ОНА

Кўкда юлдуз учса ногаҳон,
Битди, дерлар қайси бир тақдир.
Бундай ғамни кўтармак осон,
Бу эҳтимол, бизлар ҳақдадир.
Баъзи тунлар кўкка тикиб кўз,
Эслаб дейман онамни шу он:
Она кетса, юлдуз-ку юлдуз
Қулаб тушса арзийди осмон.

1967

***
Оталар боладан ранжиса озроқ,
Гоҳида шундайин сўзни дейдилар:
“Болам, кексаларни қадрла кўпроқ,
Боғлаб қўйган эмас бизни”, дейдилар.

Кекса дилингизга  тушмасин титроқ,
Оталар, чайқалиб турибди олам.
Сиз ҳам болаларни қадрланг кўпроқ,
Боғлаб қўйган эмас болаларни ҳам.

1967

БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро ҳам тушдим баъзан, қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан,
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Ҳолбуки, орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юлдуздай куйганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб, сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги оҳим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.

1968

РУҲИМ

Вужуд деганлари асли нимадир?
Дайр денгизида юрган кемадир.

Бир кун бир қояга урилгай кема,
Руҳим, сен вужуднинг ғамини ема.

Юксак фазоларда айлагил парвоз,
Сенда на оҳанг бор ва на бор овоз.

Сенга на бўронлар кор қила олур,
Сени на йўқотиб, бор қила олур.

Сен мисли камалак — юксак ва сўлмас,
Камалакни эса парчалаб бўлмас.

1969

ИЛТИЖО

Юзларингни майлига яшир,
Керак эмас нозлар, имолар.
Гўзалликнинг қошида ахир
Чўкка тушган ҳатто худолар.

Кимга фойда беҳуда жунун,
Ва дунёга ғавғо солишдан.
Айрилиқдан қўрқмасман бу кун,
Мен қўрқаман севиб қолишдан.

1970

ШОИР

Демангиз, дунёнинг ташвиши қолиб,
Ўзини ҳар ёнга уради шоир.
Тоғдай оғир юкни кифтида олиб,
Қушдай енгил бўлиб юради шоир.

1970

НОМАЪЛУМ ОДАМ

У на шоир эди ва на машҳур зот,
Лекин дунё билан бир эди дарди.
У ҳам бошқалардай кечириб ҳаёт,
Шошиб ишга бориб, секин қайтарди.

Англарди дунёни у ҳам хўп теран,
Маъюс боқар эди ботгувчи кунга.
Баъзида юраги ёнгани билан
Парво қилмас эди ҳеч қачон бунга.

У қабр устида сўзламади нутқ,
Табрик ҳам айтмади тўйларда хандон.
Ўлим бу – нишонга бориб теккан ўқ,
Туғилиш – шиддат-ла тортилган камон.

Шон-шуҳрат талашган турфа хил ғариб,
Шўрлик кимсаларга кулиб боқарди.
Юрмасди ҳар қайда илинж ахтариб,
Қалбида бир дарё гувлаб оқарди.

Бировнинг у билан бўлмади иши,
У ҳам дуч келганга очмади юрак.
Насаб, икир-чикир, мол-мулк ташвиши
Уни этолмади зарра жонсарак.

Лоқайдни дўппосла, деса эҳтимол
Унга ёпишарди нокаснинг бари.
Унинг кўзларида ёнарди беҳол
Йироқ юлдузларнинг сирли нурлари.

Оламнинг бу майда ғалваси нечун?
Бари ўтадиган, бари нокерак.
Тариқдай заминнинг устида беун
Яшаб ўтди шундоқ буюк бир юрак.

Қайдан келганди у? Билмади кимса,
Қабрига ҳам жимжит кириб кетди у.
Менимча, дунёнинг устидан роса
Мириқиб қаҳқаҳа уриб кетди у.

1971

НЕКРАСОВ ҲАСРАТИ
(Шоирни ўқиб)

Пушкин шеъри ҳали янграрди мағрур,
Лермонтов чарақлар назм осмонида.
Шоир бўлиш қийин,
Шоир бўлиш оғир
Шундай буюкларнинг Каҳкашонида.

Шоир хаёлларга берилади, бас
Ерёмушка йиғлар саҳар чоғида.
Фақат шоир бўлиш…
Бу ҳали етмас,
То кишан бор экан юрт оёғида.

Нечун кулфатларга тўла бу ҳаёт,
Нечун мужик ҳолин бўлмайди куйлаб?
Сўнгсиз ҳасратларга кўмилган бу зот,
Кезади кимсасиз Петербург бўйлаб.

Некрасов ҳасрати, о, рус ҳасрати,
Поёнинг бормикан, ҳаддинг бормикан?
Сенсан – бу аёвсиз Сибирь даҳшати
Ва мужик қалбига санчилган тикан.

Шоир қаламида ҳасратлар қат-қат,
Шоирни чулғайди ўйлар дафъатан.
Яшаб қолармикан шеърим оқибат,
Озод бўлармикан нотавон Ватан?
,
Пушкин шеъри ҳали янграрди мағрур,
Лермонтов чарақлар назм осмонида.
Шоир бўлиш қийин,
Шоир бўлиш оғир
Бундай буюкларнинг Каҳкашонида.

1971

***
Булбул ўгай эрур зоғлар орасида,
Югурик сув ўгай тоғлар орасида.
Муҳаббат дардидан бемор қалбларимиз,
Ўгай бўлсак не тонг соғлар орасида.

1971

СОҒИНЧ

Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғиз оёқ йўл.
Барча ташвишларни унутиб, шодон,
Қайтгим келаётир қошингга буткул.

Қисмат майин ичдим – аччиқ ва тахир,
Туйдим эҳтироснинг самовий кучин.
Дунёда одамзод яшамас ахир
Фақат иродасин синамоқ учун.

Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғиз оёқ йўл.
Барча ташвишларни унутиб, шодон,
Қайта олсам эди қошингга буткул.

1972

УМР

Қалбимда гоҳ ғурур, гоҳида фараҳ,
Шу учқур дунёни турфа кўрибман.
Юртма-юрт, элма-эл, фарсах-бафарсах
Умрим довонларин ўлчаб юрибман.

Умр-ку ўтади гулдурос солиб,
Унинг ўтганини ким ҳам кўрибди?
Во ажаб, қай бир зот, ўз умри қолиб,
Менинг қадамимни ўлчаб юрибди…

1973

МЕН АНГЛАБ ЕТГАН ФАЛСАФА

Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло
Молим ёмон деган бирор кимсани.

1973   

***
Саҳро сўқмоғида бошин эгиб жим,
Бир кимса кетмоқда, билмасман, у ким.
Агар у сен бўлсанг, қошингга борай,
Агар у мен бўлсам, тезроқ кел, дўстим.

1975

***
Тингла, бу абадий садо бўлади,
Гадонинг душмани гадо бўлади.
Иккови бир-бирин егунича то,
Ўртада бу дунё адо бўлади.

1975

ЙИЛЛАР АРМОНИ

Кимгадир яхши гап айтдик,биродар,
Кимдир бир умрга ранжиб ҳам кетди.
Кун кеча ёш дердик ўзни бир қадар,
Бугун-чи, балоғат пайти ҳам етди.

Инсон ўз умрини ўйласа кўп вақт,
Қийнайди ўзидан ўтган қусурлар.
Кимгадир айтилмай қолган бир раҳмат,
Кимдандир сўралмай қолган узрлар.

Мукаммал кўрмоқчи бўлдик дунёни,
Етук бўлолмадик ўзимиз бироқ.
О, йиллар армони, йиллар армони,
Армон кўрмадим мен сиздан буюкроқ!

Инсонга тобемас замон, инчунун,
Инсон юрагида аламлар қат-қат.
Факат бир таскин бор, барчаси учун
Афсус чека билсанг – шу ҳам бир давлат

1977

ИНСОН ҚАЛБИ

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда миллат яшар, унда тил яшар.
Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,
Унда истиқомат қилади башар.

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,
Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!..

1979

ҚЎРИҚХОНА

Асраймиз ўсимлик хилларин тайин,
Асраймиз ҳайвонлар камёб зотини.
Ҳатто атрофларин ўраб атайин
Қўриқхона деймиз сўнгра отини.

Саёқ овчиларга у ён йўл бўлсин,
Жарима соламиз, қамаймиз ҳатто.
То у жонзодларни тинчига қўйсин,
Қирилиб битмасин тирик дунё то.

Мунис мавжудотга меҳру шафқат бу,
Бу инсон қалбида балққан ҳамият.
То яшар қайдадир бу янглиғ туйғу,
Ҳар нечук, қирилиб кетмас табиат.

Оламда кўп нарса камёб бир қадар,
Не-не туйғулар ҳам камёбдир, алҳол.
Мен дердим соф қалбни учратган сафар,
Дарҳол ўраб олинг атрофин, дарҳол.

Инсоф йўқолмасин, ўранг мустаҳкам,
То уни юзсизлик этмасин хароб.
Эзгуликни асранг, оламда у ҳам
Тождор турна каби бўлмасин камёб.

Оқибатни асранг, оқибат гўё
Айиқдай қайдадир топмасин завол.
Ҳаёни асрангиз, куймасин ҳаё
Оташга дуч келган полапон мисол.

Имонни асрангиз, у доим танҳо,
Ундадир мужассам инсон матлаби.
Авлодлар ахтариб юрмасинлар то,
Уни аллақандай Қор одам каби.

Виждонни асрангиз ҳар недан ортиқ,
Ягона заминни асрагансимон.
Боболардан қолган ноёб бу тортиқ
Токи авлодларга етолсин омон.

Эзгу, латиф ҳислар бўлмасин таҳқир,
Булбулни бойқушга топширманг зинҳор.
Худбин ва дилозор кимсанинг, ахир,
Оғзи қон йиртқичдан қандай фарқи бор?!

Тўқайга ўт кетса ёнгай бус-бутун,
Адолат борлиққа ёлғиз онадир.
Дунё ҳам, инсонлар қалби ҳам бугун
Ёвузликдан зада Қўриқхонадир.

1980

ДУНЁНИ ҚИЗҒАНМА

Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Мен сенинг кўчангдан ўтмасман зинҳор.
Менинг бу оламда ўз айтар сўзим
Ва ўзим сиғинар мозорларим бор.

Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Сен ичган булоқдан ичмасман асло.
Сен юрган тоғларда қолмагай изим,
Сен кечган дарёдан кечмасман асло.

Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Қалбингни ёқмасин шубҳа ва сўроқ,
Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,
У сенинг кулбангдан жуда  ҳам йироқ.

1980

***
Сен қайдан биласан,
Балки юлдузлар
Менга сирларини
Сўйлаётгандир.
Сен қайдан биласан,
Балки бу кўзлар
Унсиз бир қўшиқни
Куйлаётгандир.
Сен қайдан биласан,
Балки кенг олам
Шу мўъжаз қалбимга
Бўйлаётгандир.
Сен қайдан биласан,
Балки мени ҳам
Кимдир қайдадир жим
Ўйлаётгандир…

1980

***
Дейдилар ит ҳурур – ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг.

1980

ОЛОМОНГА

Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Лорка отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё,
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан эй, сен – оломон?!

1980

***
Муаллақ гапларни сўйлама менга,
Энди мен ер узра топганман қўним.
Инсон деб фалакка ҳайқирмоқ нега,
Инсон ёнингда-ку, у менинг қўшним.

Иқбол деб беҳуда чекасан ёҳу,
Оҳинг бу – фолбиннинг даракларидир.
Асрим, асрим дейсан, асринг нима у!
У тўзғоқ календар варақларидир.

Боғингда бир ниҳол гуллабди бу кеч,
Эрта қийғос бўлар олма нопармон.
Илк баҳор заҳрини ўйладингми ҳеч,
Заминда не армон, сенда не армон.

Бир вақтлар илҳомнинг ўтли тиғида,
Фалакни кўзларди менинг ҳам созим.
Лекин икки дарё оралиғида,
Қолиб кетди менинг ўша овозим.

1981

ШОИР УМРИ

Дарахтни ҳамиша ўрайди шамол,
Шоирни ташвишлар чулғар ҳамиша.
Сен шоир умрини дема безавол
Унинг ҳам ҳар они ташвишга пеша.
Қара-я, ўтибди қирқ йил муттасил,
Яшабман юлдузлар остида карахт.
Оҳ, шоир умрига ҳавас қилмагил,
У қуюн ичида унган бир дарахт.

1981

МЕНИ ОЛИБ КЕТИНГ

Тинч эди ҳаммаёқ, тинч эди ҳар ён,
Гўёки титради ер билан осмон,
Бошимга хасталик тушди ногаҳон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Иссиқ жон дейдилар, жон бўлса бўлар,
Пайт келса чечак ҳам сарғаяр, сўлар.
Ким билгай, паймонанг қай ерда тўлар,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Гинам бор бу юртнинг на ҳавосидан,
Меҳрибон докторнинг на давосидан.
Қайтарманг хастани муддаосидан,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Шаънимга ғаюрлар бир сўз демасин,
Ҳар ким ўзи тортар умр кемасин.
Ҳеч кимни муштоқлик дарди емасин,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

Талпинган диёрим, у – Ўзбекистон!
Сеҳрини айтишга борми ҳеч имкон!
Йўқ, ўзга юртларда беролмасман жон,
Мени олиб кетинг ўз диёримга.

1981, Москва

АРСЛОН ЧОРЛАГАНДИ...Abdulla Oripov va Erkin Vohidov

Эркин Воҳидовга

Биз ҳам юксакларга тиккандик кўзни,
Бизда ҳам бор эди матонат, бардош.
Арслон чорлаганди қошига бизни,
Лекин қумурсқалар бўлди сафардош.

Жами тирикликка таниш шу хатар,
Қумурсқа яралган ёппа таларга.
Дўстим, алам қилар, арслон бехабар,
Ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга.

1982

***
Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган
Ҳаёт кимга асал,кимга қанд берган,
Эй ғофил, саркаш деб мени камситма,
Ғаним сенга эмас,менга панд берган.

1984

ОНА ДЕГАН НОМ…

Дейдилар, қаҳрли баҳодирлар ҳам
Жангларда жон берар чоғи мардона,
Беҳад азобларга чидаб сўнгги дам,
Битта сўз дермишлар шивирлаб: Она.

Улуғ бир донишманд оламни шарҳлаб,
Ахийри танибди туққан элини.
Забон бахш этганга эҳтиром сақлаб,
Она, деб атабди илк бор тилини.

Дунё шоирлари Ватан шаънига
Сифат ахтармишлар қатор ва қатор.
Ниҳоят, келмишлар битта маънига:
Она Ватан дея битмишлар ашъор.

Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр,
Такрор айтилганда рангсиздир калом.
Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,
Биттадир дунёда Она деган ном!

1986

ИШОНЧ КЎПРИКЛАРИ

Юздан парда кетса,
Дилдан диёнат,
Меҳр ришталари зимдан узилса;
Юракларни босса шубҳа, хиёнат,
Ишонч кўприклари бузилса;

Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,
Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар:
Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,
Ғазналарга чўзилса қўллар;

Болалар руҳига ҳаёт деган дарс
Манманлик уруғин жойласа;
Ошиқлар кўчада маъшуқасин эмас,
Кимнингдир қадамин пойласа;

Элнинг шоирлари ғаним зотлар каби
Бир-бирларин ғажиб есалар;
Минбаларга чиқса кўча – кўйнинг гапи,
Андишани қўрқоқ десалар…

Бундай юртда энди қирғин шарт эмас,
Вабо ҳам қочади ундан йироққа;
Ҳатто дарёлари қурир басма-бас,
Ҳатто тупроқлари тушар титроққа,

Халқим, бундайларни кўргансан азал,
Кўп чеккансан улар озорин, доғин.
Сен енгиб ўтгансан, лекин ҳар маҳал,
Халқим, топинаман ўзингга тағин.

1986

КЕКСА МУҲОЖИР

– Нега қаддинг эгик, нега бошинг хам,
Нега нигоҳингни тортади тупроқ?
– Менинг ер устида танишларим кам,
Менинг ер остида дўстларим кўпроқ.

1986

ИНСОН ҲУРМАТИ

Соқоли кўксига тушса ҳам гарчанд,
Инсон аталмагай масалан, серка.
Одамлик ҳурмати шунчалар баланд,
Уни ураберма ҳар нафас ерга.

Бугунча эмаклаб юрган шу жужуқ,
Эртан кашф этади балки дунёлар.
Тириклик сен билан барҳам топмас, йўқ
Ҳамиша оқади оққан дарёлар.

Итқит жаҳолатни, ақлга юз тут,
Бунчалар эътиқод қўйма жабрга.
Бир куни кўз юмсанг, сени ҳам эл-юрт
Бошида кўтариб элтар қабрга.

1986     

БАҲОР КЕЛАЁТИР

Баҳор келаётир,
Тоза, мусаффо.
Мовий кенгликларда ўйнайди шамол.
Даралар қўйнида зангор бир ҳаво,
Туманли шаҳр ичра ётмоқлик малол.

Қоялар кўксида шодмон, беқайғу
Оний умри билан солланар чечак.
Баҳор — энг покиза шаббодадир бу,
Баҳор — энг  тоза бир шамолдир демак.

Кенгликлар бағрига ураман ўзни,
Кўзимга кўрингай дилбар диёрим.
Гўдак нафасидек юпатар юзни,
Қиш бўйи интизор кутган баҳорим.

Баҳор-ку ўтади шамолдек шитоб,
Майли ўтажак у ва ўтар бўлсин.
Азизим, умрингда ҳаво бўлсин соф,
Умринг шамоллари муаттар бўлсин…

1987

ИСМ ҲАҚИДА

Хаёлимга келар гоҳ ғалат бир гап,
Гар уни эл аро сўйлаб юрмасман.
Билмадим не боис, билмам не сабаб,
Исмимни бировга раво кўрмасман.

Улуғ отдошларим мақоми юксак,
Мен шогирд эрурман гарчанд аларга.
Ҳар нечук, бир гапни айтмоғим керак:
Осон бўлмаган ҳеч Абдуллаларга.

1987

ХАТОЛАРИНГ КЕРАК УЛАРГА

Шундайлар бор, сенга лутф айлаб,
Дўстман дея қўлин тутарлар.
Лекин ҳар зум қадаминг пойлаб
Хато қилишингни кутарлар.

Хато қилсанг, уларга байрам,
Йўқса, заҳру заққум ютарлар.
Майли жиндек, зарра бўлса ҳам
Хато қилишингни кутарлар.

Хатоларинг керак уларга,
Шох-новдангни дарҳол бутарлар.
Тағин кунни улаб тунларга,
Хато қилишингни кутарлар.

Ахтарурлар ҳамиша иллат,
Етти пуштинг гўрин титарлар.
Фақат унма, улғайма фақат,
Хато қилишингни кутарлар.

Улар сенга бир умр йўлдош,
Содиқ хамроҳ каби ўтарлар.
Қабринг узра эгсалар ҳам бош
Хато қилишингни кутарлар.

1987

ҲАР НЕЧУК

Дунёда ҳар кимнинг бор ўз матлаби,
Туя сўраб бўлмас эчкибоқардан.
Писмиқдан файласуф чиқмаган каби,
Ҳақгўй ҳам чиқмайди бетгачопардан.

Ким ўзар ўйнасанг тошбақа билан,
Бўйнингга олурсан унга тенгликни.
Дунёнинг ишлари шунақа экан,
Ҳар нечук одат қил феъли кенгликни.

1987A.Oripov

ГАП БИТТА

Парво қилма, бўлмаганни бўлдирамиз,
Паймонаси тўлмаганни тўлдирамиз.
Бир замонлар отар эдик, осар эдик,
Энди эса мажлис қилиб ўлдирамиз.

1988

***
Дунёнинг ғалати йўриғига боқ,
Кимга айш ташнаю кимга дор муштоқ
Лекин ҳаммасидан маъно биттадир:
Қурбон олдин кетар, жаллод кейинроқ.

1991

ИБОДАТ

Дунёдан розиман дема ҳеч қачон,
Десанг ҳам, сўйлагил саҳрога, тоққа.
Чунки сени тинглаб, кимдир ўша он.
Нега розисан, деб тутгай сўроққа.

Дунёдан норизо бўлсанг ҳам агар,
Сўз дема, бардош қил азоб, фироққа.
Чунки сени тинглаб, кимлардир батта
Нега, деб албатта тутгай сўроққа.

Дунё ишларига боқма ҳеч ҳайрон,
Жимгина назар сол кўҳна бу корга.
Олис кечалари ёлғиз қолган он,
Дилингни оч фақат Парвардигорга.

1991A.Oripov 2

Абдулла ОРИПОВ (1941–2016) – 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Халқ шоири (1990), Ўзбекистон Қаҳрамони (1998). ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факултетини тугатган (1963). Илк шеърлар тўплами – «Митти юлдуз» (1965).
«Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) сингари шеърий китоблари нашр этилган. «Жаннатга йўл» (1978), «Соҳибқирон» (1996) достонлари муаллифи. Дантенинг «Илоҳий комедия»сини, А. Н. Некрасов, Л. Украинка, Т. Шевченко, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матнини ёзган (1992). Алишер Навоий номидаги (1992), Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати.
Абдулла Орипов 2016 йил 5 ноябр куни оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Шоирнинг охирати обод бўлсин.
P.S. Саҳифада имкон қадар Абдулла Орипов шеъриятининг хос жиҳатларини ўзида акс эттирган, эл аро машҳур шеърларини йиғишга ҳаракат қилдик. Сайтимизда улуғ шоир шеърларидан яна намуналар бериб борилади.

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 598

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *