Абдулла Қаҳҳор тилимиз тўғрисида

* Жуда бой, чиройли тилимиз бор. Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ!
* Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?
* Ўзбек тилида яхши фикр ва туйғуларни ифода қилиб бўлмайди деган назарияни Навоий бундан беш юз йил бурун тор-мор қилган.
* Ажиб бир тил пайдо бўлаяпти. Қаранг: “Ҳашак” деб қўя қолмайди, албатта “дағал ҳашак” дейди. Жўхорипоя ё кўк поя демайди, албатта “яшил масса” дейди… Ёки мана бунисини ўқинг: “Чорвачилик фермаларига кўпроқ яхши ем-ҳашак жамлаш керак”, демайди, албатта: “Чорвачилик фермалари ўзларининг кенг-мўл ем-хашакларига эга бўлсин учун бу ем-хашакларни планда мўлжалланганидан орттириб жамғаришни бевосита таъминлаш чораларини кўриш керак”, деб ёзади. Чунки бу тилда гапириб бўлмайди, фақат ёзиб бўлади.
* Аруз вазнида ёзадиган шоир ҳозирги адабий тилнинг табиий қонуний тараққиёти йўлига ғов бўлмаслиги, ҳозирги адабий тилимизнинг ҳамма қонун-қоидаларига бўйсуниши керак.
* Баъзи китобларнинг тилига ҳайрон қоламан. Қаҳрамони одамга ўхшаб гапирмайди.
* Гап қанча яхши бўлса, у шунча қисқа бўлади.
* Дунёда қалб ҳарорати билан жон киргизилмаган нутқ – ўлик нутқдан совуқроқ нарса бормикин!
* Тирик, яъни юракдан чиққан жўшқин нутқ ўликни тирилтирса, ўлик, яъни юракдан чиқмаган совуқ нутқ дарҳақиқат, ўликка ҳам озор етказади.
* Институтни битиргандан кейин жойларга бориб ўқувчиларга инглиз, немис, испан, француз тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар борадиган жойларингга чет тиллар билан бирга (балки биринчи навбатда) ўз она тилимиз – ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоятда чиройли, ҳар қандай фикр ва туйғуни ифода қилишга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!
* Кўп гап ёлғоннинг юзини пардалаш учун керак. Қисқа ёзиш учун қаттиқ меҳнат, эринмай ўқиш керак.
* Кўпинча оилаларда болалар ўз она тилини мутлақо билмайди! Бу ота-онани заррача ҳам ташвишга солмайди.Баъзи бир оилаларда болалар ўз она тилида гапиргани номус қилади. Баъзи одамлар шуни интернационализм дейишади. Бунинг нимаси интернационализм?!
* Ўзбекистонда “миллатим ўзбегу она тилим рус тили” деб ёзадиган бир неча минг киши бор эмиш? Агар шу гап рост бўлса демак, Ўзбекистонда фалон минг ўзбек ўз она тилини йўқотипти деган сўз! Наинки, шу мақтанадиган гап бўлса!
* Одамлар борки, бисотидаги бир ҳовуч сўзни айлантириб ойлигини олаверади, ўқиш-ўрганиш билан ўзбек тилининг имкониятидан тўлароқ фойдаланишни истамайди ёки бунга фаросати етмайди. Мана шу одамларнинг дангасалиги ёки фаросатсизлиги, чала мулла “олим”ларнинг илмий фаолияти оқибатида шундоқ бир тил вужудга келганки, на муомалада, на суҳбатда, на оилада ҳеч ким бу тилда гапирмайди.
* Мен бу гапни тилимизнинг бойлигига дахл қиладиган, ҳусн-латофатини бузадиган, тилимизни “таҳрир” қилишга қаратилган қилиқларга барҳам бериш мақсадидагина айтаётганим йўқ. Бу гапнинг фақат тилимизгагина эмас, тузумимизга ҳам алоқаси бор.
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *