Абдулла Қаҳҳор. Уят

Уят фақат инсонга хос туйғудир*. Ҳайвон уят пайдо қилолмагани учун инсонга яқинлашолмайди, лекин инсон уятини йўқотиб ҳайвонга яқинлашиб қолиши мумкин.
Оёғи ёки тили билан гандираклаб юрган мастга, қўлга тушиб ёки қўлга тушишдан қўрқиб эс-ҳушини йўқотган ўғрига, ҳийла-найранги фош бўлиб безрайиб турган товламачига, дуч келган аёлга эшак тили билан “муҳаббат” изҳор қилган махлуққа разм солинг, буларнинг қайси бири ва нимаси ҳайвондан ортиқ? Тил-жағи дейсизми? Шоирдан эшитинг:
Қачон одам қаторига санарлар,
Бор ўлган бирла эчкунинг соқоли!..
Буларнинг тил-жағи эчкининг соқолидай гап – одамлик нишонаси эмас.
Бир донишманд уятни “виждоннинг сиртқи кўриниши” дебди. Демак, уятсизлик билан беадаблик, беадаблик билан ахлоқсизлик, ахлоқсизлик билан жинояткорлик орасида қалин девор йўқ, буларнинг ҳар бири виждонсизликнинг турли босқичидир. Модомики шундоқ экан, уятни жамиятимизни бало-қазодан сақлайдиган буюк посбон дейиш мумкин.
Ёв қалъани олмоқчи бўлса, ҳужумни посбонни босишдан бошлайди. Посбонни қўлга олиш қалъага рахна солиш демакдир.
Жамиятимизга ёв от солдирмоқчи, шу мақсадда пиянисталар, фосиқлар, ўғрилар, товламачилар, порахўрлар, амалпарастлар, безорилар ва бошқа чиқит одамлар қўли билан улуғ посбонимизга ҳамла қилаётибди…
Биз одоб учун кураш олиб борар эканмиз, бу йўлда кўрадиган чораларимиз, жорий қиладиган тадбирларимиз биринчи навбатда улуғ посбонимиз бўлмиш уятни душман ҳамласидан мудофаа қилишга қаратилиши зарур.
Одобсизлик тараққий топиб етиб борадиган жойи – “жиноят” деган нарса айтмоққа осон, унинг замирида барбод этилган саломатлик, номус, ноҳақ тўкилган ҳовуч-ҳовуч кўзёши ётади. Биладиган одамларнинг айтишига қараганда, ҳозир содир бўлаётган жиноятларнинг 80 фоизи ичкилик орқасида содир бўляпти. Модомики, шундоқ экан, нима учун автобусга яланғоч чиқиш, дастурхон устида рўмолчага бурун қоқиш беадабчилиг-у, гавжум жойларга ичкилик ичиб бориш, одамларга жирканч бир алпозда кўриниш беадабчилик эмас? Нима учун арақхўр маст ҳолда милицияга кўринишдан ҳайиқади, ҳушёрхонага тушишдан қўрқади-ю, уят деган нарсани хаёлига ҳам келтирмайди. Ичкилик ичиш қачондан бери, нима учун айб бўлмай қолди?
Биз кўпинча “ёшларимизнинг тарбияси бузилаётипти” деймиз, ҳолбуки, бузуқ тарбия осмондан тушаётгани йўқ; ўтмиш қолдиғи тўғрисида гапирамиз, ҳолбуки, ҳеч қанақа ўтмиш қолдиғи маълум шарт-шароит бўлмаса давом этолмайди. Инқилобдан бурун ўзбекларнинг жирканч одатлари ҳам бор эди, шароит ўзгариши билан бу одатлардан ном-нишон қолмади. Биз кўпинча айбни ёшларга, ўтмишга тўнкаймиз-у, беадабчилик, ахлоқсизлик, жинояткорликка йўлланма берадиган ичкиликни тарғиб қилувчи, туриш-турмуши билан “ичкилик ичиш айб эмас” деб турган одамларни кўриб кўрмагандай бўламиз…
…Тўйларда “катталар” “мен сенга айтсам”га етгунча ичишади, оёқлари остида шиша йиғиштириб юрган болаларга парво ҳам қилишмайди. Бугина эмас, ўша “катталар” орасидаги энг ҳурматли одамлар ёшларга тилак тилаган бўлиб қадаҳ кўтаришади, ҳаммани ичишга, “оқ ичиш”га ундашади, шу билан ҳовлини, томларни тутиб кетган болаларнинг кўз ўнгида ичкиликка обрў туғдириб беришади. Модомики шундоқ экан, меҳмонлар тарқалгандан кейин столга бемалол ўтириб шишаларнинг юқини ичаётган болаларга қайси тил билан “ичкилик ичиш уят” деб бўлади?
Бошқа ҳамма одобсизликлар, ахлоқсизликлар, жиноятлар тўғрисида ҳам шуни айтиш мумкин…
Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Қонун фақат кўзи тушганда, шубҳа пайдо қилгандагина жиноятчининг қўлини ушлайди, йўлини тўсади. Уят эса ҳамиша одобсиз, ахлоқсиз жиноятчининг тепасида туриб, ножўя иш қилиш учун қўл кўтаргани қўймайди. Ҳар қандай қонунга чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади.

1966

* Мақола қисқартириб олинди.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 531

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *