Абдулла Қодирий: «Ухлаганларни, агар Қодир эсак, уйғотамиз…»

Qodiriy2Бугун (10 апрел) ўзбекнинг улуғ фарзанди, атоқли адиб Абдулла Қодирий таваллуд топган кун. Юрт қайғуси, миллатни бутун кўриш орзуси Қодирийни унча-мунча шоирга ҳам айлантирганди. Ёш Қодирий илк изланишларида шеърлар ҳам машқ қилган, уларни асосан шарқ мумтоз адабиётининг анъанавий шеър шакли ғазал жанрида битган эди…
Буюк маърифатпарвар бобомизнинг руҳи шод, охирати обод бўлсин.

ТЎЙ

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.

Бир-биридин ошурдилар тўйни,
Топди равнақ ғайрат ила боён тўй.

Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.

Боён тўйиға ерлилар қараб
Этди сарф токи тандаги жон тўй.

Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,
Амр этубдурму бизға Қуръон тўй.

Мундайин ишлар шаръимизда йўқ,
Кори маъжус, кори шайтон тўй.

Ишламас шундай ақллик киши
Йўламас асло аҳли виждон тўй.

Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерға яксон тўй.

Келингиз, дўстлар, дин қариндошлар,
Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

«Садойи Туркистон» 1915 йил, 64-сон, 20 март, 2-бет.

АҲВОЛИМИЗ

Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз.
Жойи келган чоғида виждонни пулға сотамиз.

Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак
На худони буйруғи бўлган улум ўрготамиз

Коримиз шундан иборат бўлди ушбу вақтда,
Ўнтадин бедона боқиб ёзу қиш сайротамиз

Ҳамда ҳар кун такяларда наша кўкнори чекиб
Баччаға кокил солиб, оҳ-воҳ илан ўйнотамиз.

Қаримиз, боёнимиз, балки бу вақт аҳволдамиз
Ногоҳон кўрсак агар бир бесоқолни қотамиз.

Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгучи,
Биз ани даҳрий санаб, тўфангча бирла отамиз.

Келингиз, ёшлар, зиёлилар, бу кун ғайрат қилинг,
Ухлаганларни, агар Қодир эсак, уйғотамиз.

1915

МИЛЛАТИМГА БИР ҚАРОР

Кел, эй миллат, бир кун бир маслаҳат билан қарор ўлсун,
Бу кундин ўтган ишларга пушаймон бирла ор ўлсун.

Қилайлик бул куни ҳайрат ҳама бирдан қилиб ҳиммат,
Жаҳолат чўл саҳросида минбаъд сабзавор ўлсун.

Бу нодонлик биза қилмиш эди тўрт фаслни қишдек,
Жаҳонни зимистони дўнуб фасли баҳор ўлсун.

Аяшмай кумуш-олтунни ҳамма боёнлар асло,
Солиб дорилфунунлар ҳам макотиблар ҳазор ўлсун.

Ўқушсун миллат авлоди бизни доим дуо айлаб,
Қилиб таҳсил улумларни фунуна яхши ёр ўлсун.

Очайлук жамиъатлар, кўб йиғайлик ҳам иноятлар,
Ки токи ятим ва бечора бекасға мадор ўлсун.

Неча чоғлар бўлубдурким, қочибмиз биз тараққийдин,
Бу кун бир илтифот бирлан бу йўлға бир гузор ўлсун.

Жаҳолат сассиғи бизни ҳамиша беҳузур этди,
Бу кун илмнинг бўйи бирлан димоғлар мушкибор ўлсун.

Бизнинг жоҳиллигимизни кўриб ул шод бўлганлар,
Кўриб машғулиятимизни илмға шармисор ўлсун.

Кимиким журъат айлаб, бул каломларға амал қилса,
Жаҳонда исми ани паҳлавон номдор ўлсун.

Бу кун мен сўзладим оз нутқ сиза то Қодир ўлгунча,
Илоҳи айласун таъсир шу сўз сизга бакор ўлсун.

ФИКР АЙЛАҒИЛ

Оқило, фикр айлағил, ки на ишлаюр аҳли ватан,
Қайси фосиқ, қайси жоҳил, қайсиси бўлди чапан?

Қилдилар бир-бириға душманликни ҳар вақт беибо,
Бир-бирини айбин очмоқға киришдилар бажан.

Ер сотарлар элда неча тўй бажо этмак учун,
Чунки бидъатин йўлида ҳам фидодур жону тан.

Пулни кўб исроф этармиз, бизға тўғри келмағай,
Тўлибон тошти бу вақт ул ақчалардин рестўран.

Занлари соҳибжамолу ҳам сатанг деб ўйлама,
Еб-ичиб жир битмаган андоқ сигири белабон.

Қизларин бўйнида кўруб зебигардон ҳам тумор,
Ўйламангиз олима деб жумласи нафъсиз, зиён.

Тушса пул қўлиға гар, соатча тўхтаб турмагай,
Чунки нодонни қўлида мушт туфроқдур суман.

Қодирий наздингиза оз ҳасратидин сўйлади,
Айб этуб қилманг ҳақорат, муҳтарам аҳли ватан.

Тошканд, Абдулла Қодирий жанобларингиздур.

«Оина» журнали, 1915 йил, 12-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin

https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 740

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *