Мўъжизани ким яратади?

Ёзувчи Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбат

– Абдуқаюм ака, сиз ўтган асрнинг 90-йилларида, бозор иқтисодиёти талотумларида суяги қотган адабий авлодга мансубсиз. Шу боис юртимизда илму маърифатнинг мавқеи тобора ошиб бораётгани – от айланиб қозиғини топаётганини айрича қадрлашингиз аниқ. Қаранг, ўтган йили ҳали қирққа ҳам кирмаган биолог олимимиз Иброҳим Абдураҳмонов БМТ шафелигида фаолият юритувчи Жаҳон фанлар академияси аъзоси бўлди. Зуваласи пишиқ, танглайи китоб билан кўтарилган ҳамюртларимиз бундан-да юксак марраларни эгаллашига шубҳа йўқ. Аммо эътиборингизни ташвиш­ли бошқа ҳолатга қаратмоқчимиз. Бугун жамиятимизда фарзандларини рус ёки инглиз боқча-мактабларида ўқитаётган ўзига тўқ оилалар сафи кенгайиб бораётир. Кўп тилни ўрганиш шоён таҳсинга лойиқ, албатта. Беҳбудий бобомиз айтганидек, маърифатли миллат фарзандлари камида тўрт тилни билмоғи лозим. Лекин ажнабийзабон боқча-мактабларда таҳсил кўраётган аксар ёш-яланг хорижий тилларни сув қилиб ичиб юборгани ҳолда, она тилимиз бойликларидан бебаҳра қолаётганини таассуф ила қайд этиш жоиз. Оврупо тилларида бийрон, ўзбекчадан эса паққос бехабар миллатдошларимизга дуч келганда миллий тафаккур ва миллий тил ялакатмағздек яхлит тушунчалар экани, ёзувчи Альбер Камю “Менинг ватаним – француз тили” деганида қанчалар ҳақ эканига ишонч ҳосил қиламиз. Бетга айтганнинг заҳри йўқ, очиқ гапираверинг, эҳтимол муболаға қилаётгандирмиз, балки “паҳлавон ўзбек тилимиз”нинг (Абдулла Орипов таъбири) эртасидан хавотирланишга ҳожат йўқдир…  

– Бозор иқтисодиёти талотумлари ҳақидаги фикрингизни эшитиб, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилида юз берган бир воқеа ёдимга тушди. Заводда ишлардим. Келгуси йил учун янги ускуна, жиҳозлар харид қилиш режасини кўтариб бошлиқлар олдига кирдим. “Режа-пежани қўйинг! – деб қолди улардан бири дабдурустдан. – Биз бозор иқтисодиётига ўтяпмиз. Ҳаммасини бозорнинг ўзи мувофиқлаштиради, ўзи бошқаради. Энди талаб ва таклиф асосида яшаймиз, тамом-вассалом!” Иккинчи раҳбарим янада собит ишонч, таъбир жоиз бўлса, мутаассибларча эъти­қод билан садо берди: “Энди тувагимиз тиллодан бўлиб кетади, ука!..”
Бу гапларга ишонмай бўлармиди?
Тез орада ҳаётимизга биз тамшаниб кутган бозор иқтисодиёти кириб келди ва… ҳеч қачон осмондан чалпак ёғилмаслигига яна бир бор иқрор бўлдик. Илло, обдон тарғиб-ташвиқ этилган, тамаддуннинг ягона ва ишончли воситаси сифатида тақдим этилган “бозор” тамғасининг орт тарафи, яъни шафқатсиз, ҳатто баъзи ҳолларда ғайриинсоний туюладиган жиҳатлари ҳам бор экан. Бир вақтлар Горький бобо аччиқ алам ила “сариқ иблис” деб атаган жилвагар қутқу айрим юртдошларимизнинг қалбини уч-тўрт танга билан забт эта бошлади. Етмиш йил давомида хусусий мулк бўралаб сўкиб келинган жамиятда онг-тафаккур, дунёқараш, қадриятлар ўзгарди; ўзи тўйса ҳам кўзи тўймайдиган оломон қатлами пайдо бўлди. Пўртана тиниб, юзага қалқиб чиққан хас-хашаклар “ўтники – ўтга” қабилида жойини топиши учун эса анча вақт керак бўларкан.
Сиз айтгандек, бизни тоблаган бу жараённи батафсил тасвирлаб ўтирмай, фақат сал кейинроқ бир иқтисодчи билан суҳбатимизни “Ёввойи бозордан маданий бозор сари” дея номлаганимни эслатиб ўтиш кифоя қилар.
Минг шукрки, улуғ адибимиз таъбири билан айтганда, биз оёғимизда лойимиз билан кириб келган янги асрда – интеллектуал салоҳият юз­йиллигида янгича фикрлайдиган, янгича мушоҳада юритадиган, янгича яшайдиган авлод шаклланди. Бундай пешонаси ярқираган, кўзлари тийрак закий ёшларни ҳар қадамда учратамиз.
Лирик чекиниш чўзилиб кетган бўлса узр (бу, бир қаҳрамоним айтганидай, кексалик аломати). Саволингизга келсак, аксарият ҳоллардагидай, жавоб унинг ўзидадир. Ахир, тилимизнинг бугунги аҳволини кўра-била туриб, қандай хавотирланмаслик, бонг урмаслик мумкин?!
Камина тараққиётнинг спиралсимон шаклда эканини эътироф этган ҳолда, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикматли сўзларини эслайман: “Одамларки бор, бисотидаги бир ҳовуч сўзни айлантириб, ойлигини олаверади, ўқиш-ўрганиш билан ўзбек тилининг имкониятидан тўлароқ фойдаланишни истамайди ёки бунга фаросати етмайди. Мана шунақа одамларнинг дангасалиги ёки фаросатсизлиги, чаламулла олимларнинг “илмий фаолияти” оқибатида шундай бир тил вужудга келганки, на муомалада, на оилада, на суҳбатда ҳеч ким бу тилда гапирмайди, на ошиқ маъшуқасига, на ота боласига, на бола онасига бу тилда хат ёзади… Бу тилни фақат микрофон кўтаради. Бунга фақат микрофон тоқат қилади…” Журъат этиб озгина қўшимча қилишимиз мумкинки, бу тил бугунги газета-журналларимизга ҳам, китобларимизга ҳам кириб келган. Дейлик, мухбир синглимиз шодумонлик ила “Биз фалон хонадонга ташриф буюрдик” деяверади, “ёзғувчи” укамиз бемалол “Унинг икки нафар фарзандлари бор эдилар” деб ёзаверади… Яқинда бозорда бир пистачи аёлнинг шанғиллаётганини эшитиб қолдим: “Биз ҳам халқ хизматидамиз, оповси!” Афтидан, опахон кўп телевизор кўради…
Алалхусус, зиёлиларимиз тилимизнинг наинки келажаги, балки бугуни хусусида ҳам қайғуриши жоизга ўхшайди.
Яна бир мулоҳаза. Сиз айтгандек, “фарзандларини рус ёки инглиз боқча-мактабларида ўқитаётган ўзига тўқ оилалар сафи” элимизнинг қанча фоизини ташкил этар экан? Ҳарқалай, бу саф у қадар катта бўлмаса керак. Инчунин, эркин танлов ҳуқуқига дахл этмаган ҳолда, гап нима учун уларнинг сафи кенгайиб бораётгани хусусида кетгани мақбулдай. Балки ўша боқча-мактабларда таълим сифати яхшироқдир? Ахир, қайси ота-­она фарзандининг келажакда билимдон, оқил инсон бўлиб етишишини истамайди?! Қайси ота-она бугуннинг айрим тенденцияларидан ўзича (ва аксар ҳолларда ҳаққоний) хулоса ясаб, “туянинг устига чиқиб”, фарзанди учун яқин ва узоқ истиқболни кўриб қўйишга ҳаракат қилмайди?!
Ўзбек тилида газета-журнал, китоб ўқимайдиган, томига қўшалоқ “тарелка” ўрнатиб, нуқул хориж телеканалларини томоша қиладиган оилалар ҳам учраб туради, албатта. Бундай муҳитда ўсган боланинг миллий заминда илдиз отиб кетиши қийинроқ кечар. Аммо, хайриятки, икки-уч тилни мукаммал билгани ҳолда, она тилимизда бийрон сўйлайдиган, ўзбекча фикрлаб, миллий турмуш тарзига амал қиладиган ёшларимиз ҳам кам эмас.

– Балиққа сув қанчалик зарур бўлса, одамзоднинг ҳаётга ташна яшамоғи учун орзу-ҳавас шунчалик зарур. Лекин орзу-ҳаваснинг ҳам яхши-ёмони, катта-кичиги бўлади. Гоҳида улар оёғимизга тушов бўлиб, роҳи ростдан адаштириши мумкин. Тараққиётга ғов бўлаётган тутумлар хусусида сўз борганда зиёлилар даврасида кўп ва хўб баҳслар уйғотган “Пуанкаре” ҳикоянгиз қаҳрамони тақдирини эслаш кифоя. Умри елга совурилган математикнинг “Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар!..” деган аламли хитоби мудраб ётган туйғуларни уйғотиб юборади. “Фақат фавқулодда иродали инсонгина… якранг издиҳомга қўшилиб кетмасликка, кўзларини йириб очиб бўлса ҳам воқеликни англашга ўзида куч топади”, дея таъкидлайсиз асарга ёзган сўнгсўзингизда. Бир инсонни якранг издиҳомга қўшилиб кетишдан қутқариб қолиш билан мурод ҳосил бўлмас. Бизнингча, асосий мақсад-матлаб бойлик васвасаси ақлу ҳушини ўғирлаган ғофилларни маърифат сари етаклаш, “қадрият тўни”ни кийган турфа иллатлардан дадил воз кечиш бўлиши керак. Маърифатнинг халоскор кучига ишониб қалам тебратаётган ижодкор сифатида айтинг-чи, ҳаётимизга сингиб кетган қай бир урф-одат ҳамда тутумлар юрт ва шахс тараққийига тўсиқ бўлаётир? Abduqayum Yo'ldoshev

– Миллатимиз тараққиётига тўсиқ бўлиб келган ва ҳамон тушов, кишан вазифасини “шараф билан”, ҳатто керагидан ортиқ даражада дўндириб адо этаётган иллатлар кам эмас ва таассуфки, баъзан улар кундан-кунга ҳандасавий кўпайтма асосида ўсиб бораётгандай таассурот уйғонади.
Яқинда Буюк Британия, АҚШ ва Канаданинг тўрт олими ўтказган илмий тажриба ҳақида ўқиб қолдим (мақола нуфузли Science журналида эълон қилинган). Тажриба асносида маълум бўлишича, зўр бериб катта маблағ топишни ўйлаётган одамнинг IQ (Intelligence quotient – ақлий ривожланиш коэффициенти, кенг маънода, иқтидор, салоҳият, истеъдод даражаси) кўрсаткичи камида 13 фоиз пастга тушиб кетар экан! Энг ёмони, мазкур ҳол инсоннинг когнитив қобилиятига салбий таъсир кўрсатар экан, яъни одамнинг тўғри қарор қабул қилиши мушкуллашар экан.
Надоматлар бўлсинки, маърифат асрига келиб ҳам айрим иллатлардан қутула олмаяпмиз. Кўплаб тўйларимиз икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш, бақироқ отарчилар, олифта очарчилар, уятсиз раққосалар ҳам бир хил. Аслида, серхаражат тўй фарзандлар ризқини осмонга сочиш, шамолга совуриш билан баробар эмасми?!
Мен шунча уринсам ҳам, майитни тупроққа топшириб қайтган азадорларнинг тўкин дастурхон атрофида ўтириб таом тановул қилиши миллий урф-одатимиз эканига ишонгим келмайди. Шунча уринсам ҳам, аза маҳали пул улашилиши қадимий анъана эканини тасаввур этолмайман. Мукаммал мавжудот ҳисобланган инсон тана­сидаки кўричакдай ортиқча узв пайдо бўлиб, уни олиб ташлаш зарурати туғилар экан, бугун мутлақо ортиқча бўлиб қолган кўплаб расм-русумлардан ҳам қатъиян воз кечиш лозим эмасми? Ҳадеб уларни кўзкўзлаб, миллий қадрият сифатида кўрсатаверишдан не наф?! Замон ўзгармоқда ахир, биродарлар! Онг ўзгармоқда, тафаккур ўзгармоқда. Тарих саҳнасига янгича дунёқарашли Инсон чиқмоқда. Тўй-маъракаларимиз, улар ҳақидаги ўйларимиз эса ҳамон ўша-ўша! Ахир, инсон фақат элга ош бериш ёинки сон-саноқсиз қариндош-уруғининг тўйларига тўёна йиғиш учун дунёга келмас?!
Яқинда бир воқеани эшитдим. Вилоятда ишлаётган хорижликларни меҳмондўст ўзбеклар бир неча бор тўйга чақиради. Улар бир келади, икки… Сўнг қатъий тарзда “Йўқ” деб туриб олишади. Табиийки, тўй эгалари хафа бўлади. Шунда меҳмонлардан ёши улуғроғи гапнинг дангалини айтади-қўяди: “Шунча харажат… ортиқча чиқим… Пулни ҳавога сочиш билан баробар-ку бу. Сизларга раҳмимиз келганидан, ачинганимиздан тўйларингизга бормасликка қарор қилдик, оғалар…”
Демак, биз раҳм-шафқат, ачинишга лойиқ эканмиз-да? Ҳолбуки, ғалвани ўзимиз, ўз пулимизга сотиб оляпмиз. Агар жуда ошиб-тошиб кетган бўлса, ота-оналар ёш келин-куёвни саёҳатга жўнатсин, ўқитсин, уларга уй олиб берсин, тадбиркорлик қилишига шароит яратиб берсин… Шу юртда яшаб, чет эл у ёқда турсин, Бухоро ёки Хивани ҳам кўрмаган йигит-қизларимиз қанча! Балоғат ёшига етса-да, иш йўқлигини баҳона қилиб ота-онаси топган пулга шерик бўлишдан бошқасига ярамаётган келин-куёвлар қанча! Дунё кўрсин ёшларимиз! Ишлаб пул топсин ёшларимиз! Ўқисин ёшларимиз!
“Бир инсонни якранг издиҳомга қўшилиб кетишдан қутқариб қолиш билан мурод ҳосил бўлмас”, деган мулоҳазангиз менга анча баҳсли туюлди. Бирники ўнга, ўнники туманга деймиз, ахир. Оломондан ажрала билган одам эса Шахсга айланади. Ҳар қандай кашфиёт, ҳар қандай  мўъжизани Шахс яратади. Маъқулот (аксиома): бугун ҳам, келажак ҳам шундай инсонлари мўл жамиятники.

– Санъат ҳамиша эзгуликка дастёр бўлиши, инсонда гўзаллик, нафосат туйғулари шаклланишига хизмат қилиши лозим – умум эътироф этган қоида шундай. Беш қўл баробар эмас-да, санъат оламида ахлоқ мезонларини писанд қилмайдиган тоифа ҳам топилади. Боз устига, нигилистларни кўтар-кўтар қиладиган, уларга пишанг берадиган корчалонлар ҳам ҳозиру нозир. Хабарингиз бўлса керак, Буюк Британияда ҳар йили тасвирий санъатда кўзга кўринган ижодкорларга Тёрнер номли нуфузли мукофот топширилади. Шармандага шаҳар кенг, деганларича бор. 1998 йили Крис Офили деган рассом… узр-да энди, фил тезагидан ишлаган картинаси учун ушбу нуфузли мукофотни қўлга киритди. Хорижни қўятурайлик, яқинда ёш ўзбек рассоми персонажлари орасида номини эшитгандаёқ таъбингиз хира бўладиган шўртумшуқ бир тоифа ҳам борлигини кўриб, очиғи, кўзларимга ишонмадим… Афсуски, бундай мисолларни санъатнинг бошқа йўналишларидан ҳам кўплаб келтириш мумкин. “Санойи нафиса” оламида нималар бўляпти ўзи? Вақт чиғириғидан ўтган эзгулик андозалари, гўзаллик мезонлари ҳам таҳрирга учрамоқдами?

– Google мутахассиси Эрик Шмидтнинг ҳисоб-китобига кўра, бани башар пайдо бўлганидан то 2003 йилга қадар йиғилган жами маълумотлар беш эксабайт ҳажмга эга бўлса, 2003 йилдан бери ҳар икки кунда (!) шунча маълумот тарқатилмоқда экан. Биз ахборот тўқлиги замонида яшамоқдамиз, демак, энди ўзимизга энг керакли маълумотнигина излаб топишни ўрганишимиз керак. Ортиқча маълумотлар эса қимматли вақтимизни ўғирлайди, холос.
“Оталар ва болалар” романидаги Базаров образидан биламанки, нигилистлар ижтимоий меъёр ва тамойиллар, амалдаги қонун-қоидалар, ҳатто ўтмиш маданий меросини инкор этадиган бадбин кимсалардир. Уларни кўтар-кўтар қиладиган корчалонлар бор экан, демак, кимлардир шундан манфаатдор-да.
Эшитган чиқарсиз, қайта қуриш замонидамиди, биздаям аллақандай муассасалару ташкилотлар тузилиб, жарангдор номда мукофотлар жорий қилишдими-ей, ўз-ўзларини мукофотлашдими-ей… Ишқилиб, бир мардум ўзини “Мен фалон-фалон халқ академияларининг фахрий академигиман” деб таништиргани ёдимда. Айрим учарлар эса пулини нақд тўлаб, қандайдир шубҳали халқаро ташкилотлар орқали қайсидир соҳанинг “Йил одами”га айланиб қолаётгани ҳақида ҳам ўқиган эдим. Бунақалар, улуғ шоиримиз ёзганидек, “Пулини нақд тўланг, отасин ташлаб / Сотиб юборади онасини ҳам…
Бир неча хорижий давлатда болаларга айрича эҳтиромга гувоҳ бўлдим. Бола ҳуқуқлари-ку мутлақо дахлсиздек. Ҳатто совға қилаётган буюмингизни ишлаб чиқаришда бола меҳнатидан фойдаланилган бўлса – қайрилиб қарашмайди. Шундай давлатларда, табиийки, элчилик дегандай, “томи кетганлар”, руҳий хасталар ҳам етарлича топилади. Баъзан уларнинг эгнига илиб юрган кийими, турмуш тарзини кўриб ёинки даъволарини эшитиб, ҳайрат бармоғини тишлаб қоласиз.
Хорижий мамлакатлардан бирида сюрреалист рассомлар кўргазмасида бўлганимизда эса мутлақо эсанкираб қолганимиз ёдимда. Шунда бизга Эркин Воҳидов сатрлари кўмакка келди: “Эй ёронлар, борсангиз / Лондон, Париж, Румога, / Музейларда бир қаранг / Ўша таниш имзога… // Жилва қилиб ўзгача, / Бўй таратиб турибди. / Матмуса чизган сурат / Дунё кезиб юрибди”
Бундай йўналишларни адабиётда ҳам учратасиз-ку, тўғрими? Яқинда бир “шиғирчи”га “Ёзганларингизни унчалик тушунмадим”, дегандим, ўхшатиб жавоб қилди: “Тушунмайсиз ҳам! Чунки бу постмодернистик ижод намунаси”.
Одатда, бундай ниқоблар ортида жўнгина истеъдодсизлик ётади. Истеъдодсиз одам яратган асар ҳар қанча тарғиб-ташвиқ этилмасин, турли мукофотларга лойиқ кўрилмасин, барибир эзгуликка хизмат қилмайди. Бундай “эъжод” намуналарига эътибор бериб ўтиришнинг ўзи ҳайф…
Бани башар мавжуд экан, абадий ўзгармайдиган муқаддас тушунчалар яшаб қолаверади. “Вақт чиғириғидан ўтган гўзаллик мезонлари”ни таҳрир этишга чиранишлар эса ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлаверади. Бундайлар улуғ Достоевскийнинг “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган ҳикматли гапини ҳам инкор этишга уринади. Нима эмиш, янги замонда гўзалликка халоскор куч сифатида қараш керак эмас экан. Энди дунёни гўзаллик қутқариб қололмас экан. Биродар, ахир, гўзаллик яратмасдан, гўзаллик яратишга интилмасдан яшаб бўладими? Тирик­лик моҳиятида мана шу интилишнинг ўзи ётади-ку. Бусиз дунё фақат оқ-қора ранглардан иборат, совуққон ақл ҳукм юргизадиган, моддий эҳтиёжларгина қондириладиган зерикарли оламга айланади-ку! Бусиз дунё… дунё бўладими?!
Олий аъмоли эзгулик бўлган гўзаллик мезонлари, эстетик тамойиллар абадият қонунлари янглиғ ҳеч қачон истилоҳга учрамайди; сизу биз тилга олаётган воқеликлар эса қош қўяман деб кўз чиқаришнинг турфа шаклларда намоён бўлиши, холос. Илинж шулки,  вақт ўтади, қош қолади, ўсма кетади…

– Уч-тўрт зиёли йиғилиб қолса, об-ҳаво, нарх-наводан кейин албатта кинодан гап очиладиган бўлди. Бир неча бадиий фильм ва сериал сценарийларини ёзиб, “синема”нинг иссиқ-совуғи, паст-баландини ўз кўзингиз билан кўрдингиз, ҳарқалай. Келинг, ушбу суҳбат баҳонаcида киномизнинг бугуни ва эртаси хусусидаги фикрларингизни ҳам эшитсак. Бултур олмон киноусталари аллома Абу Али ибн Синога бағишланган “Табиб” номли бадиий фильм ишлади. Қулоғингизга чалингандир, дунё экранларида кўз-кўз этилган ушбу картина Ўзбекистон матбуотида ҳақли равишда танқид қилинди. Гап шундаки, олмон кинематографчилари тарихий воқеликни ўз гази билан ўлчаб, Ибн Сино образини атайин хиралаштиришга уринган. Албатта, хориж киночиларининг “Билса ҳазил, билмаса чин” қабилидаги бу хатти-ҳаракатини асло оқлаб бўлмайди. Лекин… ўзимизда ҳам айб йўқмикан, деб ўйлаб қолади одам. Ахир, юртимиз киночилари улуғ боболаримиз ҳақида киройи бадиий фильм яратолмагач, дунё аҳли ғарбликларнинг ўтрикларига ишониб юраверади-да!..

– Шубҳасиз, “Табиб” тарихий ҳақиқатга туҳматдан ўзга нарса эмас. Мен буни олти ой кутубхонада китоб титкилаб, маълумотлар тўплагандан сўнггина “Шайх ур-раис” деб номланган бир ҳикоя ёзишга журъат этган қаламкаш сифатида айтяпман.
Кино санъатлар ичида энг оммабопи, унинг томошабини кўп. Табиийки, сиз ҳар бир одамга “Улар тарихни сохталаштирибди, аслида бундай бўлган…” деб айтиб чиқа олмайсиз. Томошабин эса фильмни кўрганидан сўнг ўзича хулоса чиқаради: “Буни қаранг-а, ҳатто Шарқ илм-фанда юксакка кўтарилган замонларда ҳам Оврупо унга устозлик қилган экан!..”
Футболда “Сен гол урмасанг, сенга урадилар” деган гап бор. Кинода ҳам шундай. Бўшлиқ барибир тўлдирилади. Эшитган чиқарсиз, энди амриқолик продюсерлар кўмагида Россияда Амир Темур ҳақида фильм олинмоқчи экан. Албатта, Верешчагиннинг даҳшатли расмларини кўриб улғайган авлод Соҳибқиронни қандай тасаввур этишини англаш учун Афлотун бўлиш шарт эмас. Фильм сценарийси бўйича, лашкари билан Ўрусияга кириб борган Соҳибқиронга кўкдан Биби Марямнинг овози келармиш: “Қайт орқага!” Бу “илоҳий” ҳукмни эшитган Амир Темур дарҳол ортга қайтармиш…
Биз шўро даврида “Алишер Навоий”, “Даҳонинг ёшлиги”, “Зулматни тарк этиб”, “Мирзо Улуғбек”, “Абу Райҳон Беруний” сингари фильмларни кўрганмиз. Мустақиллик йиллари – давлат киночиларимизга мунтазам моддий кўмак бериб турган шароитда биронта тилга тушадиган тарихий фильм суратга олинмагани ачинарли, албатта. Умид боғлаганимиз – Амир Темур ҳақидаги фильм эса, юмшоқроқ айтганда, кўнгилдагидек чиқмаган.
“Синема”чиларга шу ҳақда оғиз очсангиз, пичоққа илинарли сценарий йўқлигини важ қилади, тарихий картиналарга катта маблағ кетишини айтади. Ёзувчилар эса пешона тери тўкиб ёзилган сценарийни киночилар бир ўқишдаёқ чиқитга чиқариб ташлашидан ёзғиради…
Такрор бўлса-да, бир фикримни айтиб ўтай: ўзбек киноси тараққий этиши учун фақат давлатнинг кўмагига қараб ўтирмасдан, йирик-йирик ҳомийлар, меценатлар ёрдамида кўламли фильмлар суратга олиниши керак. Ўз навбатида, ҳомий ва меценатлар учун солиқ имтиёзлари жорий этилиши зарур. Бу – жаҳон амалиётида самарали ишлаётган тизим.

– Қайсидир китобда мухтасар бир ривоят ўқиган эдим. Айтишларича, улуғ аллома Имом Аъзам қўшнисининг қўйи ўғирланганини эшитиб қолибди. Мужтаҳид олим одамлардан сўраб-суриштириб, қўй етти йилча яшашини аниқлабди ва ҳалқумимдан ҳаром луқма ўтиб қолмасин, дея шунча муддат давомида қўй гўшти тановул қилмабди… Ҳозир бу гаплар чўпчакдек туюлади, а? Лекин имонли, виждонли одам ҳар қанча оғир бўлмасин, ўзини ҳаром амаллардан тияди. Дарвоқе, ўзингиз ҳам “Виждон” аталмиш ҳикоянгизда Раҳмон ва Шайтон ўртасидаги азалий курашни қаламга олгансиз-ку. Абдуқаюм ака, иблис инсонни ўз измига солиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тер тўкаётган, етти ухлаб тушга кирмайдиган ҳийла-найрангларни ўйлаб топаётган ҳозирги даврда виждон амрига қулоқ тутиб умр кечириш осонми?

– Виждон амрига қулоқ тутиб яшаш ҳеч бир замонда осон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Ҳеч қайси жамиятда, ҳеч қайси тузумда “имони бутунлар, эътиқодлилар учун” дея иҳоталанган алоҳида ҳудуд барпо этилмайди. Инсонга ато этилган илоҳий инъом – тирикликнинг ўзи доимий имтиҳон, сўнгги нафасга қадар давом этадиган синов. Бу синовда йўлдан оздирадиган сабаб-омиллар милён-милён, тўғри-ҳалол яшашнинг эса биттагина устуни бор, у ҳам бўлса виждондир. Шундан қўймасин…
Тўғри, бугун гап-гурунгларнинг асосий мавзуи ҳалоллик, имон-эътиқод эмас, бойлик. Овулга борсак, боболарнинг тонготар дўмбира чертиб, достон куйлашларини, машрабхонлик кечаларини соғинамиз. Аммо энди бунинг ўрнига фалончи устомон қанча пул топгани хусусидаги бош-кети йўқ ғийбатларни эшитамиз, пистончининг “дўллир”ларини санаймиз.
Бир издиҳомда кексароқ муаллимнинг боласи тенги, бир вақтлар ўзи таълим-тарбия берган йигитчалар ўтирган “хос” столга елиб-югуриб хизмат қилаётганини кўрдим. Сабаби ҳам тезда аён бўлди: улар янги бойлар экан, иззат-эътибор ҳам шунга яраша… Маст-аласт меҳмонларни қўшмаган тақдиримизда ҳам, жой етмай столлар ортида тик турган икки юз чоғли кекса-ёш, бола-бақра овулдошларнинг эҳтиром тўла нигоҳлари ана шу ҳавофурушларда…
Бироқ бундай воқеаларнинг тез-тез такрорланиб туриши ҳам нолишга асос бўлолмайди. Мен рус физиги, Нобель мукофоти лауреати Лев Ландаунинг мана бу ҳикматли фикрига амал қилишга уринаман: “Ҳар бир инсон муносиб яшаш учун етарлича кучга эга. Замоннинг оғирлиги ҳақидаги гаплар эса бўшанглик ва дангасаликни оқлаш учун баҳона, холос. Ишласанг, замоннинг ўзгаришини кўрасан…”
Атрофимизда шунчаки кун кўришга қаноат қилмай, расмана яшашга интиладиган одамлар кўпайишини, орзу-истаклар ҳам шунга яраша баланд бўлишини истардим. Дарвоқе, бундайларнинг юртга муҳаббати тилда эмас, дилда бўлади. Яқинда шундай бир инсон номидан бундай деб ёзган эдим: “Гарчанд муқояса мутлақ ҳукммас, / Ортидан нисбийлик чиқар солланиб. / Барибир юксакка кўз тикиб бесас, / Ватанимни севдим мен азобланиб...” Юртини азобланиб сева олган инсон унинг қусурлардан батамом холи бўлиши, тараққий этиши, юксакликка кўтарилиши учун виждонан хизмат қилади.

– Бугун инсоният фалак тоқига нарвон қўйиб, фазонинг тит-питини чиқаряпти, сир пардаларини сидириб ташлаб, турфа кашфиётларга қўл уряпти. Одамзод ғурур билан ҳар қанча кўкрагига урмасин, барибир хом сут эмган банда экан-да, коинотни тадқиқ этишни уддалаяпти-ю, ўзидан чиққан балога даво тополмаётир – Ер сайёрасини қуршаган уруш ва фитна алангасини ўчиришга ожизлик қилаётир. Сизнингча, бу кетишда бандасининг ҳоли не кечади? Дейлик, ярим асрдан кейин она сайёрамизни қай алфозда тасаввур этасиз?

– Дунёда яқин ёки узоқ истиқболни чамалашдан оғирроқ иш бўлмаса керак. Ўтган асрнинг 70-йиллари америкалик олим Жей Форрестер математик ҳисоб-китоблар асосида 2050 йилда Ерда ҳаёт тугашини башорат қилган эди. Мен бундай фолларга мутлақо ишонмайман. Зеро, қисқагина ҳаётим давомида камида учта: 1980, 2000 ва 2012 йилги “охирзамон”лардан эсон-омон ўтиб олдим.
ХХ асрнинг 60-йилларида бир гуруҳ олим ярим асрдан кейин заминда ҳаёт қай тарзда кечишини тасвирлаб берган. Уларнинг хулосасига кўра, 2010 йилга келиб техника ҳамма юмушни ўз зиммасига олгач, одамлар ҳафтасига атиги уч кун ишлайди. Улар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун эса бутун бошли институтлар, хизмат кўрсатиш тизимлари “бош қотиради”… Мана, ваъда қилинган муддатдан беш йил ўтиб кетди ҳамки, тиним билмай ишлаймиз, ҳафтасига тўрт кун ялло қилиш қаёқда, бир кун дам олишга фурсат тополмаймиз.
Аммо бу билан аниқ фанларнинг илмий асосланган башоратларини инкор этмоқчи эмасман. Мисол керакми? 1983 йили СССР Министрлар Совети Раиси Николай Тихоновнинг столига “Мутлақо махфий” эслатмаси билан бир ҳужжат қўйилади. Виктор Геловани бошчилигидаги олимлар турли формула ва чизмалар ёрдамида Совет Иттифоқи ўн йилга етар-етмас тарқалиб кетиши мумкин, деган гипотезани асослаб берган эди. Ўша ҳужжат математикларнинг телба фантазияси маҳсули дея дарҳол йўқ қилинади…
Илм-фан нуқтаи назаридан қарасак, инсоният олдида иккита йўл турибди. Биринчиси, техноцентрик, яъни шусиз ҳам жадал суръат билан ривожланаётган техник тараққиётнинг янада илдамлашиши, моддий фаровонликнинг ошиши. Аммо бу маънавий жабҳада жиддий оқсашларга олиб келади. Ҳатто сунъий онг ўз яратувчиси бўлган инсонга қарши исён кўтариб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Тамаддуннинг иккинчи йўли илмий адабиётларда “культуроцентризм” деб аталмоқда. Бу жараёнда жадал техник тараққиёт сал сурилиб, ёнидан санъат ва маънавиятга жой беради. Менинг назаримда, инсоният ҳеч шубҳасиз иккинчи йўлни танлайди; келажак авлодлар, она замин олдидаги бурч шу танловни тақозо этади.
Келинг, Собиржон, эзмалик демасангиз, яна бир мисол келтирай. 2007 йили Хитойда илмий фантастика ва фэнтези бўйича биринчи конвент бўлиб ўтди. Хўш, унинг нимаси эътиборга молик эди? Гап шундаки, хитойликлар буюк нусхакашлардир. Дунёнинг у четида бугун пайдо бўлган замонавий ускуна ё жиҳознинг арзон нусхаси эртаси куниёқ бу мамлакатда пайдо бўлиши, индинга эса қўшни давлатга ҳам сотувга чиқарилиши мумкин. Хитойлик олимлар “Нима учун бизда оламшумул илмий кашфиётлар қилинмаяпти? Нега Apple, Microsoft, Google компаниялари каби фавқулодда янгиликларга қўл урмаяпмиз?” дея ўйланиб қолди. Бу саволларга жўяли жавоб топиш мақсадида бир гуруҳ мутахассислар жаҳонни айланиб чиқди, кашфиётчилар билан суҳбатлашди. Узоқ давом этган таҳлиллардан кейин дунёнинг буюк кашфиётчилари болалик чоғи бадиий адабиётни кўп ўқигани аниқланди. Айнан бадиий адабиёт инсон хаёлотига, кашфиётчиликка туртки берувчи биринчи манба экан. Шундан сўнг хитойликлар китобхонликка алоҳида эътибор қарата бошлади.
Жуда ибратли тажриба, шундай эмасми? Китобни бежиз келажак дарвозаси, деб аташмас. Менимча ҳам, бугунги кутубхона эртанги фаровон ҳаёт кафолати бўла олади.
Келажакка некбинлик ила қарайлик, фикр ҳам моддий, ахир!..

Собиржон ЁҚУБОВ суҳбатлашди.

«Тафаккур» журнали, 2015 йил 3-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 937

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *