Адабиёт ва… интернет

Ахборот технологиялари юксак имкониятлар тақдим этаётган бугунги шиддаткор пайтда тил ўрганиш, замонавий ахборот воситалари билан тиллаша олиш сўз аҳли учун ҳам жуда муҳим. Ҳозир хорижий тил билмаслик, интернетдан бехабарлик ҳатто нуқсон деб қараладиган бўлиб қолди. Кўпгина дуруст ижодкорлар хорижий тилни билмагани, интернетдан деярли бехабарлиги учун ҳам “панада” қолиб кетаётир…

Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти намояндаларининг асарлари дунё бўйлаётгани қувонарли, албатта. Аммо кейинги пайтлари шундай “эъжодкор”ларни кўряпмизки, бирор чет тилини яхшироқ билгани туфайли ёки бошқа турли йўллар билан хорижда ўзларини тарғиб қиляпти. Ҳа, фақат ўзларини. Зўр бўлса, қандини урсин, адабиётимизни дунёга танитсин, деймиз, лекин уларнинг кўпи ҳаваскор даражасида, халқимиз тугул, адабий жамоатчиликка ҳам номи таниш эмас. Эълон қилаётганлари-да жўн ёзилдиқлар. Баъзан интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “Чет элда фалон асарим тақдимоти бўлди”, “Хорижликлар ўзбек адабиёти қандай эканини шу асарим орқали билишди” қабилидаги куракда турмас гапларга тўла рекламсифат саҳифаларни кўриб ҳайрон бўляпмиз. Улар шу туришда ўзбек адабиёти номидан гапиряти, ўзларини ўзбекнинг катта шоир-ёзувчиси сифатида “тақдим этяпти”.

Бундай “буюк асар”ларни чоп этаётган “ҳомий”лар ҳам адабиётдан узоқ. Бу ҳолда ўзбек адабиётини тарғиб эмас, шарманда қиламиз-ку! Демак, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар ўзбек адабиётининг муносиб (!) намояндалари асарларини хорижда тарғиб этишга янада жиддийроқ қараши керак.

Афсуски, интернетда ўзбек адабиёти тарғиботи кўнгилни хотиржам қиладиган эмас. Қидирув тизимига атоқли адиб “Ойбек” номини ёзиб улгурмасингиздан қўшиқчи жуфтлик суратлари чиқиб келади. Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини излайман десангиз яна бир дуэт шов-шувлари пайдо бўлади. Албатта, бу интернетдан фойдаланувчиларнинг асосий қисми – ёшлар қизиқиш ва ҳаваслари ортидаги манзаралар. Янаям кўпчилик ёшлар қизиқаётган бугунги артистлар орасида Беруний, Ибн Сино деган исм ё тахаллус эгалари йўқ…

Демак, интернетда адабиёт, маънавият ва маърифат тарғиботини кучайтириш, айниқса, улуғ адибу олимларимиз асарларини мунтазам эълон қилиб бориш, майдонни шов-шувчи-шовқинчилар, диний, ирқий ва сиёсий низо қўзғамоқчи бўлаётган ғаламисларга бўшатиб қўймаслик керак. Бу борада баъзи сайтлар маъмурлари анча яхши ишлар қилиб улгурган бўлса-да, ҳали денгиздан томчи ҳам эмас. Қолаверса, бундай сайт юритишдан ҳеч қандай моддий манфаат йўқлигини ҳисобга олсак, муаллиф-админга қанчалар оғир эканини тасаввур қилиш мумкин. Шу ўринда бизда диний мавзудаги сайтлар анча фаол ва ўқувчилари кўп эканини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Умуман олганда, шахсан мен интернетда ўзбек адабиёти тарғиботидан қониқмайман. Ҳамма қўлга илинганини эълон қилиб ётибди. Тизимли тарзда, маълум бир мезон асосида саралаб берадиган сайтлар жуда кам. Айниқса, классик асарлар аслиятдан бутунлай узоқ кўринишда ёки ғиж-ғиж хато билан берилади. Айб – ўзимизда. Маънавият тарғиботида бир-биримизни қўллаб-қувватламаймиз, аксинча, уҳ, бу ҳам рекламага ўтибди-да, қабилида ўзимизча энса қотирамиз…

Ижтимоий тармоқларда ва ўзим юритаётган шахсий сайтда имкон қадар керакли асарларни бериб боришга ҳаракат қиляпман. Қўлимда сайтда эълон қилиш учун тишимнинг ковагида асраб келаётганим қанча яхши материал бор: ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан тортиб ижтимоий-маънавий ҳаёт, илм-фан ва маданият соҳасига доир мақолаю суҳбатлар, мулоҳазалар… Лекин уларнинг ўндан бирини ҳам тармоққа жойлаб улгурмадим ҳали. Ҳаммасини бирма-бир синчиклаб кўриб чиқиш, аслият билан солиштириш, имкон қадар кўпчиликка нафи тегадиган асарларни бериш керак. Кўпинча бирор матн ёки жумла, ҳатто бир сўз устида соатлаб ўтиришга тўғри келади.

Янаям сайтимизда шаклга эмас, мазмунга асосий эътибор қаратилади. Аммо шунча вақт, меҳнат маҳсулини биров тузукроқ ўқийдими-йўқми. Интернет ҳам бундай пухталикни кўпам хушлайвермайдиган кўринади. Одамларга эса тезкор информация, миш-миш, ваҳима, сенсация керак. Ҳамма осонига ўрганган. Керак бўлса, Навоийни ҳам битта гап билан тушунтириб қўя қолишса… Шу томондан қараганда, виртуал олам фикрловчиларнинг жойига ўхшамайди. Лекин, барибир, аҳвол яхшиланар, кимларгадир таъсири бўлар, дея умидланаверасан…

P.S. Булар бир неча йил аввал ёзилган мулоҳазалар, янгиланган эски оғриқлар эди. Ушбу мавзуда ҳали яна алоҳида ёзамиз ва, албатта, мавзуга доир фикр-мулоҳаза, таклифларингизни кутиб қоламиз…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.