Адабиёт ибодати

…“Ириллаб шеър ўқиш” иборасини биринчи марта Шавкат Раҳмон қўллади. Ҳақиқатда, саҳнага чиқиб олгач, оламни бузиб юборадиган важоҳат билан шеър ўқувчи шоирлар ичида яшаб, фақат хомушликнигина ихтиёр қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди…
“Сизлар тугилган муштдек бир бўлишларинг керак. Ўзаро нифоқ, ихтилофнинг баҳридан ўтинглар. Адабиёт миллатнинг иши. Унда маҳаллийчилик, тасодифий ҳодисалар бўлмайди. Биргина бемаъни китобнинг зарари миллат учун юз йилларга татигувлик фожиага айланиши мумкин”…images
Ўшанда мен шоирнинг халтурачилик ва сохта адабиётга тиш-тирноғи билан қарши туришининг сабабини англаб етгандек бўлдим. Бугун, айниқса, «сариқ адабиёт» бало-қазодек бостириб келган кунларда Шавкат Раҳмоннинг ўрни шу қадар билинмоқдаки. Қаранг, адиб ва адабиётнинг чегараси қолмади. Пул, маблағи бор одамлар бугун энг истеъдодли одамларни мардикорликка ёллаб ҳам китоб чиқаришмоқда. Болалари учун нон истаб юрган адиблар улар берадиган «сариқ чақа» учун адабиётимиз тарихида ҳеч қачон кузатилмаган қабоҳатга қўл урмоқдалар.
Шавкат Раҳмон адабиёт учун ҳамма нарсани бўйнига олган шоир эди. Ғаламисларнинг таҳдид ва тазйиқларидан ортга чекинадиган, қўрқиб, талвасага тушадиганлар тоифасидан эмасди. Ҳақиқий адабиёт қурбонларсиз бўлмаслигини дил-дилдан ҳис қилган шоир ортга қайтишни, муросага боришни истамасди. Зотан, ўртада миллат учун ҳамиша қисмат вазифасини ўтовчи Ватан Адабиёти турарди. Ватанга тўғри, ҳаққоний, халқ адабиёти керак эди. Шавкат Раҳмон шеърни қасидабозлик, шармандали хушомадбозлик, тамаъгирлик, лаганбардорлик, ўткинчи сиёсий ўйинларга қурбон келтиришлардан асраб қолишга ҳаракат қилган ва бу йўлда кўп нарсага эришган бармоқ билан санарли ўзбек шоирларидан эди…
Ватанга, унинг ҳар зарра тупроғига фитрий муҳаббат ва эътиқод Шавкат Раҳмон шеърларининг бош фазилати бўлиб қолди…
Шавкат Раҳмон ҳаётининг сўнгги лаҳзаларигача бир жумбоқни ечишга уринди, бедаво дард оёқ-қўлларини кишанлаб, бир қултум ҳавога муҳтож қилиб қўйганда ҳам ана шу ниятдан қайтмади ва бу ечувсиз муаммони ўзи билан тупроққа олиб кетди. Муаммо – Шарқнинг бир-бирига қон-қардош халқлари ўртасидаги сунъий тўсиқлар, сунъий бегоналик эди…
Тийнати пок шоир оддий қаламкашнинг тирик ва ҳаққоний фикрларидан ёш боладек қувонар, том-том китоб чиқариб, миллат ва ватан туйғусини мансаб-мартаба учун қурбон келтирадиган, бутун ижодини мукофот даъвосига тиккан, мой унадиган воситаларнинг ҳамма нуқтасига пахта қўйиб юрадиган хоин шоирлардан жирканар, адабиётни ҳалоллик ва софлик майдони деб англар, шу ғояга ҳаётини тикканди. Шавкат Раҳмоннинг муросасизлиги, ҳар нечук пасткашлик ва мунофиқлик билан мутлақо чиқишолмаслиги унинг ҳар бир сатрида, ўша сатрларда уфуриб турган валиёна нафасида, шеърларининг гоҳ кўтарилиб, гоҳ яна шиддат билан пастга энгувчи оҳангида, гоҳ фожеий, гоҳ жанговар айқириқларида, ҳар бир бўғинида, баъзан оч, баъзан тўқ қофияларида баралла сезилиб туради…
Ғоявий жиҳатдан Шавкат Раҳмон шеърияти муросасиз шеъриятдир. Бу шеърият содир бўлажак инқилобий ҳодисаларнинг ҳудайчиси сифатида мустамлака зулми остида эзилган халқимизнинг фожиали аҳволини кескин очиб ташлади ва уни аёвсиз танқид остига олди. Бироқ бу танқид фақат «падарингга лаънат»дан иборат бўлмай, ўта таъсирчан ва бетакрор тилда ифоланган жонли, тирик шеърлардан иборат эди…
Нафсиламрини айтганда, шеърда ҳеч қандай илоҳийлик йўқ, жигар-бағирнинг қони бор, лахталанган юрак бор. Кейинги йилларда қирқ ёшда юраги ёрилиб ўлаётган жувонмарг ўзбек шоирлари илоҳий бўлганларида, ҳали дориломон яшаган бўлардилар. Бугун бу сафсаталар билан ҳеч кимнинг бошини қотириш мумкин эмас. Қалбаки «шеърият» Қуръони каримда ҳам ёлғон дейилган ва кўпчилик мутафаккирлар томонидан «нағмачилик» сифатида эътироф этилган. Енгил-елпи, хашаки, жонсиз ва таъсирсиз шеърлар одам боласи, жамият ҳаёти учун ўта хавфли ҳодиса ҳисобланади. Адашиб адабиёт майдонига кириб келган ва кирмоқчи бўлган одамларни ўз вақтида тўхтатиб қолиш, уларни қўлларидан келадиган юмушларга сафарбар қилиш, яширмасдан рост гапни айтиш ҳам жасорат, ҳам савоб иш. Мен ҳаётимда шеър ёзишни ўз вақтида ташлаб кетган кишиларни кўп учратдим, аммо кечаги «шоир»лар бир думалаб ўғри ёхуд қаллоб ҳам бўлиши мумкин эканлигини тасаввуримга сиғдира олмадим. Пора ўралган қоғозга «шеър» ёзиб юрган шоирлар ҳам борлигини эсдан чиқариб бўлмайди. Умуман, шеърият уйи пок бўлмоғи керак. Шундоқ ҳам нопок даргоҳлар жуда кўп. Дунёнинг қаеридадир муқаддас жойлар қолиши керак. Ақалли, эртага дунёга ташриф буюрадиган покиза насллар учун бу жуда керак…

Асқар Маҳкамнинг Шавкат Раҳмон ҳақидаги “Адабиёт ибодати” мақоласидан.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *