Адабиёт – Ватандай муқаддас

Шоир Усмон Азим билан суҳбат

– Айрим шоирларнинг ёрқин истеъдоди ҳаётининг ёшлик палласида намоён бўлса, айримларининг, аксинча, сочлари оқаргандан кейин “мевалари пишади”. Сиз ижодий фаолиятингизни қандай баҳолаган бўлар эдингиз?

– Адабиёт ҳавасмандларига адабиётдаги аҳвол ҳам, уни яратишга уринаётганларнинг ижодий тақдири ҳам жуда яхши маълум. Ҳақиқатан ҳам, илҳомлари “бир баҳор”лик – ёшликнинг завқ-шавқи билан биргина гуллаб қолишга улгурган шоирлар кўпчиликни ташкил қилади. Яқинда “Ёшлик баёзи” деган бир китоб қўлимга тушиб қолди. Бу китоб тахминан ўттиз ёшларни қоралаб қолганимда нашр этилган ва унда ўша кезлари умид билан қаралган олтмиш-етмиштача ёш шоирнинг шеърларидан намуналар берилган. Аммо уларнинг баъзиларининг кимлигини ҳозир мен эслай олмадим. Йўлда қолиб кетганларнинг ҳам сон-саноғи йўқ. Бугунги кунда саноқда борларини эслашга эса бир қўлнинг бармоқлари кифоя этади. Катта адабиётнинг мезонлари билан ёндашсак, бу саноғимиз янада қисқаради. Бунга сабаб кўп. Дейлик, истеъдоднинг ҳаминқадарлиги, адабиётга бори-йўғини бағишлашга журъат этолмаслик, феълу атвордаги нуқслар, ижодий тартибни рисоладагидай сақлаб туролмаслик, турмуш ташвишлари ва ҳоказо юзлаб муаммолар. Энг ёмони, катта ижодкорга ҳамиша ҳамроҳ бўладиган ироданинг етишмаслиги. Ахир ижодни умр билан ёнма-ён олиб ўтишнинг ўзи бўлмайди. Шахсий турмушидан тортиб, жамияту ҳаётда юзма-юз келадиган бесаноқ муаммолар билан ижодкорнинг фақат ўзи яккаю ёлғиз курашади. Бир мисол: биз шу кунгача ёзувчи-шоир профессионал меҳнати эвазига муносиб кун кўриши учун шароит яратишни уддалаёлмадик. Қалам тебратиш ва рўзғорни юритиш учун ёзувчи бирор-бир идорада ишлашига тўғри келади. Одамлар ишдан қайтиб, роҳату фароғат қилаётганда эса, бизнинг адибларимиз ўзбек адабиётининг равнақи йўлида ёзишга ўтиради… Натижада руҳу юрак чарчайди. Бирор нарса ёзиш учун куч ҳам, рағбат ҳам қолмайди. “Одам бу дунёга келмас-ку, ахир, фақат иродасин синамоқ учун?” Абдулла Орипов шундай деганларми? Жуда тўғри айтганлар! Шу сабаб кўплар адабиётни ташлаб кетди. Ҳозирги кунда меҳнати эвазига бир тийин олмасдан, аммо ўз ишига садоқат билан меҳнат қилаётган ягона касб эгалари, бу — шоиру ёзувчилардир. “Сочи оқарганлар” эса, нафақага чиқиб, бир сменада ишлаш имкониятини қўлга киритганлар ва яна адабиёт билан қайта учрашишдек улуғ бахтга сазовор бўлганлар.Usmon Azim
Энди ирода масаласига қайтайлик. Бизнинг ўзбек деган миллатимизда ҳам Парвардигор “Сен фақат ёз!”, деб пешонасига тақдир тамғасини босганлар бор. Улар, барибир, ҳар қандай шароитда ҳам – ёзадилар. Аммо бу назаркардаларнинг бир қисми ҳаётнинг машаққатларини удда қилишдан қийналганларида “нажот қалъаси”ни излашга тушадилар. Билиб-билмай, адабиётнинг туб моҳиятига хиёнат қиладилар. Бу касбу кор фақат ва фақат кўнгилу руҳнинг меваси — оқибат, илоҳий бир тизгиннинг етагида эканини унутадилар. Оқибатда, ижодкор шахсининг иккига, учга… ким билсин, яна нечага бўлиниши бошланади. Ижодкорда бирбутунликнинг йўқолиши эса фожиа – ундан илоҳийлик юз ўгиради. Маддоҳ манфаатпарастликнинг жирканч касалини юқтиради. Бундай қофиябозликнинг адабиётга алоқаси йўқ… Мана, қаранг, йўл-йўлакай қанча адабиёт одамларидан ажралиб келаяпмиз.
Яна ирода ҳақида. Шоиру ёзувчи ҳар бир бошлаган асарининг сўнгги нуқтасигача кўнгил йўлидан бориб, маълум бир савияда ниҳоясига етиши учун ҳам бу фазилат ниҳоятда зарур. Ҳар бир асарни ёзиш эса илҳом завқи аралашган машаққат. Бутун бир ижодий умр даврида ҳар бир янги асарни ёзишда бу жараённи қайта-қайта амалга ошириш учун ҳам ижодкорга жуда кўп фазилатлар йўлдош бўлиши зарур. Масалан, ўзининг ёзганларидан қониқмаслик, янада мукаммаллик сари интилиш, жаҳон адабиётини ўз адабиётидек ўзлаштириш, дунёдан ва ўзидан тинмай дарс олиш…
Ана энди ҳақиқий адабиётимиз хазинасига озми-кўпми ҳисса қўшаётган шоиру ёзувчилар ҳақида. Улар учун адабиёт – Ватанга ўхшаш муқаддас бир хилқат. Адабиётга доғ тушириш бу улуғ одамларнинг хаёлига ҳам келмайди. Адабиётнинг обрўсини ўзларининг ор-номуси қадар эъзозлайдилар. Улар ўзларининг Худо буюрган кўнгил ишидан ҳеч қачон қайтмайдилар. Улар дунёнинг қаёққа бораётганини англайдилар, кечани ва бугунни аниқ таҳлил этадилар, адолат ва ҳақиқат туйғуси уларга ҳамиша ёр.
Ўзимга келсак, ёзганларимнинг қандайлиги адабиёт мухлисларига аён. Мен ҳамиша ёздим. Ҳозир ҳам ёзаяпман. Умримни берса, яна ёзаман.

– Асарларингизда шахс ва табиат уйғунлиги бор. Шеърларингизда осмон, булутлар, дов-дарахтлар, албатта, гўзал таърифланади. Ёки шеърларга аралашади. Буни нима билан изоҳлайсиз? Сизнинг ижодингизда табиатнинг ўрни қандай?

– Мен Бойсунда туғилганман. Аслида, шу жумла билан саволингизга жавоб бердим. Агар шарҳлаш лозим бўлса, айтай, табиат Оллоҳ яратган энг улуғ – сир-асрорга тўла мукаммал Гўзалликдир. Бу мукаммаллик мени эсимни таниганимдан буён ҳайратлантиради. Бир сўфий мутафаккир “Оллоҳ яратган гўзалликдан ҳайратланиш ҳам ибодатдир”, деб лутф этганлар. Табиатга қараб юракнинг тўлғониши, асли Парвардигордан – унинг яратмишидан ҳайратланишнинг ўзидир. Бойсундай Худо берган чиройли бир масканда туғилганимданми, табиатни юракдан ўтказиб яхши кўриш менга насиб этди. Аммо табиатнинг тасвири шеъримга аниқ кўчгунича шеъриятда анча йўлни босиб ўтдим. Ортимга бурилиб қарамай, юрагим ёрилгудай бўлиб шеър йўлидан кетавердим. “Тазарру боғлари” деб аталган шеърий туркумлар мажмуасига етганимда эса, шу пайтгача куйлаганим шеъриятга етиб келганимни ҳис қилганман. Хабардорсиз, бу туркумлардаги шеърларга қишу баҳор, ёзу куз юрагу руҳимдан ўтиб қоришган… Бироқ мени ўйлантирадиган бир нарса бор: кўп мухлисларим ёшликда ёзган шеърларимда қолиб кетишди. Кейинги ёзган шеърларимга етиб келганлар жуда кам…
Табиат мен учун илҳом манбаи. Мен учун у ҳамиша янги. Ҳар кун кўриб юрганим дарахтгинага қараб, баъзан юракларим тўлиб кетади…

– Биламан, муҳаббат ҳақида гўзал шеърлар ёзгансиз. Бугун ишқ ёшидаги йигитча эмассиз. Улғайишингиз билан муҳаббатга, муҳаббат мавзусига муносабатингиз ўзгардими?

– Ўзгаргани йўқ. Вужуд ўзгаради. Кўнгил ва руҳ эса доим ёшдир.

– Сизнинг шеърларингиз билан айтилган машҳур қўшиқларни биламиз: “Карвон кўрдим”, “Ёмғир ёғди…” ва бошқалар. Айримлар қўшиқ ёзадиганларни шоирлар сафига қўшмайди. Сиз бунга қандай қарайсиз? Умуман, қўшиқчи шоирлар алоҳида ажралиб қолгандай? Улар ҳақида нима дея оласиз?

– Сиз айтаётган қўшиқлар менинг китобларимдан олиб куйга туширилган. Эркин Воҳидов ёки Абдулла Ориповнинг шеърлари ҳам шу тарзда қўшиққа айланган. Шу сабаб ўзим ҳам, юқорида тилга олганим акаларим ҳам, қўшиқчи шоирлар эмасмиз… Энди баралла айтиб қўяй, қўшиқ ёзадиганларни мен ҳам шоирлар қаторига қўшмайман. Ёшлигимизда қўшиқ ёзишни биз – мен ва сафдош шоир дўстларим ор билганимиз ҳам рост. Чунки шўролар даврида енгил-елпи шеърларни куйга солиш одат тусига кирган эди. Қўшиқчиликнинг ёнида негадир шеъриятнинг ишбилармон чиқинди қисми ҳофизларнинг бошини гаранг қилиб, айланиб юрган. Шу сабабданми, улардан ҳамма вақт жиддий шеърият ўзини тортган. Бу кунларда эса қўшиқчиликдаги бу салбий кўриниш энг баланд авжига чиқди. Инсоф билан айтсак, дейлик, Аҳад Қаюмнинг шеъриятга қанча алоқаси бор?..

– Маълум вақт амалдор ҳам бўлдингиз. Катта мансабга кўтарилган, депутат бўлган – “саройга яқин бўлган” ижодкорлар ижодида сусайиш, ҳатто сўнишлар кузатилган. Сизда қандай бўлди? Умуман, ижодкорга мансаб беришларига, лавозимнинг ижодкорга таъсири масаласига қандай қарайсиз?

– Рост гапни айтаяпсиз. Кузатишимга қараганда, албатта, сусайиш ва ҳатто ижоддан йироқлашиш бўлади. Иш кўп, ташвиш каттарган… Менда эса, аксинча, тескари ҳол юз берди. (Негадир менинг тақдиримда мудом кўпчилик бошидан кечирадиганга нисбатан тескари ҳол кўп юз беради.) “Амалдор”лигимда – қисқа вақт ичида – “Ғусса” ва “Куз” деган шеърий тўпламларимдаги шеърларнинг тўқсон беш фоизи қоғозга тушди. Бу икки тўпламим энг ғамгин китобларимдир.

– Катта шоирлар албатта бирор катта газетага бош муҳаррир бўлади. Бу қанчалик тўғри? Газета иши билан шоирлик бутунлай бошқа-бошқа нарса эмасми?

– Худди шундай! Журналистиканинг адабиётга умуман алоқаси йўқ. Адабиёт сўз санъатининг юқори даражадаги кўриниши. Шеърият-ку (ҳақиқий шеъриятни айтаяпман), фалакдан тушган бир мўъжиза. Шу сабаб, адабиётни удда қиладиган одамлар журналистика ишини ўйнаб бажаради. Аммо журналистика шоирликни ёки ёзувчиликни омон қолдирмаса кераг-ов. Бир вақтлар ўзим ҳам журналист бўлиб ишлаганман, ҳатто қайсидир бир йил Ўзбекистон радиосининг “Энг яхши радиожурналисти” деб тан олишган. Диплом ҳам беришган. Аммо мудом мени бу иш “ўлдираётгани”ни ҳис этганман. Ўзимни мажбурлаб ишлаганман. Ишдан бўшайверганман, қайтиб келаверганман… Тирикчилик мажбур қилган-да! Нима учун ишдан кетганман? Ёзиш учун…

– Ёшлар ижодини кузатиб борасизми? Улар орасида ижоди кишида умид уйғотадиганлари борми?

– Мунтазам эмас. Умид уйғотадиганлари ҳам бор. Аммо улар ҳақида жиддий бир гап айтишга чўчийман. Ростини айтсам, кейинги ўттиз йиллар орасида жуда кўп умидли ёшларни кўрдим. Аммо уларнинг кўпи ҳозир адабиётдан узоқда, турмуш ташвишлари билан ўралашиб юрибди. Бу ҳолни чуқур таҳлил этмоқ зарур. Энг аввал, истеъдодларни қандай тарбия қилмоқ лозимлиги ҳақида ўйлаб кўрсак бўлар эди. Истеъдодли одамлар кўп бўлмайди. Кимга қандай ёрдам беришни, ундан нимани талаб қилишни аниқ билишимиз керак. Истеъдодлардан маддоҳлар яратиш сиёсатидан тамоман воз кечишимиз зарур. Улардан бадиий етук асарлар яратишга қобил катта ёзувчи-шоирлар етишиб чиқишига шароит яратиб берилса, шунинг ўзи кифоя. Ҳозир бу йўлда катта ишларни амалга ошириш мўлжалланаяпти. Тошкентга прописка қилиш, уй-жой қурилиши, қалам ҳақи… Ҳатто ёшлар учун адабиёт курси ҳам ташкил этилди. Бу ишларни амалга ошириш эса, албатта, қуйидагиларнинг бўйнида бўлади. Адабиёт курсида ким дарс беради? Уларнинг савиясини ким ўлчайди? Бу ёш ижодкорларни адабиётнинг амалий ишларига (“ёзишга”, деб ўқинг) ким ўргатади? Кези келганда айтиб қўяй, Москвада худди шундай ўқув даргоҳи бўлганидан хабардормиз. Бу курсларга раҳбарлик асарлари билан бутун катта мамлакатга манзур бўлган бирор-бир ёзувчи (носирлар) ёки шоир (шоирлар) бўйнида бўлар; улар бу курсга талаба қабул қилишда ҳам бошчилик қилишар – фақат унинг танловига кўра, у ёки бу ёш ижодкор ўқишга қабул этиларди. Бизда ташкил этиладиган курсларга тингловчилар қабул қилишнинг ҳам ягона ўлчови – улар тақдим этган асарлар бўлиши ва бўлажак курс раҳбарининг сўзи ҳал қилувчи роль ўйнамоғи лозим. Ҳатто талабаларга қайси фанлардан, қайси олим дарс ўтиши ҳам курс раҳбарининг назоратида бўлмоғи керак. Шундагина бу курсни ташкил этиб, ўйланган мақсадга етамиз. Кўринган одам дарс бериб, пулни олиб кетадиган икки йиллик вақт ўтказишнинг ҳеч кимга кераги йўқ.

– Сизни яхши драматург, киносценарийчи сифатида ҳам биламиз.“Алпомиш” фильми эл севган фильмлардан бирига айланган. Давлат раҳбарлари тарихимиздаги буюклар ҳақида кинолар яратишга даъват этиб турганда, Амир Темур, Бобур, Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди каби миллий қаҳрамонларимиз тўғрисида йирикроқ бирор фильм учун сценарий яратиш ниятингиз йўқми?

– Оға, менинг хоҳишимнинг ўзи камлик қилади. Кинонинг ўз раҳбарлари бор, ўз ходимлари бор… Таклиф этишса, қўлимиздан келгунча, ёрдам берармиз; таклиф этишмаса, демак, бошқа бировларнинг қўлидан келади… Менинг эса киносиз ҳам ишим кўп! Аммо айтиб қўяй, тарихни биламан, яхши кўраман…

– Сизнинг ёшингизда кўпчилик кексаликни бўйнига олиб, чолларга қўшилиб, тўю маъракадан ё чойхонадан бери келмайди. Бошқача айтсак, “Дунё ишидан этак силкийди”. Сизнинг кўринишингиз ҳам, гап-сўзингиз ҳам асло ёши етмишга бораётган кишиникига ўхшамайди. Айни дамда нималар билан бандсиз? Қандай режалар тузиб юрибсиз?

– Ёзадиган нарсаларим калламда қалашиб ётибди. Уларни қоғозга тушириш керак… Ёзадиган одамда нафақа даври бўлмас экан! Анча нарса ёздим. Иккита драматик асар дунёга келди. “Амир Темур. Адолат фасли” деган драматик асарим ўқиганларга ёқди. Аммо қўядиган театр топилмаяпти. Кўп шеърлар ёздим. Ниҳоят, “Баҳор кунлари, кузак кунлари” деган триптих ҳикоялар туркумимни ниҳоясига етказдим. Кўп жилдликни (биринчиси нашрдан чиқди) тайёрлашни ниҳояласам, аввало, чала нарсаларимни охирига етказаман, Худо хоҳласа. Жуда чўзилиб кетаётган “Сўнг сўзлар” наср китобимга ҳам нуқта қўйиш вақти келди. Ярми ёзилиб, бир сабаб билан охирига етмаган “Еру осмон ривоят-пиесани ҳам якунлаш пайти етгандай. Сўнг хаёлимни безовта қилиб юрган бошқа нарсаларга навбат келади. Шеърларга келсак, унинг – мендан сўрамай – ўзи келаверадиган одати бор. Ҳа, “Коллаж” деган китобим бугун-эрта нашрдан чиқади.

– Суҳбатга вақт ажратганингиз учун раҳмат!

Суҳбатни Маҳмуд САЪДИЙ тайёрлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2018 йил 46-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 114

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *