Афсонавий диёрга сафар: Ҳиндистон хотиралари

Намасте, Ҳиндистон!

Бу ғаройиб диёр ва унинг одамлари ҳақидаги тасаввурим ҳозирги таассуротларимга жуда яқин эди: бир қарасанг, қолоқдай, бир қарасанг, бениҳоя илғор; ердай хокисору осмондай улуғвор… Бир сўз билан айтганда – ажойиб!
Деҳлидаги Индира Ганди халқаро аэропортига тунда қўнар эканмиз, юрагим бир орзиқиб кетди. Ахир бу ўша афсонавий Ҳиндистон – мен ва миллионлаб бошқа юртдошларимизни болаликдан ғойибона мафтун этган сеҳрли диёр! Маҳатма Ганди, Рабиндранатҳ Тҳакур, Жаваҳарлаъл Неру каби улуғ зотлар юрти. Яна, Мирзо Бобур ва унинг авлодлари қўним топган, обод этган замин.
Ҳиндистон сафари, хорижга биринчи чиқишим бўлмаса-да, кўнгилда алланечук ёқимли ҳислар уйғотарди.Rikcshaw. India. 2014, september IТЕС дастури инглиз тили бўйича билимларимизни такомиллаштириш, сирли диёр ва ажойиб ҳинд халқини ўзим учун кашф этишга яхши имконият эканини ҳис қилиб, сафарга астойдил тайёргарлик кўра бошладим.
Маълумот ўрнида: IТЕС дастури Ҳиндистон ҳукумати қарори билан 1964 йили ташкил этилган. 1993 йилдан буён ўзбекистонлик илму ижод аҳли ҳам ушбу лойиҳа бўйича Ҳиндистон ҳукумати грантини қўлга киритиб, у ерда бир неча йўналишда ўз мутахассислиги бўйича маҳоратини ошириб қайтади. Ҳайдаробод шаҳридаги Инглиз ва чет тиллари универститетида (The English and Foreign Languages University) ҳам ушбу дастур иштирокчиларининг ўқиши ва яшаши учун барча шароитлар муҳайё. Уч ой мобайнида дарслар малакали профессор-докторлар томонидан олиб борилади. Курс давомида Ҳиндистоннинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилади.
India Delhi 1…Мана, Деҳлидан Ҳайдарободга учиб ўтдик. Айни шу дастур иштирокчиси – эквадорлик йигит билан битта рейсда келган эканмиз. Кейин сафимизга тунислик ва венесуэлалик йигит-қизлар қўшилди. Биргалашиб мезбон университет микроавтобусида манзилга отландик. Йўл бўйи ажиб ҳислар оғушида эдик. Худди қадимги дунё эртаклар оламига тушиб қолгандек! Ҳайдовчи ҳиндча қўшиқ янграётган радио овозини кўтаради. Йўлдаги манзаралар ҳайрат-ҳаяжони ва таниш сирли оҳанглар қанотида манзилимизга келдик. Яшаш жойимизда жуда яхши шароит ҳозирланган экан. Фақат биз ҳали мослашиб улгурмаган дим ҳаво, таъми оғизни ловиллатадиган ҳинд таомларига кўниколмай турибмиз…

Илк таассуротлар

India HyderabadIndia safarБир томонда дунёнинг турли нуқталаридан ёғилиб келаётган сайёҳлар оқими, бир ёнда кундалик ташвишлар билан андармон маҳаллий халқ. Бу томонда қимматбаҳо отелу ресторанлар, уларнинг рўпарасида кўримсиз уйлар. Яна бир ёнда энг янги русумдаги буюмларга тўла замонавий дўконлар, бошқа тарафда алмисоқдан қолган араваю темир-терсаклар. Ташқарида иссиқ ва диққинафас ҳаво, ҳашаматли меҳмонхоналар ичи эса, гарчи сунъий бўлса-да, салқин ва ёқимли…
Ҳа, бунда ҳаммаси – дуру гавҳар ҳам, лою тупроқ ҳам аралаш-қуралаш бўлиб ётибди. Аслида, бу ҳолат бутун Ҳиндистонга хос: ҳамма жойда шунақа контраст. Саёҳат давомида озмунча ҳайратга солдими бизни бу юрт!
Аввалига димоғингизга бадбўй урилиб, иссиқдан қийналасиз. Секин-аста атрофга боқиб кўзингиз шунақа қарама-қарши манзарага тушади. Ҳаммаси таниш ҳинд филмларидагидек: аксарияти одми кийинган қорамағиз одамлар, қаторлашиб кетаётган рикшалар, ҳеч нарсадан ҳайиқмай катта йўлни кесиб ўтаётган сигир ё эчкилар, скутер минган аёллар, яқин-узоқлардан таралаётган гоҳи шўх, гоҳи маҳзун ҳиндий оҳанглар… Кўча айланар экансиз, аксарияти кулиб турадиган, ўз тилида ёки ҳиндий талаффуз аралаш инглиз тили – “ҳинглизча”да нималардир дея бошини сарак-сарак қиладиган дилкаш маҳаллий аҳолини кўриб чеҳрангиз очилади.India bolajon
Жазирамада куйиб кетмадингизми, деб сўраётганлар хавотир олмаса ҳам бўлади. Ҳайдаробод ҳавоси куз пайтлари жуда ажойиб бўларкан: нисбатан салқин, ёқимли, бот-бот ёмғир ёғиб туради. Ҳиндларнинг ажабтовур феълига ҳам дарров кўникиб қолдик. Ҳазил аралаш бош қимирлатиб бир-биримизга “Ок, сэр!” деб кулишамиз. Яқин уч ойлик сафар асосан Ҳайдаробод шаҳри ва аҳолиси мисолида Ҳиндистон ҳамда унинг ажойиб халқини етарлича ўрганишимиз учун кифоя бўлди…

2014 – 2015

P.S. Ўз вақтида Ҳиндистон сафари таассуротлари билан фейсбукдаги саҳифамда ўртоқлашиб келганимга қарамай, кўпчилик ҳали ҳам шу ҳақда сўраяпти. Шуни инобатга олган ҳолда сафар кундалигидаги қайдларнинг ҳаммасини жамлаб, сайтга жойлаб боряпман.
(Давоми бор.)

Беҳзод ФАЗЛИДДИНСharminar

Gandhi Museum DelhiIndia EFLUEFLU libraryTake a photoIndia_elephantIndia Yo'l-yo'lakay

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 975

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *