Аҳмад Аъзам. Керосинчироқ ёғдуси. Маънавий таҳдид шарпаси

Ahmad AzamКеросинчироқ ёғдуси

“Гапхона” туркумидан

Билмайман, бошқаларнинг ҳам болалиги шундай ўтганми, йўқми, ҳар қалай, менинг болалигимда бувим эртак айтмаган, отам панду насиҳат қитоблардан ривоятлар ўқиб бермаган. Ҳамма иш билан банд, ойим тонг саҳардан қора оқшомгача тинмай, яна ярим тунда нимадир тикишми, қавишми билан банд бўлган, эшитганим оғир сўлиш олишлари, сўзсиз ҳасратли хиргойилари. Ўзим ҳам кун бўйи тинмай ишлаб, ўйнаб, кечқурун чойдан кейин таппа ташлаб ухлаб қолардим.
Қизиқ, битта бизникилар эмас, бутун қишлоқ ҳали тонг отмасидан меҳнатга овора, шу меҳнат билан яшар, болалар қандай ўқияпти, баҳолари неччи, ҳеч кимнинг иши йўқ, уларнинг қорни тўқми, усти бутми, оғир-оғир йўталиши йўқми — бўлди, ўзи думалаб-сумалаб катта бўлиб кетаверади деб қаралар эди. Ҳамманинг ташвиши ўзи билан, ҳамманинг дарди ўзига етиб ортар эди.
Лекин қизиқ, болалар ўртасида ўқишга эътибор зўр, ҳали ўқишга бормасдан мактабга қизиқар, яхши ўқийдиган ака-укалар, опа-сингилларга чандон ҳавас билан қарар эдик. Бор эди-да муштдайидан тошдайигача яхши ўқийдиган оилалар.
Тонг-саҳардан бошлаб подага мол ҳайдаш, уйдагиларини арқонлаб келиш, ўт ўриш, пичан қилиш, томорқада ер ағдариш, пахта чопиққа чиқиш, оғилларни тозалаб қўйиш, хомток қилиш, ғишт қуйиш, яна ўндан ошиқ боши кети-кўринмайдиган ишлардан бўшамай, дарс қилишга, бадиий асар ўқишга қандай вақт топардик, одам ҳайрон, лекин қишлоғимиз ўқишда пешқадам, мактабимизни битирганлар университет-институтларга ўз кучи билан гуруҳ-гуруҳ кириб кетар эди…
Шунақа бир ажабтовур муҳитда ўсганман. Тўртинчи синфгача қандай ўқиганим эсимда йўқ, баҳо олиш нималигини билмаган ҳам бўлсам керак, лекин тўртинчи синфдан китобга ружу қўйганман. Яхши баҳолар олишим ҳам шу синфдан бошланган. Ишқилиб, кўп китоб ўқишим доимо “аъло”чилар сафида ушлаб турган.
Лекин бунинг ҳам ажабтовур томони бор: китоб танлашимга, ўқишимга, масалан, тил ва адабиёт ўқитувчимизнинг ҳеч бир таъсири бўлмаган. У киши яхши ўқитувчи эди, дарсликда нима ёзилган бўлса, шуни виқор билан айтиб берар, биздан ҳам шуни сўрарди, лекин нима ўқияпмиз, нима ёзяпмиз, мутлақо иши бўлмасди. Мен, масалан, олтинчи-еттинчи синфда ёзган машқларимни туман газетасига юборганман, аммо бу қадар салобатли ўқитувчимга кўрсатишга ҳаддим сиғмаган. Ўзимча аралаш-қуралаш ўқиб, ўзим билмаган ҳолда адабиётга йўл топиб келаверганман. Ҳозир биламан, бу йўлимни ўша керосинчироқнинг хира ёруғида ўқиган китобларим ёриштириб турган. Ўқитувчимиз дарсликда ёзилганларни зўр гапириб бергани учун ўзи адабиётдек туюлар, кийинишию юриш-туришларигача ҳурмат уйғотар эди.
Ўтган асарнинг олтмиш олтинчи йилида мактабни битирган бўлсам, ўзим мактаб кутубхонасида бор бўлган, янги келган китоблардан бошқасини билмас, табиий, адабиёт дарсликларидан олиб ўқитувчимиз айтганидан бошқа шоир-ёзувчилардан бехабар эдим. Мактаб кутубхонамиз каттагина, лекин унга ҳам китоблар расмий рўйхат бўйича келган бўлса керак, масалан, адабиётимизда олтмишинчи йиллар бошидан кечган кўтарилишларни эшитмаган ҳам эдим. Китобларни ўзим танлар, қизиқлигига қараб ўқийверар эдим. Ким билади, балки шу ҳам мустақил фикрлашга ўргатгандир.
Ҳозир ўйласам, бошланғич синфларда жуда меҳрибон бир кампир дарс берган, кейин физика, химия, алгебра (математика) ва албатта, она тили ва адабиёт фанларидан дарс берадиган ўқитувчиларимиз нафақат дарс беришлари, балки юриш-туришлари билан ҳам ўрнак, шундан пешқадамларнинг бу каби фанларга ҳам ҳурматимиз баланд, ўзаро баҳслашиб, басма-басига берилиб ўқир эдик.
Бугун, табиий, болаликдаги меҳнат азоблари унутилган. Болалик кўпроқ яхши жиҳатлари билан хотирада қолган, бизга электр қуввати мактабни битирганимда борган, унгача ҳамманикида керосинчироқ, керосин қишлоқ дўконида доим бор, лампашишалар шодаси билан осилган, шу хотираларнинг янада яхшиси – қиш қечалари сандалга оёқни тиқиб, чироқнинг пилигини бир неча марта кўтариб, китоб устида тонг оттириш эди.
Ҳа, ҳозир ҳам ажабланаман, нимага уйларимизда печ, печка деган нарсалар бўлмаган, ётадиган уйларимиз қаҳратонларда ҳам ташқаридан унча фарқ қилмайдиган музхона, чойнакдаги чой яхлаб қолади; ётишда устки кийимни ечиб, қалин кўрпага қириб кетамиз, бошни ҳам кўрпага ўраймиз, оғизга тўғрилаб туйнуқ қолдирамиз… Бошингиздан ўтган бўлса, ўзингиз ам биласиз – донг қотиб ухлаймиз. Эрталаб дилдираб турамиз, исиб олиш учун ўзимизни дарров ишга урамиз. Табиий, ётадиган уйда китоб ўқиб бўлмайди, совуқ қоқиб ташлайди. Қизиғ-эй, ҳовли тўла ўтин, уч-тўрт тиркама ғўзапоя ғарам қилиб босилган, одамлар печка ўрнатишни билмаганми, ёз бўйи йиғилиб. таги чириб ётадиган ўтинга ҳам қаттиқлик қилганми – бугун ақлга тўғри келмайди. Катталар ҳам, болалар ҳам чиниқиб кетган. Бир шаҳарлик ўқитувчимизнинг болалари замҳарир совуқда қорда ялангоёқ юрарди. Хайриятки, юқори синфларда ўқиётганимда кўмир ёқса ёнбошларидан ҳам қоп-қора қоп-қора тутун чиқиб кетадиган йиғма чўян печка пайдо бўлиб қаҳратонларларда дилдираб ўтирмайдиган бўлдик. Лекин китобга берилиб бошлаган пайтларим ҳали печка деган нарса йўқ, ҳаммасига балогардон сандал, унинг чўғи тонггача етмас, елкаларгача музлаб бошлагандан кейин совуқ хобхонага ўзимни уришдан бошқа чора қолмас эди.
Шу оғир, совуққа чидамай китобдан узилиш жуда ўқинч берар эди.
Китоб шунақа қадрли эди.
Умуман, китоб билан ўсган одам кам бўлмайди. Ҳаётимда нимага эришган бўлсам китоб туфайли деб биламан. Ҳозирлари ўша керосинчироқларнинг хира ёғдуси оламни ёритиб келаётгандек туюлади.
2013

Маънавий таҳдид шарпаси

(“Ёшлик” журналининг бир саволига жавоб)

Алишер Назар: – Назаримда одамиятнинг онгли ҳаёти бошланган кундан ер юзида курашлар даври бошланди. Яратган зот улуғ Китобида дарж этганидек, уларни бир-бирларини танишлари ва дўст тутишлари учун халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйгандан бошлаб эса бу курашларнинг кўлами кенгая бошлади. Асрлар келди… бутун бошли миллатлар ер юзидан супириб ташланди. Айримлари миллат сифатидаги қиёфасини йўқотиб қўйди.  Баъзилари таланди, ўлдирилди, қул қилинди. Аммо кураш шу билан тўхтагани йўқ. У шаклан бўлмаса-да, моҳиятан давом этмоқда ва инсон табиатидан келиб чиқсак, бундан кейин ҳам давом этажак.
Эндиликда бу курашнинг тактик усуллари ўзгарди. Ғанимлар билвосита инсонлар қалбига, онгига ҳужумга ўтдилар. Ҳозирда турли маданиятлар ўртасида кураш авжига чиқди. Дунё аҳлининг бир бўлаги сифатида биз ҳам бу талотўплардан четда турганимиз йўқ. Душманлар минг йиллар давомида шаклланиб келган, энг асосийси, имон ва ислом булоғидан сув ичиб камолга етган миллий маданиятимизни йўқ қилиб, ўрнига ўзларининг маслаклари сингдирилган маданиятини жорий қилишга уринмоқдалар. Бу иш учун жуда катта маблағлар ажратилмоқда, сармоялар тикилмоқда, ўқув муассасалари ташкил этилмоқда. Миллионлаб тиражда китоблар, газета ва журналлар нашр этилмоқда. Бу ҳам камлик қилганидек эшикма-эшик юрадиган миссионерларни тарбиялашдан ҳам эринмаяптилар.
Бу жараёнда инсон қалбини турли мафкуравий бўронлардан омон сақлашнинг ягона йўли бор. У ҳам бўлса инсон онгида маънавий- ахлоқий қадриятларни шакллантиришдан иборат. Адабиёт яралганидан буён унинг бирламчи вазифаси инсон қалбини тарбиялаш экани ҳақида жуда кўп гапирилган. Айтинг-чи, замонавий ўзбек адабиёти бугунги глобаллашув даврида зиммасидаги масъулиятни кўнгилдагидек адо эта оляптими? Сўнгги пайтларда “мустақиллик даври адабиёти” деган атама пайдо бўлди. Бу атаманинг пайдо бўлишига қандай асосларимиз бор? Мустақиллик даври адабиёти кечаги адабиётдан нимаси билан фарқ қилади?

Аҳмад Аъзам: – Мустақиллик даври адабиёти деб мен фақат вақт, давр нуқтаи назаридан ажратаман. Адабиёт оқаётган бир дарё, у ери ё бу еридан чизиқ тортиб, буниси бу ёққа, униси у ёққа, деб айириб бўлмайди. Энди, табиий, унинг усти сокин, туби теран жойлари бор, баъзи жойларида саёзликка чиқиб шағиллаб қолади. Шағиллаб бўлдик! Менингча, умидим ҳам шу, дарёмизнинг теранлиги айни бошланаётган палладамиз.
Ана шу оқаётган дарё лабида ўтириб ўйласангиз, ўй сизни ҳар ёқларга тортиб, ҳушёрлантиради. Биринчиси: миллат – тафаккури билан миллат, тафаккур эса тил билан.  Миллат ўзини тафаккур билан кўтаради, тафаккур билан ривожланади ва айни шу тафаккур билан ўзини ҳимоялай олади. Ўзлигининг қўрғони – тафаккур. Айни шу қўрғонни миллатнинг афкор қисми қўриқлаши, ҳимоялаши ҳам керак. Ёт таъсир, ёт оқим, ёт ақида, ҳаттоки дунёнинг ёт қонунларидан ҳам. Бу шунчаки сиёсатнинг зарурати эмас, миллатнинг  яшаб қолиш, бузилмаслиги ва шу глобал гирдобга ютилиб кетмаслик шарти. Дейлик, дунёдаги барча динлар, барча илмлар қарши бўлгани ҳолда инсон табиатига зид, башар зотига мамну бир жинсли махлуқ қонунини яна шу инсон ҳақ-ҳуқуқлари тенглиги бандлари билан паналаб, бугунги кунда ўн тўртинчи мамлакат парламентида қабул қилди. Ўша мамлакатлар аҳолиси кўпчилиги қаршилигига қарамай, демократияда озчиликнинг фикри ҳурмат қилиниши керак деб. Биз учун бу гапни айтиш ҳам ҳазар! Ўша томонларда ҳали бунақа мамлакатлар сони кенгаяди, чунки ОАВ тинмай жаврайди, ТВ ҳар куни ўнлаб марта кўрсатади, тарафу бетарафларни тортиштириб, шу билан ҳам тарғиб қилади, ана шу биз отини тутишга ҳам ҳазар қиладиган табиат, инсонга зид ҳайвоний нарсаларнинг ҳаммаси сўз эркинлиги байроғи остида қилинади, оқибатда  шу сарамас билан оғриганлар сони кўпая боради, улар тинмай намойиш қилади, тўполон чиқаради, кўчадан турган машиналаргача ёқади, уларнинг сарамаслик талабларига буйсунмайман деган номзод, ҳар бир овоз ҳисобда бор, сайловдан ўтолмай қолади. Худо сақласин бизни бунақа тенгликдан! Бизга гоҳ табиий оқим билан, гоҳ эса бу оқимларни тагимиздан зимдан оқизаётган ҳар хил лойиҳаю жамғарма, кўрик-танлову шафқат ташкилотлари (булар юзлаб, минглаб), эътиқодсизлик, фаҳш, очиқ шаҳват, беиболик, динсизлик каби талай-талай “таълимот”ни ошкора ҳам, яширин ҳам киритиб ётибди. Миллий руҳ, миллият тубдан емириляпти бунинг оқибатида. Ғанимларимизга ҳам инсоф берсин деб, ўзимизни фақат Худога ташлаб, оғзимизни очиб ўтираверсак, ўша ёқдан келган чиркинлик оғзимизга ҳам кириб кетади. Шусиз ҳам кўп нарсаларнинг сопини ўзимиздан чиқаришяпти, билиб-билмай эргашиб кетадиганларни топаётирлар, сийлиқлар билан сийлаётирлар. Бу иркит нарсалар чексиз-чегарасиз ахборот технологияси шарофати билан ҳар куни, ҳар соатда уйимизда меҳмон. Бугун телевизорга қараганда нафратимизни келтираётган ёт исқот беш-ўн йилдан кейин эшигимиздан сўрамай ўзи кириб турган бўлади. Агар ўзимизни  асрашни, дунёнинг яхшиси билан ёмонини фарқлашни ўрганмасак. Нима демоқчилигим тушунарлидир. Бу – нечадан бир мисол, холос. Мен ўзимни жуда демократ ҳисоблайман, лекин демократиянинг чиройли пардасини кўтариб, қани бунинг орқасида нималар бекиниб ётибди деб қарайман ҳам. Қонуну ҳуқуқларни юзига чаплаб гўзал нозанин бўлиб олган ялмоғиз чилтон кампир шу ёқда эмасми деган шубҳага бораман. Бўянган нозанин ялмоғизнинг човут солишидан хавфсирайман доим.
Нуқул ўзбеклигимизга фахрия ўқийвермай, ҳақиқатда ўзимизни ўзбек деб билишимиз ва бундан ғурурланиб иш кўришимиз шарт!
Тафаккур ўзлигимиз қўрғоними, о-о, унинг деворлари қандай баланд қурилган, қандай кунгураю миноралари бор, ота-боболаримиз ғайратига балли,  деб салламно айтавермай, нураётган, тўкилиб бораётган жойларини тузатиб ҳам туришимиз керак. Глобаллашув – маънавиятга интервенция. Биргина бизда эмас, бутун дунёда, ҳатото ўзини энг ривожланган ҳисоблайдиган мамлакатлар ҳам унинг истилосида. Замон шамоли гоҳ илиқ, гоҳ аччиқ, лекин муқаррар эсяпти. Шамол тоғларни ҳам қум қилган. Шуни унутмайлик. Оддий ҳақиқатлар эсимизда турсин: келажагини ўйламаган миллатнинг бугуни йўқ, у фақат ўтмиш мозорларини улуғлаш билан қолиб кетади.
Кўп асрлар таназзулда, кейин юз йилдан ортиқ мустамлакада яшаганимиз учун ўтмиш ва бугунимиз Шарқдан ҳам, иқтисодиёт, технологияда илгарилаб кетган Ғарбдан ҳам ўзимизни паст оламиз. Ўз қадриятларимизни уларчалик қадрламаймиз, Шарқдан оппок қўринган тегирмончини бувам деб ўйлаб, кўзимизга ёш олиб эргашиб кетамиз, Ғарбнинг ашқол-дашқолидан тортиб чиқитга ташлаб юборганларигача ҳавасда юрамиз. Таъсирларнинг қайси яхшию қайси ёмон эканини аввал ўз танимизга ўйлаб олайлик. Балки ҳаммасидан ҳам яхшилари ўзимизда бордир. Бор, лекин кўрсатиш учун аввало ўзимиз билишимиз – ўзлигимизни билишимиз зарур. Бошқалар буни биздан олдинроқ билган ва ҳавасини яширмайди ҳам.
Миллатнинг билик борлиғи тафаккур, тафаккур эса меҳрталаб нозик тилдан тикланган, тил билан мустаҳкамланади, тил билан ўсади, теранлашади. Аслида, барча бадиий, маънавий, руҳий, фалсафий, илмий – жамики бойликларимиз тилимизда. Унинг ўзи энг бебаҳо, қутлуғ маданий обида, ёт таъсир, бузилишлардан қўриқчимиз! Масаланинг ана шу томони ўйлантиради – ўзбек руҳияти қўриқчиси, валинеъматининг ўзини асрамаяпмиз, давлат мақомига кўтариб, қонун билан ҳимоялаган ҳолимизда биз, қалам аҳли, афкор омма уни ўз ҳолига ташлаб қўйдик ва ҳатто уни бузувчилар чанқаганда сув ҳам ташиб турибмиз.
Тили ғарибланган халқнинг тафаккури ҳам ўтмас бўлиб қолади, айни тафаккурнинг мағзи-мағзигача заха етади, бугунги замон талаблари даражасида фаолият кўрсата олмайди, шунчаки ҳавойиланиб қолади. Худога шукр, кўп ишлар қилиняпти, лекин ундан-да кўп ишлар қилинмай қолиб кетяпти. Бу эса бизни тутиб турган заминни бўшаштириб қўяётир. Шулардан бири – тилга бепарволик оқибатида адабиётда орқага кетиш. Албатта, мустақиллик руҳиятимизга, кўнглимизга эркин кенгиклар берди, лекин моддий сиқинтилик анча ижодкорларни “бортнинг у ёғига” чиқариб ташлади – қанча издошлар бўлгувчи эди, улар ҳам бўлмади. Аммо… халқнинг фикрлайдиган қисми, афкор омма айни халқ олдидаги масъулиятини ҳар қандай шароитда ҳам унутмаслиги лозим.  Ҳозирга келиб бу сиқинтилик даври ҳам ўтяпти шекилли, янги адабий авлод шаклланиб бошлади. Бу, табиий, яна тафаккурнинг жонланиши, тилимиз аслиятларига қайтиб, уни дунёнинг фаол тил муҳитига қўшилишига, бинобарин, ўзлигимизни кўрсата олишимизга олиб келади.

“Ёшлик”. 2013 йил, 4-сон.

Аҳмад Аъзам (1949-2014) – ёзувчи, мунаққид, сценарист, тележурналист. 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Ғазира қишлоғида туғилган. “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали таҳририятлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган. Сиёсий фаолият билан ҳам шуғулланган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида турли лавозимларда ишлаган. “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” каби кўрсатувлари машҳур бўлган.
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” каби насрий асарлари,“Масъул сўз” адабий-танқидий мақолалар тўплами, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
Аҳмад Аъзам 2014 йил 4 январда оламдан ўтди. Умрининг сўнгги палласида ҳам тилимизнинг бузуқ ҳавоси, маънавий таҳдид шарпаларидан закийлик билан огоҳ этиб турган жонкуяр адибни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Эзгу сўзлари авлодлари, асарларида яшайверсин.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 416

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *