Акутагава Рюноскэ. Ҳузурбахш азоб, қувончбахш ғусса

МИТТИ ФИКРЛАР

ДОСТОЕВСКИЙ. Унинг романлари иблисни ҳам маъюс торттирувчи масхараомуз образларга бой.
ФЛОБЕР. У мени зерикишдан ҳам гўзаллик топишга ўргатди.
Эдгар ПО. Сфинксни яратиш учун у анатомияни ўрганди. Ўзидан кейинги авлодларни ҳайратга сола олгани сири ҳам шунда.
ТОЛСТОЙ. Бирюков қаламига мансуб “Толстойнинг таржимаи ҳоли”ни ўқиб, “Иқрорнома” ва “Эътиқодим қандай?” асарларига ёлғон аралашганини пайқайсиз. Лекин бирор кимсанинг юраги ушбу ёлғон муаллифи Толстойнинг юрагичалик тепмаган. Унинг ёлғони баъзиларнинг ҳақиқатидан кўра залворлироқ, негаки, юрак қони-ла битилган.
ИККИ ФОЖИА. Очиқлик, рўй-ростлик Стриндбергнинг фожиаси эди. Толстой ҳаётининг фожеийлиги эса, қанчалик ачинарли бўлмасин, ёпиқлиги, сирлилигидадир. Шу боис унинг умри Стриндбергникидан кўра оғирроқ фожиа билан якун топди.
НОСИР. Энг яхши носир – кўпни кўрган, кўзи пишган шоир.
ҒУРУР. Биз ўзимизда йўқ сифат билан фахрланишни хуш кўрамиз. Масалан, Т. олмончани яхши билади, бироқ иш столида фақат инглизча китоблар туради.
ИҚРОРНОМА. Инсон батамом иқрор бўлишга қодир эмас. Айни чоқда, иқрорсиз ўзликни тўлиқ намоён этиш ҳам маҳол. Руссо ҳарчанд уринмасин, “Иқрорнома”сида дилидагини тўлиқ тўкиб сололмайди. Мериме ҳарчанд ички оламини сир пардаси ила ёпмасин, “Коломба”да билиб-билмай ўзи ҳақида гапириб юборгандек. Иқрор адабиётини тўлиқ таъриф-тавсиф этиб бўлмайди.
МЕН. Менда виждон эмас, асаб бор.Акутагава Рюноске 3
ПУЛ. Етиб турганиданми, унга бефарқман.
ЗОЛИМ. Золимни золим деб аташ ҳаммавақт хавфли бўлган. Бугунга келиб, ажабки, қулнинг қул эканини ҳам айтиб бўлмай қолди.
ҚУЛЛИК. Қулликдан озод бўлиш – онгдаги мутеъликни йўқотиш демак. Лекин жамиятимиз унингсиз бир кун ҳам яшай олмайди. Ҳатто Афлотуннинг “Республика”сида ҳам қулликка ўрин бор.
КУЧЛИ ВА ЗАИФ. Кучли одам душманидан эмас, дўстидан қўрқади. У душманига тап тортмай, мардона ташланади-ю, дўстига ногоҳ зиён етказишдан чўчиб, ёш бола ҳолига тушади. Заиф кимса эса дўстдан эмас, душмандан қўрқади, шу боис дарди-хаёли ғанимда бўлади.
АХИЛЛЕС. Юнон қаҳрамони Ахиллеснинг энг қалтис жойи – товони эди. Демак, Ахиллеснинг товони ҳақида билмай туриб, уни билиб бўлмайди.
ГИНАХОНЛИК. Мусо деди: Най чалиб бердик, ўйнамадингиз. Улар деди: Дардли қўшиқлар айтдик, йиғламадингиз.
ЎРТАМИЁНАЛИК. Ўртамиёна асар, ҳар қанча маҳобатли бўлмасин, худди дарвозасиз уйга ўхшайди – энг оддий талабга ҳам жавоб бермайди.
МОДДИЙ БОЙЛИК. Моддий бойликдан маҳрумлар маънавий бойликдан ҳам маҳрумдир – икки минг йил аввал шундай эди. Ҳозир аҳвол бошқача – моддий бойлик эгалари маънавий бойликдан маҳрумдирлар.
БАҲС. Қирқоёқ: “Қани юриб кўр-чи”. Капалак: “Қани учиб кўр-чи”.
БОЛАЛАР. Нега ёш болаларни яхши кўрамиз? Чунки улар бизни алдамаслигига имонимиз комил.
ТАБИАТ. Нечун табиатни севамиз? Негаки, табиатга ҳасад бегона.
ИКИР-ЧИКИРЛАР. Ҳаётда бахтиёр бўлмоқ учун кундалик икир-чикирларни севмоқ лозим. Булутнинг қуёш нурида товланиши, бамбукнинг шивири, чумчуқлар чуғури, ўткинчилар қиёфаси – бундай кундалик майда-чуйдалардан баҳра ола билмоқ керак. Шуларни яхши кўрганлар улар туфайли қийналади ҳам. Бақатўн қоплаган ҳовузга сакраган бақа азалий мунг-андуҳни бузди. Бироқ ўша бақанинг ўзи чуқур мунг-андуҳни ҳис этгандир, балки. Басё ҳаёти аслида роҳат-фароғатга тўла эди, бироқ атрофдагилар наздида у нуқул азоб-уқубатда яшади. Биз ҳам кичиккина нарсадан ҳузурланиш учун ўша кичкина нарсадан азоблана билмоғимиз лозим. Кундалик икир-чикирлар ташвишини чекмай бахтга эришолмаймиз. Булутнинг ял-ял товланиши, чумчуқлар чуғур-чуғури… ва шулар оша жаҳаннам азобини ҳам кўрмоқ лозим.

ТЕНТАК ҲАЁТИ
Ҳаёт ҳақида
Ҳаёт бамисоли гугурт қутиси. Унга жиддий муносабатда бўлиш ўтакетган бемаънилик, писанд қилмаслик эса – хавфли.
Ҳаёт – варағи йиртиб олинган китобга ўхшайди. Уни тўкис деб бўлмаса-да, у барибир тугал.
Ҳаёт – мураккаб. Фақат зўравонликкина мураккаб ҳаётни оддий қила олади. Шу боис ҳам маданий одам, башарти тош асри кишисидек ўйласа, баҳс-мунозарадан куч ишлатишни афзал кўради. Ҳокимият, асли, қонуний зўравонлик. Одамларга ҳукмронлик қилишга, эҳтимол, зарурият бордир. Эҳтимол, йўқдир.

Инсонийлик
Нечоғли ачинарли, ҳайратланарли туюлмасин, инсонийликка таъзим бажо этишга жасоратим етмайди. Боз устига, анча-мунча ҳолларда инсонийликдан нафратланаман – яшириб нима қилдим, бу ҳақиқат. Гоҳи инсонийликка меҳр-муҳаббат ҳам туяман. Бу чиндан-да меҳр-муҳаббатми? Балки, муҳаббат эмас, раҳм-шафқат, ҳамдардликдир. Ҳарҳолда, инсонийлик кишини ўйлантирмаса, ҳаяжонга солмаса, ҳаёт чидаш мушкул азоб, нақ жиннихонага айланиб қоларди. Оқибат эса мудҳиш бўларди – инсон Свифт каби телбага айланарди. Айтишларича, Свифт ақлдан озиш арафасида дарахтнинг қуриган шохига термулиб “Мен худди ана шу оғочга ўхшайман, бариси бошдан бошланади”, деб шивирлаган экан. Шуни эсласам, вужудимни қўрқув, титроқ босади. “Свифт сингари даҳо бўлиб туғилмаганимга минг бор шукр”, дея ич-ичимдан суюнаман.

Оққуш тулуми
У батамом кучдан қолгач, таржимаи ҳолини ёзишга қарор қилди. Аммо дафъатан бу иш осон эмаслигини англаб қолди. Унга худписандлик, ўзига ишончсизлик ва эҳтиёткорлик халал берар эди. Шунинг учун ҳам у ўзидан нафратлана олмасди. Бошқа томондан, “тери шилинса, тагида яна шундай тери бўлади” деган фикр бошида айланарди. Барча таржимаи ҳолларга “Шеърият ва ҳақиқат” деб сарлавҳа қўйиш мумкин деб ўйларди у. Боз устига, бадиий асар ҳаммани бирдек таъсирлантирмаслигини у яхши биларди. Ёзганлари ўзига ўхшаган, унингдек ҳаёт кечирадиган кишилар қалбидагина акс садо бериши мумкин.
У ана шундай кайфиятда эди. Шу боис “Шеърият ва ҳақиқат”ини мухтасар қила қолди. У “Тентак ҳаёти”ни ёзиб бўлгач, ногаҳон оққуш тулумини кўриб қолди. Оққуш бошини баланд кўтариб турар, сарғайиб кетган қанотларини эса куя еган эди. Ўтмишини ёдга олди, томоғига аччиқ нола тиқилганини ҳис этди. Олдинда уни тентаклик ва худкушлик кутарди. Тунда, кўчада паймонаси тўлишини сабр ила кутишга қарор қилди.

Монархия
Ушбу воқеа XVII асрда Францияда рўй берган. Бир куни Бургундия герцоги аббат Шуазига бундай савол берибди: “Карл Олтинчи калта ўйлайдиган одам эди. Сизнингча, буни қай тарзда ётиғи билан, юмшоқроқ қилиб билдирса бўлади?” Аббат жавоб берибди: “Мен лўнда қилиб, Карл Олтинчи калта ўйлайдиган одам, деган бўлардим”. Аббат Шуази ўша жавобини ўз ҳаётидаги энг мардонавор қадам деб ҳисоблар ва шу билан фахрланиб юраркан.
XVII асрда Франция монархия руҳи билан тўйинган эса-да, бу латифани унутиб юбормади. XX асрдаги Япония ўша давр Франция монархиясидан  заррача бўлсин қолишмайди. У на шодлик ва на бахт келтиради.

Сайди УМИРОВ таржимаси

“Тафаккур” журнали, 2016 йил 4-сон

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 88

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *