Алмисоқдан қолган қўрқув

Фиқра

Учинчи қаватда ўтирибман. Бинонинг орқа ҳовли томони бор бўйича ойнаванд. Ташқаридан қараган одам қора ойнада ўзини, осмонни, дарахтларни, фавварони, бетон тўшамани кўради – неча бор ўтганда эътибор қилганман бунга. Ичкаридан қараган одамга эса барчаси кафтдек намоён, фақат ўзининг аксидан бошқа – мана ҳозир сезиб турибман буни. Орқа ҳовлида ора-сира пайдо бўладиган одамларни кузатаман: кўпчилиги ўз дардида қайгадир шошилади; қаерда юрибди, оёғининг тагида нималар бор – асфалтми, бетонми, атрофида нималар бор – гулми, тиканми, барига бефарқ ўтаверади. Лекин хаёли банд, хатти-ҳаракати рисоладагидек. Баъзан эса шундайлар ҳам учраб қолади: у ёқ-бу ёғига аланглайди-да, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, бир қилиқсийди, бир қилиқсийди; ё йўл-йўлакай керишади, ё рақсдагидай муқом қилиб қўяди, ё… Биттаси ҳатто шимини сал тушириб, кўйлагини тўғрилаб олди ҳам. Хуллас, ҳеч бири ўзининг кузатилувчи эканини, қаердадир кузатувчи борлигини пайқамаяпти. Боя айтдим-ку, қора ойнага қараса, ўзини ва ёнёғидаги нарсаларни кўради, ичкари эса кўринмайди…
Дафъатан қўрқиб кетаман. Ҳеч ким кўрмаяпти деган ёлғон тасаллига инониб қилган қилғилиқларимдан тортиб миямда ғужғон ўйнаётган яхши-ёмон хаёлларимгача, шаръий-ношаръий майлларимгача… бари-бари Илоҳий Назарга заррабиндагидек намоён-ку! Бўйламасига ҳам, энламасига ҳам – 360 градусдан кузатилаяпман-ку! Таш-ташимга довур, ич-ичимга довур…
Ушбу сатрларни битар эканман, қалбимда менга билдирилган Ҳақиқатни ўзгаларга етказиш нияти кучлими ё шу битиклар орқали бандаларининг олқишига умидворликми?..
Тавба, ҳатто охирги иқроримда ҳам “мен”, “Мен”, “МЕН”… кучли-я?!
Ё сўфий боболарим!
Ё сўфий боболарим!
Ё сўфий боболарим!
Сиз нафс билан олишувда қанчалар кучли бўлгансиз? Сиз алмисоқдан қолган қўрқув олдида қанчалар ожиз бўлгансиз? Шу ожизлигингиз “мен”га қарши жангда куч берганми?!
Ожизлигимни англаганим сари кучайиб бораман.
Кучимга ишонганим сари ожизланиб қоламан.
Ўзимга келаман, Ўзига бораман.
Шу икки орада овораман…

Фаррух ЖАББОРОВ

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 147

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *