Умримда Ҳамалу Мезон аралаш…


Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида,
Кимнингдир бахти бор кимлар дардида,
Тентираб юрибман сўзлар юртида –
Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.

Ҳар дам бардошимга тиларман тўзим,
Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим,
Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим –
Муҳаббат аралаш, исён аралаш.

Узилиб-узилмас ишонч иплари,
Аёвсиз отилар бало тўплари,
Руҳимда эврилиш талотўплари –
Эътиқод аралаш, гумон аралаш.

Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман,
Гоҳ асал ялайман, гоҳ тош тишлайман,
Бирда сарғаяман, бирда яшнайман –
Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.

2009


У айтади: нодирсан,
Беқиёссан, ботирсан,
Ҳар нарсага қодирсан.

Бу айтади: кимсан сен?
Иллат тўла хумсан сен.
Қўлда турмас қумсан сен.

У шивирлар: тур, бўлгин,
Балиқларга тўр бўлгин,
Зўрлар ичра зўр бўлгин.

Бу пичирлар: ўч энди,
Ҳечдан кўра кеч энди,
Ўз уйингга кўч энди.

У айтади: ўқ бўлсанг,
Бу айтади: йўқ бўлсанг…

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Кутмаган кунларим, кутган кунларим” китобидан.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.