Ароқ ичганмисиз?

ВОҚЕА
Бу йил меҳнат таътилига август ойида чиқдим. Бир-икки кун ўтиб, туғилган қишлоғимга келдим. Ўзбекларда август – тўй ойи. Қишлоққа борган кунимиз эртасига бир тўйга бордик. Тўй якунланаётганда фотиҳа қилиб, тўйхонадан чиқдик. Жўра-йўлдошларим билан дийдорлашдик. Гурунглашиб турганимизда меҳмонлар минган бир эскироқ автобусни жойидан жилдириб, юргизишга кўмаклашиб юборишимизни сўрашди. Ўртоқларим билан автобуснинг орқа томонига ўтганимизда бир маст киши ёнимга келди-да, менга қараб ўшқирди:
– Итар-эй, онангни…
Қотиб қолдим, кейин қоним жўшиб, мушт туширганимни сезмай қолибман…
29 ёшни  тўлдираяпман, ҳали бировни сўккан эмасман, сўкиш ҳам эшитмаганман…
Йиқилиб ётган мастга яна ташлангандим, ёнимдагилар ушлаб қолишди.
– Нима қиласан уриб, у маст-ку!
– Мени сўкди-ку!
– Оғзидан нима чиққанини билмайди, маст-ку у.
– Маст одам сўкаверади-да, эътибор берма, – қўшилди яна кимдир.
Уларнинг гапидан даҳшатга тушдим…

Элитный алкоголь эмиш

Қаерда шундай ёзувларга кўз тушса, бир кулгинг, бир куйгинг келади. Гўё “Маданиятли ҳайвонлар учун” дегандек…
Сайт муаллифи

«Тонгласи девон тарқағондин сўнг сайрға отланиб, кемага кириб, арақ ичилди. Мажлис аҳли: Хожа Дўст Хованд, Хисрав Мирим, Мирзоқули, Муҳаммадий, Аҳмад Гадойи, Нуъмон, Лангархон, Руҳдам, Қосим Али Тарёқий, Юсуф Али, Тенгриқули. Кеманинг боши сари толор бор эди, усти ҳамвор, мен бир неча киши била мунда ўлтуруб эдим. Яна бир неча киши толорнинг остида ўлтуруб эдилар, кеманинг қуйруғи сари ҳам ўлтуруб ер бор эди. Муҳаммадий ва Гадойи, Нуъмон анда ўлтуруб эдилар. Намози дигаргача арақ ичилди».
«Бобурнома»дан.

НИМАГА ИЧАСИЗ?..
Ароқ ичганмисиз? Маза-я. Дунёни унутасиз. Дунё дегани – муаммолар, муаммолар, муаммолар. Рўзғор – ғор, тирикчилик – тирриқчилик, …айй, нима ишингиз бор, ичинг, кайф қилинг – ҳаммасини унутасиз, учасиз, учасиз…
XXI аср одамлари юксак тафаккур соҳибларидир. Аммо ечилмаётган муаммолар ҳалиям кўп. Биттаси – ароқхўрлик. Ҳа, бу жуда эски муаммо. Чунки у инсон фитратидаги нуқсон билан боғлиқ.
«Нега ичасиз?» деган саволга аксарият ичувчилар «эзилганимдан», деб жавоб беради. Яна кўнгилхушлик учун ичадилар. Ича-ича ароққа мубтало бўлиб қоладилар.
«Мен озроқ ичаман – бир пиёла ё икки пиёла», деганларга ишонмайман. Муаммо шу ерда. Озроқ ичиш – шакар тўла қопни тешишдай гап. Бир сиқим шакар тўкилдими, тешикни бекитмасангиз, яна тўкилаверади, тўкилаверади…
Ичкиликбозлик –  оғир иллат. Уни бартараф этиш иродага боғлиқ. Аммо иродани тарбиялашда  жамиятнинг, муҳитнинг кўмаги даркор.
Ароқ ичганмисиз?.. Маза-я. Дунёни унутасиз. Дунё дегани – муаммолар, муаммолар…

ҚОЗОҒИСТОН АРОҒИ НЕГА АРЗОН?

Тошкентдан республикамизнинг ғарбий ва жанубий вилоятларига кетадиган йўл Қозоғистоннинг Мақтарал туманидан ўтади. Ҳамма яхши билади, у ерда бир бозор бор.
Бозорнинг асосий харидорлари – йўлдан ўтадиган ўзбекистонликлар.
Эътибор берсангиз, бу бозорда энг харидоргир маҳсулот – спирт ва ароқ. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ароқлар 1000 сўм атрофида ва ундан зиёдроқ нархда бўлса, бу бозорчада сотилаётган Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ароқ – 650 сўм. (Изоҳ: мақола 2002 йили ёзилган – Сайт муаллифи.) 1,5 литрли идишдаги спирт – 2500 сўм. Уни сотиб олаётганлар 1,5 литридан 7та 0,5 литрли қўлбола ароқ тайёрлайдилар. Демак, 1 дона қўлбола ароқ 350-400 сўмдан тушмоқда.
Юқорида айтганимдек, бу йилги меҳнат таътилида, август ойида қишлоқда бўлдим. 20 кун давомида 10та тўй бўлди. Ҳаммасида қўлбола ароқлар дастурхонни «безади». Энг азиз меҳмонларга Қозоғистон ароғи тортилди. Тўйларда аввалги йиллардагидан кўра кўп ароқ берилди. Арзон-да. Ҳаммаси Қозоғистондан келтирилган.
Мени бир савол ўйлантиради: Қозоғистон ароғи нега бунчалик арзон? Қозоғистоннинг ўзида ҳам шундай арзонмикан?..

НОХУШ ВОҚЕА
 
Бу воқеани бундан 8-9 йил аввал, юртимизга пластмасса идишда Хитой ароқлари кўп келтириладиган пайтлари эшитгандим.
Эмишки, Самарқанд вилоятининг шимолий қисмида жойлашган туманлардан бирида мактаб битирувчиларининг битирув оқшоми уюштирилади. Синфдошлардан бирининг уйида ташкил қилинган зиёфатда ўғилу қиз – барча битирувчилар иштирок этадилар.
Аввалига фақат ўғил болалар «қиттай-қиттай» қилишади. Кейин шўхликлари тутиб, кола-фантага аралаштириб, қизларни ҳам алдаб ичиришади. Ҳамма сархуш бўлгач, видео кўрадилар: аввалига ур-сур филм, кейин «анақасидан»… Эҳтирослар жунбушга келади ва…
Бу воқеанинг тафсилоти, балки, бошқачароқдир. Аммо дабдабали «битирув оқшом»лари, зиёфатбозликлару ичкиликбозликлар ҳамон мавжуд экан, шундай бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди!

«Чоршанба куни ражаб ойининг секкизида Шоҳ Ҳасанбекнинг уйиға бориб ичтим. Аксар беклар ва ичкилар бор эдилар.
Шанба куни ойнинг ўн бирида мажлис эди, намози дигар била намози шомнинг орасида, улуғ Кабутархонанинг томининг устиға чиқиб ичилди. Кечроқ бир кеча отлиқ деҳи Афғон саридин йўл била шаҳр сари ўтуб борадур. Таҳқиқ қилилди: Дарвеш Муҳаммад сорбон экандурким, Мирзохон қошидин элчиликка келадур экандур, том устидин чорладук. Дейилдиким, тўра ва тўқа била элчилик қилурни қўйғул, бетакаллуфона келгил! Дарвеш  Муҳаммад келиб, суҳбатга ўлтурди, ул фурсатта тоиб эди, ичмас эди. Ғояти шабқача мунда ичилди».
«Бобурнома»дан.

АНИҚ ВА ТИНИҚ ЖАВОБ

Бир куни бир маҳалла бошлиғи Иёс ибн Муовия ҳузурига келиб, мускир (маст қилувчи ичимлик) ҳукмини сўради. «Ҳаром», деди Иёс. «Нега ҳаром бўлсин? Ахир у мева ва сувдан иборат, оловда қайнатилган. Булар эса мубоҳ нарсалар-ку», деди ҳалиги одам.«Бор гап шуми?», деб сўради Иёс. «Шу». «Агар бир ҳовуч сувни юзингга сепсам оғритадими?». «Йўқ». «Агар бир сиқим тупроқни юзингга сочсам-чи?». «Йўқ». «Агар бир панжа сомонни юзингга отсам оғрийдими?». «Йўқ». «Агар тупроққа сомонни аралаштириб, устидан сув қуйиб, яхшилаб аралаштирсам, кейин бир парчасини офтобда қуритсам, қуригандан сўнг
уни юзингга урсам оғритадими?». «Э, ўлдириши ҳам ҳеч гап эмас», дея жавоб берди ўша киши. «Бале, хамрнинг йўриғи ҳам  шу. Агар унинг таркибий қисмлари аралаштирилиб, пишитилса ҳаром бўлади», деган экан Иёс.
«Тобеинлар ҳаётидан лавҳалар» китобидан.

РЎЙХАТЛАРДА ЙЎҚ ҚИШЛОҚ

Қизилкарвон – Нуробод туманидаги энг кичкина қишлоқлардан бири. Шу сабаблидир, Жом, Тим, Улус, Сазағон ёки Оқсой қадар машҳур эмас. Қишлоқда мингдан зиёдроқ аҳоли истиқомат қилади. Қизилкарвон – тумандаги турмуш даражаси энг паст қишлоқ. Бунинг бир неча сабаби бор.
Биринчи сабаб, қишлоқнинг географик жойлашиши. Самарқанд шаҳридан Қашқадарё вилояти чегарасигача – Қоратепа тизма тоғларининг охирги нуқтаси – Жом қишлоғигача, Самарқанд – Қарши йўли бўйлаб кетган қишлоқлар тоғ дараларида жойлашган. Озми-кўпми булоқ суви билан таъминланган. Суғорма деҳқончилик, боғдорчилик – тирикчиликнинг асосий манбаларидан. Биргина Қизилкарвон қишлоғи тоғдан «узилиб қолган». Шу боис, қишлоқ деярли юз фоиз лалми. Қишлоқнинг тоғ тарафдаги учдан бир қисмига қувур орқали булоқ суви келтирилган. Аммо бу сув истеъмолдан ортмайди. Ул-бул экишга имконият йўқ. Қишлоқ аҳолиси лалми деҳқончилик билан шуғулланади. Охирги 2-3 йил қуруқ келиб, қишлоқ иқтисоди «чўкиб» қолди.
Иккинчидан, қишлоқда мактаб, кутубхона, туман маданият уйи филиали, фелдшерлик пунктидан ташқари биронтаям корхона ёки муассаса йўқ. Меҳнатга яроқли аҳолининг аксар қисми ишсиз.
Учинчидан, шундай аҳволда бўлишига қарамай, қишлоқда тўй-маъракалар дабдали, бошқа қишлоқларга қараганда тўкин-сочин. Мисол учун, Оқсойда қалин 15 000 сўм бўлса, Қизилкарвонда 70000 сўм. Меҳнаткашда фотиҳа тўйида йигит тарафдан қиз тарафга бир улоқ жонлиқ сифатида берилса, Қизилкарвонда камида 70-80 кг. гўшт қиладиган қорамол берилиши шарт ва ҳоказо.
Тўртинчидан, қишлоқ аҳолиси ичида ароқхўрлик авж олган. Ичмайдиган одам кам — мактаб ўқувчисию ўқитувчиси (маош олган кунлари мактабнинг ўзидаёқ пул йиғиб, «зиёфат» уюштирадилар), маҳалла оқсоқолларию 60-70 ёшли соқол қўйган ва қўймаган боболар-да, ичади.
Қизилкарвонда турмуш даражаси нимага пастлигини энди тушунгандирсиз?..

ҚИШЛОҚДА МАШҲУР ЛАТИФА

Шомат ака Эшмат ва Тошмат акалар билан улфат экан.
Бир куни учаласи ичиб ўтиришганида, Шомат ака дебди:
– Бу қишлоқда фақат мен билан Эшмат – хотинимиздан қўрқмаймиз.
– Мен-чи, мен ҳам хотинимдан қўрқмайман! – дебди Тошмат ака.
– Йўқ, – деб жавоб берибди Шомат ака, – сен бизнинг қаторимизга қўшилолмайсан.
– Нега?
– Негаки, сен фақат ичганингдагина хотинингдан қўрқмайсан!..

АЁЛЛАР… ИЧА БОШЛАШДИ

«Ароқ ичганмисиз?» деган саволга камида 95 фоиз эркаклар: «Ҳа», деб жавоб беришлари тайин. Аёллар-чи?
Илгари шаҳар жойларда зиёфатларда аёллар ҳам спиртли ичимлик ичишлари ҳақида эшитардик. Қишлоқда ҳам яккам-дуккам, «Фалончининг хотини ёки қизи… ичармиш», деган  гаплар эшитилиб қолар эди. Тўйларда аёлларга мўлжалланган столларга спиртли ичимлик умуман қўйилмас, қўйилгани ҳам очилмасдан қолиб кетганига гувоҳ бўлар эдик.
Бу йил Қизилкарвонда тўйларда аёлларга ҳам ароқ бериладиган бўпти!
Ён қўшнимизникида тўй бўлди. Тўй эгасининг синфдошларига алоҳида жой ҳозирланган
(ҳозир шунақаси урф бўлган). Барча синфдошлар турмуш ўртоқлари билан тўёна сифатида 10тадан ароқ (?!) кўтариб келишган. Синфдошлардан икки нафари ишлаш учун Россияга кетган экан, хотинлари келибди, даврани роса «қизитди»лар.
Улар ҳақида гапирмаган одам қолмади.
Уйга келган меҳмонга чойдан ҳам олдин ароқ таклиф қилинса, кўча-кўйдаги гурунгларнинг асосий мавзуси «фалончи зўр ҳақ берди, ўчибмиз, ундай қибмиз, мундай қибмиз» бўлса, мактаб муаллимлари мактабда ичса, қишлоқ оқсоқоллари тўйларда қўниқ олиб «сомонхонага кетгунича» ичса, маҳалла фаоллари тўйларда ҳаммадан олдин маст бўлиб қолса, буёғи ароқ арзон бўлса, эрлари ичганда хотинлари ичмайдими? Ахир улар тенг ҳуқуқли-ку!..
Қишлоқдан эзилиб қайтдим. Кўрганларимга кўниколмасдим. Аммо буни ҳамқишлоқларим сезишмади. Ҳаммаси шундай бўлиши керакдек, одатий ҳолга айланган.
Мен кўпроқ болалар ҳақида ўйладим. Газета-журнал ўқимай, китоб ўқимай (дарсликлари ҳам тўлиқ эмас), зиёфатлар ва тўйлар, меҳмондорчиликлардаги қадаҳлар жаранги остида, олди-қочди сериаллар, шовқин-сурон мусиқалар таъсирида, ҳар байрамда «ўтириш»лар уюштириб улғайишмоқда улар.
Пайшанба куни қишлоқ биқинидаги бозордан ўзларига китоб, дарслик олиб бермаган оталарининг маст бўлиб келишларини, тўйларда ўқитувчиларининг ўлар ҳолда ичиб, стол тагидами, ариқдами, йўл устидами ухлаб қолганларини, ичиб олган йигит-қизларнинг даврани бўшатмай, жазавада ўйинга тушишларини, кайф қилиб олганларнинг сўкинишларию ножўя қилиқлари, уруш-жанжалларини кўриб, билиб, эшитиб катта бўлишяпти улар.
Тўйнинг қандай ўтгани унда берилган ароқ билан, тўйга олиб бориладиган тўёна ароқ билан ўлчанадиган, аёллари ҳам ичадиган қишлоқнинг келажаги қандай бўларкан?..

НАФСИНГИЗДАН ҒОЛИБ БЎЛИНГ!

Мавлоно Жалолиддин Румий таъбирича, яратиқлар уч турлидир: малаклар, ҳайвонлар ва инсонлар. Малаклар – нуқул ақлдан, ҳайвонлар – фақат шаҳватдан, инсон эса ақл ва шаҳватдан иборат.
«Ақли  шаҳватидан устун келган киши малаклардан афзал, шаҳвати ақлидан ғолиб чиққан кимса эса ҳайвондан тубандир» (Ҳадис).
Демак, инсонга нафсидан ғолиб бўлиш учун Ақл берилган. Ундан фойдаланмоқ лозим!
* * *
«Нақлдирки, Ибн Муҳаммад Жаъфари Содиқ Абу Ҳанифа ҳазратларидан:
– Оқил кимдир? – деб сўради.
Айтди:
– Оқил улдирки, яхшилик билан ёмонликни фарқлай олгай.
Шунда Содиқ айтди:
– Яхши нарса билан ёмон нарсани ҳайвонлар ҳам ажрата олади. Ҳайвонларни урмоқчи ёки  ўт бермоқчи бўлсанг, ўт билан таёқнинг фарқига боради.
Абу Ҳанифа айтди:
– Сизнинг наздингизда оқил ким?
– Оқил икки яхшилик ва икки ёмонлик орасини фарқлай олувчи кишидир. Токи икки яхшиликдан энг яхшироғини танлай олсин ва икки ёмонликдан энг ёмонроғини фарқлай олсин».
Шайх Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё» китобидан.

ШОИР ДЕГАНИ АЛКАШ ДЕГАНИМИ?

Ҳамма биладиган, аммо ҳеч ким бу ҳақда ёзмайдиган, ўзаро гурунглардагина тилга олинадиган мавзулар мавжуд. Бугуннинг шоирлари кўп ичиши ҳақидаги гап  шундай
мавзулардан бири.
Талабалик давримизда бир курсдошимиз бўларди. Шоиртабиат, унча-мунча шеър ёзадиган, анчайин истеъдодли бу дўстимиз кўп ичар, буни шоирлиги билан изоҳлар эди. Унга қулоқ солсангиз, ҳамма буюк ижодкорлар – алкаш.
Ўзаро суҳбатларда ҳам шоирлар ҳақида сўз очилиб қолса, «Ҳа, улар шоир-да, шунинг учун ичишади, фалончи шоирнинг ичмаса илҳоми келмас эмиш», деб қўйишади.
Газета таҳририятлари жойлашган бино олдидаги ошхонада соатлаб ўтирадиган, бу ерга тез-тез келиб, кайф билан деярли бутун бинога эшиттириб шеър ўқийдиган, ёш ижодкорларга «Оқ  йўл»ни яримта эвазига ёзиб берадиган шоирлар бор. Буни ҳаммамиз биламиз, аммо «Шоир-да, шунинг учун кўп ичади», деб қўямиз…
Тўғри, чинакам  истеъдодлар жунунваш, сал эркароқ бўлишади. Бироқ уларни таърифлаётганда «алкаш» сифати қачондан буён қўшиладиган бўлиб қолди?

«Душанба куни жумодилаввал ойининг йигирма учида сайр қила отландим. Сайр асносида хотиримға еттиким, ҳамиша тавба дағдағаси хотиримда бор эди, бу номашруъ амр иртикобидин алад давом кўнглумда ғубор эди, дедимким, эй нафс:
Чанд боши маосий мазакаш,
Тавба ҳам бемаза нест би чаш.*
Неча исён била олудалиғинг,
Неча ҳирмон аро осудалиғинг,
Неча нафсингға бўлурсен тобеъ,  
Неча умрунгни қилурсен зоеъ.
Нияти ғазв илаким юрубсен,
Ўлмакингни ўзунга кўрубсен,
Кимки ўлмак ўзига жазм этар,
Ушбу ҳолатта билурсенки нетар,
Дур этар жумла маноҳийдин ўзин,
Аритур барча гуноҳидин ўзин,
Хуш қилиб ўзни бу кечмакликтин,
Тавба қилдим чоғир ичмакликтин.
Олтину нуқра суроҳийю аёқ,
Мажлис олоти тамомин ул чоқ,
Ҳозир айлаб, борини синдурдум,
Тарк этиб майни, кўнгул тиндурдум.

Бу синдурулғон олтун-кумуш суроҳий ва олотни мустаҳиқларға ва дарвешларға улашилди. Ул кишиким, тавбада мувофақат қилиб эди. Асас эди. Соқол қирмоқта ва қўймоқта  мувофақат қилиб эди, ул кечаси ва тонгласи беклардин ва ичкилардин ва сипоҳилардин ва ғайри сипоҳидин уч юзга яқин киши тавба қилдилар. Ҳозир чоғирларни тўктуруб, Бободўст келтурган чоғирларни буюрдукким, туз солиб, сирка қилғайлар. Чоғирларни тўккан ерда бир войин қоздурулди. Ният қилдимким, бу войинни тош била қўпортиб, бу войинннинг ёнида буқайи хайре қилғайлар».
«Бобурнома»дан.

Ҳар бир кишининг теварагидаги одамлар ҳақида ўз фикри бўлади. Инсоннинг бировга баҳо бериши ўзига хос мезонларга асосланади.
Мен «Титаник» филмини қизиқиб томоша қиламан, ҳақиқатан зўр ишланган. Аммо бир жиҳати унинг севимли филмим бўлишига монеълик қилади: бош қаҳрамонлар бузуқчилик қиладилар…
Худди шунга ўхшаш «Даллас», «Морена Клара», «Скарлетт», «Муҳаббат  қаҳваси»,  «Эсмералда» каби сериаллар ҳам маҳорат билан суратга олинган. Актёрлар санъатига ҳам тан бериш керак. Барча сериалларнинг асосий ғояси – муҳаббат тараннуми. Бироқ уларда тасвирланган баъзи лавҳалар, бизнинг миллатимизга, Шарққа ёт урф-одатлар, бизда андиша пардаси ортида қоладиган нарсалар тасвири, бўрттирилган сюжетлар, ахлоқсизлик тарғиботи уларга ижобий муносабатда бўлишимга йўл қўймайди.
Севимли актёрим спиртли ичимлик рекламаси ролигида суратга тушар, севимли шоирим кўз ўнгимда бирин-кетин шишаларни бўшатар, яқин дўстим, қариндошим, ҳамқишлоғим  бўккунича ичар экан, уларга муносабатимни қайтадан кўриб чиқишга ҳаққим бор. Фақат уларга яна бир бор айтар сўзим шу:  ичишни ташласа бўлади!

* Байт таржимаси: Қачонгача гуноҳ ишлардан завқ оласан; тавба ҳам бемаза эмас, ундан ҳам тотиб кўр.

Ҳусан КАРВОНЛИ
«Маърифат» газетаси, 2002 йил 9 октябр

Бизни ижтимоий тармоқларда қуйидаги манзилларда кузатиб боришингиз мумкин:

https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 681

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *