Артистпараст халқ

Ўлгудай артистпараст халқмиз-да. На бу дунё, на у дунёмиз учун – фойдасиз нағмаларга маҳлиё бўлиб, артистга топинар даражада талпинамиз. Худо ўнглагур бу феълимиз ўзимизга жуда қимматга тушмасайди. Шундай бўляпти ҳам… Бу фожиамизни ҳали-бери тушуниб етмасак керак.
***
Қачонгача артистни “замонамиз қаҳрамони”, “идеал инсон” қилиб кўрсатишар экан-а? Жойлардаги тарғибот тадбирларида ҳали ҳам шу аҳвол. Телеэкранда, интернетда шовқин солгани етмагандек шундай давлат тадбирларида ҳам яна ўша житир-житирлар. Мисолларга тўхталиб ўтирмадим. Бунақаларни томоша қилиш, бузуқи қўшиқларини, бемаъни гап-сўзларини эшитиш учун бор-будини сарфлаётганларни қандай тушуниш мумкин?..
***
Тобора ҳаддидан ошаётган шовқинчилар – шахсий манфаати йўлида ҳар ҳунарга тушаётган артисту отарчилар ва уларнинг нафси қутурган тарғиботчиларини ҳеч иккиланмай “халқимиз душманлари” деб атайверса бўлармикан. Бундайларнинг миллат маънавияти, эътиқод, тил ва маданиятимизга етказаётган зарарини ҳали-бери чуқур англаб етмаймиз, шекилли. Ёш авлод онгини заҳарлашда ҳам уларнинг “муносиб ҳиссаси” бор. Афсуски, бизда зиён-зарар тушунчалари-да моддият билан ўлчанадиган бўлиб қолган. Душманларини бошига кўтарганларнинг келажаги ҳақида эса бирор ёруғ сўз айтиш қийин.55713171_42
***
Антиреклама бўлиши, яна тарғиб қилиниб қолишидан хавотир олмаганимда, миллионларга ҳавола этилаётган, қулоқни йиртиб бўлса-да кириб келаётган бўлмағур, маза-матраси йўқ мантиқсиз “қўшиқ”ларни бирма-бир келтириб борардим. Биз назарда тутаётган – уруғи қуриб битгур “безтрада”чилар шундайки, уларни танқид қилиб барака топмайсиз. Қайтага текин реклама! Шармандага шаҳар кенг, дейишади-ку. Лекин жим қараб туриб ҳам бўлмайди-да. Мақсад кимнидир ёмонотлиқ қилиш, бировнинг боғига тош отиш эмас, қалбни ўлдирувчи офатлардан йироқроқ юришга даъват, албатта. Энг ёмони – уларни ҳимоя қилувчи “мухлис”лар ҳам жуда кўп. Баъзан бошқа ишлар қолиб шулар билан ўралашишга мажбурсан. Чунки бу ерда маънавият, маърифат, авлод масаласи бор!
***
Ёдда тутайлик, қалбни ўлдирадиган офатлардан қайтарилганмиз. Бир қарашда шунчаки эрмакдай туюладиган бугунги қўшиқлар (агар қўшиқ деб бўлса) аслида жуда хавфли: секин-секин таъсири кучаядиган оғу сингари заррама-зарра қалбни ўлдира боради. Аммо, афсуски, бугун аксарият одамлар шундай ботил нағмалар билан андармонга ўхшайди. Ёш авлод-ку жон-жонига қадар сингдириб ҳазм қилаётир бу заҳри қотилни. Боласини шунақа бемаъни “қўшиқ”лар билан “аллалаётган” ёш келинчаклар баттар хавотирга солади…
Қўшиқсиз ҳам яшаса бўлади. Қалбни ўлдирманг, руҳни озода сақланг. Эшитманг бунақа қўшиқларни, иложини қилиб аҳли оилангизга ҳам эшиттирманг. Худо хайрингизни берсин!

P.S. Бу мавзуда ҳали яна кўп гаплар бор-ку, лекин… ҳеч нарса ўзгармаслигидан, аксинча, аламзадаликда айблашларидан хижолат тортасан. Барибир, жим қараб турмаслик керак. Сиз нима дейсиз? Сайтимизда шу мавзуда доимий фикр-мулоҳаза, таклиф-истаклар бериб борилади.

#Йўл-#йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Беҳзод

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 344

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *