Асл адабиёт иштиёқи

Ёшлар ижодини мунтазам кузатиб, бу ҳақда хулосалар айтиш вақт ва ҳафсала талаб қилади. Қурдошлар, ука-сингил қаламкашлар ижодини имкон қадар кузатиб бораман. Иддаога йўйилмасин-у, очиғи, кўпчилик ёш ижодкорларнинг Сўз ва Адабиётга муносабати, мўлжал-мақсади майдалиги, масъулиятсизлиги, ўткинчи нағмаларга ишқибозлигини кўриб-билиб, нима дейишга ҳам ҳайронсан.
Кўпдан буён ёш ижодкорларга умумийроқ мактуб ёзиб, дилдаги гапларни айтиш нияти бор эди. “Ёшлик”чилар қистови билан, қолаверса, кимларгадир таъсири бўлар, ҳар ким ўзига яраша хулоса қилар, деган ниятда айрим фикр-мулоҳазаларни ҳавола этгим келди. Ёзганларим борича берилаётган бу гаплардан муддао кимгадир йўл кўрсатишга уриниш эмас, ёшларни сўз ва ижод масъулиятини теранроқ ҳис қилиш, чинакам адабиётга дахлдор асарлар яратишга ундашдир.
Ижодкорлар орасида “Ўттиз ёшгача шоир бўлсанг бўлдинг, бўлмаса – кеч” қабилидаги гап юради. Бу гап нисбий бўлгани билан ҳақиқатдан озиқланади. Негаки, шеър – ёшлик, навқиронликнинг ўзгинасидир. Бугун шеъриятимизга гуриллаб кириб келаётган ёш шоирлар кўп. Лекин ким қандай ижод қиляпти, ёзганларининг савияси қай даражада? “Ёш шоир” деганда кимларни назарда тутяпмиз: ҳаваскор қаламкашдан тортиб ёши қирқ, ҳатто элликни қоралаб қолган катта ёшдаги ижодкорлар ҳам “ёшлар рўйхати”дан тушмай келаётгани ажабланарли эмасми?
Назаримда, ёшлар шеърияти вакилларини уч гуруҳга бўлиш мумкин. (Атай “авлод” демаяпман!) Биринчиси – нисбатан аввалроқ номи кўрина бошлаган, адабий жамоатчилик ва шеърият мухлисларига танилиб улгурганлар Уларнинг айримларини ёш шоир деб аташга истиҳола қилади киши. Иккинчиси – бир-икки тўплами, адабий нашрлардаги чиқишлари билан тилга туша бошлаган умидли ёшлар. Учинчиси – шеърият оламига кейинги йилларда қадам қўяётган қаламкашлар, том маънода истиқлол фарзандлари.
Яқин беш-ўн йиллар ичида кўплаб ёшларнинг тўпламларини ўқидим. Баёзлар, матбуот ва интернетдаги шеърлари билан танишдим. Мутолаа давомида туғилган баъзи мулоҳазаларни қоралаб қўйган эканман…

***
Шодмонқул Саломнинг энг яхши шеърлари гувоҳлик беришича, у – кўнгил шоири, шеърюрак йигит. Шодмонқулнинг сара шеърларида Кўнгил поэтик образ даражасига кўтарилади. Уларни ўқиб “кўнглини, фақат кўнглини асраб” келаётган ва шу билан хушбахт, шу ила аламнок лирик қаҳрамон билан суҳбатлашгандай бўламиз.
Шодмонқул кўнглини, руҳий кечинмаларини бор бўйича, ортиқча бўяб-бежамай шеърга кўчиргиси келади ва кўпинча бунга эришади. Унингча, ҳар юрак – пайғамбар ороли. Аммо шу “муқаддас орол”лардан қанча-қанчаси талотўплар ичра вайрон бўлаётибди. Ҳаммасидан шуниси аламли! Шоир ўз кўнгли тилида бутун инсониятга қарата “Кўнгилни асранг!” дея хитоб қилаётгандек. Лекин бу асраш – курашмоқ, кўнгил кушандаларига қарши туришга даъват дегани. Шунинг учун унинг лирик қаҳрамони: “Юрак деган лоладай ёнса, / Шаррор оқиб турса қонинг-да”, – дея орзу қилади. Бу қаҳрамоннинг феъли ҳам ўзига яраша. Айниқса, ҳар нарсага кўниб кетаверадиган “мўмин-қобил”лар, фойдасию зарарининг тайини йўқ “силлиқ” кишилар билан ҳеч келишмайди. “Мўътадиллар – менинг душманим”, – дейди у янада кескинроқ килиб.

Боболар кафтида қабарди тупроқ,
Қабарган тупроқлар бердилар ҳосил.
Қўлда айри асо – абадий сўроқ;
Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.

Шу зайл ўзини-ўзи йўқлаётган шоир шеърларида шамоллар най чалади, кўплаб бағишловларидан қадим Сурхон кенгликлари нафаси келади. Унинг ота-она, Ватан мавзусидаги шеърлари ор-номус, эл-юрт шаънига қасидадек акс садо беради. Шу ўринда шоир кўнглини, поэтик дунёсини фольклор ўстираётганини, даҳо халқ ижодининг қадим оҳанглари шеърларига ярашиб турганини қайд этиб ўтмоқ жоиз.
Шодмонқул анча эркин куйлайди. Аммо баъзан айнан шу “эркинлик” ҳаддан ошиб, ёқимсиз эркаликка айланади. Биз “Шоирлар – Худонинг эркатойлари” қабилидаги беҳуда тушунчаларни шиорга айлантирмаслигимиз керак. Баъзан “эркатой” кўнглимиз қистови билан ўзимиз билиб-билмаган ҳолда шеърда ҳар нарса деб юборамиз, ҳатто Яратганга “буйруқ”лар бера бошлаймиз (?!). Тўғри, шеър – кучли эҳтирос фарзанди. Лекин, фаҳмимча, шоирнинг “бола”си фақат ҳиссиётчан бўлиши, хаёлга келганини сўзга кўчиравериши ҳам мақбул эмас. Шеърдаги “ақл” ана шу “шаккок” туйғуларни маълум маънода жиловлаш, аниқроғи, тўғри ўзанга буриш учун хизмат қилади. Назаримда, Шодмонқул жунунваш мисраларида баъзан шуни унутади. Бундан ташқари, унинг тўпламларига киритилган шеърлар даражасида сезиларли фарқ бор: сарбаланд руҳга уйғун шеърлар билан жўнроқ машқлари ёнма-ён турибди. Муҳими шуки, Шодмонқул Салом шеърни шунчаки кўнгил иши эмас, ҳаётий эътиқод, дунёнинг камолига ҳисса қўшувчи қудратли илоҳий инъом деб билади ва шу маънода ўзини “сўз ғуломи” деб атайди.
Носиржон Жўраевнинг шеърлари ифода жиҳатидан анча равон. Ёзганларида улуғ устозларга ҳурмат, уларга муносиб давомчи бўлиш ҳисси поэтик тилга кўчиб, ажиб кайфият ҳосил қилади. Айниқса, Носиржоннинг пейзаж шеърлари ўзига хос. Имкон қадар сийқаланмаган қофияларни қўллайди. Унинг лирик субъекти борлиқдаги ҳар заррадан ҳикмат ахтариб, табиат тилидаги ҳар шивирга қулоқ тутгиси, япроқлар қўшиғини тинглагиси келади. Ўтаётган умри, муҳаббати, келажагига бот-бот тафаккур “кўз”и билан нигоҳ солади:

Кўксим аро илиқ шамол эсган дам,
Билмам, қандай экан сен ёқда ҳаво…
Бир ҳадик кетмайди бугун дилимдан –
Этмоқдами-йўқми баҳоринг давом!
(“Мактуб” шеъридан.)

Шодмонқулдан фарқли ўлароқ Носиржоннинг шеърлари сокин, ўйчан. Албатта, бу унинг табиати, ўз дунёсидан дарак. Баъзи шеърлари эса атай шеър яратиш учун, ўйлаб ёзилгандек таассурот уйғотади; сунъийлик сезилади. Лекин, билишимча, Носиржонда одатда унча-мунча қаламкашнинг бўйни ёр бермайдиган мунтазамлик, ижодда бардавомлик бор…
Ойгул Асилбек қизининг шеърлари жиддийлиги, фалсафий мулоҳазаларга уйғунлиги билан эътиборни тортади. Ойгулнинг шоирликни қисмат деб билишга шайлиги, ўз навбатида, шоир ўз Сўзи – тақдири учун нақадар масъул эканини теран англаб бораётгани мана бу мисраларидан ҳам аён:

Шошилдим, уммонлар сари югурдим,
Саёз дарёларни қилмадим писанд.
Учдим осмонлардан нари – уриндим,
Ҳарчанд учолмадим тақдирдан баланд.

Ойгул катта ижодга мансуб шеърлар битишни хоҳлайди ва ёзганларида бу улуғ мақсадини яшириб ўтирмайди. “Шоир хаёллари” (Мен уни “Шоир хаёллар” дея атагим келади) номли тўпламида шоиранинг безовта руҳи, бедор қалб садоларини эшитгандек бўламиз. Унинг муҳаббат мавзусидаги шеърлари ҳазин оҳангларга жо бўлган:

Тушунгин кўнгилни, тушун тақдирни,
Узоқ ибтидони эсламоқда ким?
Мен сени унутдим, одамлар ҳатто
Худони унутиб яшамоқда жим.

Негадир оқ-қора кўринган умр,
Сирғалиб бир зайл ўтмоқда ҳар гал.
Сенинг кўзларингни ўйлаб уйғонсам,
Нимадир яшашга беради халал…
(“Унутиш” шеъридан.)

Лирик қаҳрамон шунчаки оҳ-воҳ қилаётгани йўқ. У “сершовқин совуқ дунё”да эслашга арзирли ҳеч вақо қолмаётганидан изтироб чекаётир. Фоний дунё нағмаси билан банд севгисиз одамлар ҳатто Яратганни-да “унутиб” қўйган. Мана шундай фожеъ лаҳзаларда бир дилозорни ёддан ўчириш нима деган гап?
Ойгул шу йўналишдаги шеърларида инсон севгида ҳам бутун бўлиши, майдалашмаслиги, аксинча, жасорат кўрсатиб яшаши керак, дея таъкидлагандек бўлади. Эҳтимол, қиз кўнглининг инжа туйғулари акс этган майин оҳангларга кўниккан шеърхонга шоиранинг айрим шеърлари бирмунча дағалроқ туюлар. Ойгулнинг ёзганларида одатда аёл кишига хос бўлмаган шиддат бор ва, назаримда, мана шу фазилат унинг шеърларини нурлантириб туради. Балки, у бу жиҳатни ўзи севган шоиралар – Анна Ахматова, Марина Цветаева ижоди таъсирида шакллантираётгандир. Нима бўлганда ҳам, Ойгулнинг рус, умуман, дунё адабиётидан бохабар бўлиш, жаҳоний миқёсдаги асарлар яратишга, ўз ёзганларига умумжаҳон шеърият мезонлари билан ёндашишга уринаётгани қувонарли. Аммо шунинг ўзи билан иш битмайди-да. Ўйлайманки, Ойгул, умуман, бошқа ёш шоирлар ҳам фақат илҳом онлари маҳсули билан кифояланмаслиги, шеър устида янада жиддийроқ ишлаш, ҳар сатрни пишитмагунча, ҳар сўз жойини топмагунча тер тўкишга ўзини ўргатиши керак. Ойгулнинг шеърларида яна бир қур кўриб чиқилиб, жиддий таҳрирдан ўтса, ярақлаб кетадиган ёки бир-икки жузъий камчилик юзига доғ бўлиб турган сатрлар кам эмас. Кўпинча қаратқич келишиги қўшимчаси (-нинг) ўрнида тушум келишиги қўшимчаси (-ни) қўлланади (Эҳтимол, техник хатодир, аммо бу қусур баъзи катта шоирлар ижодида ҳам бот-бот учраб тургани, шеъриятимизда “-ни” ва “-нинг” фарқланмай қўйилаётгани учун атай таъкидлаб ўтиляпти): Буни нима аҳамияти бор / Хазонрезги тўзғин шамоллар; Мени сизга хусуматим йўқ; Мен яхши биламан… Сиз билан кунларни ғаниматлигин; Мен сенинг қалбингни сўлғин рангидан / Ўлимнинг суратин чизгим келади… Кўп ҳолларда шеър бандидаги мисралардан бирида бўғинлар сони ортиб кетади. Булар жузъий камчиликдек туюлса-да, шеър мукаммаллик касб этганига не етсин!
Қўшни юртлардаги шоирлар, айниқса, хорижда ўзбек тилида ижод қилаётганлар шеърларини ҳам имкон бўлганича ўқиб бораман. Тожикистоннинг ўзбек фарзанди Шуҳрат Шокирни кўп шоирлар қатори интернетда учратдим; маъюс ва бир қадар асов сатрлари дарров ўзини танитди. Очиғи, бу битикларнинг бадиий савиясидан ҳам кўра улардаги эркин руҳ, дарбадар, таъбир жоиз бўлса, шуҳратнишин қалб изтироблари эътибор тортди. Ушбу шеърлар Шуҳрат ихлос қўйган “ўжар” шоир Шавкат Раҳмонни эслатади-ю, лекин, барибир, бу – Шуҳратнинг ўзи, ўз сўздунёси.

Йўлимдан қайтмадим,
Гоҳи мунаввар,
Гоҳида бесамар йўлларда юрдим…
Фақат Шуҳрат деган
Бир дарбадарнинг
Кўнглини кўтариб ўтмоқда умрим.
Йўлимдан қайтмадим,
Беқарор, сармаст,
Бу вайрон қалб билан,
Бу исён билан
Йўлларга сиғмасам,
Дунёга сиғмас,
Менинг юрагимда улғайган Ватан…

“Соғинч инсон қалбини ўлимдан сақлайди. Соғинаётган қалб ҳали тошга айланиб улгурмаган қалбдир”, деб ёзади Шуҳрат. Шу сатрлари билан у ўз ёзганлари ҳақида ҳам хулоса қилаётгандек: Шуҳратнинг шеърлари – соғинч ўртаётган, соғиниб-соғиниб таскин топаётган қалб изҳорларидир. “Дориломон кезар кўзларимда мунг”, – дейди у бир шеърида. Шу сатрнинг ўзи Шуҳратнинг айни ижодига муносиб чизги. Мусофирликда, ғарибликда, ўкинч аралаш соғинч ўти юракни жизза қилганида Шеър янада ёрқинроқ, янада жозиб жаранглайди. Тириклик – Сўзни тирикчиликдан баланд қўйиб яшашга уринаётган шундай ёшлар борлиги учун ҳам кўнгил кўтарилади. Умид қиламизки, Шуҳратнинг ёзилажак энг яхши шеърлари ҳали олдинда.
Башорат Отажонованинг шеърлари, адашмасам, бундан ўн йиллар аввал марказий адабий нашрларда кўрина бошлаганди. Кейин… кўринмай қолди. Оила бағрида фарзандлари билан андармон бўлди, шекилли. Шу вақт ичида ёзув-чизувдан қолмагани унинг айни дам матбуотда, ижтимоий тармоқларда тўлиб-тошиб эълон қилаётган сатрларида ҳам намоён. Лекин яна бир гап: ижодкор кўринмай қолишдан унча хавотирга тушмаслиги, аксинча, бугунги шовқинлар ичра имкон қадар Ўзини, Сўзини асраб яшагани, оммавий ҳаваслардан панароқда юргани ҳам дурустроқ. Муҳими – ўзни, сўзни зўрламай, рост туйғуларнигина шеър тилига кўчириш.

Саратон чарчади…
Эски кўйлагин
Ювиб марвартакнинг шохига илди.
Сўнг менинг ёнимга – ёғоч кўприкка,
Ўзини ташлади ҳорғин ва дилгир.

Бошимизда осмон – кўнглимдай улкан,
Юлдузлар – юзимга тошган сачратқи.
Сомон йўли кезар кўзларимизда,
Юракни ёргудек ҳайрат сачратиб…

Башоратнинг шеърлари ўзи севиб тасвирлайдиган Куз сингари сокин, табиат манзараларини сўзда сувратлантириши ўзига хос. Унинг шеърларидаги асосий қаҳрамон – “ёввойи гуллардай чиниқиб ўсган” қиз хаёллари, орзу-армонлари самимий ва андак ҳазин оҳангли сатрларда зуҳурланади, кўнгилга кириб боради…
Ирода Умарованинг шеърий битиклари бир қарашда содда, доимий мавзудаги оддий дил изҳоридек туюлса-да, кутилмаган ифода, оҳорли ташбеҳлари билан ажралиб туради. Шу боис унинг “Лола”, “Дил”, “Майлими…” каби шеърлари ўқувчига хуш кайфият улашади:

Бирдан хаёлимда жонландинг адл:
Қуёш нурларига қониб турибсан.
Шафақ шуъласида товланган моҳдил,
Оқсоч бир чўққида ёниб турибсан.
Гулмисан ё ёқут – билмайман, лола…

Ироданинг ушбу “Лола” шеърида кўклам чечаги пок муҳаббат, вафо рамзи сифатида образга кўчган. Ёш шоирада шеър яратишга муносиб Туйғу билан боғлиқ муаммо йўқдек (афсуски, кўпчилигимиз яхши шеър жавҳари бўлмиш ана шу ноёб Туйғуни топа олмай ҳалакмиз), аммо, сўз санъати нуқтаи назаридан қаралганда, у кўпроқ изланиши, тафаккур оламини янада бойитиши зарур. Шундагина энг гўзал шеърлар яралади…
Ёш ижодкорлар даврасида Бахтинисо Маҳмудованинг гўзал ташбеҳларга бой, юракни титратувчи ғамгингина шеърларини эшитиб, ўқиб, унинг нурли эртасидан умидландик. Минбарга ўч қақажон қизчаларнинг дардсиз ва андак сурбет шиғирларидан роса безган эканмизми, Бахтинисонинг безовта битиклари тоғлар бағридан келган тоза ҳаводай кўнгилга ажиб бир кайфият улашди. Аммо…
Очиғи, Бахтинисонинг неча йилдан буён оғир дард билан олишаётганини билмас эканман. Бу дард унинг жисму жони, бутун борлиғига чанг солган бўлса-да, негадир кўзларида қувонч, тўғрироғи, Ишонч нури порлаб турганини кўрдим. Бу нур Бахтинисо қалбидан чеҳрасига, сирли сатрларига кўчиб ўтаётир:

Дард ёмғирдай юзга тўкилганида,
Бошимни силаса Айюб бардоши.
Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,
Ғашланиб ботганда руҳим қуёши,
Сиз етиб келасиз орзулар билан…

“Агарда қайтмасам…” деб бошланувчи шеърда майсага, ерга… – бутун оламга сингиб бораётган қалб манзаралари чизилади:
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт…“Бир ичкин, эзгин нолада” куйлаётган қиз қалби “Кўзларим қайтади намозшом бўлиб…” сатри билан ушбу ҳазин қўшиғини якунлайди. Ёш шоиранинг: “Сиз ранжиманг, тушунинг ахир / Мен бахт эмас, Бахтинисоман”, – дея шеърий зорланишларида ҳам умид, ёруғлик бор. Албатта, Бахтинисо кўпроқ ўқиб-изланиб, тиниқ туйғуларини теран тафаккур нурлари ила жилолантирса, янада гўзал шеърлар бунёд бўлади. Лекин жисму жаҳонини ўртаётган азобларни енгиб, умидбахш ёруғ шеърлар битишга уринаётгани ва бунинг уддасидан чиқаётганининг ўзиёқ таҳсинга арзийди.

Кўпгина ижодкор ёшлар ёзганларини юбориб, фикр-мулоҳаза билдиришимни сўрашади. Имкон борича ўқиб, фикрларимни очиқ айтаман. Аммо… аксарияти холис танқидни тўғри қабул қилмайди. Ҳатто ошкора хафа бўлади. Ижобий фикр олган баъзилари эса дарров каминани китобига “муҳаррир” қилмоқчи бўлади. Ҳали мавриди эмас, дейман ҳовурини босиб. Шунга қарамай, кўпчилик хат эгаларига жавоб ёзиш, бафуржа фикрлашишга ҳаракат қиламан. Электрон ёзишмаларда ана шундай жавоб мактублари йиғилиб қолибди. Қуйида улардан айримлари.

***
Салом, Элбек. Айёмлар муборак бўлсин!
Ишлар яхшими? Ижод бўляптими? Индамай юриб шеър ёзар экансиз-да :) Фейсбукда илк маротаба “Чинданам бўлганми Алпомиш, / Бор бўлса, не учун қайтмайди?” деб тугалланувчи шеърингизни ўқигандим. Ёзганларингиз менда яхши таассурот қолдирди. Гарчи деярли мутлақ янги жиҳати бўлмаса-да, қандайдир ўзига хослиги ҳам борга ўхшайди. Жуда ярашиқли тахаллус танлабсиз – Элбек Эркин! Назаримда, шу тахаллусга уйқаш фольклор руҳидаги шеърларга кўпроқ этибор қаратишингиз керак. Қаламингиз шу йўналишда чархлангани маъқулроққа ўхшайди. Энг муҳими, бу оҳангдаги шеърларга ижтимоий руҳни, сал баландпарвозроқ айтганда, Замон ва Инсон дардини сингдириш зарур, шекилли. Шунга аҳамият берсангиз.
“Пари-қиз” шеърингиз ҳали мукаммал даражада бўлмаса-да, менимча, шунақа мифологик йўналишга алоҳида эътибор бериш керак (эртак, дев, сеҳр, пари каби образ ва мотивларга мурожаат; албатта, бугунги давр кайфиятига уйғунлаштирган ҳолда). Ахиллес, Заҳҳок билан боғлиқ шеърингиз ҳам шу қаторда.
“Боболар Ватанни сотиб юборган” деган сатрингиз бор экан-ку, балки айнан шу гап айтилмай, шундай маънони бергувчи кучли шеърларни кўпайтириш керакмикан… Кейин яна бир фикр: негадир ярқ этган, бир ўқишда қалбга чиппа ёпишадиган чақмоқ сатрларни деярли учратмадим ёзганларингизда. Ўйлашимча, ҳар бир шоир ижодида шунақа – ўқувчи беихтиёр такрорлаб юрадиган ёрқин сатрлар бўлиши керак…
Булар – дастлабки таасссуротларим. Сатрларингизга алоҳида тўхталиб ўтирмадим. Сизга куч-қувват ва омад тилайман.

11.07.2015

***
Салом, Раҳмиддин (Абраев)! Ишларингиз яхшими? Кайфият қалай? Ниҳоят, ёзганларингизни ўқидим. Умуман, менда яхши таассурот қолдирди. Очиғи, сизни ҳали “жуда бошланғич” босқичда деб ўйлагандим. Анча қўлингиз келишиб қолган экан-ку! “Эски машқлардан” деб берганларингиз қачон ёзилганди? Аввалидаги шеърлар яхши экан. Есенинни севиб ўқиркансиз. Бу сатрларингизга ҳам кўчган. Аслида, шоир ўзини ўзи тарбиялаб, йўлини топмаса, бошқа ҳеч ким унга ёрдам беролмайди. Шунинг учун ҳам мен айтадиган гаплар сизга, нари борса, “қўшимча маслаҳат” бўлиши мумкин. “Оддийроқ” гаплардан бошласак. Шеър техникасини яхши эгаллагансиз, бу ҳақда гапирмаса ҳам бўлади. Лекин сўзларни, қўшимчаларни ўз ўрнида қўллашга жиддий эътибор керак. Баъзан “-ни” ва “-нинг”да адашасиз. Эҳтимол, техник хатодир, аммо бу қусур баъзи катта шоирлар ижодида ҳам бот-бот учраб тургани, шеъриятимизда “-ни” ва “-нинг” фарқланмай қўйилаётгани учун атай таъкидлаб ўтиляпти.
Мана бу сатрларингизга белги қўйдим, яхшилиги учун (Агар бошқа шоирларда мен фаромуш қилган ё кўзим тушмаган шундай сатрлар учрамаса): “Ҳаёт боғларимда – чаман туйғулар, Сиз мудом етаклаб юрибсиз кузни…”, “Кимларнинг тушида юрибмиз санғиб”, “Куйлолмасак энг оғир гуноҳ Майналардан олдин Ватанни!”… Бундай сатрлар оз эмас.
Илоҳий, эътиқодий масалада гап борганда ўта ҳазир бўлинг. Мана бу сатрларингизга қаранг:
“Менинг диним – севги,
                  каъбам – муҳаббат!
Ягона Аллоҳим ўзингсан – Ҳижрон…”
Бунақа сўзларни айтманг! “Шеърда мумкин” қабилида бўлса ҳам! Сатрларингизда Яратганга мурожаат ҳам қандайдир бошқача. Шундай қалтис пайтларда диний илмлар жуда-жуда зарур бўлади, буни тушунсангиз керак, деб ўйлайман. Ўзи шу мавзуда бир нарса қоралаяпман; насиб қилса, тармоқда ҳам эълон қиламан.
“Расулуллоҳ кирган тушимда,
Ҳазрат Навоийни-да кўрдим”. Бу нимаси! Шу сўзлар сизникими? Агар рост бўлса (тушингизга чиндан ҳам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаллам ва Навоий ҳазратлари кирган бўлсалар), сизни бундай улуғ мақом билан қутлайман, аммо шунчаки “тўқилган” бўлса, бу яхши эмас. Зинҳор-базинҳор бундай дея кўрманг. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи вассаллам)ни тушда кўриш ҳақида манбалардан бир кўринг ё олим-мутахассислардан сўранг.
Ҳа-я, шеърларингизда қўзигул, қоқиўт каби воҳа табиатига хос сўзларни ҳам учратдим. Назаримда, шунақа сўзларни шеърга кўпроқ олиб кириш керак, фақат табиий ҳолда.
Лекин ҳали ишлаш керак бўлган, мавҳум ва ғализ сатрларингиз бор: “Мағрурликдан тушгим келмади!”, “Айтинг, олмос бўлиб пишай мен қачон…”
Тўғрисини айтаман, янги шеърларингиз унча мақбул бўлмади. Ўсиш сезилмади. Эскилари дурустроқми… Жаҳон адабиёти классикларини ўқир экансиз-ку, улардан олган улгиларингизни шеърда “синтез” қилинг, шеъриятда интеллектуаллик ҳам керак…
Буларни шошилинчда ёздим. Бошқа асосий жиҳатларни унутган бўлишим мумкин. Энг муҳими, фикрларимизни ҳеч қачон ҳукм деб қабул қилманг. Биринчи ва умумий таассуротлар булар. Ёзаверинг. Омонлик!

29.07.2015

***
Бугун устоз шоирлар изидан бориб, анъанавий йўлда ижод қилаётган, рамзлар тилида сўзлашга ёки “модернча” ёзишга уринаётган, қисқаси, ўз йўлини топишга интилаётган ёшлар кўп. Ёшларнинг мумтоз адабиётимизни синчиклаб ўрганиш, шу билан бирга, улуғ устозларга эргашиб аруз вазнида ашъор битишга баҳоли қудрат уринаётгани қувонарли, албатта. Наманганлик Азиз Бек, андижонлик Икромжон Аслий, сурхондарёлик Алишер Муқимовнинг аруздаги машқлари шулар жумласидан. Азиз Бекдаги дарвешвашлик шеърларига ҳам ажиб руҳ бағишларди, лекин у анчадан бери кўринмайди, ижодни аллақачон “йиғиштириб” қўймадимикан деган хавотир бор. Икромжондаги завқу шавққа ҳавас қилгулик, аммо у ёзганларига катта адабиёт мезонлари билан ёндашиб, баландроқ парвоз қилиши, Алишер эса арузда мавзу ва ифодани жўнлаштиришдан қочиши керак.
Аксарият ёш шоирлар вазн, қофия, туроқ каби шеър техникаси билан боғлиқ илк сабоқларни аллақачон ўтаб бўлишган. Ҳатто улар орасида шеърни бундай “қолип”лардан чиқариш, вазн, қофия қоидаларини “бузиш”га уринаётганлари ҳам бор. Шундай экан, уларга шеър қандай ёзилиши ҳақида ваъз ўқиш эриш туюлса керак. Бундан ташқари, ёшлар шеърияти анча субъективлашган. Бугун уларни ўз қалб олами, руҳиятидаги ўзгаришлар, онгости дунёсидаги маънисиз маънилар кўпроқ қизиқтиради. Йўқ, бу уларнинг ташқи олам, ижтимоий муҳитдан узилиб қолаётганини кўрсатмайди. Аксинча, навқирон авлод вакиллари инсон қалбининг ўзи сирли олам, таъбир жоиз бўлса, етакчи мавзу эканини аллақачон тушуниб етишган. Лекин мавзу хилма-хиллиги ва кўламига кўра ёшлар шеърияти доираси ҳали анча тор.
Кейинги пайтлари ёшлар орасида номи чиқа бошлаган Жонтемирнинг ёзганларида ички ҳурлик бор (аммо, назаримда, бу “ҳурлик”нинг ҳам сўнгги нуқтаси бўлиши керакдек), Мирзоҳид Музаффарда метафорик тафаккурга мойиллик сезилади. Албатта, улар ижодида, ҳатто хатти-ҳаракатида катта шоирларга тақлид аломатлари ҳам учрайди.
Қувонарлиси, бугунги ижодкор ёшларнинг энг умидли вакиллари чет тилларини билади, таржималар қилади, умуман, ўзбек ва дунё адабиёти билан керакли даражада танишдек таассурот уйғотади. Шунга яраша шеърлари ҳам маънодор. Бир жиҳатдан, бу ёшлар ҳақида ҳозирча кескин фикр билдирмай турган яхшироқ, шекилли. Айниқса, “фавқулодда истеъдод”, “бетакрор овоз” каби ортиқча баҳолардан тийилган маъқул, назаримда.
Албатта, айрим ҳолларда ижодкорнинг фақат ўзи билан ўралашиб, ўта субъектив истак-майллар доирасида қолаётгани акс этган шеърлар ҳам ёзилаётир. Шахсий икир-чикирлардан баланд кўтарила олмаган шоир, шубҳасиз, чинакам ижодий парвозга эриша олмайди, жўн “ёндим-куйдим”лари билан ўқувчини бездиради. Ваҳоланки, бугун бадииятдан узоқлашмаган ижтимоий-ахлоқий муаммолар акс этган шеърларга эҳтиёж катта. Шу маънода, кузатиб бораётганларга маълумки, бугунги ёшлар ижодида давр муаммолари, ижтимоий кайфиятнинг бадиий ифодаси ҳали ярқ этиб кўзга ташлангани йўқ.
Умуман олганда, кўплаб ёш ижодкорлар мутолаа, адабий савод масаласида ҳам ғариб кўринади. Плагиат (кўчирмакашлик) эса оддий ҳолга айланиб бормоқда. Ўтган асрнинг 80-йилларида шеъриятимизга ўзига хос янгиликлар олиб кирган авлод анча билимдон, интеллектуал салоҳияти ўрнак бўларли даражада эди. (Шунга яраша даъволари ҳам катта эди уларнинг!) Бугунги ёшлар устозларнинг ижодий (ва ижобий) тажрибаларини ўзлаштириш билан бирга улар бошлаган ишни янада юксакроқ даражада давом эттиришлари шарт.
Ёшлар асосан ижтимоий тармоқларда бир-бирининг ёзганларини ўқиб “шоир”у “ёзувчи” бўлаётган, бир ёш ижодкор айтмоқчи, “саводи чиқмай қитоби чиқаётган” ҳозирги замонда профессионал адибларнинг ижодий лабораторияси билан яқинроқ танишиш, ижодий ишларни маҳоратли устозлар бошчилигида таҳлил қилиш, керак бўлса, ҳар бир жумлани чиғириқдан ўтказиш фойдали бўлиши шубҳасиз. Ёшлар билан суҳбат насиҳатбозлик ёки ура-урачилик, фақат ўзингни тарғиб қилиш, қуруқ биографиянгни айтиб бериш дегани эмас, албатта. Қолаверса, устозлардан нимани ўрганмасликни ҳам ўрганиш, келажакда кимга ўхшаб қолмаслик кераклигини билиб олиш зарур.
…Чўлпон неча юз йиллардан бери давом этиб келаётган анъанавий ўзбек шеъриятини янги ўзанга буриб юборганида ҳали ўттизни қораламаган эди. Усмон Носир 24 ёшидаёқ ўз адабий меросига асос солиб улгурганди. Бугунги ёш шоирларни Чўлпон билан қиёслаш эриш, ҳатто кулгили туюлар, бироқ ёшлик ҳар қандай вазиятда ўз сўзини айтиши керак-ку! Юқорида номлари зикр этилган фидойи шоирларимиз учун шеър, умуман, адабиёт шунчаки кўнгил иши эмас, ўзликни англаш йўли, миллатни уйғотгувчи буюк қудрат эди. Улар адабиётни қисмат деб билганлари ҳолда унинг мўъжизакор кучини халқ қалби томон тўғри йўналтира олганлар. Назаримда, шеъриятимизнинг бугунги навқирон авлодида ҳозирча мана шу энг муҳим жиҳат етишмаяпти…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Беҳзод ФАЗЛИДДИН 1983 йил 20 сентябрда Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратура бўлимини тамомлаган. “Муқаддас замин” (1999), “Боғларингдан кетмасин баҳор” (2000), “Онамнинг кўнглига кетамиз” (2003), “Сен қачон гуллайсан” (2008), “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” (2012), “Тушларингдан чиқиб келдим” (2017) номли шеърий тўпламлари, қатор бадиий-публицистик, илмий-адабий мақолалари чоп этилган.

“Ёшлик” журнали, 2018 йил 11-сон.

P.S. Мақола журнал вариантидан жузъий фарқ қилади.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 142

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *