Асқад Мухтор. Ўзим ва шеър ҳақида

Ҳамма биладики, одамнинг ўзи тўғрисида ёзиши жуда ноқулай. Мен биографиямда арзигулик муҳим воқеа йўқ, деб бу ноқулай ҳолатдан осонгина қутулмоқчи ҳам бўлдим. Лекин, ўйлаб қарасам, бу мантиқсиз бўлар экан.
Одам ўз Ватанида, унинг гўзалликлари, ўзгаришлари билан, ўз халқи ичида, унинг ташвишлари, орзулари билан яшайди. Шоҳимардон тоғларидан шарқираб тушадиган муздек Янгисой, унинг соҳилида доим қарға қағиллашига кўмилиб ётадиган теракзор, осмон парчасидек кўм-кўк деразали мактаб биноси, чорбоғимизнинг деворларини бузиб олиб кирилган, ҳовлимизни тўлдириб ётган тўқув станоклари; уларнинг орасида ўйнаб қора мойга буланган бармоқларимиз билан яшикларнинг тахтасини қайириб, “Ивано-Вознесенкс”, “Трехгорка” деган рус шаҳарларининг отини ҳижжалаб ўқиганларимиз; Ленин ўлган куни, ёлҳиз қолишдан қўрқиб, ойимни излаб уйдан чиқиб кетганларим, текстилькомбинат қурилиши котлованларида адашиб кун бўйи йиғлаганларим…
Умримни ёзиб тугатиб бўлармиди! Булар муҳим бўлмаса, ёзган китобларимга кириб келармиди! Йўқ. Булар жуда кўп, булар жуда муҳим.Asqad Muxtor 2
Ҳамид Олимжон қизиққон одам эди. Биринчи кўрган кишисига ҳам аввало энг зарур гапини айтиб олишга шошар эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, союз (Ёзувчилар уюшмаси – сайт муаллифи) билетини олгани борганимда у саломлашмасдан туриб менга шундай деди:
– Ҳа, сенмисан Асқад дегани! Шеърларингда олам тор. Бухорони кўрганмисан! Ултармани-чи? Йўл юриш керак. Республикани кез. Тинмай йўл юр…
У кишига ҳозир қувонч билан ҳисоб бериб қўяй: – Ўша гапингиздан кейин юз минг километрдан ортиқ йўл юрдим, ҳамма океанларни ҳам, экваторни ҳам кесиб ўтдим, ҳурматли Ҳамид ака!
Чиндан ҳам, ёзувчи ва шоир биографиясининг бутун бойлиги унинг асарларида. Борди-ю, унинг ҳаётида асарларида бирон йўл билан акс этмаган ҳодисалар бўлса, демак, у ҳодисалар унча муҳим эмас. Бу китобдаги шеърларни биографиямдаги энг муҳим воқеалардан деб биламан.
Биринчи “бадиий асар”им 1935 йил “Ленин учқуни”да (ҳозирги “Тонг юлдузи” газетаси – сайт муаллифи) чиққан. Бу шеърда ёзилган топишмоқ эди. Дарвоқе, у маҳалда бизга бутун ҳаёт топишмоқ эди. Лермонтов топишмоқ, қизлар топишмоқ, математика, қофия, музика топишмоқ, Кировнинг ҳалокати ҳам, Рейхстагга ўт қўйган Ван дер Люббе ҳам топишмоқ…
Эсингиздами, ўттизинчи йилларнинг комсомоллари, биз доимо ниманидир излардик. Бизни ҳам кимдир изларди.
“Асқад Мухтор, қайдасан?
Ҳамма ерни ахтардик.
Актив мухбирчамиз, деб,
Дуч келганга мақтардик…”
Раҳматли Зафар Диёр “Ленин учқуни”да шундай деб ёзганди ўша йиллари.
Шунга ҳам ўттиз йил бўлибди…
Айтгандай, нега мени ахтариб қолишганикин, қаёққа кетган эдим ўшанда?
Ўша вақт бу овозга жавоб бермаганман, энди очиғини айтишим мумкин: шеъриятга кириб кетгандим.
Кириб кетгандим-у, адашиб юрибманми, деган хавотирда ич-этимни ер эдим. Шундоқ бўлса ҳам, беихтиёр шеър ёзганим ёзган эди, яшириқча, ўзим учун ёзардим. Шунинг учун ўшанда “Ленин учқуни”га хабарлар юбормай қўйган бўлсам керак.
“Мухбирча”… Бу ном билан ҳали ҳам фахрланаман.
Ўттиз йил давомида шеър ҳақида ўйладим, унинг ифода шакллари, воситалари, приёмлари, руҳи ҳақидаги фикрларим жуда кўп марта ўзгарди: шеър турмуш ўчоғидан олинган лахча чўғ; у ҳаётий эпизодга асосланган, сюжетли бўлиши керак деб, шеърнинг бўлак турларини тан олмай анча йил юрдим; шеър ялт этган оний туйғу, завқ-шавқ туғёни, уни фақат музика жанрлари билан қиёс қилиш мумкин, деган руҳда ҳам анча вақт ишладим; шеър – ҳаёт фалсафасининг эссенцияси, фикр, фикр, фикр! Фикрсиз поэзия йўқ, деб анчагача бир ёқлама, рационалистик шеърлар ёздим…
Бу тўлғанишлар менга баъзан зиён, баъзан фойда қилди. Лекин бир нарсада фикрим сира ўзгаргани йўқ: шеър – зарурият. Шоирга ҳам, шеърхонга ҳам. “Мухбирча”ликдан бошланган ҳаёт йўлим кўнглимда бу фикрни тамом барқарор этди.Asqad_Muxtor
Шеър одамнинг яшаши, курашиши, улғайиши учун зарур.
Шеърнинг зарурлигини унинг душманлари кўплигидан ҳам билса бўлади. Уларнинг баъзиларини мен “Поэзия” деган шеъримда тилга олган эдим, аммо шеърнинг душманлари фақат бугина эмас. Кейинги вақтда ашаддий душманлар шеърнинг ўз ичидан ҳам чиқди: масалан, ҳарфларни, рақамларни, геометрик чизиқларни қоғоз бетига тартибсиз ўрнатиб, шуни шеър деб тақдим этувчи ва бошқа лўттибоз абстракционистлар пайдо бўлиб, шеърни фикрдан ҳам, ҳисдан ҳам маҳрум қилишга, уни яшаш, улғайиш қуролидан шалдироқ ўйинчоққа айлантириш учун урина бошладилар.
Аммо шеърни йўқотиб бўлмайди. У шоирлар томонидан ўйлаб чиқарилган нарса эмас. Ҳар бир ҳалол қалбнинг тубида эмоционал бойлик бор. Шоир ана шу ҳислар туғёнини уйғотади, холос. Қалб ғафлатда қолса, яъни одам поэзиядан маҳрум бўлса – бу даҳшат эмасми?! Ҳаётда поэзия нақадар мўл бўлса, унда фойдасиз бўшлиқ шунча кам бўлади. Поэзия манбаи битмас-туганмасдир. Ўзи ҳазм қилолмаган қалби пўк кишигина рад этади.
“Поэзия нима?”, “Бу шеърда нима дейилмоқчи?” – бу саволлар қонуний, лекин баъзан жуда мураккаб. Кўпинча жавобни билиб турасиз-у, биров сўраса айтиб беролмайсиз. Шеър жонли организмдай, икки томонлама яратилади: бунинг учун шоир ва шеърхонларнинг якдиллиги керак. Шеър ғояси ва китобхонларнинг ҳамкорлиги самарасидир.
Бизнинг бахтимиз ҳам шундаки, миллионлаб китобхонлар билан якдилмиз, миллионлаб китобхонлар шеър ҳимоячиси. Миллионлаб китобхонлар қалбдаги эмционал хазина поэзиясининг туганмас ва олийжаноб манбаидир.
Менингча, ҳар бир шеър китобхон билан алоҳида бир суҳбат. Ҳақиқий поэзияда шоир билан шеърхон ўртасидаги фарқ йўқолиб кетади. Чиндан ҳам, дарахтни у томир ёйган тупроқдан ажратиб бўладими!
Биринчи шеъримдан биринчи китобимгача ўтган давр жуда чўзилиб кетди. Буни мен узоқ вақтгача китобхон билан топиша олмаганимдан кўраман. Биринчи китобим – “Пўлат қуювчи” поэмаси 1947 йилда чиққан, шундан кейин ижодга жамоатчилик, китобхонлар аралашиб, ишим анча тезлашиб кетди. Шу кичкина китобчани Александр Фадеев тилга олиб, келажагимга умид билдирган эди. Ўша гапнинг тафти юрагимни ҳали ҳам иситиб туради. Ёзувчи ёки шоир ҳаётининг мароқли томонларидан бири ҳам, менингча, шундаки, у энг муҳим асарим ҳали ёзилмаган, ҳали асосий китобим олдинда, деб доимо шундай бир порлоқ умид билан яшайди. Шунинг учун унга ўтмишдан кўра келажак ҳақида гапириш завқлироқ. Чиндан ҳам, куз кирмай туриб хирмон шопириши нимаси! Шоир ҳамиша йўлда, шунинг учун ҳамиша умрга хулоса ясаш учун ҳали вақт эрта деб билади.
Ҳар бир китобни, энг муҳими, энг севимлиси, энг сеҳрлиси шу бўлади, деб ёза бошлайман. Лекин китоб тугаганда маълум бўладики, бу эмас. У ҳамон олдинда. Унинг умиди дилни аланга олдиради. Балки у китоб, энг муҳим, энг севимли, энг сеҳрли китоб ҳеч қачон яратилмас, лекин ижодий умид шу экан, шекилли. Ҳамон шунга интиласан киши, шу билан бахтиёрсан.

1966

Асқад Мухтор шеърларини мана бу саҳифада ўқинг: «Сени танимаган шўрликлар аянч…»

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 196

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *