Асқад Мухтор: «Сени танимаган шўрликлар аянч…» (Шеърлар)

Asqad_Muxtor***
Ухламай,
суқ билан
туннинг сирларини,
Тонгнинг софлигини кузатдим.
Куннинг нурларидан,
боғнинг атридан
Зеб олиб, шеъримни безатдим.
Шеър жуда гўзал,
мисралар ширин,
Музанинг жамоли беғубор экан.
Аммо,
бош кўтариб боқсам,
яна ҳаёт
Шеъримдан минг қатла ҳусндор экан.

1940

***
Умрим узоқ бўлар
(Сезиб турар кўнгил) –
Баракали бўлар, шубҳасиз.
Кумуш чўққисига қарайман дадил:
Мен бормасман унга туҳфасиз.
Қандайдир “иккинчи умр”ни қўмсаб,
Зое кетказгим йўқ хаёл кучини.
Фарзандлик, гражданлик шонли бурчини
Адо этмоқ учун берилган фурсат
Кам деб нолимайман
Умрим бўлар узун,
Бирор дақиқаси беҳуда кетмас.
Аммо
Шу юртимни
Кўриб тўймоқ учун
Севиб тўймоқ учун етмас, йўқ, етмас…

1951

НИҲОЛ

Гурсиллаб йиқилди кекса қайрағоч,
Чўчиб милт-милт этди тунда юлдузлар.
Тарвақайлаб ётар йўғон, яланғоч,
Тупроқни ўпириб чиққан илдизлар…
Атай бориб кўрдим эртаси куни,
Гўё – чол, ёнбошлаб ётарди беҳол.
Тагида эгилиб, гўёки уни
Суяб турар эди заиф бир ниҳол.
Худди ёш барглари шивирлар секин:
“Кифтимга ташлайвер кекса гавдангни…”.

Бу гап бир чўпчакка ўхшайди, лекин
Ишонгиси келар одамнинг…

1954

***
Баъзан ҳижрон сатрларин кўриб,
“Чучмал” дердинг, қилмасдинг писанд.
“Ўзгарибсан узоқларда юриб,
Мана, мунгли шеърлар ёзибсан…”

Бирга чоқда
бир вужудмиз, бир жон,
Сатрлар ҳам тетик, парвози енгил.
Юракни иккига бўларкан ҳижрон,
Мунгли куйлар экан
яримта кўнгил…

1956

***
Баҳор булутлари хўмрайган, пахмоқ,
Худди ҳозир қуяр шовиллаб ёмғир.
Кўкни қайчи билан тилкалар чақмоқ,
Сўнгра:
гумбур…
гумбур…
Аммо мен биламан – ёмғир тинар ҳам
Найкамалак балқир… қувнар япроқлар.
Шу баҳор кунига ўхшайсан, эркам,
Жаҳлинг чиққан чоқлар…

1955

“СЕВАМАН”

Бу сўзни бировдан эшитган эмас,
Уни ўз қалбидан излаб топганди,
Бу сўз ёш умри-ла унинг чамбарчас,
Унинг ўзи билан бирга тобланди.
Шу сўз билан мушкул пайтда тетик,
Оғир сафарлардан саломат қайтди.
Ўзи учун уни янги кашф этиб,
Сен учун ардоқлаб улғайтди.
Кшнглига дам қўрқув, дам қувонч тўлиб,
Қалбида яшириб сақлади уни.
Узоқдан кўринди муқаддас бўлиб
Шу сўзни шивирлаб айтажак куни.
Мана, айтди.
Аммо сен унга:
– Ҳамманг шундай дейсан, биламан…
– дединг.
Интизор йигитнинг бир оғиз сўзингга
Умрин тикканини ўйлаганмидинг?
Қайдан илинтирдинг енгилтак гапни?
Шу гўзал лабларинг қандай жуфтлашди?
Ким ўргатди сенга,
Ёш қиз,
Ким ўргатди
Олий, соф туйғуга туфлашни?

1956

***
Бир туп ўрик
Якка ўсган экан;
Ёлғиз томоқмасми – роса унибди.
Бодроқ-бодроқ бўлиб гуллаганида
Кўланкаси билан дўст тутинибди…

Соя дам ўнгга-ю, дам чапга ўтиб,
Дам чўзилиб ётиб,
Дам бўлиб тикка:
– Мендан ҳам содиқроқ дўст тополмайсан,
Сенсиз мен ҳам йўқман, –
деркан ўрикка…
Бир куни қараса –
Соя йўқ эмиш.
(Булут куни уни излаш – кулгили.)
Ёмғир ҳам қуйибди, дўсти ҳамон йўқ…
Ерга яксон бўпти ўрикнинг гули.

Эҳ, ўрик! Соя ҳам дўст бўладими?
Лаққа тушибсан-да, лоф урса.
Дўст бўлса, ҳар қандай об-ҳавода
Ёнгинангда турса…

1957Asqad Muxtor. Asarlar

БОЙЧЕЧАК

Қор тагидан дадил бош сузар.
Умри қисқалигин яхши билади.
Аммо кўзи тиниқ, чунки дили сезар:
Баҳорга сўқмоқлар очиб ўлади.

1957

***
Бу дунёга илк бор очиб кўзимни,
Онам сийнасида кўрдим юзингни.
Мурғак қалбимдаги жиндак иссиқ қон,
Талпинтирар эди мени сен томон.
Онам куйларди гоҳ кулиб, гоҳ ўртаб,
Қишда деразамда гулларди эртак.
Шу менга – сен эдинг, олдинг меҳримни,
Қилдинг бир умрга нотинч зеҳнимни.

Сўнгра сени кўрдим очиқ эшикдан,
Шунда овозингни қалбим эшитган.
Гўё овоз эмас, янграрди ранглар,
Товланиб кўринган – рангмас, оҳанглар.
Уйқудаги сойнинг ёнидан худди
Туман этагини кўтариб ўтди.
Югрук сўқмоқларни дасталаб тутиб,
Мени баҳор тонги турарди кутиб.
Сўнг боқдинг алифбо саҳифасидан,
Боқдинг мактабимнинг харитасидан.
Кун сайин қалбимда кундай порладинг,
Чексиз кенгликларга мени чорладинг.
Мактаб эшигидан бошланган сўқмоқ
Катта аср йўлига олиб чиққан чоқ
Сен тўлдирган эдинг дилу жисмимни,
Онтга қўшиб айтдим эзгу исмимни.
Энди мен билардим: ўлсам – сен сабаб,
Яшасам, йиғласам, кулсам – сен сабаб.
Ерда илк ЧТЗ овози ҳам сен,
“Шарқ”нинг олов изли парвози ҳам сен,
Оламнинг бахти ҳам боламнинг бахти,
Боғимда гуллаган бодом дарахти,
Дардли ва қувончли хотираларим,
Ҳали туғилмаган набираларим,
Хаёлларимдаги ёғду, башорат,
Амалларимдаги журъат, жасорат,
Боболар қабрию инсонлик қадрим,
Жаҳоний баҳсларда ғазабим, сабрим –
Бари сенинг улуғ, иссиқ жонингда,
Ватан, муҳаббатинг менинг қонимда.
Қалбки, гуллар экан, сен – илҳомчиси,
Қўшиқ бўлиб ёнсин сўнгги томчиси!

1961

АСРИМ

Тахтлар қулади, топталди тожлар,
Худолар йиқилди юзтубан.
Ўзлигин таниди муҳтожлар.
Қитъалар уйғонди уйқудан.
Сўзларимиз
баъзан қон, чақин,
Темир жаранги-ла ёзилди.
Аммо майдаланди,
ой бўлди яқин,
Мозорлар, дарсликлар бузилди.
Барин кўрдим,
севдим асримни,
Бутун фожиаси, даҳшати билан,
Бутун гўзаллиги, қудрати билан,
Севдим мен замондош наслимни.
Курашиш, емириш,
яратиш, қуриш –
Мана шундай бўлди асримизда бахт.
Сизда қандай бўлар – билмадим,
Бизда шундай бўлди ҳамма вақт.

1961

САВОЛЛАР, САВОЛЛАР

Нега кетаяпмиз?
Нега кетаяпмиз дала, қирлардан.
Киндик қони томган ерлардан
Нега кечаяпмиз?

Нега кетаяпмиз сою чашмалардан
Нега кечаяпмиз,
Қўшнилардан, дўсту ошнолардан
Нега кетаяпмиз?

Нега кетаяпмиз ўтдан, ўтлоқдан,
Ризқи рўз ундирган она тупроқдан.
Юпунлик нон узган иссиқ ўчоқдан,
Боболар қабридан, эски қишлоқдан
Нега кечаяпмиз?

Азиз гўшамиздан, ота-онамиздан
Нега кетаяпмиз?
Туғруқхонадаёқ гоҳи боламиздан
Нега кечаяпмиз?

Нега кетаяпмиз томирларни узиб,
Хотирани, сўқмоқларни бузиб
Қаёққа ва нега кетаяпмиз?

Тузимиздан, тузлиғимиздан
Ўзимиздан, ўзлигимиздан
Нега кечаяпмиз?

***
Инсонликнинг маъноси ўзгарди,
Оламнинг жозиба қонуни янглиғ:
Қўшнилар умрини қисқартар дардинг,
Бахтинг ҳам бировнинг бахтига боғлиқ.

Ҳар бир аза қисман менинг азам,
Кимники, деб сўраб бўлмайди.
Ёлғиз яшамайди дунёда одам,
Ўлса ҳам бир ўзи ўлмайди.

1961

***
Тоғдай қувонч ўтар, биродар,
Тўнкадай хафалик қилар ярадор.
Чунки тоққа қоқилмайсан киши,
Тўнгакка қоқилиб йиқилишинг бор.

***
Яна азонгача уйқум келмади.
Сизда ҳам бўлгандир шундайин ҳоллар:
Эртасига бебурд, енгил туюлади
Уйқусизликдаги жиддий хаёллар.
Бирдан ўз тўғримда ўйлай бошлабман:
(Юлдузлар шуҳратдай кўз қисар милт-милт)
“Анча зўр китоблар ёзиб ташлабман,
Беш жилд қилсаммикан ёки олти жилд?..”
Хуллас, тизгин қочса ёмон бўларкан,
Ҳозир тил бормайди айтишга.
Қизиғи шундаки, оқ тонг отаркан,
Ўйларим уланиб кетибди тушга.
Тушимда қандайдир хиёбон кезиб
Лев Толстой билан юрган эмишман.
Кўкси тўла кумуш соқол, қўлда кумуш узук,
Эмишки, ўзи ҳам яхлит кумушдан.
Туш экан-да, қаранг, адабиёт қолиб,
У менга ҳисобни ўргатар эмиш.
Каср нима? – дермиш менга қовоқ солиб,
Ҳар саволи дўлдай терлатар эмиш.
Ахир англатганмиш менга касрни у:
Каср – одам эмиш шу турган кўйи.
Сурат – унинг асил салмоғию
Махраж – ўзи ҳақда ўйлаган ўйи!
Ажаб тушлар…
Балки туш эмасдир?
Ўнгда-ку, шунақа қоида бўлади:
Махраж қанча катта бўлса, ахир,
Каср шунча майда бўлади…

***
Икки нарса оғир кўнглимга асли,
Икки нарса учун йўқ менда бардош:
Бири – душманимнинг шодон қаҳқаҳаси,
Бири – дўст кўзида мўлтиллаган ёш.

1945

***
Ярим тундан кейин ўрнимга ётсам,
Қонимнинг уриши бермайди уйқу.
Узоқ аждодимнинг овозидир бу.
Гапир,
гапир,
гапир,
ҳаётсан!
Мен ҳам бир вақт қон бўлиб кўпирсам,
Тинглайдиган одам бўлармикин?
Англайдиган одам бўлармикин
Юз йиллардан кейин мен ҳам гапирсам?
Тинглайдиган бўлса, хўп эди,
Сўрайдиган гапим кўп эди:
– Борми ҳақиқатга ҳамон ташналар?
– Одам юлдузини кўкдан уздими?
– Боғлар кўкми?
– Тиниқми чашмалар?
– Қизларнинг ибоси эзгуми?

1966

* * *
Дарахтларни буркаб
Оқ туман сузар.
Эшитилмас қушлар навоси.
Нега мунча ғамгин…
Нега дилни эзар
Эрта баҳор куни бу куз ҳавоси?
Мен нега юрибман
Боғни айланиб,
Уйда ахир ишим оз эмас:
Столда ётибди чала сатрлар…
Мен нега юрибман,
Кўнглим ёзилмас?..

Бир қиз,
бир йигитни кўрдим шу дамда.
Улар шошиб келиб,
тез қўл олишди.
Шумшайган дарахтлар тагида, намда
Узоқ,
узоқ туриб қолишди…
Бахтлиман.
О, менинг толеим кўркам.
Кўнглим қувончларга тўлди лиммо-лим,
Чунки, қаердадир,
узоқда бўлса ҳам,
Ер юзида сен борсан, жоним.

* * *
Кузги еллар, хазонрез еллар,
Боғлардан боғларга кўчасиз.
Гуллар хушбўйини,
Олтин баргларини
Қаёқларга олиб учасиз?

Яланғоч шохларда изғиб,
Кўчиб кетган
Қушлар уясини титасиз.
Кўз олдимда тортқилаб, юлқиб,
Ёз ҳуснини олиб кетасиз.

Аммо мен биламан –
Олиб кетолмайсиз
Умрим баҳорининг бир япроғини.
Кўклам шаббодаси бўлиб қайтарсиз
Ғарқ пишган боғларим соғиниб.

УМР

Куни кеча шу сўрида ётганимда
Ой шуъласи тушмас эди юзларимга:
Япроқпарнинг титроқ, яшил шарпалари
Ором олиб келар эди кўзларимга.
Бугун бўлса танга-танга нур тушипти.
Мижжам ҳорғин, уйқу бермас ёруғ юлдуз.
Бирданига юрагим шув этиб кетди:
Куз келипти, куз…

1961
Yillarim Muqova
* * *

Мен кўп йўллар юрдим,
Кўп нарсани кўрдим,
Гоҳ соғиниб,
Гоҳо
Шодликдан жўшиб;
Қанот чиққан қушдай
Уясига сигмай,
Юрагимда талпинар қўшиқ.

1960

* * *
Мен сени ўйлайман,
ўйларим чексиз,
Шундай чексиз бўлсин бахтли кезларинг.
Мен сени ўйлайман.
ўйларим тенгсиз.
Шундай тенгсиз сенинг тиниқ кўзларинг.
Мен сени ўйлайман,
ўйларим узун,
Ки ундан шундайин бир арқон ўрсам,
Чирмаб тутиб берсам севган юлдузинг
Сўнгра сен кўксингда порлатиб юрсанг
Мен сени ўйлайман…

* * *
Орадан гап қочса, ярадай қийнар.
Шундай из қолдирар сўзнинг қамчиси
Гоҳ тун сукутида эшитиб қоламан –
Гурс этиб тушади кўз ёш томчиси.
Нима гап ўзи?

Наҳот кўқцан узилиб тушган бўлса
Никоҳ ёшимизнинг ёруғ юлдузи…

ТУН ЎЙ СУРАР

Бизнинг боғда оқшом пайтлари,
Йиғиб олганида кун шуъласини,
Ўтлар орасида яшил чигиртка
Бошлайди тинимсиз ашуласини.

Бу кичкина жоннинг сўзсиз қўшиғин
Асли фидойилик деса бўлади.
«Ҳаёт бор…» – тун бўйи ўжар бир таъкид,
Катта сукунатнинг жонли бўлаги.

Шу чириллаш борки, назаримда,
Тун ўй сурар, табиат тугал.
У бўлмаса сўқир кечалари
Руҳимиз ҳувиллаб қоларди гар гал.

Қашшоқроқ бўларди тун манзараси,
Бундай сеҳрий таъсир этмасди
Ҳам умумжаҳоний гармонияда
Бир азалий оҳанг етмасди…

* * *
Бизнинг боғда чиқсанг оқшом сайрига,
Ё оралаб юрсанг сен ишкомларни.
Чўчитмагил севишганларни,
Осмонларда сезсин ўзни, майлига.

Бу лаҳзалар бир умрга татир.
Бу лаҳзалар синар ёшлик сабрини.
Биз шуларни кўриб биламиз ахир
Тунги юлдузларнинг қадрини.

* * *
Бизнинг боғда биринчи қор ёғди.
Ўйга ёмонликлар келмайди сира.
Сен менинг қоримсан, биринчи қорим,
Гўё бутун олам сендай бокира.

Бутун олам шундай оппоқ тинлик,
Баҳор гулларининг ҳиди келади.
Баҳор гулларидек, қор тагида мудрар
Одамларнинг эзгу тилаги.

* * *
Бизнинг боғда тун чўккан маҳал
Қалбни увиштирар укки ноласи.
Биров дер, у чорлар бадбахт қисматни,
Биров дер, қарғармиш ўгай боласин.

Мусибатдай совуқ, узоқ,гоҳ яқин,
Балки гадо фолбин, балки жиннидир.
У ўзи бегона кўздан яширин,
Лекин чақиради ҳамон кимнидир.

Бетиним саннайди, назаримда тунни
Қора бўлакларга бўлиб чиқади.
Нимага ўхшатсанг, нима десанг ҳам
Бир ғамгин афсона бўлиб чиқади.

Оқлолмаган эмиш она сутини,
Оқ сут тилар эмиш, деган гап:
Бу ҳам-ертак. Шундай сўлим тунда
Эртак рўпарангдан чиқса не ажаб.

Ҳаёт шу экан-да: ёғду ва зулмат,
Қишу ёз, ўнгу туш, тирик ва ўлик.
Шусиз бўлмас экан тугаллик сира,
Ҳатто қуш нағмаси: гўзал ва хунук.

* * *
Бизнинг боғда шифобахш ўт бор,
Халқ унинг отини баргизуб демиш.
Чунки ўша ўтни тунлари бедор
Юлдузлар нур билан суғорар эмиш.

Сиз биласиз менинг ёнишларим,
Сатрларга кўчган қалб чўғимни,
О,юлдузлар,тунги танишларим,
Нур билан суғоринг шу қўшиғимни.

Эҳтимол, шунда у бирон кимсанинг
Юрак ярасига малҳам бўларди.
Гулдек очиларди замин инсоннинг
Атиги бир зумга ариса дарди.

ТУҒИЛИШ

Тонг олдидан ёмғир севалаб ўтди,
Кейин кўк очилиб, ёғди юлдузлар.
Ердан ҳовур кўтарилди, худди
Қимирлаган каби зимдан илдизлар.

Кимгадир муқаддас бир зум яқинлади,
Қоровул ўчирди сўнгги фонарин.
Июл қуёшининг илк ёлқинлари
Япроқларга сачраб ёнарди.

Ер ёш: софлик жимирлатар этин,
Зориққан ғунчалар очилди боғда.
Панжарадан ошиб чиқиб кетди,
Майсаларда юрган яшил шаббода.

Эшикдан эшикка югуриб еларди,
Суюнчи сўрарди, суюнчи.
У гўё тақдирни олддан биларди,
Гўё йўқ дунёнинг ғами, куюнчи.

Ийманиброқ турар ота пойгакда,
Кўксида юлдузи, бир қўли майиб.
Ичкарида эса, оппоқ чойшабда
Жаҳоннинг умиди ётар жилмайиб.

ЙЎЛ

Остонамдан таралган йўллар
Эслатади қуёш нурини.
Узоқ-узоқларга кетиб, узайиб,
Узайтади менинг умримни.

Юрганларни дарё дейдилар,
Дарё – чексиз умр эртаги.
Бир кун уйда ўлтириб қолсам
Ҳаёт гўё четлаб ўтади.

Кўрганинг – сеники, дер эди бобом,
Элларни, дилларни керак кўришим.
Очилмаган қўриқ, номаълум юлдуз,
Бари, бари – менинг улушим.

Ижод дарди – йўл азобидир,
Майли, бўлсин туманлар қуюқ.
Руҳим билан йўлда эканман,
Умримнинг ҳеч ниҳояси йўқ.

ТАБИАТ

Табиат гуллайди, сўлади,
Фасллар ўтади – янграган қўшиқ.
Бизлар эса, унинг бир бўлаги,
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Тоғлар дунё қадар қадим кўринар,
Оғир, собир, камтар, бағри тўқ.
Кумуш қорлар ёғар, тонгда гул унар,
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Ёмғирдан сўнг камалак балқиб,
Остида дарёдай мавжланар уфқ.
Ранглар, кенглик, ёғду, хушбўй, салқин…
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Табиатга фақат сафар муқаддас,
Сузишга созланган кемадек –
Яшар ва сир сўраб сизни қийнамас
Ҳаётдан муддао нима деб?!

ҚАЛБ

Яна бир кун қизғин ишлар билан,
Ўтли ҳислар билан ёниб тугади.
Қалб эса… Қалб кулранг оқшомнинг
Доно сукунатин туяди.

Унда бебош ёлқинлар сўнган,
Чирсилламас ҳўл саксовуллар.
Сўнгги азиз чўғлар ўчмоқда, аммо
Олов тафти ҳамон ловуллар.

Мен хаёлан сокин шом қўйнида
Сенинг қўлларингни топаман
Ва яхши қизиган ўша тандирда
Олтин сўзларимни нондек ёпаман.

ЖУМБОҚ

Нур оқади, кун-тун нур оқади,
Нур оқади қуёшдан ерга.
Юлдузлардан тинмай нур оқади,
Кун-тун чўмилади ер юзи нурда.

Нур ҳам материя, дейди олимлар,
Ер шари кун сайин оғирлашарми?
Нимага, бўлмаса, зулмат ваҳимаси
Гирдобига олар гоҳо бу шарни?

Миллиард йиллар, неча миллиард юлдуз,
Ер деб нур хирмонин ҳамон уяди.
Нимага, бўлмаса, унда одамлар,
Қаро кунларин оғир туяди?

ИНСОН

Сен кашфиёт ёлқини, оташ,
Асрий зулматларда бир ёруғ нуқта.
Барча мавжудотлар қалбингга туташ,
Бир оддий гиёҳнинг олдида тўхта.

Ариқ шилдираши, барглар шивири,
Сенга жон озуғи, руҳингга дардкаш.
Гуллар билан сўраш, ҳидлаб ҳар бирин,
Капалаклар билан суҳбатлаш.

Жавоб бермасалар гапингга, майли,
Совуқ юлдузларга тикилганда гоҳ,
Билгинки, қалб қўри жонлилар туфайли,
Жонлилар жонлига доим хайрихоҳ.

ҚАЛБИМ НОЗИКЛАШДИ

Янги йилнинг яқин оппоқ туни:
Болалар орзиқиб тунни кутади.
Ўтган йили учган нафис қор учқуни
Янги йил сарҳадин бузиб ўтади.

Болалар ҳовлиқиб янги йил кутади,
Менга эса йил кузатиш – ғам:
Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам
Нақ қалбимга тегиб ўтади…

***
“Поп” этиб, нақш олма тушди йўлакка,
Шаффоф чеҳрасида нур тарам-тарам.
Лим-лим шира тўла, чиройли, катта,
Бутун ёз қуёши унда мужассам.

Шу пайт қарға қўнди ёнига секин,
Аланг-жаланг боқди, шошмади,
Ифлос тумшуқ билан
Тарсиллама этин
Омонсиз чўқилаб, юлқий бошлади .

Гўзалликни кўрмас, нақ кўр сингари,
Хушбўй ширада ҳам таъм сезмайди у.
Фақат олма қуртин кўрар кўзлари,
Ундан фақат қурт излайди у.

***
Шоир шоир бўлар сенинг туфайли
Қанча тўлғансанг ҳам, о, замон!
Довул туриб шамим ўчса, майли,
Чақмоқ ёруғида ёзаман.

ПОЭЗИЯ

Бу дунё – жўн,
ҳа, бўлгани шу.
Ҳамма нарса худди алифбо.
Дарё:
икки қирғоқ,
орасида — сув,,
Шунчаки сув,
сув, Н20.
Меҳнат:
етти соат,
Ҳар кун етти соат;
Тик туриб ютилган нонушта.
Номер илиш,
кимгадир итоат.
Шундай бир хил
ёзда ҳам қишдa.
Қизлар – фақат қизлар.
Қушлар – фақат қушлар.
Севги –
…қўй, бу ёғин айтмадим.
Хуллас,
шундоқ эди олам
ва ишлар
Сени танинаган пайтларим.
Сени танидиму
олам сирга тўлди,
Япроқни китобдай ўқий бошладим,
Қалбимда булбуллар сайрайдиган бўлди.
Ойга қараб туриб кўзим ёшладим.
Дарёда сув эмас,
хотиралар оқар;
Дарё кечалари – узоқ ёшлигим.
У соҳилдан ҳижрон бўлиб боқар
Илк бўсам,
вафосиз чилвир сочлигим,
Йўллар – гўё ўйлар,
безовта, гувлаган„
Таралган лолазор қирлардан қуйи.
Ҳув, менинг cўқмоғим
тоққа урлаган,
Буниси – онамнинг ҳасратли ўйи.
Билак ҳам,
юрак ҳам толади ишда,
Сўнг кўчам ҳуснига тўймай кезаман.
Байроқ дастасида,
станокда,
ғиштда
Минг-минг қўллар тафтин сезаман.
Юлдузлар –
умримнинг пойдорлиги,
Ҳаяжон, мўъжиза тўла келгусим.
Кўзлар бахт-саодат ваъда қилар жим,
Қалбни талпинтирар беғуборлиги.

Ё сени танигач ҳаётга қайтдим,
Ё олам бошқача бўлиб қолдими?
Йўқ,
сен одамзодни шундай улғайтдинг,
Кучга тўлдирдинг сен унинг қалбини.
Шундан –
на заҳарли ўқ қўрғошини
Ва на Астробод,
Сибирь конлари
Ва на Шоҳмардоннинг тош бўронлари
Эга олди сенинг мағрур бошингни!
Сени танидиму
қалбда сеҳрли ганж.
Олам гўзаллиги – қалбимнинг мулки.
Одам гўзаллиги – қалбимнинг мулки!

Сени танимаган шўрликлар аянч…

Асқад Мухтор шеъриятига доир мақолани мана бу саҳифада ўқинг: Вақт инсонсиз ҳеч нарса!

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 639

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *