Асқад Мухтор. Уйқу қочганда… (Тундаликлар)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор (1920 – 1997) моҳир сўз санъаткори – шоир ва носир бўлиш билан бирга, ҳозиржавоб публицист, муҳаррир, драматург, таржимон, давлат арбоби эди. Адиб салмоқли қиссаю романлар, бадиий таржималар, кўплаб ўткир публицистик мақолалар баробарида шеъриятда ҳам етук асарлар яратди. Айниқса, ўзбек фалсафий-интеллектуал лирикаси тараққиётида унинг ҳиссаси катта бўлди.
ТундаликларАсқад Мухтор умрининг сўнгги йилларида ҳам баракали ижод қилди. Хасталигига қарамай, ижод ва мутолаадан тинмади. Ҳаётининг охирги йиллари ёзилган “Уйқу қочганда…” асари, яъни “Тундаликлар”и бунга далилдир. Асар ҳозирги ҳаёт, маънавият, маданият ва ижод масалаларига бағишланган. Ундаги кўплаб фикрлар афоризм даражасига кўтарилган.
“Тундаликлар”нинг “кундалик”дан фарқи унда хронологик воқеалар бўлмаслигидир, дея таъкидлайди муаллиф. Асосан, ажойиб фиқралар – ҳикматга мойил, муҳим мавзудаги чақмоқ фикрлардан иборат ушбу асар дастлаб “Тафаккур” журналида эълон қилинди. Кейинчалик журнал жамоаси ташаббуси билан “Маънавият” нашриётида китоб ҳолида чоп этилди. “Тундаликлар”, моҳиятан, донишманд адибнинг юрак-юрагидан чиққан фикрлари, адабий-фалсафий қарашларининг қаймоғи, таъбир жоиз бўлса, устозимизнинг ижодий васиятномаси эди”, – дейди ёзувчи Эркин Аъзам.
Тундаликлар – муаллифнинг тунги кечинмалари, фикр-мулоҳазалари маҳсули, улар ягона ғоявий-фалсафий йўналишга эга эмаслиги китобда айтиб ўтилган бўлса-да, асардаги қуйма фикрлар, дурдона мушоҳадалар маънавий оламимиз учун қўшилган муносиб улушдир. Энг муҳими, “Уйқу қочганда…” – Асқад Мухторнинг бутун умрлик ижодий кузатишлари, давр ва замондошлар тақдири ҳақидаги қимматли хулосалари, адабий иқрорномасидир.

Беҳзод Фазлиддин

Асқад Мухтор. Уйқу қочганда…  (Тундаликлар)

Кейинги вақтда – кексалик, хасталик сабаб – жуда камуйқу бўлиб қолдим. Уйқу қочганда бош-кети йўқ, узуқ-юлуқ ўй-хаёл қалашиб келавераркан. Шунда тунчироқ остида турган дафтарга баъзи тасодифий фикрларни ёзиб қўядиган бўлдим.
Дафтаримни “Тундаликлар” деб атадим. Бу “жанр”нинг “кундалик”дан фарқи шуки, унда хронологик тартибдаги воқеалар бўлмайди.
Бу гаплар, бири боғдан, бири тоғдан бўлса ҳам, кимнингдир фикри ё саъй-ҳаракатига туртки бўлиши мумкин. Қолаверса, улар муаллифнинг руҳий ҳолатидан дарак, зеро, биз ҳаммамиз маънавий оламга ҳамиша қандайдир бир тарзда улуш қўшиб яшаймиз.

Муаллиф

Ортиқча сўздан тилини тиёлмаган одамнинг жилови шайтон қўлида.
Замахшарийнинг “Навобиғ ал-калим” асаридан.

БИРИНЧИ ДАФТАР

* Ўзингникигина эмас, ўзгаларнинг нодонлиги ҳам ёзишга халақит беради.

* Китоб – бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани.

* Ўйлайманки, Ҳамлет, Фарҳод, Дон Кихот, Обломов сингари образлар инсон хотирасига типик характер эмас, асосан типик муаммо, абадий савол сифатида михланиб қолган.
Чинакам бадиий асар ҳамма вақт жавобсиз саволдир, борди-ю, адиб унда бирор муаммо кўтарган бўлса ҳам, бу – амалда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодир. Агар муаллиф амалда ҳал қилинадиган вазифа қўйса, асосан, очерк ёки мақола бўлади. Ёзувчи эса ташвиқотчи эмас, шоир бўлиши керак.

* Эшик ёпилганда жимликнинг этаги қисилди.

* Лаганбардор бошлиқнинг эриш нуқтасини билади.

* Бу танқидчи мисли жарроҳдек: аввал жиндек мақтов билан ухлатиб, кейин операция қилади.

* Тютчевнинг лирик шеърлари – рус поэзиясининг дурдоналари. Шоир уларни ёзган жойида ташлаб кетавераркан. Қизи ёки хизматкорлари топиб олиб сақлаб қўяр экан. Кўп шоҳсатрлар шундай сақланиб қолган.

* Биз Союзда бир қўлёзмани икки йил қидирдик. Муаллифнинг тазйиқи билан нечаларга ҳайфсан эълон қилинди, ёзишмаларимиз икки жилд бўлиб ётибди. Икки йилдан кейин мўъжиза юз берди: “дурдона”лар топилди. Ўқидик. Мана, улардан бири:
Ҳуснингни жамоли зор этди,
Ҳар кеча кўзимни хумор этди,
Ишқинг юрагимни тор-мор этди,
Кўз ёшимни сувомбор этди.

* Ёзувчи саёз жойда чўкади.

* Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман деб ўйламайди.

* Тошнинг бардоши зўр.

* Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.

* Кичкина бир аҳмоқдан қўрқинг (масалан, у “қизил” тугмачани босиб юбориши мумкин).

* Танқидчи ёш адибни қимматбаҳо фикрларининг олтин ёмбиси билан уриб майиб қилди.

* Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам ишонч билан иш кўриши керак. Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Митти Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди.

* Денгиз, гўё Ерни ҳушига келтирмоқчидек, ҳадеб қирғоққа сув сепарди…

* Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак.

* “Муз ўчиб қолди!” деди бола сувда эриб кетган муз парчасини кўриб.

* “Биз XII-XIV аср Дашти Қипчоқ (Олтин Ўрда) туркий адабиётини негадир яхши ўрганмаймиз. Ваҳоланки, бу адабиёт (Қутб, Сайфи Саройи, Ҳисом Котиб) соф туркий тил, халқчиллик жиҳатидангина эмас, умуминсоний мундарижаси билан ҳам катта эътиборга лойиқ. Биргина “Жумжума Султон” достонини олинг, Ҳисом Котиб уни Фаридиддин Атторга (“Жумжуманома”) тақлид қилиб ёзган. Замондоши Дантенинг “Илоҳий комедия”си билан таққосласангиз, жуда антиқа фикрларга келасиз. (Масалан, дунёни вертикал ҳолда олиб, яъни ҳамма замонларни бир вақтда жамлаб (хронотоп), абадият учраштириб тасвирлаш…) Бу икки муаллиф бир-бирини билмай туриб, маънан жуда оҳангдош асар ёзганига ҳайрон бўласиз.
Алишер Навоийдан олдинги туркий тилга қулоқ солинг:
Чун ки келдинг дунёя – кетмоқ керак,
Бор кунинг етганча хайр этмоқ керак!
Ҳисом Котиб

Сўнгакка иликдур, эранга билик,
Биликсиз эран ул – сўнгак беилик.
Адиб Аҳмад, XII аср

(Дарвоқе, “Илоҳий комедия”сининг мотивлари Ал-Мааррийдан буён давом этиб келади).

* Товус – пенсиядаги афсона.

* Ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади.

* Шамол шамни ўчиради. Шунга ўхшаб, айрилиқ ҳам шунчаки хушторликни совитиши мумкин, чин муҳаббатни эса ўт олдиради.

* Ҳақиқат – худодир: уни ҳамма билади-ю, ўзини ҳеч ким кўрмаган.

* Ўзимизда бўлган туйғуларни яшириш қийинми ёки ўзимизда бўлмаган туйғуларни ифодалашми? Шукур Бурхон менинг бу саволимга шундай деб жавоб берган эди: иккаласига ҳам артистизм керак.

* Бахт – бойликда, десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.

* Агар айб фақат бир томондагина бўлса, урушлар узоқ давом этмас эди.

* Ёзувчи машинкаси ясама тишларини кўрсатиб тиржаяди…

* Реал Александр Македонский – Искандар бор. Афсонавий Искандар Зулқарнайн бор, уни улуғлаб пайғамбар даражасига кўтардилар (Хусрав, Жомий, Навоий, Тожиддин Аҳмадий… ўнлаб “Искандарнома”ларда). Бу – ўрта асрларга хос нарса. Менимча, Темурни биз бундай қилишимиз керак эмас.

* Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон.

* Икки маҳбус қамоқхона панжарасидан ташқарига қараб тураркан, бири ахлат уюмини кўрибди, бири – юлдузларни…

* Даҳолар ўз касблари доирасидан чиқиб кетадилар. Фалончи – шоир, фалончи – олим, аммо Навоий – Навоийдир, Эйнштейн – Эйнштейн.

* Милтиқ ҳар отганда ўзи сесканиб орқага тисарилади.

* Олма нега қизаради? Балки, Одам Атонинг Момо Ҳаво қулоғига шивирлаган гапларини эслаётгандир?..

* Қалам сўзнинг соясини чизади.

* Ўзбек халқининг номини Ўзбекхон исми билан боғлашади. Ўзбекхон ўзи қаердан келиб чиққан?
Менимча, бу сўзнинг (демак, халқ номининг ҳам) тарихи анча узоқ. 721 йилда туркий қабилаларнинг қурултойи бўлган. Шунда Билга хоқон ўз нутқини бундай сўзлар билан бошлайди: “Эй, турк ўғиз беклари!” “Ўғиз” у вақтда “қабила” маъносида ишлатилган. Демак, “Ўғиз беги” – қабила бошлиғи деган сўз. Ўғиз беклари замонида элнинг анча имтиёзли бир қатлами бўлган. Ўзбеклар туркийларнинг ана шу қатламига мансуб табақадан келиб чиққан, деган фаразим бор.

* Сонет – шеъриятнинг олифта камзули.

* Асал – уруғликдир, гўшт – қотиллик, сут – бузоқнинг ҳақи… Ё Оллоҳ, гуноҳларимиздан кечармикансан?!

* Тун шафақнинг тасмасини кесди…

* Бойликни бойлик қилган – ўзимиз. Агар унга бунчалик сиғинмасак, у бир тийинга арзимас эди.
*
– Танқидга қалайсиз? – деб сўради мухбир.
– Фақат қоғоз гул ёмғирдан қўрқади, — деб жавоб берди адиб.

– Сизга театр ёқадими киноми? – деди мухбир.
– Сизга одам ёқадими ё унинг сояси? – деди адиб.
– …Баъзи одамлар бўладики, ўзидан сояси тузук, — деб ҳaзил қилди мухбир ҳам.
Кулдилар.

* Ҳар хил экстрасенсу азайимхонларнинг айби йўқ: улар алдангиси келганларни алдайди.

* Илгари мен абстракт санъатни тушунмас ва ҳазм қилолмас эдим. Инсон самога учиб, космос даври бошлангач, бу санъатга қизиқиб қолдим. Абстракт санъат Космос образининг эстетик ибтидоси бўлсамикин?

* Сизиф афсонасини биласиз, “абадий харсанг”ни ҳам биласиз.
Менинг авлодим ўша харсангни 70 йил давомида “чўққи”да юмалатди.
Ичимда нола бор. Гоҳо шу нолани эшитиб, Максим Горькийнинг гапи эсимга тушади. Ундан “Аҳволингиз қалай?” деб сўраганларида “Максимально горько!” деб жавоб берган экан.

* Мих болғадан қочиб қутуламан деб, тахтага кириб кетди.

* Садриддин Мақсудий (Сорбонна дорилфунунини битирган Истанбул дорилфунунинг профессори) “Ўрта Осиё турк давлатлари”, “Қутадғу билиг”, “Турк тарихи”, “Форобийнинг ҳуқуқ фалсафаси” деган асарлар ёзган. Топиш керак эди. қизи ҳаёт экан, Одила (Аида) деган. Йирик дипломат. Анқарада. Шундан сўралса, балки отасининг китобларини топиб берарди. Бир уруниш керак.
Садриддин Мақсудий Русия думасида нутқ сўзлаб, русларнинг Қўқонда йигирмата мусулмон мактабини ёпганини, Тошкентда Мунавварқорини таъқиб қилишганини, Олмаотада, Ўшда, Наманганда мусулмон зиёлилари сиқувга олинганини рўй-рост гапиради. (Бу нутқ “Вақт” газетасида босилган).
Яна топиш керак бўлган нарсалар мана булар:
Ҳусайн Файизхонов (Маржонийнинг шогирди) 1862 йилда татар мактаблари учун дарслик чиқарди. Унда Навоийинг “Мажолисун-нафоис” тазкирасидан парча бор.
Абдулаълам Файизхонов (укаси) 1891 йилда Абулғозихоннинг “Шажарайи турк” асарини нашр қилдиради. Бу олим ҳам Маржонийнинг қўлида ўқиган, унинг таклифи билан беш йил Ўрта Осиёда яшаб, ўзбек тилини ўрганган (араб, форс, рус, француз тилларини биларди). “Калила ва Димна” ҳамда “Тўтинома”ни татарчага таржима қилган.
Зоҳир (эҳтимол, Зокирдир) Бегиевнинг укаси Мусо Беги 1907 йилда Ал-Мааррийнинг “Лузумият” асарини таржима қилиб бостирган.
Шарқшунос Ризо Фахриддиннинг (1939 йилда вафот этган) Абу Али ибн Сино, ибн Баттута, Фузулий ҳақидаги китобларини топиш керак.

* Туркий “Искандарнома”нинг муаллифи Тожиддин Аҳмадий (XIV аср) Амир Темур билан кўришгандан кейин Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарини турк тилига таржима қилган экан. Бу – Соҳибқирон сиймосига яна бир чизги.

* Рассом қўлида палитра. Гўё учмоқчи-ю, лекин қаноти биттагина.

* Оҳангдорлиги билангина эмас, мазмунан ҳам қофиядош сўзлар кўп: тош-дош, оҳанг-жаранг, замон-ёмон…

* Авваллари яшаш учун ёздим, энди ёзиш учун яшамоқдаман.

* Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам… Йўқ, меним бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

* Биз атеист ҳам эмасмиз, художўй ҳам эмасмиз. Биз шунчаки ялқовмиз: худонинг бор ёки йўқлиги ҳақида астойдил ўйлашга эринамиз.

* Инсон – табиат боласи, боланинг гуноҳидан кечиш мумкин.

* Араб алифбоси тиллардаги талаффуз ўзгачаликларини йўққа чиқаради, дейди А.Боровков. Демак, бу алифбо туркий халқларни бирлаштириб турарди. Уларни ажратиб ташлаш учун алифбони ўзгартиришдан ҳам қулай сиёсат бормиди?

* Хотин кишини қимматбаҳо мўйналарга ўрасанг – совимайди.

* Океан орқали телефон алоқаси ўрнатилди, энди одамлар бемалол гаплашади.
Бунга бобо деди:
– Уларнинг нима орқали гаплашишининг аҳамияти йўқ, нима ҳақда гаплашишади – шуни айтинг.

* Баҳорнинг оқ хушбўйи.

* Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.

* Ишламаган тишламайди, дерди амалдор. Ўзи эса ҳамон тишларди. Чунки унинг иши шу.

* Чернобилдан кейин одамзот ўзи қилиб қўйган ишлардан бир чўчиб, орқага тисарилди. Орқада эса – спиритуализм (хурофот, миллий сектантлик, экстрасенс, кашпировскийлар…)
Лекин ҳали Янги луддитлар (машинабузарлар) чиққанича йўқ, ялпиларгина (художўй технократлар) пайдо бўлибди. Бу ғайритабиий гуруҳ хиппилардан келиб чиқмадимикан?

* Одам маст бўлса, бир ухлаб тургач, ҳушига келади, аҳмоқ эса – асло. Борди-ю, одам ҳам аҳмоқ, ҳам маст бўлса-чи?

* Меҳмон яхши-да! Келганида бир хурсанд бўласиз, кетганида – яна.

* Атеизм? Бу нима ўзи? Айниқса, буни фан деб ҳисобловчиларга сира тушунмайман. Бу фақат сунъий ё ёлғон фан бўлиши мумкин. Менимча, худосиз инсон бўлиши маҳол, чунки худо – сирдир. Дунёда сир борки, худо ҳам бор. Сирсиз олам эса абадул-абад бўлмаса керак.
Сир – номаълумлик – ғайб…
Қуръони карим, ғайбга ишонинг, деган чақириқдан бошланади.
Олам сирли, одам художўй.

* Ҳурматни у бойлик ё сармоя деб билади чоғи, қарзга бергандай улашади.

* Меҳнатни роҳатга айлантиришни хаёл қилар эдик, роҳат меҳнатга айланди.

* Ўргимчак шамолдан нимадир тикяпти…

* Юрак қони билан ёзган одам узун ёзолмайди.

* Мумтоз бадиий образлар кўп қаватли, яъни чуқурроқ ўйлаганингиз сари янги-янги маънолар касб этгувчи бўлади. Рассом Рембрандтнинг “Гумроҳ ўғилнинг қайтиб келиши” деган асарини биласиз, албатта. Тағин бир эсланг…
Бир қарашда, бу – шахсий тақдир: уйдан қочган бола экан, эсини йиғиб олгач, отасининг олдига қайтиб келибди, ўз уйим – ўлан тўшагим-да, дейсиз.
Яна бир ўйлаб қарасангиз, жами инсон болаларининг қисмати шундай: ёшлигида кўп уринади, адашади, хатолар қилади, тавбасига таянади, қуйилади, “от айланиб қозиғини топади”да, тинчийди.
Яна чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, бу – халқлар тақдирига ҳам хос. Мана, биз. Инқилоблар қилдик, қонлар тўкдик, кишилик қонунларини буздик, шариатга қарши бордик. Пешонамиз тақ этиб деворга текканда жон тинчлиги – иймон эсимизга тушди. Қуйила бошладик, ўзлигимизни топгандаймиз. Аслимизга (уйимизга) қайтмоқдамиз…

* Қовоқари – чўғ, тегиб бўлмайди.

* Истеъдодсиз шуҳратпараст жуда тубан ва шафқатсиз бўлади.

* Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!

* Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат.

* Бу дунёнинг чалкашликлари… Петрарка куйлаган гўзал Лаура, неча авлодлар қалбида муҳаббат тимсоли бўлиб яшаётган маркиза Лаура қаёқда-ю, жирканч ёвузлик – садизмнинг асосчиси маркиз де Сад қаёқда!
Улар эса (зиё ва зулмат) яқин қариндош бўлган.

* Рус ерларини талаб пайҳон қилган, бош чаноқларидан тоғлар ясаган… Ё Раб! Бу сиймони авлодлар қулоғига қуйилган бундай туҳматлардан мосуво қилиш, аслига қайтариш учун тарихимиз саҳифаларига тез-тез кўз солишимиз керак эмасми?!
Мана, шу саҳифалардан бири:
“Амир Темур Кама дарёсини кечиб, Маласда тўхтади… Навкарлари қирғоқдаги овулларга жойлашдилар. Кун совуқ, қор қалин, йўллар лой, юриш мушкул эди.
Зай дарёсининг қуйи оқими Байрашхон тасарруфида эди. Темур шу хонга мактуб йўллади, яъни қорли-қировли кунларни шу ерда ўтказсам, деб.
Байрашхон жавоб қилдики, “Султон Амир Темур, бош устига, биз хизматингизга доим шаймиз. Тангри ризқимизни берса, сиз жанобга жону молимиз қурбон”.
Байрашхон дарё ёқасидаги тепаликда бир қаср солдира бошлаган эди. Шу тайёр бўлгач, Амир Темурни таклиф қилди. Ўзининг хос соқчилари қуршовида келган меҳмонни хон асъаса билан кутиб олди.
– Содиқ қулингиз сиз учун ушбу қасрни иншон этдим, кўнгилларига хуш келса, марҳабо, қабул қилғайлар.
Амирга қаср жуда ёқди. Байрашхонга хазинасидан мўл-кўл совға ва сарпо буюрди. Шу ерда қишлаб қолди. Бухородан келиб қазо қилган уламо Мулла Ҳофиз қабрини зиёрат қилди. Минзала водийсининг беги Мустафохон саройида меҳмон бўлди.
Қорлар кетганда йўлга отланди. Байрашхон уни Ийқ дарёси бўйига, Туғошхон мулкигача кузатиб қўйди. Амир Темур Самарқанд сари йўл олди”. (Ҳисомиддин Булғорий (XVI аср). “Таворихи Булғор” асаридан).

* Талант диалектик моҳиятини очади; ўртамиёналик эклектика даражасида қолади.

* “Мен камтарман” деган одамни камтар экан деб ўйламанг.

* Ҳар бир Шахс – мустаснодир.

* У адабий баҳс ва муҳокамаларга сара фикрларини қимматбаҳо тақинчоқлардай тақиб, кўз-кўз қилгани келарди.

* Ёлғон ўзи унча хавфли эмас, унинг ҳақиқатга ўхшаб кетиши хавфли.

* Дара тинч. Бу ерда ҳамма нарса секин-аста: тонг аста ёришади, олам тўфондан қалқиб чиқаётгандай, тун зулматидан аста кўтарилади. Бу жойларда Ернинг айланишини тасаввур қилиш мумкин эмас.
Бу ерларга Коперникнинг ўзи келиб қолса ҳам гапидан воз кечарди, вооллоҳ!

* Ушалмайдиган орзу яхши, унинг айби ҳам йўқ, жавобгарлиги ҳам йўқ, дилингни аллалаб яшайверади. Аммо ушаладиган орзулар кўпинча алам билан тугайди. Сен доҳиёна шоир бўлолмасанг, бу – бир нав, ўтар-кетар… лекин кўнгил қўйганинг қўшни қиз эрга чиқиб кетса, бир умр куясан.

* Бизни танқидчилар қўрққанимиз учун эмас, кўпинча дадиллигимиз учун уришди.

* Яхши ният – пештоқ эмас.

* Б.ни қатъиятли, принципиал одам, дер эдилар. Аслида, у бир нарса ҳақида икки марта ўйлаш қобилиятидан маҳрум эди, холос.

* Табиат – яхшилик ва гўзалликнинг бевосита ифодаси.

* Бир қолипдаги (типовой) иморатлар, бир қолипдаги шаҳарлар худди шундай бир қолипдаги одамлар ва бир қолипдаги фикрловчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради.

* Деҳқон меҳнати – ҳаётнинг илоҳий ақидаси.

* Унинг шоир бўлиши учун фақат бирорта камчилик етишмасди.

* Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

* Фақат классика мунозарасиз қабул қилинади. Биз эса классик эмасмиз. Бизнинг асарларимиз қаршиликка учраши, баҳс қўзғаши керак.

* Францияда, Виши шаҳри яқинида Лапалисс деган жанобнинг қабри бор. У ҳаётлигида ҳаммага маълум ҳақиқатларни гапириб одамларни безор қилиш билан машҳур бўлган экан. Қабр тошига шундай деб ёзибдилар: “Вафотидан бир дақиқа олдин тирик эди”.
Баъзи бировларга шундай эпитафия таклиф қиламан: “Вафотидан анча олдин ўлган эди”.

* Бир эсипаст гавҳарни денгизга улоқтиради, кейин уни мингта доно излаб топа олмайди.

* Қадимда бир донишманд айтган экан: “Мен вақтнинг нима эканини биламан. Аммо “Вақт нима?” деб сўрасалар, айтолмайман”.
Назаримда, шеърият ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. у бениҳоя, у битмас-туганмас.У ўзи рад этган одамгина уни рад этади.

* У ўз сўзига ўзи хўжайин: бугун беради, эртасига қайтиб олади.

* Аҳмоқ аҳмоқлигини билмай ўлиб кетади, чунки буни ҳеч ким унинг юзига айтмайди.

* Қурумсоқ тежамкорга исрофгардан бегонароқдир.

* Эрталаб туриб нималарни кўраман? Ана кўзгу – ёруғлик ва кристалларнинг сирли ўйини… Қаердадир тутун уйғониб, қўли билан шамол келган томонни кўрсатаяпти…
Дунё катта, мўъжизаларга чулғанган: чинорларнинг мардлиги, гулларнинг архитектураси… Ўсимликларда ижодкор шарбат ёғду босқичларидан кўтарилади, ерга яшиллик пуркайди.
– Ҳой танобчи ариқлар! Тоққа неча чақирим қолди? Улар нима қиляпти?
– Осмон тубида қорамтир биқинларини ювяпти!

* Шоир учун асосий иш – кўнгил кўзи билан кўриш; қоғозга тушириш эса – касб.

* Вақт инсон ҳукмида эмас. У – Оллоҳнинг мулки. Шунинг учун судхўрлик (қарз бериб, фоизи эвазига кун кўриш) ҳаромдир. Зеро, судхўр вақтни (ўзига тегишли бўлмаган нарсани) сотади.

* Баъзи ёшлар, биз Тўфоннинг эртасига пайдо бўлганмиз, деб ўйлашади, чамамда. Ваҳоланки, ҳамма ота-онадан туғилади.

* Асл ҳурмат беғараздир. Акс ҳолда, амалдорлар бизни нега ҳурмат қиладилар…

* Ёлғончининг ёлғончилиги – унинг энг енгил гуноҳидир.

* Мўъжизакор келиб, “Мана бу – ҳақиқат, мана бу – уни излаш имконияти, қайсинисини оласан?” деса, мен кейингисини олардим. Тайёр ҳақиқат ташаббусни ўлдиради, умуман, ҳаётнинг маъносини йўқотади. (“Тўғри йўлни партия кўрсатади, уни излаш сенинг ишинг эмас”, дейиларди. Ўша вақтлар “Излаш бахти” шеърим “қайтган”. Кейинги йилларда бостирдим).

* Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.

* Унинг “кўтарилиши” ҳам, “йиқилиши” ҳам ақллилик балоси эди.

* Бизнинг авлодда замонадан қочганлар қутулди.

* Овидий “ёлғизлик бахти”ни мақтаган. Буюк шоир кечирсин, мен учун ёлғизликда кўрган ҳузур-ҳаловатнинг алами оғир.

*Киши ҳаёти – эркинликнинг синовларидан иборат, одам ҳақиқатни эркин синовларидан ўтиб топади.Менинг эрким – менинг шахсимнинг ички ижодий кучи: мен рўпарамда пайдо бўлган тайёр яхшилик ё ёмонлик йўлини танламайман. Яхшилик ё ёмонликни мен ўзим яратаман, бу – менинг эрким. Акс ҳолда шахс камолоти йўқ. Ҳақиқат – менинг машаққатли маънавий ютуғим: у эрким синовларида қўлга киритилади. Менга биров томонидан тақиштирилган тайёр ҳақиқат эмас.

* Ўлимдан бир умр қўрқамиз, у эса бир келади. Қайси бири ёмон?

* Баъзилар ҳақида яхши гапирсанг, лаганбардор бўласан, ёмон гапириш – хавфли.

* Қариликдан қўрқма, унга ҳали етиш керак.

* Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди.

* Унинг ҳаёти энди кузги япроқлар билан безалган эди.

* Агар биз тарихимиз қанчалик улуғ, маънввий меросимиз қанчалик бой, қадриятларимиз нақадар чексиз эканини яхши билганимизда эди… Флобернинг “Ҳақиқат лексикони”да бир гап бор: “Агар от ўзида қанча куч борлигини билганида, тушовлаб қўйишларига эрк бермас эди”.
Энди юган солиб етаклаб кета олмас, лекин барибир ўтмишни астойдил ўрганиш,билиш керак.

* Уни ҳамма талантли ёзувчи деб ҳисоблар эди. Лекин бу тасаввурни ўзи бузиб қўйди: ўзи ҳам шундай деб ҳисоблар экан.

* Худо, ҳақиқат, шеърият, бахт, муҳаббат, вақт, нариги дунё… борди-ю, буларнинг нима эканини билсак, ҳаётимиз қандай бўларди? Билмайман. Фақат шуни биламанки, дин, адабиёт, орзу-хаёл бутунлай бўлмасди…

* Ёшлик қайтиб келмайди. Лекин гўё ёшлик қайтиб келгандагидек, мўъжзавий бир ҳиссиётни кўп бор бошимдан кечирганман. Бундай ҳиссиёт кўнгилда ва хаёлда янги роман ёки қисса туғила бошлаган чоғларда вужудимни қамрар эди.
Аммо китобни ёзиб тугатгунча яна қарийсиз. Ва уни илон пўст ташлагандай ташлаб, орқада қолдириб, янгисига интиласиз. Бу пойга, бу янгиланиш, ёшлик кетидан қувишга ўхшаган бу изланиш бениҳоядир. Бу ижодий қанотланиш аслида ҳақиқий борлиқни излаш бўлса керак.

* Физикада оқибат сабабга тенг. Ахлоқда ҳам шундай.

* Истеъдод нималигини, таркибий қисмларини билмайман-у, тасаввур салоҳияти унинг энг муҳим жиҳати эканига аминман. Биз қаҳрамонларимизни уларнинг ҳаракат ва вазиятларини аввал тасаввур этамиз, кейин тасвирлаймиз. Жюль Верн ўзи кўрмаган шаҳарларни, масофаларни, ўлкаларни тасвирлаган, унинг бу тасвирлари ҳақиқатга яқин; Жонатан Свифт Марснинг йўлдошларини улар кашф қилинишидан 150 йил олдин тасвирлаган, Беруний Америка қитъасининг борлигини Колумбдан 450 йил аввал тахминлаган. Тасаввур салоҳияти адиб истеъдодини фан билан яқинлаштиради.

* “Вақт ўтяпти!” деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топган. Аслида, биз ўзимиз ўтяпмиз…

ИККИНЧИ ДАФТАР
***
Бизнинг даҳшатли цивилизациямиздан ташқари ҳамма замонларда шоир ва шеърий сўзнинг нечукдир ғайритабиий бир илоҳий куч билан боғлиқлигини тан олганлар. Мен шоирни пайғамбар деб атаган Пушкиннигина кўзда тутаётганим йўқ. Шоирнинг қалб бойлиги реал ҳаётий вазиятлардан устунлигини Гегель ҳам айтади. Шеллингнинг ёзишича, шеърий сўз туғдирган идеал дунёнинг бизга объектив дунё бўлиб кўриниши инсоннинг Илоҳ ҳақидаги абадий тушунчаси билан боғлиқ. Файласуф Новалис айтадики, “Шоир ва авлиё азалдан бир бўлган, лекин чинакам шоир ҳали ҳам авлиё ва чинакам авлиё ҳали ҳам шоирдир”. Навоийнинг шеърий сўз ҳақидаги сатрларига қулоқ солинг:
Чун бу насим эсди азал тоғидин,
Мунча гул очилди жаҳон боғидин.
Бошқа ўринда у шоирнинг “кўнгил Каъбаси”ни оламнинг қибласига ўхшатади ва илтижо қилади: “Ё Раб, ани (сўзни) халқ дилафрўзи эт!”
Шоир салоҳиятини илоҳий кучга боғлаш тарих қаърига кирган сарингиз баландроқ янграйди. Юнон асотирларида Квасир деган илоҳий жонзот тилга олинади. Шундай доно эканки, дунёда у жавоб беролмайдиган бирорта савол йўқ экан. Шоирлар шоир бўлиш учун шу донишманд жонзотнинг қонидан асал ялар эканлар…
Хуллас, бу масала энг муқаддас китоблардаги “Аввал калом, у – Илоҳдандур!” деган ҳикматга бориб тақалади. Оллоҳ Одам Атога: “Ҳамма нарсани ўз номлари билан айтгил!” деб буюрган. Номлар, яъни сўзлар эса танзиҳ ва ташбеҳлардан – шеъриятдан иборат. Ўлжас Сулаймоновнинг айтишича, оқил ва ҳалол одамлар (жумладан, шоир ва олимлар) қадим туркларда бир сўз билан – “чалаби” деб, яъни “тангрисимон” деб аталганлар. Ҳомердан олдинги минг йиллардан – азалдан эсган бу насим! Ахир ҳатто Ўрхун битиклари бармоқ вазнида ёзилган! Қуръони каримнинг шеърий сўз билан нозил бўлгани эса бу ақиданинг яна бир исботидир.
Наполеон, Ҳитлер, Кеннеди каби кўп зотларнинг қиладиган ишлари ва тақдирларини уч юз-беш юз йил олдин айтиб берган авлиё Нострадамус ҳам башоратларини катрен деган шеърий услубда ифодалаган.
“Ҳақиқат, эзгулик, гўзаллик” деган “учлик”ни Рабиндранат Тагор Кантдан олган, дейдилар. Бу – хато. Бу “учлик” асли қадимий ҳинд адабиётига хосдир. Шеърий сўз ва умуман, санъатдан завқ олиш илоҳий ҳис экани, инсондаги тасаввур сеҳри азалий муқаддас ҳодиса экани Санскрит эстетикасининг асоси бўлган. Шива – рақс рамзи; Кришна – назму наво тангриси; табиат – эзгулик; Ганг – фалакдан оқиб тушади; ҳамдуна – хонумон; тангри Вишну ва Рама – содиқ донишманд; сигир – муқаддас… Буюк эпосларнинг табиат ва худоларга бундай боғлиқлиги бадиий сўзнинг илоҳий эканига ишончдан эмасмиди? Наҳотки бу азалий ишончда жон бўлмаса?! Наҳотки бунинг ҳаммаси эскириб қолди?..
***
Таржима, айниқса, шеъриятда шартли нарса. Чунки шеърнинг ўзини ўгириш мумкин-у, миллий жанрни, шеърни қабул қилиш тарзини, анъаналарни, шеърга қарашни… яна кўп нарсаларни таржима қилиш, ҳатто тушунтириш ҳам амримаҳол. Масалан, Японияда, Малайзияда “танка”, “хайку”, “пантун” билан классик бўлганлар бор. Бизда бу турларнинг ҳамма талабларини (ўттиз бир ҳижо, тоқ сатр, яширин қофия ва бошқаларни) бажариб, эътибор қозониб кўринг-чи! Гап шаклдагина эмас, миллатнинг руҳий ўзига хосликлари, дунёқараши, зеҳнияти, нафис ва оний таассурот, мунг, ҳасрат, соғинч, сал киноя… яна айтаверсак, шеъриятга сингиган, лекин таржима қилиб бўлмайдиган талай жиҳатларда ҳамдир.
Хайкунавис ҳеч қачон сиёсат ё ижтимоий соҳага қалам урмайди, у – табиат ва инсонни кузатувчи, шу тарзда руҳга таъсир этувчи донишманд. Унинг ўқувчиси оддий майса баргига ё шабнам томчисига маҳлиё бўла биладиган одам…
***
Умар Хайём майни куйлаган. Аммо буни Абу Нувоснинг хамриятлари, Манучеҳрнинг мусамматлари ва кўп сонли соқийномалар билан аралаштирмаслик керак. Хурсандчилик майхўрлиги бошқа, аламзадалик майхўрлиги бошқа. Хайём кайфи бениҳоя аламли ва фожеий кайф: инсон ўлимга маҳкум, у бир лаҳза бўлса ҳам лаззат излаши керак. Чинакам шодлик лаҳзаларни гулдек узиб эмас, Данте айтган абадий сўлмас гулзорга кўз тикиб яшайди. Абадий сўлмас гулзор эса – умид. Хайёмда инсоннинг Худодан бўлак умиди йўқ.
Хайём рубоийлари – фоний банданинг жавобсиз фарёдларидир.
***
Суқротнинг “Республика”си, Форобийнинг “Мадинатул-фозила”си, Томас Морнинг “Утопия”си, Кампанелланинг “Қуёш шаҳри”, Беконинг “Янги Атлантида”си, Кабенинг “Икарияга саёҳат”и… Дунёда шундай ўнлаб асарлар бор. Булар – ижтимоий утопиялардир. Диний-ахлоқий, фанний-техникавий ва севги-муҳаббат утопияларини айтмайсизми! Булар – инсон орзу-хаёлининг эзгу парвозлари. Бизнинг “утопия” – “хаёлпарастлик” деган атамаларимиз уларни ерга уради. Аслида, булар одамзотнинг идеал излашидир. Идеал эса ҳар қандай тараққиётнинг гарови.
***
Донжуанлар, фаустлар, мажнунлар, прометейлар, искандарлар, жюльетталар кўп бўлган. Лекин уларни фақат Байрон ва Пушкин, Гёте ва Ҳайне, Навоий ва Низомий, Эсхил ва Шекспир номлари билан боғлаймиз. Бошқа муаллифларда булар ҳаётда ёки тарихда бўлган нарса каби қабул қилинади. Фақат даҳолар қўлига тушгандагина “факт” муаммога айланади. Биз энди буни классика деб атаймиз.
***
“Гулистон”да ишлар эдим. Маҳмуд Саъдий деган ходимимиз бозорда китоб айирбошлаётган экан, милиция ушлаб олиб кетибди. У жуда билимдон, китобхўр; биз уни Шайх деб атар эдик… Менинг илтимосим билан милиционер идорага келди, ёшгина лейтенант экан.
Гапни узоқдан бошламоқчи бўлдим:
– Ибн Сино Бухоронинг китоб растасида Форобийнинг Арастуга шарҳларини топиб олганда хурсандчилигидан бир зумга ҳушини йўқотган экан…
– Форобий деган шоирни эшитганман, у ҳам сизда ишлайдими?
– Йўқ, бизда фақат Шайх Саъдий ишлайди.
Ҳазил-мутойиба ўтмади. Аниқ гап қилдим:
– Бу йигит уйланганидан келинни ошхонага тушириб келган. Чунки уч хонали уйининг ҳамма хоналари лиқ тўла қитоб бўлган. У шунақа китоб жинниси.
– Жиннилигига справкаси борми?
***
“Нур алан-нур” деган яхши ибора бор. Уни кўпинча “Нур устига аъло нур” деб нодонларча бузиб ишлатадилар.
“Устувор” – мустаҳкам, пойдор, давомли деган сўз. Биз уни устунлик, яъни “приоритет” маъносида ишлатамиз: “устувор йўналишлар”, “қонун устуворлиги”… “Устун йўналишлар”, “қонун устунлиги” деб, оддийгина ўзбекча ва тўғри гапиришга нима етсин!
“Кўча одамлар билан гавжум”, дейдилар. Ваҳоланки, “одамлар билан гавжум”, “қўйлар билан гавжум” деб бўлмайди. Чунки “гавжум”нинг ўзи “одам кўп” дегани.
“Фаолият кўрсатишни амалга оширдилар”, “шарофати натижасида”, “рақобат кураши”, “устидан кулди”… Бундай “нодир” кашфиётларни санайверсангиз, сон мингта. Ёшларнинг, айниқса, мухбирларнинг тилдаги пала-партишликларидан ҳар гал ранжийман. Ахир тилимиз – шаклланган буюк тарихий тил. Ҳеч бўлмаса, унинг оқ сочли бобо ёшини ҳурмат қилиш керак. У юз йил эмас, беш юз ёки минг йил эмас, ўн беш, ҳатто йигирма асрлик тарихга эга.
Ўн олти аср олдин тошга ўйиб ёзилган Ўрхун битикларини ўқинг: “Отим Элтуғон Тутук. Бан тангри элимга элчи эртим. Олти боғ будунга бег эртим… Тангридаги кунга, ердаги элимга бўкмадим, айрилдим…”
Қандай содда, тиниқ жумлалар! Фақат ҳозирги тилда бир-иккитагина кичик изоҳга муҳтож: “тангри эл” – давлат, империя; “будун” – халқ; “бўкмадим” – тўймадим.
***
Тарихдан маълумки, шиа ва суннийлар ўртасида кўп низолар, ҳатто қонли тўқнашувлар ҳам юз берган. Аммо, менинг кузатишимча, маърифатли темурийлар даврида бундай мазҳабий ихтилофларда муросаи мадора ва ҳатто бетарафлик майли устун бўлган. Бунга далиллар сероб.
Чунончи, Мағриб юриши пайтида Амир Темур тасаввуфда “Қосими Анвар” номини олган машҳур шиа алломаси Шайх Саййид Муъиниддин Алини қабул қилади. Хуросонда катта нуфузли бу зоти шарифнинг суҳбати Амир Темурга шу қадар ёқиб қоладики, унинг илтимоси билан Соҳибқирон Кичик Осиёда олинган минглаб асирларни уй-уйларига қайтариб юборади.
Сўнг Қосими Анвар Шоҳрух билан низода айбланиб, Самарқандга келиб қолади ва суннийларнинг ашаддий мухолифи бўлишига қарамай, Мирзо Улуғбекнинг илмий даврасида катта обрў қозонади.
Охирги темурийлардан Султон Ҳусайн ҳам, бошқа ободончиликлар қатори, Хўжаҳайрондаги “Имом Али мақбараси”ни муҳташам Мозори Шарифга айлантирган…
Бунда гап Темурнинг она томонидан гўё ҳазрат Алига бориб тақалишида эмас, албатта. Бу гап деярли афсона. Мазҳабий ихтилофлардаги муросаи мадорани темурийзодаларнинг маърифий-маданий ва инсонийлик даражаси билан изоҳлаш керак.
***
Ажабки, етти-саккиз йилдан бери бирорта ҳам асар ўзбекчадан русчага таржима қилинмабди. Бу соҳанинг билгичлари умуман йўқолиб кетди.
Алам қиладиган жиҳати шундаки, мен ўн йиллаб Москвада ҳам, Тошкентда ҳам шу ишнинг мутасаддиларидан бири бўлганман. Ўзбек асарларини рус тилига таржима қилишга бағишланган анжуманларда мутахассислар, ёзувчилар қатнашар эди.
“Шўролар тарқаб кетди…” дерсиз. Гап унда эмас, ўзбек асарларини рус тилига ўгириш Улуғ Пётр давридаёқ бошланган. Пётр топшириғи билан Тоболга келган офицер шу ерлик битта мулла ёрдамида Абулғозихоннинг “Шажарайи турк” асарини таржима қилади. 1730 йилда эса Т.Кер шу асарни туркийдан тўлиқ русчага ўгиради. Умуман, “Шажарайи турк” энг кўп таржима қилинган асарлардан. Ўша даврлардаёқ уни машҳур шоир В.Тредиаковский, кейин Н.Чернишевскийнинг дўсти Г.Саблуков (у Чернишевскийга арабий, форсий ва туркийдан таълим берган), А.Туманский ва яна кўплар таржима қилган. Таржимонларга Иброҳим Халфа, Али Козимбек сингари туркийзабон олимлар кўмак берганлар. “Қутадғу билиг” (В.Радлов), Яссавийнинг “Ҳикматлар”и, Машраб ғазаллари (Н.Микошин), “Бобурнома” (Н.Пантусов), Махтумқули шеърлари ва бошқалар рус тилига XIX асрдаёқ қисман таржима қилинган эди. Ундан кейинги даврларда бу ишнинг нақадар кенг ривожланиб кетганини яхши биласиз.
Маданиятнинг шундай анъанавий ва миқёсли бир соҳаси йўқолиб кетса-я! Мен буни тушунишдан ожизман…
***
Мумтоз лирикада маҳбубанинг тасвири албатта қошу кўз, яноғу дудоқ, холу зулфдан бошланади. Нима учун шундай?
Маълумки, тасаввуфда бандаи солиҳнинг йўли шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларидан иборат. Маҳбубанинг жамоли – ваҳдатул-вужуд йўлидаги орзу. Аммо, тасаввуф мураккаб. Унинг дунёвийликка мойил сулуклари (Ғиждувоний, Нақшбандий тариқатлари) ҳам кўп. Реал маҳбуба бўлмаса, унинг илоҳий рамзи қаёқдан келиб чиқарди? Шоир ботиний назар билан дунёвий маҳбубанинг қалбига, сир-синоатига, ҳис-туйғуларига интилади. Бу (илмул-яқин) эса, аввало, юзни очиш (мукошафа), кейин кўзни кўриш (муъайяна) ва сўнгра ақл кўзи билан ғайбни, яъни сирли ҳисларни туюш (мушоҳада) босқичларидан иборат. Нажмиддин Кубро инсоний муҳаббатнинг бу илмини “басира” деб атайди. Ваҳдатул-вужуд сингари бу орзу ҳам ушалавермайди, албатта. “Кўр” шоирларнинг кўплиги (Ҳомер, Рудакий, Ал-Маарий, Шамсиддин Закий…) балки шундандир? Афсоналар эса уларни чинакам “сўқир”га чиқарган бўлиши ҳам мумкин…
* * *
Ўтган рус ҳамда Ғарб адабиёти ва санъатида ҳамма асарлар бир турда анъанавий инсоний эди: Пушкин, Тургенев, Бальзак, Флобер, Бах, Чайковский, Достоевский, Толстой, Рембрандт, Репин, Жек Лондон, Гончаров, Марк Твен, Чехов…
Эндиликда ўша буюк асосий Санъат парча-парча бўлиб бўлиниб кетди: авангардизм, футуризм, символизм, декадентлик, модернизм, сюрреализм, акмеизм, имажинизм, иррационализм, абсурдизм, ультраизм, фрейдизм, кубизм, экзистенциализм, экспрессионизм, импрессионизм, абстракционизм…
Қўйинг-чи, ҳамма “изм”лар бор, фақат гуманизм ғолиб чиқса бас… Шундай бораверса, у бутунлай тугаб кетса, эҳтимол…
* * *
Рассомми, мусаввирми?
Қуръони каримда Оллоҳнинг номлари бирма-бир саналиб “…ал-Холиқу ал-Мусаввиру” дейилади. Демак, У инсонни тупроқдан яратувчигина эмас, руҳият ва ҳислар билан безаб, тасвир қилувчи ҳамдир. Ҳаким Санойи у ҳақда бундай ёзади:
“…з-онки гил мазлумаст ва дил равшан,
Гили ту гулханаст ва дил гулшан”.
Яъни: тупроқ – зулмат, дил эса равшан; тупроғинг ўт-олов, дил эса – гулшан.
Бу жиҳатдан, расм солиб, шакл берувчи рассомдан кўра, дил ойнасига расм солиб, руҳият ва туйғулар билан равшан этувчи мусаввир атамасини қўллаш, чамамда, маъқулроқ.
* * *
Вақт ўтиши билан биров ақллироқ бўлади, биров – каттароқ.
* * *
Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо, ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?
* * *
Бизда ҳозир бор-будимизни рад қилиш авж олган. Ваҳоланки, тап-тақир ерда ҳеч вақо пайдо бўлмайди. Эски мафкуранинг таъсири бор деб ҳамма нарсани инкор қилишнинг ўзи ҳам бир мафкура эмасми? Биз бадииятнинг барча намуналарини ардоқлашимиз керак.
Бадииятдагина эмас, илмда, фалсафада ва динда ҳам энг буюк ва табаррук сиймолар шундай қилганлар. Ҳатто ғайридинлар ибратли меросни тан олганлар. Яҳудийлар ўз динларига Миср маъжусийларининг барча қадриятларини қабул қилганлар. Форобий, Беруний каби алломаларимиз бош эгиб ҳурмат қилган ўнлаб афлотунлар мусулмон эмас эди-ку?!
* * *
Мўъжиза – сир – билим – ҳақиқат. Булар шу тартибда бир-бирини инкор қилади ва бир-бирисиз яшаёлмайди.
* * *
Биз Шарқ адабиётининг Ғарбга, айниқса, мумтоз шеъриятга таъсири ҳақида қандайдир тор, пароканда бир тарзда фикр юритамиз. Тўғри, кўп номлар, асарлар, қиёслашар (“Лайли ва Мажнун” – “Ромео ва Жульетта”) бизга маълум: Гюгонинг “Шарқ тароналари”, Гётенинг “Шарқ девони”, Байроннинг шарқона достонлари, Адам Мицкевичнинг “Қирим сонетлари”, Пушкиннинг “Қуръондан иқтибос”, “Боғчасарой фаввораси” асарлари, Сергей Есениннинг “Форс тароналари” туркуми, Михаил Лермонтовнинг Кавказ достонлари; Ҳофиз, Саъдий, Фирдавсий, Жомий, Навоий ва бошқа улуғ зотларга кўплаб бағишловлар, тақлидлар… Санаб битиргисиз. Лекин, таъсир нега бу қадар бепоён? Шарқ даҳосининг сеҳри нимада эканини англаш учун ушбу ҳодисани кенг миқёсда, адабий оқим ва усулларнинг ҳаракат жараёнида тадқиқ этиш керак.
Шарқ шеърияти – муҳаббат ва меҳр тўла, гўзал ва ҳассос, юксак бадиий рамз ва ташбеҳларга бой, эркин, инсоний, теран фалсафий, анъанавий романтик шеърият. Қадимдан шундай. У асрлар давомида Ғарб адабиётининг романтик руҳини бир неча бор қутқариб қолди. Ғарбда аввал эллинизм таъсиридаги романтика жонланди. Лекин, бу юксак ва бақувват эстетик оқимни дастлаб хоч (салиб) юришлари, қилич-қалқонли рицарлар, инквизиция гулханлари, қонли қирғинлар бўғиб ташлади. Энг содиқ романтиклар Шарққа суяниб қолдилар. “Кучли ориентал оқим тирик эди”, дейди Гегель. “Бу табиий дунё шахсни қутқарди”, дейди Руссо. Романтика яна оёққа туриб, авжга минганда эса, унга шартли қолипларга солинган шафқатсиз классицизм ва рационализм догмалари халақит берди. Кузатишларимизга қараганда, Ғарб романтикасини бу балолардан ҳам ўша “табиий дунё”, ўша “ориентал оқим”, яъни Шарқнинг беназир гўзал, эркин, романтик шеърияти сақлаб қолди…
Бу – мавзунинг биргина жиҳатига шама, холос. Миқёсли мулоҳазаларга туртки керак…
* * *
Боласини йўқотган она юраги ёрилиб ўлиши мумкин. Номуси, иззат-нафси топталган қизнинг бошидан керосин қуйиб, ўзига ўт қўйганини кўп эшитганмиз. Таҳқирланган, туҳматга учраган одам аламдан ўзини осиб ўлдиради… Энди айтинг, тан яраси ёмонми ё дил дардими?
* * *
Кузатишимча, одамлар гапираётган гапнинг, тахминан, етмиш-саксон фоизи ортиқча экан. Кимдандир эшитган эдим: бир товушни талаффуз қилиш учун фалончи энергия сарф бўлади, деб. Ундай бўлса, ҳарф ва рақамлар бу жиҳатдан ҳам жуда катта иқтисодий-молиявий кашфиёт экан. Бўлмаса, масалан, “учта уй” дейиш ўрнига фикрни тушунтириш учун ўша учта уйни кўчириб-кўтариб келтириш керак бўларди… Свифтнинг бир сатираси эсимга тушади. Лапут бойлари энергияни тежаш учун айтиш керак бўлган нарсаларни ўзлари билан олиб юришармиш. Ҳангомалашгани борганда хизматкорлари ҳамма лаш-лушларини елкалаб келишар экан…
Албатта, бу – сатира. Аммо мен шу ўринда ҳам санъатни ўйлайман. Биз мазмун ва шакл ҳақида кўп гапирамиз. Аслида, бунинг биринчиси – мантиқий тафаккур, иккинчиси – ҳиссий тафаккур. Иккинчиси (нарсалар ва ҳаракатлар) биринчисидан олдин юради. Иккаласининг бирлиги бадиий образ бўлади.
Японларда матнсиз, “безабон” кинофильмлар кўп бўлади, кузатганмисиз?
… Бу менинг касал бўлиб, тилдан қолганимдан кейинги (сизга Худо кўрсатмасин!) уйқусизлигимда миямга келган пала-партиш фикрлар. Кечирасиз.
* * *
Биз нимаики ёзсак, кимдандир иқтибос оламиз. Фалон донишманд бундай деган, фалон классик ундай деган… Улуғларнинг “афоризм”ларини бутун-бутун китоблар ҳолида нашр этамиз. Ваҳоланки, уларнинг кўпи аллақачон ҳеч қанақа “суянчиқ”қа муҳтож бўлмаган, ҳаммага маълум оддий ҳақиқатлар. Бу дидактик консерватизм оригинал тафаккур ривожига халақит бермайдими? Мен улуғларга қарши эмасман, аммо ўз фикрлаш салоҳиятимизни ҳам ишга солишимиз керак-да! Улуғлар айтган деб, оддий ҳақиқатларни мақола ва китобларимиз, шиорларимизда такрорлайверамизми? “Соф ҳаво ҳаммамизга керак!” деб ҳеч ким алвонларга катта қилиб ёзиб қўймайди-ку?!
* * *
Тасаввур ҳам бир инстинкт. Лекин бу – олий савқи табиий. У идрокдан ташқарида ногоҳ пайдо бўлиб, ниманидир қамрашга интилади-ю, нима экани, номи ҳали онгда йўқ. У ҳали хира бир ички сезим. Аммо мавжудлиги аниқ, уни фақат кўчма маънода, образли ё рамзий тарзда белгилаш мумкин.
Ҳайвоний инстинкт хавф-хатарни олдиндан пайқагандай, ижодий тасаввур ҳам узоқдаги фикрни гўё бир ўзгарувчан булут парчаси каби кўнгил кўзгусида кўриб, гоҳ чақмоқ сингари ўтли чизиқлар, гоҳ қандайдир этюдлар, қиёфалар, композициялар, тақдирлар тарзида шакллантира бошлайди. Бироқ, идрок тасаввурни тўла қабул қилмаслиги ҳам мумкин. олий инстинкт сезими кўпинча ҳалиги ўзгарувчан булут парчасидай тарқаб ҳам кетади.
Тубан инстинкт такрорланиб пайдо бўлади. Олий инстинкт эса балқиб-нурланиб юзага чиқади. Иккаласи ҳам кучли, жасоратли бўлиши мумкин. Аммо иккинчисигина баъзан катта ғоя, доҳиёна ҳақиқатга эврилади.
* * *
Тасаввуф ҳақида гапирилганда, у кўпинча пантеизмга, неоплотонизмга қиёс қилинади. Ундай бўлса, нима учун бу оқимларга амал қилган Данте, Петрарка асрлардан бери улуғланди-ю, тасаввуфга бунча қора чапланди? Француз маърифатчилиги бутун оқим сифатида кўкларга кўтарилди-ю, нима учун бизнинг жадидларга “буржуй мафкурачилар” деган (гўё “йўқсил маърифатчилар” ҳам бўладигандай!) қора тамға босилди?
Менимча, бу ва бу сингари камситишлар бизларга мустамлака деб қарашнинг аломатлари эди.
* * *
Танқидчи ва адабиётшунослар асосан асар ҳақида гапирадилар. Ёзувчи ҳақида эса…
Ваҳоланки, асар ёзувчидан униб чиқади; фарзандидай унда туғилади, улғаяди, камол топади; у фарзандини авайлайди, ҳимоя қилади. Асар – ёзувчининг тақдири; керак бўлганда ёзувчи қурбон бўлишга ҳам тайёр. Унинг бу ғайритабиий садоқати, ёзмасдан туролмаслиги, руҳиятга, фалсафага, мушоҳадага мойиллиги, шахси, феъли, услуби, қарашлари, дарди, қийналишлари ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ёзувчи ўз шахси ва ўзгаларнинг шахси билан бирикиб кетган – асар унинг субъекти. У бошқа ишда ҳам ишлаши мумкин (ёзувчи ҳеч қачон бадавлат бўлмаган), аммо унинг моҳияти, эҳтироси – ижод. Қобилияти қанча катта бўлса, шунча катта куч сарф қилади. У – беихтиёр фидойи; ҳам бахтиёр, ҳам бахтсиз – бу унинг иродасига боғлиқ эмас.
Бу ҳақда кўп гапириш мумкин, аммо танқидчилар…
* * *
Амир Темур Ҳофиз Шерозий билан учрашганда, шоирнинг машҳур мисраларини эсга олиб: “Ҳали сенмисан жононнинг битта холига Самарқанду Бухорони бағишлаб юборган?!” деб дарғазаб бўлганмиш, деган гаплар юради. Бу – ақлга сиғмайдиган уйдирма.
Аслида, бу аввалига дўстона ҳазил-мутойибадан бошланган жиддий суҳбат бўлган. Бу ўша шоирнинг дастлабки жавобидан ҳам кўриниб турибди: “Саховат, тақсир, азбаройи сахийлигимиздан шундай юпун бўлиб ўтирибмиз-да!..”
Шоир оддий хаттотлик билан кун кўради.
Ҳофизнинг Амир Темур билан учрашуви бежиз эмасди. Машҳур шерозлик унча-мунча ҳукмдор билан учрашавермаган. Ҳатто Бағдод султони Аҳмад Жалойир, Бенгал султони Ғиёсиддин, султон Маҳмуд Баҳманий ва бошқа ҳукмдорларнинг таклифларини рад этган. У буюк лирик шоир бўлиш билан бирга, бевосита ижтимоий мавзулардаги фожеий, аламли асарлари билан ҳам машҳур бўлган; Хурмуз кўрфазида ҳинд кемасининг ҳалокати тўғрисидаги, икки ўғлининг бевақт ўлими ҳақидаги, ҳукмдорлар томонидан ноҳақ бадарға қилинган бир дўстини ёқлаб ёзган жасоратли ғазаллари шулар жумласидандир. Табиийки, шуҳратли шоирнинг бу жиҳати ҳам Соҳибқиронни қизиқтирган. Шунинг учун профессор А.Арберри “Мумтоз форс адабиёти” китобида бундай дейди: “Бу икки буюк шахснинг учрашуви адабиётдагина эмас, тарихда ҳам жуда муҳим воқеа эди”.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 89

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *