Аъзам Ўктам: Сени топмоқ йўли – доим топинмоқдир…

A'zam O'ktam***
Кўкдан ёғилган нурлар,
Отамга дуо денглар.
Тунга ем бўлмагурлар,
Онамга дуо денглар.

Йўл қараб мўлтираган,
Ҳар оғизга қараган,
Ойдин кулча тилаган
Боламга дуо денглар.

Умр ўтди балки бекор,
Ҳали қандоқ кунлар бор.
Болалигим – беғубор
Оламга дуо денглар.

Ошиқни отдим тикка –
Тушар чикка ё пукка.
Етказмоқчиман кўкка –
Ноламга дуо денглар.

Тарк этмасин қўлимни,
Ойдин қилиб йўлимни.
Нари қувар ўлимни –
Қаламга дуо денглар.

ЎТИНЧ

Сўзим, жонбахш сўзим, ёрдин
Менга ширин ҳикоят қил.
Кўзим, йиғла, бу ёрсизлик,
Бу ҳижрондин шикоят қил.

Қўлим, ёпгил қулоқларни,
Эшитма ҳеч маломатни.
Юрак, очгил у дафтарни,
Яна бошдин ривоят қил.

Оёғим, юр, кетайлик бу
Зулмкорларнинг ёнидин.
Етиб боргач синиб битгил,
Бугун аммо ҳимоят қил.

Кўнгил, сендин ризодирман,
Биру Бор ул, десанг басдир.
Сенга измимни берганман,
Жўшиб, майли, жиноят қил.

Тилим, қўрқинчларим сендан,
Хатарли сенга эрк бермоқ.
Ўтинчим: Ўзидин доим
Сен умиди ҳидоят қил.

ЙЎЛ

Йил йиқилар йилнинг устига,
Хотиралар типирчилар хит.
Елкам оғрир, қақшар устихон,
Юк остида силтанар умид.

Бераймикан тақдиримга тан,
Наҳот бари тугади ёҳу!
Йилдан йилга етаклаб ўтган –
Орзуларим ушалмади-ку?!

Сергак қадам ташлайман, ахир,
Юрар йўлим – қалин тиканзор.
Бениҳоят узундир умр,
Биттагина оқ кўйлагим бор.

Юксакларга чўзибман қўлни,
Омон етай унга ишқилиб.
Танладим сал оғирроқ йўлни,
Сал енгилроқ жон берайин деб.

Кадам босиш тобора қийин,
Умр кифтда. Қақшар устихон.
Олға қараб юрганим сайин
Йил йиқилар йилнинг устига.

НЕГА?

Кун узун, кун иссиқ – малоллар келур,
Тунлари қоп-қора саволлар келур,
Тонг чоғи мусаффо хаёллар келур,
Ақлим менинг тиниқ тортмади ҳануз.

Етти оқ-қорани ажратиш они,
Бу умр, бу ўлим кимнинг эҳсони?
Ҳар лаҳза шу қарзни узиш имкони,
Билдим, чин сарватни йиғмадим ҳануз.

Энг улуғ сўздан-да титрамас юрак,
Кўзимга ёш келмас – бу недан дарак,
Халқимга не бердим ваъдадан бўлак,
Эккан ниҳолим ёш, мевасиз ҳануз.

Маҳкам боғласам-да рост йўлга белни,
Кўнгил равшан эмас, доғи бор дилнинг,
Юртимни танидим, билдим-ку элни,
Бироқ унутмадим ўзимни ҳануз.

ҚАНОАТ

Асл айбим –
Текис йўлда қоқинмокдир.
Асл бахтим –
Ўзинг кўрмай соғинмокдир.
Еру кўкдан мудом излаб
Хато қилдим,
Сени топмоқ йўли –
Доим топинмоқдир.

ИШҚ ҲАҚҚИ

Ажаб, дил шод бўлур тинглаб
Қиёматдан хабарларни.
Тобора шавқим ортгайдир
Сезиб келгич хатарларни.
На роҳат, на азоб боис
Сен айтган йўлга кирмишман.
Шу ишқ ҳаққи, хатарсиз қил
Ўзинг сори сафарларни.

ИБОДАТ

Тоғлар сомеъ бўлиб ўлтиришар жим,
Такбир айтган чоғи гулдираб само.
У янглиғ муножот қила олур ким,
Ёмғир бу – пичирлаб қилинган дуо.

Ел йиғлар ер тирнаб, тупроқ сесканар,
Майсалар қалтираб қилурлар сажда.
Дуолар ижобат бўлган саналар,
Кун нурлари бутун келтирар мужда.

ТИРИКЧИЛИК

Доим қибла менга тўрт томон,
Турмуш қанча ўзгартмасин тус:
Тўйгунимча ейман пушаймон,
Орқасидан чекаман афсус.

ҲАЁТ

Гоҳ бориб
Деворга урилди бошим
Гоҳ келиб
Бошимга урилди девор.

НЕЪМАТ

Рамазон – машаққат, синовлар ойи,
Ўттиз қоронғу кун, ўттиз ёруғ тун.
Тонглар насиб этди тоза ҳавою
Булбулнинг овозин саҳарлик учун.

Аччиқ сўз чиқмайдур – ёпиқдир оғзим,
Бировга қадалиб тикилмоқ тамом.
Кўнгил тўқ, руҳ енгил.
Хушбахтман ўзим –
Гул исин ифторлик учун берди шом.

ҚУТЛОВ

Не бўлғай яшашни сал осон қилсанг,
Қил сиғмаган кўнглинг
Шуълага тўлсин.
Ҳар намоз орасин Рамазон билсанг,
Бир кунда беш ҳайит
Муборак бўлсин!

КЎКЛАМ

Қамчинлар – найзалар топди фаторат,
Бўғотда тўрсайган музлар эриди.
Очилиб келмокда кунлар ниҳоят,
Бир лаҳза қалблардан ғамлар ариди.

Тўхтамас бу эрув. Йўқ сира кети,
Эски тўнкагина шодланолмас тек –
Атрофга қарашга чидамас бети,
Ягона кўрпаси куйган йўқсулдек.

ИЗОҲ ШАРТ ЭМАС

Бугун ғамгин ташлашар назар,
Ҳол сўрашар астагина ё –
Дўппи ёхуд чопон кийсанг гар,
Жиддий, хомуш юрсанг мабодо.

Буни ҳатто ўрис ҳам билар,
Кўниккан бу эл аҳволига –
Кимдир ўлар, нимадир бўлар
Ўзбек қайтса асл ҳолига!

МАЛОМАТ

Неки билдинг, неки қилдинг – ҳеч бири тоат эмас,
Суйганинг роҳат эмасдур, қўрққанинг офат эмас.

Энг улуғ сўзларни айтдинг келмайин кўзларга нам,
Кулгали куч беҳисобдур, йиғламоқ одат эмас.

Бу умр недур ҳаётнинг интиҳосин ўйласанг,
Бир жавоб бермай туриб кун кўриш роҳат эмас.

Бу ўлим недур қиёмат ибтидоси олдида,
Нома келса сўл тарафдин, тургали тоқат эмас.

Дам урарсан охиратдан, еб ўзинг дунёга ғам,
Ёди бирла ўтган умринг лоақал соат эмас.

Тоатингда йўқ ҳаловат, йўлингга юргувчи кам,
Тил бўлак, дил бошқа бўлгач, эргашиш ҳожат эмас.

ТАҲЛИЛ

“Йўқчилик”дан
Озғиндир “йўқлик”.
“Тўқчилик”дан
Семиздир “тўқлик”.

* * *

Ишончли тоғ қуласа,
бирга қулар кийик ҳам –
бултур бобом кетдилар,
момом кетмоқда бу дам.

Билмас эдим оламнинг
бу қадар торлигини.
Лекин унда шунча кўп
Хешимиз борлигини.

Шаҳарлик амакимга
боқсам, кўзларим тинар.
Йўқ, у одаммас, жонли,
оёқ-қўлли шумхабар.

Шундан бери даҳшатга
солади мени кўзёш
Ва фақат ўлим бўлса
келадиган қариндош.

ҲАДИК

Бор-йўғимни этдим хайр-эҳсон,
Кеча-кундуз қилдим ибодат.
Охиратни ўйлаб ёнди жон,
Илм истаб югурдим фақат.

Қабул бўлмас биронтаси ҳам,
Бари кетар, шекилли, куйиб.
Бугун тонгда негадир отам
Қараб қўйди норизо бўлиб.

КАЙФИЯТ

Тинглайсан – нақадар шаллақи карнай,
Очасан – рўзнома тўладир ёлғон.
Шубҳаю гумонлар келар пайдар-пай,
Шармандалик қилар ойнаи жаҳон.

Улар сўзга чечан – ёлғон арзондир,
Пуч гап оғир қилар енгил ҳавони.
Наҳот билмас, наҳот шунча нодондир,
Асли кимга айтиш керак санони.

Кўнгил нимадандир ёришар бир оз,
Тиниқ торта бошлар туман босган онг.
Яхшиям, буйруқ-ла қичқирмас хўроз,
Яхшиям, ўзича отаверар тонг.

ДАЛИЛ

Қул бўлган эмасмиз ҳеч, биродарлар,
Гарчи кўп босқинлар, таловлар ўтди:
Ўқталган мушт каби турар минорлар,
Мақбара қуббаси дубулға худди.

Ва буткул саводсиз эмасдик ҳечам,
Бунга ишонмайман, бу гап кўп оғир:
Ҳатто уй шифтининг вассалари ҳам
Китоблар шаклида қурилган ахир.

Аъзам ЎКТАМ 1960 йил 4 октябрда Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Хонобод қишлоғида туғилган. Ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1985). Бир неча йиллар матбуот ва нашриёт соҳасида ишлаган. «Кузда кулган чечаклар» (1989), «Кузатиш» (1990), «Зиёрат» (1992), «Тараддуд» (1993), «Икки дунё саодати» (1998), «Қирқинчи баҳор» (2000) шеърий тўпламлари, «Бола дунёни тебратар» (1988), «Хабар» (1995, қисса) каби насрий асарлари, кўплаб мақолалари чоп этилган. Робиндранатҳ Тҳакур ва Николай Рубцовнинг туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
2002 йили 42 ёшида юрак хуружи хасталигидан вафот этган. Вафотидан сўнг “Олис осмон”, “Саҳар вақти юрак йиғлар” сайланма китоблари нашр этилди. Шоирни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 467

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *