Бахтинисо. Шеърлар & Ҳалима Аҳмад. Менга Қуёшни юбор (Бахтинисога мактуб)

***
Агарда қайтмасам…
Кузги боғларга
Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам,
Қайтолмасам мен,
Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада, эзгин нолада
Кўзларим қайтади намозшом бўлиб..

***
Заминнинг кўзига жойлашганимда,
Юрагимни тутса қушлар кўз ёши.
Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан
Айланиб кетганда дунёнинг боши.
Мезонлари менга – сафарга чиқса,
Ёдимнинг кўнглида чалкашаверса.
Дарахт одам бўлиб, сабо тилида
Нафасларим билан гаплашаверса.
Дард ёмғирдай юзга тўкилганида
Бошимни силаса Айюб бардоши.
Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,
Ғашланиб ботганда руҳим қуёши,
Сиз етиб келасиз орзулар билан…

***
Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар,
Нигоҳлари сўлим, оҳанги сокин.
Лек сингиб қўйгандир менга шамоллар,
Юрагимда шовқин, руҳимда шовқин.
Бу илҳақ овозлар кимларнинг исми?
Ҳаёт қайси дилдан чалаётир бонг?
Ҳаддидан ўтолмай, кунларимгамас,
Тушларимга шошиб кираётир тонг.
Мен ҳам шошаяпман, бетоқат, бесўз,
Қадамин тезлатар кўзимдаги ёш.
Фақат… кетмаса-ю боғлардан баҳор,
Ботгани шошмаса бўлдийди қуёш.
Турналар қайтади, ҳа, улар қайтар,
Келарим, кетарим бир йўл менинг ҳам.
Сени ўз ҳолингча кўрмасин дунё,
Юзингни бекитгин, бекит, пешонам.
Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар…

***
Омонмисан, бахтиёрмисан?
Парвозларинг ҳануз ўктамдир?!
Мудом титрар эди қарасам –
Қанотларинг гуллаб кетгандир?!

Ҳануз озод бўлсанг бўлгани!
Умринг олиб учавер сархуш,
Юрагимга келиб қўнган-у,
Кўзларимдан учиб кетган қуш!

***
Эртароқ қайт,
Қайтаринг бўлса,
Шамоллар ҳам топди-ку қўним.
Сокин тортиб қолди япроқлар,
Дарахтларни қўрқитмас ўлим.

О, бу қушлар бунча хотиржам!
Бунчалар тинч оқади сойлар!
На тўлқин бор, на-да бирор мавж,
Ё уйқуга кетдими улар?

Сен қайларда юрибсан тентиб,
Қаерларда олаяпсан тин?
Тушунсанг-чи, дунёга малол
Менинг ғамгин безовталигим.

Эртароқ қайт…

***
Сен кетган йўлларга тўйиб қарайман,
Хотиржам қарайман, юракларим нам:
«Ахир ҳар лаҳзани яшамоқ мумкин,
Кўҳна кўнгилдаги кўҳна ишқда ҳам».

Қарайман, ҳаммаси ўз ҳудудида,
Ҳеч нега керакмас тасалли, далда.
Фақат… шу ҳолимда… шу нигоҳларим
Ёдингга суриниб кетмаса бўлди.

***
Бу шамоллар тиним билмайди,
Бу шамоллар – эрка шамоллар.
Тўрт фаслида юрса ҳам дайдиб,
Адирлари олмас малоллар.

О, мен шамол эдим бир пайтлар,
Қирларида сапчиб ўйнаган.
Куйим ўсди… кўпайди дардлар,
Ва… ўйлаганим-ўйлаган.

Дунёларим оддийдан оддий,
Мен ҳам малол билмасман, нетдим.
Сен ҳам битта эрка шамолдай
Юрагимда эсдингу кетдинг.

…дан сўнг

Бетартиб, кимсасиз қолган хонамда
Оқланган деворлар юради изғиб.
Бу бўм-бўш қадаҳлар шовқинни ичган,
Кечиккан таомлар турар ичикиб.

Дераза суяниб дарпардаларга,
Осмонлар ҳақида айтади қўшиқ.
Оппоқ деворларнинг қаршисида, жим
Ўзини оқлолмай йиғлайди эшик.

***
Рангин тушлар кўринг, азизим,
Рангин бўлсин дунёларингиз.
Меникидир оқ ва қоралар,
Меникидир энди ёдингиз.

Энди менман хатодан адо,
Энди мен – энг тоза жазоман.
Сиз ранжиманг, тушунинг ахир
Мен бахт эмас, Бахтинисоман.

Гоҳ бездирса, оқу қоралар,
Дил йиғласа мендан нарида.
Рангин қўшиқ куйласангиз бас,
Юрагимнинг қиблаларида.

Бахтинисо

Бахтинисо (Маҳмудова) 1993 йили Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган. «Юрт келажаги» Республика танлови ғолиби. «Ҳовучдаги юрак», «Уфққа йўл» номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

Ватан

Мен шеърдай ўқидим дарахтларини,
Ёдладим баргининг холларигача.
Заминин баҳор деб, дунёни куз деб,
Қучдим ёзларию қорларигача.

Кўзимни нимадир авайлаб ўпди –
Шамол бўсасида ёнди киприклар.
Икки жаҳонларни туташтиргудай
Юрагимга ундан бунёд кўприклар.

Бобомни кўраман тоғига қараб,
Момомнинг кафтига ўхшар ҳаёти.
Уйқумга кўчгани сира тушлармас,
Даладан дил терган қушлари ёди.

Бошоққа бойланиб ўсар умрлар,
Юлғундай шохланиб, ростланар деҳқон.
Хоҳласа, тандирдай гуллайди тупроқ,
Хоҳласа, ёмғирдай тўкилар осмон.

Бу афсунни кимдан ўрганди экан?
Нурлар тўшаб борар қуёш изига.
Кошки, ватан бўлсам кўнглимдан ўтган
Улуғвор Ватаннинг битта ҳисига…

***
Мен барига кўндим,
Ойдин фасллар
Кўзимга ажинлар солиб ўтади.
Нечун
Бир дил истаб,
Бошимни қўйсам,
Туннинг елкалари толиб ўтади?

Мен барига кўндим.
Эшик очилар.
Мен интиқ шамоллар келмайди кириб.
Гарчи остонамда гуллар қадамлар,
Гарчи томонларни оламан териб.

Мен барига кўндим…
Ҳаммаси яхши,
Ҳаммаси жойида,
Ғам йўқ ғамимга.
Фақатки, юрагим… беҳузур, бешон,
Минг йилки, кўникмас кўникканимга.

Мен барига кўндим…

МЕНГА ҚУЁШНИ ЮБОР
(Бахтинисога мактуб)
Бугун ҳам осмон булутга тўлган. На ёғади, на қаергадир бош олиб кетади бу қайсар булутлар. Нимагадир булутларнинг оғирлигида ёдимга сен тушасан. Шошилиб телефон рақамингни тераман. Узоқ кутаман, аммо сен жавоб бермайсан, хавотир оламан. Ўзи кейинги пайтларда ҳамма нарсадан хадиксираб яшаяпман. Гўё ичим тўла бегона-бешафқат аланга-ю, бир дардкаш йўқ уни ўчирадиган. Руҳимда ғалати суратларни чизиб ўтиради нотаниш мусаввир. Уни аввал кўрмаганман, чизган суратлари Пикассонинг санъатига ўхшайди…
Ростини айтсам бу мавҳумликдан чарчаб кетдим. Йўқ-йўқ, асло ундай ўйлама, ношукр эмасман, аммо лоқайд ҳам эмасман. Кеча уйимиз олдидаги бозорчага чиқдим. Бозорчани роса айландим. Худди қуёш атрофидан нима учун айланаётганини билмаган заминдай айландим. Ўзи нима харид қилиш учун чиққаним ҳеч ёдимга келмайди. Менга масхараомуз тикилиб турган сотувчилар нигоҳидан чарчаб, яна уйга қайтдим. Уйимга киришим заҳоти нонга чиққаним ёдимга тушди. Ортимга қайтишга ўзимда куч топа олмадим. Ростини айтсам, сотувчилардан уялдим. Аслида мен билан уларнинг неча пуллик иши бор. Лекин ҳолимни ҳаммадан яширгим келса, нима қилай? Дарров моғорлаган нонларни совуқ сувда чайдим-да, газда яхшилаб қизартириб олдим. Кўрдингми, демак менинг насибам ана шу моғорлаган нонларда бўлган.
Сен жуда мард ва жасоратли қизсан. Ҳеч қачон аҳволингдан нолиганингни эшитмаганман. Аммо, биламан, бардошингнинг қайсидир нуқтасида балки қисматингни ёзғирарсан…
Эсингда бўлсин, бу кенг дунёда яшаётган инсон зоти борки, барчаси бемор. Ўйлаётгандирсан, омади чопиб, катта бойликка, шону шуҳратга эришган инсонларда қандай дард, қандай армон бўлиши мумкин, деб.
Синглим, улар барчамиздан ҳам беморроқ, касали оғир уларнинг. Тирноқлари қонаб шон-шуҳратни маҳкам чангаллаб, бойлигини уйқу билмас кўппакдек асрашнинг ўзи бўладими?!
Биласан, карман. Вақтида ёшлик шавқи билан радиода тўғридан-тўғри олиб бориладиган эшиттиришларда қулоқчинни кийиб, сайрайвердим, сайрайвердим. Мен нодон билмабманки, техникага раҳм-шафқат деган нарса бегона. Кунлардан бир кун қулоғим чиппа бекилди. Дўсту ёрлар даврасида ўтираман, тураман сурат янглиғ. Уларнинг оромижон суҳбатидан бебаҳралигим баъзан алам қилади. Аммо ўша даврадаги қайсидир дўст кези келиб мендан сўрайди: – Эшитдингми фалончининг гапини, сенга теккизиб айтди…
– Йўқ, эшитмадим – дейман. (Аслида ҳам эшитмаган бўламан.) Ўша паллада фалакдан қуйилган ёқимли нур руҳимга сингиб бораётганини ҳис қиламан. Чунки мен эшитмадим деб бир бечоранинг елкасидаги гуноҳни сидириб ташлайман. Яратганнинг меҳрибонлигини кўр, у мени гуноҳлардан фориғ этиш учун карликни туҳфа қилди.
Бахтинисо, сен инсоннинг инсонга муҳтожлигини мендан кўра кўпроқ ҳис қиласан. Ёшим бир жойга борганда билдимки, бу муҳтожлик пучдан-пуч экан илоҳий муҳтожлик олдида. Нега дейсанми?!…
Қачонлардир тузалмас дардга йўлиқдим. Кун сайин ғорнинг оғзидаги шам мисоли сўниб боравердим. Қўл-оёғим ишламас, кўзим зўрға кўрарди. Мендан хабар олиш учун гала-гала дўстлар, ғанимлар келишар, гўё кўнглимни «Ҳеч нарса кўрмагандай, тузалиб кетасан», деган алмисоқдан қолган гап билан кўтаришарди. Уларнинг таскинлари мени баттар аламзада қилар, аллақандай ботқоққа чўктириб юборар эди. Энди бутун жисмим билан, охирги кучим билан ўлим васвасасига дучор бўлган эдим. Бир пайтлар тантиқланиб: “Менга алла айт, ўлим, Эрка қизинг бўлойин”, деган шоирадан ному нишон қолмаган эди. (Ҳозир ўша ҳолатимни эсласам, нақадар ожиз, нақадар мунофиқ эканман, деб ўйлайман. Самодан кўз тикиб турган Унинг олдида уяламан.)
Одамларнинг кўнгил сўраши, менга ўлимдан хабар олиб келгандай туюлаверарди. Охири зарра-зарра бўлиб парчаланиб кетган руҳимни зўр бериб, бир жойга йиға бошладим. Ва дедимки: Эй мени кўргувчи, дардинг ширин экан, васлинг ундан-да ширинроқ бўлса керак…
Мен овозсиз ҳайқирар эдим, йиғилган бор руҳим билан жаранглардим. Ҳайқириб-ҳайқириб ухлаб қолибман. Уйқу аралаш қулоғимга бир овоз келди:
“УНДАН қўрқасанми, УНГА қараб югур…”
У ҳолат ажиб эди. Ўша ажиблик ичида УНГА томон шамолдай югуравердим, югуравердим. Охири бир жойда тўхтадим. Тўхтаган жойим сабр бўлди.
Кўзимни очсам, ёстиғим устига катта арвоҳкапалак қўниб, қанотларини тинимсиз қоқарди. У ким эди, билмадим. Билганим, ўша куни арига ўхшаб кетадиган узунчоқ ҳашарот тинимсиз қатнаб бир соат ичида деразамга лойдан ин қурди. Бировга айтсанг ишонмайди…. Ростдан ҳам илоҳий ҳодиса эди бу.
Бухорода бу лойдан ясалган инни «Хонаи ваҳмак» дейишади. Онам раҳматли болалигимизда бирор нарсадан қаттиқ қўрқсак, «Хонаи ваҳмак»ни сувда эзиб бизга ичкизарди. Ва биз ҳеч нарса кўрмагандай тузалиб кетардик. Энг қизиғи, докторлар менга ташхис қўйганда «Қаттиқ қўрқув асаб толаларини жароҳатлаган», деган эди. Шу ёдимга тушди-ю, ўғлимга деразадаги инни сувга солиб беришини айтдим. У ажабланиб юзимга бир қаради ва айтганимни қилди. Биламан, ўғлим мени ақлдан озган, деб тусмоллади. Унга эътибор ҳам бермай ваҳмак ини аралашган сувни ҳузур қилиб ичдиму яна уйқуга кетдим. Эрталаб турганимда дарддан фориғ бўлган эдим. Энди кўзим равшан тортган, ўзини ҳар куйга солиб жилванаётган ҳаётни бўй-басти билан кўриб турардим. Ишонасанми-йўқми, худди ҳеч нарса кўрмагандай оёққа туриб кетдим…
Сенинг зумрад орзуларинг бор. Орзу баробарида илоҳий мўъжизалар борлигига ҳам ишон, синглим. Ана шу ишончнинг ўзи умид деб аталади. Умидсиз қолиш даҳшатини кўп бор татиб кўрганман. Анча йиллар олди баҳайбат тушкунлик домига тушдим. Қайсидир ҳикоямда буни ёзганман, бир зумда йўқолиб қолдим. Ўша кунларнинг бирида тентираб юриб қаршимдан келаётган аёлга қаттиқ урилиб кетдим. Аёл жаҳлланиб:
– Тентак-пентакмисиз, ақлингиз борми?! – деди.
Мен унга:
– Ақлим бор, умидим йўқ, – дедим, худди у менга умид топишга кўмаклашадигандай.
Аёл бўлса:
– Ҳей, умидинг билан қўшмозор бўл! – деб қарғаниб қолди.
Биласанми, синглим, мен ўша лаҳзада умид билан қўшмозор бўлишга тайёр эдим.
Ҳаёт жуда катта дўконга ўхшайди. Ундан истаган нарсани топиш учун узоқ қидирасан. Топганингда эса кўнглинг деразасидан чин дунё кўриниб турган бўлади. Фақат умидинг бўлсагина излаган нарсангни осон ва тез топасан. Ўзимиздаги ожизликни енга олсаккина, умид бизни тарк этмайди.
Кўп ўйлайман, одам нега ожизланиб қолади, нега баъзида ўзини бошқаролмай қийналади? Ва яна қалбим қаъридаги йиртилиб, титилиб кетган китобни варақлаб саволимга жавоб топаман. Бизни фалак билан боғлаб турган нур арқони бор, ана шу нур арқонининг йўли тўсилса, биз ожизликка маҳкуммиз. Унинг йўлини эса қилган хатою гуноҳларимиз тўсиб қўяди.
Айни дамда худди умрида гуноҳ қилмаган одамдай осмонўпар гапларни айтишга ҳаққим борми, деган бир савол мени калака қилади. Тўғри, фаришта эмасман, гуноҳларим кўп, энг муҳими, уларни англаяпман, шарҳлаяпман.
Осмонга янада қуюқ булутлар бостириб келяпти. Болаликда уларни яхши кўрардим. Ахир булутларда дарё бор. Нега бугун бу дарёларни кўтаришга кучим етмаяпти. Улар пайдо бўлди дегунча қон босимим ошиб-тошиб кетади. Кескин қарияпман, шекилли. Бир куни автобусда рўпарамда онаси билан ўтирган қизалоқ жажжи бармоқчалари билан пешонамдаги ажинларни санади. Завқланиб кулдим. Кейин эса юрагим орқамга тортиб кетди. Гўё кимдир умримни санаётгандай, «Эҳ-ҳе шунча яшаб ҳали ҳам тирикмисан?», дегандай бўлди. Автобусдан туша солиб худди катта жиноят содир этган одамдай бошимни эгганча атрофимдагиларнинг нигоҳидан қочиб тез-тез юриб кетдим. Шу кетганимча кўнглимга кириб олдим. Ўзим кўрмаган ишқнинг ҳарир пардалари билан дунёдан кўнглимни тўсдим. Ўшанда кўнглимнинг дарахт янглиғ ўсганини кўрсанг эди…
Бахтинисо, сенинг умидларинг чиройли. Бир куни қўнғироқ қилиб сен билан узоқ суҳбатлашдим. Гап орасида: «Баъзан югургинг, дарахтларга тирмашиб чиққинг келадими?» деб сўрадим. Сен эса умидингдай чиройли овозда: «Югургим ҳам, дарахтларга тирмашиб чиққим ҳам келади. Аммо, армонни кўп ҳам безовта қилмайман, ҳеч қачон тушкунликка тушмайман, дединг, худди тўқайзорни оралаб, арслон наърасидан ҳузурланаётган одамдай…
Мен сендай кучли эмасман, аммо ўзимни енгишга қодирман, деб ўйлайман. Фақат баъзида улкан харсангтошга айланиб бораётгандай ҳис қиламан ўзимни. Оғирдан-оғир кўнглимни кўтариб юриш малол келади гоҳида. Ёзадиган нарсаларим жуда кўп, шундай кўнглим кун сайин оғирлашиб бораяпти. Гўё кимдир юрагимга саноқсиз ўқларни жойлагану уларни қоғозга туширсам қайноқ қўрғошинлар совиб қоладигандай, назаримда. Ростини айтсам, кейинги пайтлар шеър ёзиш ҳам бачканаликдек туюляпти менга. Тўғри, ҳиссиётнинг одамиман. Ёзиш хуружи тинч қўймаяпти. Аммо ёзганларимни бўйига, энига ўлчаб, ҳар бир сўзимни лупада текширгувчилар жонимга тегди. Улар шеъримдан туйғу эмас, менинг қисматимдаги хатоларни излашади, увиллашади, ҳуришади. Гарчи ҳозир шеър ёзиш бачканаликдай туюлаётгандек бўлса-да, қалбимда улкан бир олма дарахти гуллаб ётганини сезяпман. Ҳали бу дарахт шундай кўп ҳосил берадики, бутун умрим шеърга тўлиб кетади.
Самимиятни, ҳалолликни соғинганман. Қалбингдаги тозалик, балки, сенга мактуб ёзишга ундагандир мени. Узоқдан-узоқ дардлашиш, кимгадир кўнглингдаги яраларни кўрсатиш телбаликдир, балки. Аммо сен мени тўғри тушунарсан, деб ўйлайман, синглим.
Қизиқ, мактубимни якунлай деганда сен қўнғироқ қилиб қолдинг:
– Яхшимисиз, опа!
– Раҳмат, тузукман, фақат қуюқ булутлар ичидаман.
– Вой, сизларда булутми? Бизда қуёш чарақлаяпти.
– Ўша қуёшдан менга ҳам юбор.
Сен соҳилини излаб бораётган дарёдан қиқирлаб куласан, мен эса тобора пастлашиб, қон босимимни кўтараётган булутлар ичида туриб такрорлайман: Бахтинисо, менга ҳам қуёшни юбор…

Ҳалима АҲМАД

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 752

Один комментарий на “Бахтинисо. Шеърлар & Ҳалима Аҳмад. Менга Қуёшни юбор (Бахтинисога мактуб)

  1. GULNOZA
    21.01.2019 at 14:53

    Ba’zida shunday satrlar o‘qiysanki, ular osmonning musaffoligiga, beg‘ubor qalblar, pok yuraklar hamon urayotganligiga imon keltirishga va o‘z hayotini orzu bilan go‘zal yashashga umid bag‘ishlaydi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *