“Мен шу бахтиқаро йўлни танладим…”

Энди ортга йўл йўқ. Озми-кўпми юриб қўйдинг. Билардинг, бу йўлнинг шартлари жуда оғирлигини, ундан шунчаки ўтиб бўлмаслигини билардинг. Бу йўлда ҳеч қачон омад оти чопмаслигини, мабодо Худо ёрлақаб чопиб қолгудай бўлса ҳам, зум ўтмай оёқлари қоқилиб йиқилишини-да ҳис қилардинг. Аммо шундоққина ёнингда, нариги кенг ва равон йўлда қийқириб от ўйнатиб кетаётганлар олдида ўзингни камситилган, ҳақоратлангандек сезмас эдинг ҳеч қачон. Бундай “бахтсиз” бахтиёрликдан масрурсан ҳамон. Ахир Сен бебахтликдан бахт, омадсизликдан омад, заҳматдан роҳат, дўзахий азоблардан жаннатий ҳузур топишни ўрганаётибсан. Энг қувончлиси, буни атай уюштираётганинг йўқ, хўжакўрсинга ўзингни шу ҳолга солмаётганинг аниқ…
Ўзингча бу ҳолни сўзга кўчирдинг ҳам. Дастлаб бу сатрлардан иддао ҳиди келаётгандай туюлди-ю, кейин овозингни баланд қўйиб ўзингга ўзинг ўқий бошладинг:
Толеманд кўчалар чорлаб турганда,
Мен шу бахтиқаро йўлни танладим…

Ҳа, бу – мазлумлар, маъюслар, кўкси тиниғу кўнгли синиқлар, жафодийдалар, ҳақсуярлар йўли! Буни ожизлик, ношудликка йўяётганлар билмасмиларки, агар ғирромдан қўрқиш кучсизлик бўлса, кучсизлар, ҳаромдан ҳазар қилиш ожизлик бўлса, ожизлар йўли бу!
Сен эса энг ёруғ манзилни кўзлаб бетиним одим олаётган шу йўл аҳлига мослашиб бораётганингдан, яшашинг уларнинг ҳаётига тобора ўхшаб кетаётганидан бахтиёрсан. Худо хоҳласа, энди ўлимга йўл йўқ!..


Ҳар кимга ҳам насиб этмайдиган Бахт
Зарра нигоҳимга бўлганида зор,
Жавобимни кутиб пойлаб турса Вақт,
Барини рад этсам такрор ва такрор;

Мазлум кўзёшига қоқилмай деб бот,
Дорда юрган каби ҳушёр қадам-ла –
Қўлларимда лангар, сўрасам нажот,
Саодат тонгига элтса бу ғамлар.

Ногаҳон Руҳ қуши тилга кирганда,
Асли ким эканим туйқус англадим.
Толеманд кўчалар чорлаб турганда,
Мен шу бахтиқаро йўлни танладим.

Нечун чорлайверар сир тўла само?
Балки, кимдир бизга илҳақ кўкда ҳам.
Учиб кетгим келар юлдуздай, аммо
Ерда Одам танқис, бунда Одам кам.

Ҳамон имлайверар юлдузлар зимдан
Тангрининг беминнат назари ила –
Оёқ узгим келмас мушфиқ Заминдан,
Видолашгим йўқдир майсалар билан!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.