Бахтли қиламан деб…

Эски дафтардан

«Ҳар фарзандки, оқил ва доно бўлса, ҳеч вақт ота-онанинг меҳр ҳақини адо қилмоқдин холи бўлмағусидир. Ота-она фармонбардордур. Бу фармонбардорликда ҳам иш бўлғай ва ҳам фармон бўлғай. Ота-онанинг иши сени парвариш қилмоқдур ва фармони сенга яхшилик ўргатмоқдур. Эй фарзанд, шул важдин ота-онангни сағал ҳам ранжитмағил».
«Қобуснома»дан.

Бу каби пандлар барча фарзандларга тегишли. Ҳеч қайси фарзанд ўз ота-онасини «сағал ҳам ранжитиш»ни истамаса керак. Бироқ шундай пайтлар ҳам бўладики, ота-она орзу-ҳаваси фарзандининг қизиқишларига зид келиши, қўйган мақсадларини йўққа чиқариши мумкин…

***
Фарзанд доимий равишда ота-она назоратида бўлар экан, турли камчилик ва салбий ҳолатлардан узоқлашиб бораверади. Ота ўғлининг ўқиши, хулқ-атвори билан қизиқса, она қизининг юриш-туришига эътибор берса, қандай яхши. Боласининг кундалик дафтарини текшириб борадиган, уй вазифасини вақтида бажаришга ундайдиган ота-она ютқазмайди. Чунки шу йўл билан болада масъулият ҳисси ҳам шаклланади.
Фарзандининг ўқишига эътиборсиз бўлиш яхши натижаларга олиб келмаслигини таъкидлаган ҳолда, уни беҳуда тергайвериш, ёмон баҳо олгани сабабли хафа қилиш ҳам тўғри эмаслигини айтиб ўтмоқчимиз.
«Нега «2» олдинг?», «Нимага бугун баҳо олмадинг?» каби сўроқлар билан болани тергайверишдан кўра унга дарсларда фаол иштирок этсагина яхши баҳо олиши мумкинлигини тушунтирган афзалроқ эмасми? «Дадаси учун» ўқиётганлар ҳам оз эмасдир…
– «4» олсам, отам уришади.
– Бугун «2» баҳо олдим, дадам қаттиқ хафа қилади.
– Ўқитувчидан яхши баҳо қўйиб беришини илтимос қилишим керак, акс ҳолда ота-онам менга ишонмай қўйишади.
Бу каби гапларни айтаётган боланинг асосий мақсади шу: ота-онасидан гап эшитмаслик, уларнинг олдида изза бўлмаслик.
Жаҳлдор (унга шундай туюлади) отасидан қўрқув ҳиссими ёки ота-онаси олдида ер чизиб қолмаслик учунми, бола баҳо учун ўқийдиган бўлиб қолади. Дарсларни қандай ўзлаштирганидан қатъи назар, яхши баҳо олса, аниқроғи, отасини хурсанд қилса бўлди.
Бир қарашда жуда оддийдек туюлган ушбу ҳол кейинчалик ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Улғайиб боргани сари у, қандай қилиб бўлмасин, ота-онасига ёқишга, хато-камчиликларини хаспўшлашга ҳаракат қилади. Ихтиёрсиз тарзда ўз хоҳиш-истакларини бўғиб бораверади. «Нима бўлса майли, отам уришмасин» деган ўйда яшайди. Шу каби нотўғри тушунчалар оддий бир баҳо учун ўқиш натижасида пайдо бўлади. Рост гап, фарзанди «4» баҳо олса, хафа қиладиган ота-оналар ҳам бор. Бу болага ижобий таъсир кўрсатиб, ўқиши яхшиланишига туртки бўлиши ҳам мумкин. Лекин ёмон томони шундаки, бола ҳамма қоидани ёдлаб, ёзиб, ўқитувчисига гапириб бераверади ю, фикрлашдан тўхтаб қолади. Натижада у худди роботга айланади. Ота-она истаги, хоҳишини бажариб, улар чизган чизиқдан юрган бола улғайгач, мустақил бир иш қилолмайдиган бўлиб қолади.

***
Табиийки, ота-она фарзандининг қайси касбни эгалламоқчи эканлиги билан қизиқади. Шунга қараб уни бирор олий ўқув юртига ўқишга киришга ундайди. Жигаргўшасининг қизиқишларини инобатга олиб, унга маълум бир ўқув даргоҳига ҳужжат топширишни тавсия этган ота-оналар омон бўлсин. Чунки бўлажак талаба учун ҳам моддий, ҳам маънавий томондан кўмакчи уларнинг ўзларидир.
Ота-она хоҳиш-истагига қараб ўқишга кириш яхши. Бироқ у фарзанднинг қизиқишларига зид бўлса-чи? Дейлик, бола спортга қизиқса ю, отаси унинг ҳисобчи бўлишини хоҳласа. Тўғри, фақат қизиқишнинг ўзи кифоя қилмайди. Шунга яраша қобилият ҳам бўлиши лозим. Бундай пайтда ота-она хоҳишига қарши бориш керакми ёки шу йўлда ўз истакларидан воз кечиш шартми?
«Санъаткор бўлмоқчи эдим, отам қаршилик қилди», «Мендан яхши ҳамшира чиқиши мумкин эди, яқинларим рози бўлмади» қабилидаги гапларни кўп эшитганмиз. Албатта, ота-она розилигини олган кам бўлмайди. Аммо уларнинг орзулари йўлида ўзингникини қурбон қилиш…
– Болам юрист бўлади.
– Ҳарбий бўласан, бу – менинг азалий орзуим.
– Ҳозир шифокорлар яхши пул топишяпти, сен ҳам шу касбнинг этагини тут.
– Мен ўқитувчиман, ишимни давом эттиришинг керак.
Шу каби орзу-ҳаваслар қуршовида қолганларнинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Уларни рўёбга чиқариш у қадар қийин эмасдир, аммо қизиқмаган, энг ёмони, қўлидан келмаган ишни қилишга уринишни оқлаш қийин. Бунинг оқибатида жамиятда яна бир «нўноқ» мутахассис кўпаяди.
– Бола ёшлигидан бошлаб қизиқадиган соҳалар бўлади. Мана шу қизиқишларни шакллантириш, маълум бир йўлга солиш ота-оналарнинг зиммасида, деб ўйлайман, – дейди эндигина олий ўқув юртини тамомлаган Б. Муҳаммадиев. – Ўйланиб қоламан, ҳозирги талабалар мустақилми? Уларнинг орасида ҳали ҳам ота-онасининг кўмагисиз бирор иш қила олмайдиганлари бор. Йўқ, янги асрда ўзбек ёшлари бундай бўлмаслиги керак. У ўз қизиқишлари, нимага қодир эканлигини ота-онасига кўрсатиб, уларни ишонтира олсин. Мен қизиққан соҳамга ота-онам қаршилик билдиришмади. Тушунганлари, ёрдам берганлари учун улардан миннатдорман. Акс ҳолда, бу келажак режаларимга салбий таъсир кўрсатган бўларди…
– Менинг фикримча, бу ота-онанинг фарзандни ҳаддан ортиқ яхши кўргани сабабли бўлса керак, – дейди яна бир талаба. – Унга қийинчиликни раво кўришмайди. Осон бўлишини, қоқилмаслигини хоҳлаб, ўзлари фарзандларига «муносиб касб» топиб бермоқчи бўлишади. Афсуски, ортиқча меҳр туфайли улар фарзандлари тақдирига ихтиёрсиз ҳолда зарба етказадилар.
Ҳа, бугун шу ҳаваслар, ортиқча эркалашлар натижасида айрим ёшлар катта ҳаёт йўлига чиққандан кейин қийналиб, нима қилишини билмай аро йўлда қолаяпти. Баъзилари эса ўз мақсад-режаларини ота-онасига тушунтира олмай хуноб.
Япониялик ота-оналар кичкиналигидан бошлаб боласининг қизиқишларини шакллантириб борар экан. Масалан, фарзанди шифокор бўлишни истаса, унга оқ халат кийган доктор қиёфасидаги ўйинчоқларни олиб келиб бераркан.
Фарзандга меҳрибонлик, уни асраб-ардоқлаш борасида ўзбек ота-оналарига етадигани топилмаса керак. Шунданми, улар болаларини ортиқча эркалатиб юбораётганларини сезмай ҳам қоладилар. Минг заҳмат чекиб катта қилган болаларининг бахтли бўлишларини, муҳтожлик сезмай ўсишларини чин дилдан исташади. Шу йўлда ўзларини қурбон қилишга ҳам тайёр туришади. Буни, бир томондан, оқласа бўлар, иккинчи томондан…
Мавзу юзасидан ота-оналарнинг фикрлари билан қизиқдик:
– Ота-она ўз фарзандининг қизиқишлари, орзу-истаклари билан ҳисоблашиши шарт, – дейди Алишер Эргашев. – Тўғри, ёш, ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган боламиз адашиб, ҳавасга берилиши ҳам мумкин. Уларни тўғри йўлга солиш, мақсадини амалга ошириш учун ёрдам бериш бизнинг зиммамизда. Тўғрисини айтсам, мен ўғлимнинг санъаткор бўлишини хоҳлаган эдим. Аммо, кейин билдимки, унда бунга қизиқиш ҳам, қобилият ҳам йўқ. Ўғлим илм йўлини танлади. Ўз кучига ишонгани ва бизни ҳам ишонтира олгани учун унга қаршилик қилмадик…
Афсуски, барча ота-оналар шундай фикрда эмас. Бу борада фарзандга қўйиладиган талаблар ҳам бисёр. У балоғат ёшига етгач, ўз фикрини ҳимоя қила олиши, бунинг тўғри эканлигини исботлаши керак. Энг муҳими –фарзанд ўз келажагини кўра олсин, мақсадсиз бўлиб қолмасин!
Азиз ота-оналар, бир ўйлаб кўринг-чи, орзу-ҳавасингиз фарзандингиз қизиқишларига мос келармикин? Балки, сиз юрист бўлишини истаётган болангиз ўқитувчиликка меҳр қўйгандир…

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2006 йил 13 май.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *