Абу Райҳон Беруний. Ҳикматлар ва ҳикоятлар

БерунийБерунийнинг ақл машъаласи

Ҳар бир кун учун Ҳақ ва ҳақиқат ҳозирдир.
Беруний

Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний (973, 4 сентябр – 1048, 11 декабр) ўз замонасидаги мавжуд фанларни пухта эгаллаб, дунё-да унгача ҳеч ким забт этолмаган юксак чўққиларга кўтарилди. Астрономия, астрология, фалсафа, математика, физика, геодезия, геология, фармакогнозия, минералогия, тарих, адабиётшунослик, таржимонлик, луғатшунослик каби соҳаларда тадқиқотлар олиб бориб, бадиий асарлар яратиб буюк самараларга эришди.
Шу маънода машҳур шарқшунос олим И.Ю.Крач¬ковс¬кий Беруний илмий меросига юксак баҳо бериб: «Унинг қизиққан илм соҳаларидан кўра, қизиқмаган илм соҳаларини санаб ўтиш осонроқдир», деганида сира муболаға йўқ.
Абу Райҳон 22 ёшларида дунёда биринчи бўлиб илмий асосда диаметри 5 метр бўлган глобус яратди, 27 ёшида эса «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»дек улуғ китобни ёзди.
Қомусий аллома бир юз элликдан зиёд йирик илмий асар яратган. Шулар орасида ҳар бирини бутун бошли илмий муассасалар жамоаси ҳам ёзишни уддалаши маҳол бўлган «Ҳиндистон», «Сайдана», «Минералогия», «Геодезия», «Қонуни Маъсудий» каби фундаментал тадқиқотлар бор.
Абу Райҳон Беруний ҳақиқий илмий табиатшуносликка асос солди. У ўрта асрлар шароитида ҳақиқий тажрибага, илмий кузатиш ва экспериментга асосланувчи аниқ илмий тафаккурни яратганлардандир.
Аллома бобокалонимиз Беруний кўп тилларни: араб, сўғдий, сурёний, форс, юнон ва қадимги яҳудий(иброний) тилларини яхши билган. Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга юришлари пайтлари эса, қадимги ҳинд тили – санскритни ўрганган; ҳатто бир қанча жуда муҳим асарларни санскритдан арабчага, араб тилидан санскритчага таржима қилган.
Донишманд олим бошқа дунёлар мавжудлиги тўғрисидаги илмий гипотезани ҳам илгари сурган…

Маҳмуд Саъдий

ҲИКМАТЛАР

Яхши билмаган нарсасига уринган киши шарманда бўлади.

* * *
Одамлар ўрганган, одатланган ва билган нарсага қаршилик кўрсатма.

* * *
Неъматнинг қадри у йўқолганидан кейин билинади.

* * *
Асоси бўлмаган фандан воз кечилса ҳам бўлади.

* * *
Тенглик ҳукм сурган жойда сотқинлик, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.

* * *
Кўз билан кўрган эшитгандан афзалроқдир.

* * *
Нодонлик бедаво касалликдир.

* * *
Миннат – қилинган эҳсонни йўққа чиқаради.

* * *
Юнон файласуфлари авом халқ учун эмас, балки юқори табақалар (манфаатларини) кўзлаб усул ва қоидалар ишлаб чиққанлар.

* * *
Бугуннинг чорасини кўриб эртага эҳтиёжи қолмаган киши ақллидир.

* * *
Улуғ ҳодисалар ҳар вақт юз беравермайди.

* * *
Ҳар бир янги нарсада лаззат бор.

* * *
Бировни зўрлик билан ва ёллаб ишлатиш доимий бўлмайди, тўғри ҳам келавермайди.

* * *
Тил – сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимондир.

* * *
Тилнинг вазифаси шуки, унда киши бир нарсани айтганда бошқаси ҳалигининг мақсадини дарҳол англаши керак.

* * *
Хайр-саховат ҳам мардлик саналади.

* * *
Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати ўз ишини қойил қилиб бажаришида.

* * *
Истагига эриша олмаган киши маломат қилинмайди.

* * *
Иши юришмаганни таҳқирлама.

* * *
Суқрот одамларнинг санамларга ибодат қилишига қаршилик кўрсатиб, сайёраларни Худо деб аташдан бош тортди. Шунинг учун Афинанинг ўн икки қозисидан ўн биттаси уни қатл этишга фатво берди. Суқрот эса ҳақ йўлдан қайтмаганича ўлиб кетди.

* * *
Одамлар тузилишларининг ранги, суврат, табиат ва ахлоқда турлича бўлиши фақатгина насабларининг турличалигидан эмас, балки тупроқ, сув, ҳаво ва Ернинг одам яшайдиган жойларининг турличалигидан ҳамдир.

* * *
Соқов назарида ҳамма одамлар ҳам соқовдир.

* * *
Жинс жинсига тортади, қуш шериклари билан қўнади.

* * *
Иккала даъвогар рози бўлибди-ю, қози рози бўлмабди.

* * *
Амир Исмоил Сомоний дебди: «Аждодинг шуҳратига суянма, ўзингга ўзинг шуҳрат топ».
Кимда-ким қариндошлари сабабли ўзига обрў, яқинлик ахтарса ва ўтган аждодлари билан кибрланса, ўша кишининг ўзи ўлик, аждодлари эса тирик саналади.

* * *
Хабар хабарчилар сабабли рост ва ёлғон тусини олади.

* * *
Қаламнинг абадий излари бўлмаганда, халқларнинг хабарларини қайдан билар эдик?!

ҲИКОЯТЛАР

ОЧНИНГ ҚОРНИНИ ТЎЙҒАЗ

Халифа Умар ибн Абдулазиз ўзининг ўғли Абдуллоҳ минг дирҳамга бир қимматбаҳо тошни сотиб олганини эшитиб, ўғлига хат ёзибди: «Менга етиб келган хабарга қараганда, бир узук олибсан. Сенга насиҳатим шуки, дарҳол ўша узукни сотиб, унинг пулига мингта очнинг қорнини тўйғаз. Ўзингга бўлса кумушдан узук қилдир, узукнинг кўзи ҳам ўзидан бўлсин».
Абдуллоҳ отаси айтгандек қилибди.

ДОНИШМАНД ШОҲ

Қадимда эронликларда даймоҳ ойининг биринчи кунини хуррам кун деб аташар экан. Шу куни подшоҳ шоҳлик тахтидан тушиб, оқ кийимлар кияр ва саҳрога чиқиб оқ полосларда ўтирар экан. Юзидаги парда ва подшоҳлик либосларини ечиб, оддий фуқаро кийимида кўчага чиқар экан. У ўша куни эл-юртдаги аҳволни билиш, одамлар билан гаплашиш учун фуқароларини ишдан озод қилиб қўяр экан. Кимда-ким подшоҳ билан бирор нарса ҳақида гаплашмоқчи бўлса, у хоҳ юқори табақадан, хоҳ қуйи табақадан бўлсин, тортинмай унга яқин бориб суҳбатлашар экан.
Шу куни подшоҳ деҳқон ва корандалар билан бирга ўтириб овқатланар, шароб ичар экан. Шунда у фуқароларига қараб:
– Бугун мен сизларнинг бирингиз ва биродарингизман. Чунки дунё сизнинг қўлингизда вужудга келадиган ободонлик билан, ободонлик эса подшоҳлик биландир. Бу иккиси бир-бирига муҳтождир. Шундай бўлгач, биз бир-бирига меҳрибон икки биродар сингаримиз ва бу биродарлик бир-бирига меҳрибон икки биродар: Хушанг ва Вокарддан мерос қолган, – дер экан.

ЁЛҒОНЧИ

Ёлғончиликка шу қадар ўрганганлар борки, агар улардан ногаҳон:
– Умрингда бирон марта рост сўзлаганмисан? – деб сўрасангиз:
– Рост гапириб қўйишдан қўрқмасам, йўқ дер эдим, – деган жавобни эшитасиз.
Бундай кишилар адолатдан чекиниб, ўзларини хатарга дучор этган бўладилар.

НОМУС

Малика Клеопатра ўз мамлакатига бостириб келаётган душман бўлмиш Август қўлига тушиб, номуси поймол бўлишидан қўрқиб, икки кўксига заҳарли илон қўйган экан.
Одамлари малика ҳузурига киришса, у тож кийиб, боши билан ўнг қўлига суянганича ўтирганмиш. Клеопатра шу кўйи ўлиб қолибди-ю, лекин душман қўлига тириклайин тушмаган экан.

***

Пешволардан олға ўтдим шахд ила,
Мен ғаввосу илм бўлди уммоним;
Илм-баҳсга мендек ружу қўйган йўқ,
Менга тенгни яратмади давроним.
Ҳинддан сўра Машриқ аро қадримни.
Мағриб мени ўқир, йўқдир армоним.
Бўлса ҳамки одамлари ғайридин
Тан олдилар зўр шуҳрату, зўр шоним…

***

Ким учса саъй-жаҳд қилмай шуҳратга,
Карам либосига бўлса қанча оч.
Ғафлат соясида шод ётар, аммо
Шараф кийимисиз қолар яланғоч.

***

Масофа туфайли айшим бузилди,
Дилимда ором йўқ, чексиздир фироқ.
Мактубинг дардимга тўтиё бўлди,
Минглаб парихондан ўша яхшироқ.

АЛЛОМАНИНГ СЎНГГИ СЎЗЛАРИ

– Бир куни Абу Райҳоннинг олдига кирдим, қарасам, у жон бераётган, ғарғара билан нафас олиб, кўкраги сиқилаётган эди, – дейди фақиҳ Абулҳасан ал-Валволижий. – Ўшандай ҳолда туриб, менга қараб:
– Сен бир куни менга ал-жаддат ал-фосида ҳисоби ҳақида нима деган эдинг? – деди.
Мен унинг қийналаётган ҳолига раҳмим келиб:
– Шундай ҳолатда-я? – деб сўрадим.
– Эй сен, – деди Абу Райҳон, – мен бу дунё билан хайрлашаётибман, ўша масалани билмай кетганимдан кўра, билиб кетганим яхшироқ эмасми?
Мен ўша масалани унга тушунтириб бердим, у бўлса уни ёдлаб олди ва ўзи ҳам ваъда қилган нарсасини менга ўргатди. Шу билан мен унинг олдидан чиқдим, ҳали уйга етмай, йўлда кетаётганимда Абу Райҳон уйидан йиғи овозини эшитдим…

Ёқут Ҳамавийнинг «Адиблар қомуси» китобидан.

Манба: “Маърифат” газетаси.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 991

Один комментарий на “Абу Райҳон Беруний. Ҳикматлар ва ҳикоятлар

  1. 27.07.2014 at 10:19

    Ўзим учун мутлақо янги фикрларни ўқидим. Раҳмат, Беҳзоджон!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *