Бир монолог, икки қўшиқ можароси

кўчирмакашлик, муаллифлик ҳуқуқи, бировнинг ҳақи, сўз қадри, ижод масъулияти ва бошқалар хусусида

Аввалига гапни узоқроқдан бошламоқчи бўлдим: бугунги эстрада санъатининг манзараси, маънавиятга муносабат, муаллифлик ҳуқуқи, сўз ҳамда ижод масъулияти ва яна бировнинг ҳақи дегандек. Аммо гапнинг пўсткалласини айтган маъқул кўринди. Кейинги пайтлари баъзи хонандалар томонидан менинг китобларимда чоп этилган шеърлар сўзлари бузиб ижро этилиб, рухсатсиз қўшиқ қилингани, бошқа муаллиф номига ўзлаштирилгани, шунинг оқибатида катта маънавий зарар кўраётганим ушбу битикларни ёзишга мажбур қилмоқда.
Хусусан, “Давр” гуруҳи ижросидаги “Кераксан” қўшиғида “Менсизлик” номли шеърим бузиб ижро этилган. Ўзим бу қўшиқ ҳақида кейинроқ хабар топдим. Ўша қўшиқни эшитган сўз мухлислари “Шеърингизни бузиб айтишяпти” дейишганидан сўнг эшитиб кўрдим. Кейин билсам, шеъримнинг баъзи сатрлари бузилиб, ўзгартирилган, матн муаллифи деб бошқани кўрсатишаётган экан.
Яна бир хонанда Баҳром Назаров (аслида Жумашев) “Онам рўмоли” қўшиғидан олдин менинг шеърларим (“Онам ёзолмаган шеър”, “Айбнома”, “Мусофир”, “Бахт манзили”, “Ўғил”) сатрларидан “юлиб” олинган сўзлардан монолог ижро этибди. Яъни, бир неча шеърларим сатрлари бузилиб, монолог ясалган. Ушбу монолог хонанданинг 2015 йил ноябрь ойида “Истиқлол” санъат саройида берган яккахон концертида айтилган, интернет сайтларида тарқалган.1 Бунга аниқлик киритиш мақсадида хонанда билан алоқадор масъул одамлар билан боғландим, лекин тайинли жавоб ололмадим, маданиятсизларча муомаладан ҳайрон бўлдим. Иккала томон (“Давр” гуруҳи ва Баҳром Жумашев) ҳам бу борада қўшиқ ва монолог матнини ёзган кишига мурожаат қилишим кераклигини айтиб, ўз зиммасидан жавобгарликни соқит қилмоқчи бўлди.
Б. Жумашевнинг билдиришича, монологни Ирода Дадажонова (аввал “ЖаннатМакон”, ҳозирда “Ёш куч” журнали бош муҳаррири) ёзиб берган экан. Мана, ўзингиз солиштириб кўринг:

Монологда:
Йўл учун туққанмидингиз мени,
гул учун туққанмидингиз,
пул учун туққанмидингиз?
Шеърда:
Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим
Монологда:
Титраган созингни қўй, болам,
бўғилган овозингни қўй
Шеърда:
Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Монологда:
Болам бўлиб бера қол, болам
Шеърда:
Болам бўлиб бер, болам
Монологда:
Ғамларини кўзларига қамаб қўйган онам-а
Шеърда:
Ғамларини кўзларига қамаб қўйди
Монологда:
Қизларга атаб гул тергунча, шуларга ёқай деб сўз тергунча, қошингизга бориб дардларингизни терсам бўлмасмиди, она
Шеърда:
Бировга ёқай деб гуллар узгунча,
Бориб онасининг дардини терсин.
Монологда:
Мени кутиб чойи совуган онаизорим-а, мен учун тўшаб қўйган жойи совуган онаизорим-а
Шеърда:
Кун қариди, совиди чойинг…
Йиғмай менга тўшаган жойинг…
Монологда:
Пақир ташиб қўллари шишган жафокашим
Шеърда:
Қўллари толмасин челак кўтариб
Монологда:
Ўғил бола йиғламайди, дердингиз
Шеърда:
Ўғил бола йиғламайди, де
Монологда:
Шу тобда ҳофиз бўлгим ҳам, машҳур бўлгим ҳам йўқ… Фақат онасига тўйиниб, она меҳрига қонган фарзанд бўлгим бор
Шеърда:
Шоҳ бўлгим йўқ, шоир бўлгим йўқ,
Бугун фақат боланг бўлгим бор.
Таъкидлаб ўтиш керак, юқорида кўрсатилган сатрлари бузиб ижро этилган шеърлар яратилганига анча йиллар бўлган ва улар аллақачон ўз мухлисларига эга.
Монологчи опа тан олиш тугул, турли номақбул сўзлар айтиб, масалани баттар чигаллаштирди.
“Давр” гуруҳи ижро этган «Кераксан» қўшиғи матни муаллифи эса Якзон тахаллуси билан ижод қилаётган Шоҳрух Жўраев экан. Ҳайтовур, у шеъримиздан фойдаланганини тан олиб турибди, аммо отдан тушса ҳам эгардан тушиш ниятида эмас…

“Давр” гуруҳи қўшиғида:
Кечаларим ўзимдан ғариб,
Армонларим осмондан катта.
Юрагимга термилиб туриб,
Йиғлаяпман биринчи марта.

Ухлаб қолган тунларим ҳаққи,
Сенинг ўрнинг бошқа – бўлаксан.
Йиғлаб ўтган кунларим ҳаққи,
Сен, барибир, менга кераксан!

Шеърда:
Кечаларинг ўзингдай ғариб,
Армонларинг осмондан катта.
Юрагингга термилиб туриб,
Йиғлаяпсан биринчи марта.

Ухлаб қолган кунларинг ҳаққи,
Менинг ўрним бошқа – бўлакман.
Йиғлаб қолган тунларинг ҳаққи,
Мен, барибир, сенга керакман!

Юқоридаги ҳолатлар фақат муаллифлик ҳуқуқи қонун-қоидалари бузилганини эмас, кўчирғич ижодкорлару хонандаларнинг маданияти, ижод масъулияти, сўзга муносабати қониқарли даражада эмаслигини англатади. Биламизки, ижод мураккаб, машаққатли жараён. Жумладан, бирор шеърий асар яратиш ва уни эълон қилиш учун анча заҳмат чекиш, қанча чиғириқдан ўтишга тўғри келади. Буни бир сатр устида тер тўкиб кўрган киши яхши тушунади, ҳис қилади. Китоб тайёрлаш ва уни чоп эттириш эса ундан-да оғир, заҳматли меҳнатдир. Бугун борган сари оддий ҳолга айланиб қолаётган плагиат (кўчирмакашлик) туфайли асари рухсатсиз бузилган ва ўзлаштирилган муаллифга қанча зарар етиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Қолаверса, адабий асар муаллифнинг дахлсиз мулки ҳисобланади ва бошқаларнинг унга дахл қилиши қонунга кўра тақиқланади. Юқоридаги ҳолатга кўра, бизда жуда кўпчилик, жумладан, ўзини ”санъаткор” санаб юрган баъзи хонандалар муаллифлик ҳуқуқи ҳақида, бировнинг маънавий мулкига тажовуз қилишнинг оқибати тўғрисида етарли тушунчага эга эмаслиги маълум бўлмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, юқоридаги ҳолатни яхшироқ ўрганиб, тегишли чоралар кўришини сўраб “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига мурожаат қилдим. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун номи кўрсатилган гуруҳ вакили ва хонанда Б.Назаров (Жумашев) Бирлашмага чақирилди. “Ўзбекнаво” мутахассиси ва хонандалар билан суҳбат давомида улар эътирозни тўғри қабул қилишди, аммо яна бу ҳақда қўшиқ ва монолог матни муаллифи жавобгар бўлишини айтишди. Мен бу қўшиқ ҳамда монолог гуруҳ ва хонанданинг мулки сифатида катта саҳнада, телеэкранлар ва интернет сайтларида берилаётганини айтиб, муаллифлик ҳуқуқи қонун-қоидалари бузилганини тушунтиришга уриндим. Лекин улар ва Бирлашма ходими ҳам қайта-қайта қўшиқ ва монолог матни муаллифи жавобгар бўлишини айтди. Наҳотки саҳнада қўшиқ ёки монолог ижро этган хонанда бу учун ҳеч қандай жавобгарлик, масъулият сезмаса?! Тасаввур қилинг, бировнинг шеърини бузиб ижро этган ҳар хонанда: ”Менга фалончи ёзиб берганди, ўшанга боринг, у жавоб беради”, деб турса… Бу нимаси? Шу энди санъатми, санъаткорлик маданиятими? Бошқа саволлар ҳам пайдо бўлади. Хонанданинг “ўша ёзиб берган” билан шартномаси борми? У расман жавобгар бўла оладими? Унда нега “монолог” муаллифининг номи эълон қилинмайди? Юқоридаги ҳолатларга қарамай, “Ўзбекнаво” маъмурияти хонандаларга ҳеч қандай чора кўрмаётганини қандай тушуниш мумкин?
Ҳозирги вақтда муаллифлик ҳуқуқи қонун-қоидалари бузилиши ҳоллари кўп учраётгани, айниқса, айрим хонандалар бу борада “пешқадам” экани ва бунинг оқибатида жабрланган муаллиф-ижодкорларга катта зарар етаётгани, агар вақтида чора кўрилмаса, муаммо янада чуқурроқ илдиз отиши мумкинлигини ҳисобга олиб охири шу иш юзасидан судга мурожаат қилдим. Қизиғи шуки, ҳеч думини тутқазмай юрганлар судга мурожаат қилингандан кейин мени қидириб, қайта-қайта қўнғироқ қилиб, юзма-юз гаплашиб олишни илтимос қилишди… Ана сизга яна “санъаткорлик маданияти”!
Очиғи, буларни ёзиш, ижод масъулияти, сўз қадрини ҳис қилмайдиган, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган бундай кимсалар билан талашиб-тортишиб юриш менга жуда ноқулай, ҳатто уят даражасида бўлса-да, келгуси ҳуқуқбузарликлар, шеър ўғриликларининг олди олиниши мумкинлигини ўйлаб шундай йўл тутишни маъқул кўрдим. Ажабланарлиси, қайта-қайта мурожаат қилинаётгани, оммавий ахборот воситаларида тинмай бонг урилаётганига қарамай, назаримизда, “Ўзбекнаво” мутасаддилари бу масалага етарлича эътибор қаратмаётганга ўхшайди. Акс ҳолда, муаммо бу даражада жиддий тус олмас эди…
Дарвоқе, яна бир хонанда “Биз” номли шеъримни ижро этибди. Хонанда билан боғланганимда, унинг муносабатидан санъаткорларга хос маданиятдан узоқ экани маълум бўлди. Бир неча маротабалик дилхираликлар аралаш мулоқот давомида “Нега уйғонмайди одамлар?” (бу сатр ҳам менинг шеъримдан) дея одамийлик, ҳалоллик, меҳр-оқибат ҳақида жўшиб куйлаган хонанданинг ўзида бу сифатлар камёб экани ва шундай фазилатлар тараннум этилган сатрларни айтишга арзимаслигини яна бир бор англаб етдим. Ва дарров хаёлимдан ўтди: «Нега уялмайди одамлар?» Энг ачинарлиси, бунақалар одамийлик, меҳр-оқибат ҳақида қичқириб чарчамайди, лекин ўзлари бошқача. Бундайлардан юрак қоним қўшилган сатрларимни қизғанаман, жуда қизғанаман. Аслида, бундайлар билан тортишган одам барака топмайди, чунки ўзингни муттаҳамга чиқаришга уринади. Лекин жим қараб туриб ҳам бўлмайди.Сўз қадри, ижод масъулияти, муаллифлик ҳуқуқи масалалари бугун долзарб муаммога айланиб улгурган экан, ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай ижодкор бунга бефарқ бўлмаслиги, ҳар бир сўзи учун жавобгар эканини ҳеч қачон унутмаслиги керак!
Суд мазкур иш юзасидан тегишли қарор чиқарди. Муалллифлик ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўйилмади. Аммо… Бу ҳолат яна қайтарилмайди, деб ким кафолат беради? Балки айни шу дақиқаларда яна қаерлардадир бир шоирнинг шеърлари ўзи бехабар ҳолда қўшиққа айланаётгандир? Кимдир бировнинг шеърини пуллаб, хонанда қаршисида лаҳзалик обрў олаётгандир?
Нима дейсиз, замондош?

Суддан кейинги мулоҳазалар
Бу масалани кўпчилик эътиборига ҳавола этишдан олдин кўп ўйладим, ўзим ҳурмат қилган фикрловчи инсонлар, ижодкорлар, мутахассислар билан маслаҳатлашдим. Судга ҳам ўз-ўзидан бориб қолганим йўқ: вазият шуни тақозо қилди. Нима учундир бизда “судга бериш” дейилса, бошқача тушунилади. Ахир бу масалани ҳал қилишнинг энг маданий йўлларидан-ку!
Айтиб ўтдим, аслида мен ҳам тўрт-беш шеър учун талашиб-тортишиш, сўзбузару масъулиятсиз ижрочилар билан пачакилашиб юришни ор деб биламан. Аммо борган сари жиддий муаммога айланаётган бу каби масалаларга кўз юмиб кетиб бўлмас экан. Қолаверса, бу йўл билан келгуси ўғрилигу ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига маълум маънода таъсир ўтказиш, яна, хонандалар ҳамда уларнинг тарғиботчиларини сўз ва ижод масъулиятини ҳис қилишга ундаш нияти бор эди. Эътибор беринг, кўплаб хонандалар қўшиқ матнини ким ёзгани билан қизиқмас экан: яъни, тайёр шеър (аниқроғи, қофияли матн) сотиб олинади. “Хит” бўлиш “ҳид”и сезилса, дарров қўшиққа айланади. Қарабсизки, ўша “шеър” қайсидир бир ижодкор ё машҳур шоирнинг камида “пати юлинган” ижод маҳсули бўлиб чиқади… Бугун классиклар ҳам ҳимоясиз бўлиб қолган бир пайтда ҳар қандай ижодкор ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ўзи курашиши ва бу табиий ҳол деб қаралиши керак.
Мақолада айтилганидек, бу ерда гап фақат плагиаторлик, муаллифлик ҳуқуқи қонун-қоидалари бузилганида эмас, ўзини “санъаткор” ҳисоблаб юрган хонандаларнинг маданияти, савияси, сўзга, шоирга муносабати, энг муҳими, Инсон шаъни, қадр-қиммати ҳақида ҳам боряпти. Демак, бу жуда жиддий масала!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
Мавзу доирасида яна мана бу саҳифада ўқинг: Сўзфурушлик. Бу борада Сизда қандай фикр-мулоҳаза, таклиф ё истаклар бор? Ушбу мавзуга ҳали яна қайтамиз.

Биз ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 2 174

2 комментариев на “Бир монолог, икки қўшиқ можароси

  1. Obloqul Maxmudov
    11.10.2016 at 18:30

    To’g'ri munosabat aka. Siz haqsiz.

  2. Ozod
    21.02.2017 at 12:27

    Ассалому алайкум!
    Беҳзоджон ука, Сизни ниҳоятда яхши тушуниб турибмиз. Ижодингизни ниҳоятда ҳурмат қиламиз. Афсуски, Сиз айтган муаммо қанча долзарб бўлса, шунча кенг ёйилган. Бу жуда катта муаммо. Шунинг учун тўғри қилдимми деб асло иккиланманг. Охиригача ҳақ-ҳуқуқингизни ажратиб олинг. Ўзлари айтиб туришибди, бу МУТЛАҚО САНЪАТ, ИЖОД эмас, шоу-БИЗНЕС. «Томоша-бизнес» десангиз ҳам тўғри бўлаверади. Бизнес бўлгандаям, ҳар қандай йўл билан пул топиш бизнеси. Орасида ҳалол йўл билан пул топадиган ҳақиқий ўзбеклар, чин инсонлар ҳам бор, манавиндақалариям бор. На илож? Қаттиқ Х билан юмшоқ Ҳ, НИНГ билан НИ деган нарсанинг фарқига бормайдиган одамларнинг саводи, савияси шу аҳволга келиб қолган. «Нима қилай, ичимдан чиққан чаён» дейишади-ку ноқобил фарзанддан куйган ота-оналар. Шунга ўхшаб, халқнинг маърифатини, маданиятини, савиясини кўтариш яна айланиб келиб, Сизга ўхшаган ижодкор, ватанпарвар одамларнинг зиммасида. Чидаймиз-да, укажон.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *