Зуҳриддин Исомиддинов. Бир қатранинг фаввораси

РумийТўрт-беш йил аввал Бразилия адиби Пауло Коэлонинг “Алхимик” асарини Озод Шарафиддинов таржимасида қизиқиб ўқиб чиқдик. Бу роман китобхонлар орасида довруқ қозонди, шу боис унинг Аҳмад Отабоев билан Азиз Саид қилган таржималари ҳам илиқ кутиб олинди – икки йил ичида бир романнинг учта таржимаси пайдо бўлди. Бир асарнинг уч бора ўгирилиши адабиётимиз тарихида аввал бўлмаган. Лев Толстойнинг “Тирилиш” романи Японияда қирқ марта ўгирилган, Н.Бараташвилининг “Мерани” шеъри рус тилига икки юз эллик бор таржима қилинган, деган гапларни эшитар, бизда ҳам шунақа воқеалар юз берармикин, деб юрар эдик. Мана, насиб ҳам бўлди.
Аслида, бу роман – шарққа қараб юрсангиз ҳам, ғарбга юрсангиз ҳам – географик жиҳатдан биздан энг йироқ бир мамлакат ёзувчисининг асари. Бу олислик асар услубида, тасвирланган ҳаёт тарзининг бегоналигида, персонажлар характери, қилиқларининг ғирт ўзгача бўлишида, унда олға сурилган бадиий мазмуннинг бизга унча сингишмаслигида… хуллас, шулар туфайли асар биз учун камроқ эстетик мазмун етказадиган хоссага эга бўлиб қолиб, уни ўгириш шарт эмас, деган хулосага келиниши тайинроқ эди.
Аммо бунинг акси бўлди. Тўғри, роман воқеалари Бразилияда эмас, дастлаб Испанияда, сўнг бош қаҳрамон Сантягонинг Марокашга ўтиб, ундан то Мисргача қилган саёҳати давомида йўлдаги мамлакатларда кечади, аммо бу билан Пауло Коэло араб адибига айланиб қолмаган, албатта. Хўш, унда бу асарга қизиқиш кучли бўлганининг боиси нимада экан?
Аввало, асар номи – “Алкимё”дан шарқона руҳ уфуриб туради. Гарчи “кимё” сўзи лотинча “химия” сўзидан олинган бўлса-да, алкимё фани (оддий металларни олтин-кумушга айлантиришга уриниш) Шарқда ривож топган. Алкимё орқали фалсафа, ҳикмат тошини топиш мумкин, деб ишонилган, асл, қимматбаҳо деган маънода қизларга Кимёхон деган исм ҳам қўйилган. Алкимё тасаввуфий тадриж – омийнинг сўфийга айланишни ифодаловчи ташбеҳ сифатида ҳам қўлланган (ишқ тушса туфроғни кимиё қилур).
“Алхимик”нинг мазмуни ёдингиздадир: Сантяго деган подачи йигит камбағалликда кун кечиради, у ҳам аксар қашшоқ одамлар каби тўсатдан бойиб кетишни орзулайди. Бир кун вайрона бир черковга қўйларини қамаб, ётиб ухлайди. Тушида унга Миср эҳромлари яқинидаги чўлда, бир қирликда беҳисоб бойлик кўмилгани, бу дафина уни кутиб тургани аён бўлади. Бу тушни у икки бор кўради. Хаёлчан Сантяго таваккал деб йўлга тушади. Юртидаги ҳар хил жодугару башоратгўйлар, йўлда ҳамроҳ бўлган яхши-ёмон одамлар тасвири асар саргузаштларини янада жозибадор қилади. Аммо охирида Миср эҳромлари яқинига борган Сантяго ўғри-қароқчилар қўлига тушади, улардан калтак еб, таланади. “Буёққа нега келдинг, нега ер ковлаяпсан?” деб сўраган қароқчилар бошлиғига Сантяго тушида кўрганини баён қилади. У Сантягонинг анойилигидан кулиб, мен ҳам бир пайт худди шу сен ётган ерда ухлаб, бир туш кўрган эдим, тушимда гўё Испаниянинг фалон вилоятига бориб, фалон маҳалладаги ташландиқ черков ҳовлисидаги азим чинор тагида ётган катта дафинани қазиб олишим керак эмиш, бу тушни икки марта кўрдим, аммо мен тушига ишониб қаёқдаги Испанияга борадиган, ўша жойларни кавлаб юрадиган тентаклардан эмасман, дейди. Ажаб, умрида Испанияни кўрмаган бу каззоб Сантягога ғирт таниш маҳаллаларни айтади, у айтган черков эса айнан Сантяго қўй қамаб юрган черков эди! Сантяго яна жазм қилади – ватанига қайтади ва айтилган жойни қазиб, зўр хазина топади.
Бу саргузашт асар бир қадар фалсафий маъно ташигани, бош қаҳрамон охирида муддаосига эришгани, иккиламчи воқеа-ҳодисалар тасвирида ҳам ёзувчи ахлоқий-эстетик масалаларни бизнинг руҳимизга мос тарзда баён этганидан бўлса керак, “Алхимик”ни ўзбек китобхони жуда яхши қаршилади.
Асар муваффақиятининг сабаби фақат шу эмас. У сюжети билан ҳам Шарқ кишилари руҳиятга мос бўлган тасаввуфий бир маънога эга – солик идеалига етмоқ учун сайр-саёҳатга чиқади, аммо барча машаққатларни бошидан ўтказганидан сўнг маълум бўладики, унинг излагани олисда, ўзга маъволарда эмас, ватанида, қалбида, ўзида экан… Бу бизга Навоийнинг “Лисонут тайр” асарини – ўттиз қуш етти водийдан учиб ўтиб, ахийри Симурғ дийдорига етишиш олдида ногаҳонда Симурғ – бу ўзлари эканини, си мурғ (ўттиз қуш) бўлганликларини фаҳмлаб қолишгани воқеасини, ё бўлмаса, Абдухолиқ Ғиждувоний тасаввуф фалсафасига киритган “Сафар дар ватан” рашҳасини… эслатади. Ва яна, Саҳрои Кабир оралаб Мисрга жўнаётган карвон (бу карвон ичида Сантьяго ҳам бор эди) йўлга тушишидан олдин карвонбоши ҳаммага “йўл азоби оғир, таҳликаси кўп, бунинг устига, молу жонимизга қасд қилган қароқчилар ҳам учраши мумкин, бас шундай экан, кимки шуларга чидай олмаса, бу йўлга тушмасин”, деб айтади. Бу, эзотерик маънода, пирнинг солик олдига қўядиган биринчи шарт-талаби эди.
Шундан кейин карвонбоши барибир жазм этган одамларни атрофига жамлаб, орамизда турли дину маҳзаблардаги одамлар бор, сафаримиз бошланиши олдидан ҳар ким ўз дини йўриғича Оллоҳдан мадад тилаб ибодат қилсин, деб буюради. Бу ҳукм эса Мавлоно Жалолиддин Румийнинг барча динлар – Оллоҳни англашдаги ўзига хос йўл, ҳамонки шундай экан, ҳар қайси дин ҳам эҳтиромга лойиқ, деган ғоясининг мажозий бир баёнидир.
Асар романтик руҳга эга. Излаш ва изланишдан тўхтамаслик, бир кун келиб орзулар рўёбга чиқишига ишонч, фақат тирикчилик ташвишига ўралашиб қолмаслик, мол-дунё кетидан тушиб, топганига қаноат қиладиган бодроқфуруш каби бўлиб қолмаслик лозимлиги ҳақидаги панд – романнинг лейтмотиви. У шу жиҳати билан ҳозирги Ғарб адабиётининг “норасо оламга расо ақл билан назар ташлайдиган” бирталай асарларидан тамом фарқланади.
Шу фазилатлари боис, “Алхимик” романини ўзбек мактаб дастурларига қўшиш, “Адабиёт” дарслигига киритиш учун ҳаракат ҳам қилинди. Бу иш амалга ошса икки жиҳатдан фойдали бўлар эди: болалар жаҳон адабиётининг энг сара намуналаридан бири билан танишар, шу аснода, ахлоқан айниган, маънан бузуқ қандайдир бир модерн ёки абсурд адабиёт “дурдона”сини ўқиб эмас, бизнинг шарқона руҳимизга шоён мос пок ғоялардан баҳра олади.алкимёгар
Аммо қизиқ, Пауло Коэло – олис Бразилия адиби қандай қилиб ўз асарини бундай шарқона нур-жило билан мунаввар эта олди экан? Тўғри, Кристофер Марло “Буюк Темур” фожиасини ижод қилган, Гёте “Ғарбу Шарқ девони” битган, Пушкин “Қуръонга татаббулар” ёзган. Бу саноқ узоқ давом этиши мумкин. “Алхимик” ҳам шундай асарлардан бири. Аммо Ислом Шарқига хос бўлган сўфиёна руҳ-чи, бу романга у қандай инган экан?
Бразилиялик бир адибнинг биргина романи тўғрисида бунча батафсил сўз юритаётганимиз ажабланарли туйилиши мумкин. Аммо гап шундаки…
“Мен ҳаётимнинг ўн йилини алкимёни ўрганишга бағишладим… – деб ёзади асарга ёзган сўзбошисида Пауло Коэло. – Ал-Иксир (обиҳаёт)ни топиш фикру хаёлимни бутунлай эгаллаб олган эди… 1981 йилда ҳаётимга устозим – Рама кириб келди… мен Ўз Йўлимни ва Тангри Аломатларини кашф этдим…”. Сўнг у устозлари – “Олам Руҳини кашф этган ва унга уйғунлашиб кетишга қодир бўлган, Умумбашарий Тилни эгаллаган буюк ёзувчилар: Хемингуэй, Блейк, Борхес, Малба Тагана ва бошқаларнинг улуғ хизматлари”ни эътироф этиб ўтади, аммо адиб Шарқ фалсафаси, Шарқ алкимёсини тилга олмайди, лоақал Румий ҳазратлари номини ҳам эсламайди. Ҳолбуки, “Алхимик” романининг сюжетигина эмас, ғоялари ҳам улуғ Румийнинг “Маснавийи маънавий”сидан олинган, тамоман унинг таъсирида битилган, “Маснавий” Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол таржимасида чоп этилганидан сўнг бу нарса аён бўлди. Устоз Нажмиддин Комилов ҳақли равишда қайд қилганидек, “фалсафани Ҳегел ва Марксдан, Шопенгауэр ва Кантдан, Нитше ва Фрейддан ўрганган кишилар Румий асарларини ўқиб, ҳаммаси ўзимизда аллақачон бор экану, ҳаммаси айтилган экану, дейишлари табиий. Ҳа, Румий ҳали кашф этилмаган тафаккур хазинаси, бизга етиб келмаган маънолар уммони эди…”
“Маснавийи маънавий” – XIII аср дунё адабиётининг шоҳ асари. Унинг ўзбек тилига таржимаси (олти дафтардан иборат) 2001-2004 йилларда нашр этилди. Бу асарнинг сўнгги китобидаги кўп ўринларида хазина-дафинага етишиш учун жидду жаҳд қилмоқ масаласида сўз боради. Аммо 272-саҳифада конкрет равишда “Бир одам уйқусида туш кўрди, бирови унга Миср ўлкасида фалон маҳалла, фалон уйда хазина кўмилган, деди…” деб бошланадиган сарлавҳага дуч келамиз (ёдингизда бўлса, Сантяго тушида ҳам хазинани Мисрдан излаш айтилган).
Шундан сўнг Румийда шеърий матн бошланади – бир киши муҳтож бўлиб қолгани, худога муножоти қабул бўлиб, тушида хотифдан овоз келиб, унга Мисрга бориши тайинлангани, “Ҳув фалон манзилда мадфун симу зар, Лозим ўлгайдир бироқ азми сафар”, деб тайинлангани баён қилинади.
Хуллас, у одам Мисрга етиб келади, қорни оч, ҳеч вақоси йўқ эди. Хазинани қазишдан аввал одамлар ўтиб турган кўчада нон сўраб тиланишга мажбур бўлади. Уни миршаблар тутиб олиб, калтаклашади. Мусофир додлаб, мен ўғри-каззоб эмасман, тўғрисини айтай, Бағдоддан келдим, тушимда Мисрга боришим буюрилган, хазина топишим аён бўлган, дея миршаблар бошлиғига жами саргузашрини баён қилади (“Алхимик”да – қароқчилар бошлиғига!). Шунда…

Деди миршаб: ўғримассен эгри қўл,
Яхши одамсен, вале нодону гўл.

Тушни деб не шунча йўллар босганинг,
Бормидир, ҳой, зарра ақли равшанинг?

Неча карра мен-да туш кўрдим, жигар,
Дедилар: Бағдоддан изла симу зар.

Ул мусофирнинг маҳалла, кўйини.
Айтди миршаб сўнгра мавзе, сўйини,

Ганж кўмилган гўша деб манзил-уйин,
Ул ғарибнинг исмини айтди кейин.

Дедиким, кўрдим бу тушни неча бор,
Дедилар: Бағдодга бор, Бағдодга бор.

Туш дедим, бас, бормадим Бағдодга мен,
Сен эсанг шу тушни деб оворасен.

Бўлгай ул нодон туши нодонга мос,
Сийқадир, ҳеч бир балога арзимас…

Румийнинг қаҳрамони онг-тонг қолади, бу ҳам бир башорат, дея Бағдодга қайтади ва айтилган ганжинани ўз ҳовлисидан ковлаб олади:
Уйга қайтди, топди ганж шодон бўлиб,
Турмуши Ҳақ лутфидин бўстон бўлиб…
Ана энди “Алхимик”дан ўқиймиз:
“– Мен хазинани излаяпман, – деб бақирди Сантяго.
У ёрилиб кетган, қон талашган лабларини зўрға қимирлатиб, қароқчиларга Миср эҳромлари ёнида яширилган хазинани икки бор тушида кўрганини айтди. Уларнинг кўринишидан тўдабошига ўхшагани узоқ жим қолди…
…Сантяго қулаб тушди. Тўдабоши унинг кўзларига қарамоқчи эди, аммо йигитча нигоҳларини эҳромлардан узмай ётарди.
– Кетдик бу ердан, – деди тўдабоши қолганларга, сўнг Сантягога ўгирилди:
– Бунчалик аҳмоқ бўлмаслик кераклигини тушуниб олишинг учун сени тирик қолдираман. Мен ҳам икки йил олдин худди мана шу сен турган жойда фақат битта тушни бир неча марта кўрганман. Тушимда гўё мен Испанияга йўл олишим керак эмиш, чўпонлар қўйлари билан кириб ётадиган, омбори ўрнида азим чинор қад ростлаган вайрона черковни топишим лозим эмиш, лекин мен қандайдир туш кўргани учун саҳрони кесиб ўтадиган аҳмоқлардан эмасман.
Ана шу сўзларни айтиб, қароқчилар жўнаб кетишди”.
Тўғри, адабиётшуносликда “сайёр сюжетлар” деган тушунча мавжуд. Чунончи, “Зумрад ва Қиммат” эртаги кўп элда бор. Бош қаҳрамоннинг хизматкори билан сафарга чиқиши ва ажойиб-ғаройиб саргузаштларни бошидан ўтказишидай сайёр сюжет “Дон Кихот”дан аввал ҳам бор эди; шу йўналишдаги бизга яхши маълум асарлардан Пушкиннинг “Капитан қизи” қиссасини, Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ҳам эслаб ўтсак бўлади.
Аммо бошқасига қуйиб қўйгандек ўхшаб қолган ҳар қандай асар шубҳасиз “сайёр сюжет” меваси бўла бермадими? “Алхимик”да эса, ҳатто шу сюжет талқинидан чиқадиган фалсафий маъно – ғоя ҳам бир хил: Румий ҳам, Пауло Коэло ҳам инсон ҳаётда ўрнини топиш учун ўз қалбига сафар қилсин, ҳамма нарса унинг ўзида мавжуд, дейдилар; дарвоқе, Румий “Фиҳи мо фиҳи” асарида бу ҳақда бошқа ҳеч кимга сўз айтишга ҳожат қолдирмай баён қилган.
“Маснавийи маънавий” ёзилганига ҳозир етти ярим аср бўлди. Ким билади дейсиз, бразил адиби Пауло Коэло Румийнинг бу улуғ асаридан мутлақо бехабар бўлса эҳтимол. Ва балким шунинг учун ҳам у Румий номини тилга олмайди. Аслида, Е.Э.Бертельс жаҳон адабиётининг Шекспир ва Гёте каби вакиллари билан бир қаторга қўйган Румий бунга сира муҳтож эмас. Фақат шуниси аниқки, Румийнинг китобида келган мазкур сюжет – ўқ илдиз бўлмаганида, “Алхимик” романи “Бутун Олам Руҳи”, “Яратувчи Қўл”, “Тақдирга элтувчи Аломатлар” сингари бирқанча эзотерик тушунчалар ҳақида мубҳам битиклардан иборат бўлиб қолар эди, холос. Башарти, давр тескари бўлиб, Пауло Коэло “Алхимик” романини XIII асрда, Румий эса “Маснавийи маънавий”сини ХХ аср сўнгида битган бўлса, Румийга ҳурматим нақадар баланд бўлса-да, мен “Маснавий”даги шу ўринлар бевосита Пауло Коэлонинг “Алхимик” романидан олиб ёзилган, фақат Румийда улуғ куч билан тараннум этилган, деб айтган бўлардим. Аммо Пауло Коэло буни эътироф этмайди. Майли. Ҳақиқат шуки, форс, араб ва туркий тилларда ижод қилган, асли ўзбек бўлган улуғ шоиримизнинг “чўнтагидан тушиб қолган” кичкина бир лавҳа – “Маснавийи маънавий” дарёсининг бир қатраси дунёнинг нариги ёғидаги бир адибнинг қалами ниҳолига озиқ берибди, яхшигина бир асар мағзига айланибди ва бу роман ҳозир жаҳоннинг 120 мамлакатида севиб мутолаа қилиняпти. Румий шундай улуғ мутафаккир эди!
Боя Пауло Коэлонинг романи адабиёт дарсларида ўқитилишидан мамнуният изҳор қилган эдик. Ҳозир ҳам шу фикрдамиз.
Аммо… Румийни қачон ўқийди болаларимиз? Дарслик тайёрловчи педагог олимлар назарига тушармикин бир кун Атторлару Бедиллар ҳам?
Ҳамма билади, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғуломлар чинакам улуғ зиёли бўлишган, чунки улар Шарқнинг улуғ маънавий ганжиналаридан баҳраманд бўлиб ўсишган. Дунёқараши асосан бульвар газетаю телесериаллар орқали шаклланаётган ҳозирги болалар қанчалик зиёли бўлар экан бир кун келиб?
Испаниядан Мисрга йўл олган Сантяго ўз ватанига (қалбига, ўзлигига) қайтмаса, муродига етмас эди – асл мақсад йўққа чиқар эди.
Майли, биз ҳам олис-олис адабий сафарларга чиқайлик. Аммо пировардида маънавий ватанларимизга яна қайтишни унутмасак бас. Чунки ана шундагина асл ганжина соҳибига айланамиз.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 2009 йил 3 апрел.

Ижтимоий тармоқларда:
Фейсбук: facebook.com/behzodfazliddin.uz/
Твиттер: twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 606

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *