Бир шеър кайфияти

A'zam O'ktam.Ҳадик
Бор-йўғимни этдим хайр-эҳсон,
Кеча-кундуз қилдим ибодат.
Охиратни ўйлаб ёнди жон,
Илм истаб югурдим фақат.

Қабул бўлмас биронтаси ҳам,
Бари кетар, шекилли, куйиб.
Бугун тонгда негадир отам
Қараб қўйди норизо бўлиб.
Аъзам Ўктамнинг бир неча гўзал, бадиий жиҳатдан пишиқ ашъори қатори шу “оддий”роқ шеъри ҳам ўқувчига ажиб кайфият улашади. Шеър – ҳаётий, ўзбекона ва андак фожиавий. Ҳозир шеър таҳлилига берилмай, ҳар сафар ушбу сатрларни ўқиганда (дарвоқе, деярли ёддан ўқийман) кўнглимдан кечадиган ўй-хаёллар билан ўртоқлашсам.
Шеърнинг биринчи бандидан аён бўлмоқдаки, лирик қаҳрамон – шоирнинг ўзи – пок эътиқод йўлида жидду жаҳд билан илму ибодат қилаётган (шу ўринда илм олишнинг ўзи ҳам улуғ ибодат эканини яна бир бор ёдга олайлик), бор-будини эзгулик учун сарф қилишга уринаётган иймонли фарзанд. Бироқ у айни дам лаҳзалик бир ҳолдан қаттиқ мутаассир, кўнгли хижил. Бу иккинчи бандда ойдинлашади:
Бугун тонгда негадир отам
Қараб қўйди норизо бўлиб.
Шоир шу ерда “Қараб қўйди қовоғин уйиб” деса ҳам бўларди. Бу қофия учун ҳам қулайроқ эди. Аммо… Ҳаётда кўп нарсани англаб етишга улгурган навқирон ёшдаги “ноқобил” фарзанд (қобили қандай бўлсайкин!) туяётган фожиани ифодалаб бера олмасди. Ота шунчаки қовоқ уйиб қўйгани йўқ, норизо бўлиб қарамоқда! Аниқроғи, шоир-ўғил шундай қабул қилмоқда. Тағин тонгда-я! Шеър муаллифи жуда нозик ифода билан “негадир” дейди. Гўё билиб билмасликка олади. Аслида у ҳаммасини билиб, тушуниб турибди. Лекин шўрлик фарзанд отанинг ҳам ҳаммасини кўриб-билиб тургани ҳолда “негадир” норизодай бўлиб боқаётганини ҳазм қила олмаяпти, бечорага бу жуда оғир ботяпти. Ўзбек оиласида отанинг фарзандга сал норизо бўлиб қараши ҳам мудҳиш ҳол ҳисобланади. Ҳатто шу оний ҳолат бор-йўғини хайр-эҳсонга сарфлаган, охиратни ўйлаб ёнган, кеча-кундуз ибодат қилиб, илм истаб елиб-югурган озурда жоннинг барча яхшиликлари куйиб кетажагига ишора қилмоқда. Эътибор берсангиз, шоир шу ерда ҳам “Куйиб кетар, шекилли” дейди. Куйиб кетади, демайди. Отанинг ва, албатта, Яратганнинг кечиришига умид қилади…
Ижодий умри давомида кўп асарларига Қуръон оятлари, ҳадиси шариф мазмун-моҳиятини сингдирган шоир ушбу шеър орқали ота-онани рози қилиш ҳақидаги муқаддас калималар, халқимизда эътиқод даражасига кўтарилган “Ота рози – Худо рози” ҳикматини ёдга солади. Лекин фарзанд ҳақи, фарзанд розилиги деган тушунчалар ҳам бор! Қолаверса, биз шеърни ўқиб – гарчи унда Она ҳақида бир оғиз гап бўлмаса-да – бор умрини жигарбандлари ташвишини чекиб ўтказаётган музтарин Она ҳақида ҳам ўйлай бошлаймиз…
Шеър номи ўзи билан – “Ҳадик”. Аммо қалбда баридан улуғи – Умид бор. Шоир шеър қатида ана шу Умид учқунларини алангалатиб юборгандек таассурот уйғотади.
Бир қарашда жуда оддий туюлган шеър замирида шундай катта ҳаётий ҳақиқат ётибди. Тағинам бу биз англаб, тасаввур қилганларимиз. Билмадик, шоир-фарзанд кўнглидан ўша дам яна нималар ўтган экан…
Бир тутам шеър ила кўнглимизга ана шундай ёруғ кайфият улашган Аъзам Ўктам ва барча ўтган яхшиларни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин.

2015 йил, июн

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 995

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *