Бизни топган хазина

Устоз Маҳмуд Саъдий мени биринчи курслигимда «топиб» олган. Барчага бирдай талабчан, ўз навбатида, меҳрибон бу донишманд инсонга ихлос қўйганлар кўплигини ўша пайтлариёқ ҳис қилганмиз. Ниманидир сезган бўлса керак, ҳали олий ўқув юрти аудиториясига тўла мослашиб улгурмасимдан университет газетасига ишга олган. Бошқа ўқитувчилар «Талаба домланинг гапига қўшимча қила олмайди» деб турган пайтда устознинг бундай йўл тутиши қалбимдаги умид учқунларини алангалатиб юборган эди. Ўйлаб кўрсам, домла «пичоққа илинадиган», лекин озгина эътибор, таянчга муҳтож ёшларни ана шундай турли йўллар билан ўз ҳимоя остига олар экан. Ўшандан бери устознинг ортидан қолмасликка ҳаракат қиламан. Талабалик ҳамон давом этаяпти…Mahmud Sa'diy
Ўша айтганим университет газетаси «Тил ва дунё»да ва бошқа матбуот нашрларида чиққан, Маҳмуд Саъдий назаридан ўтган барча шеъру мақолаларим моҳир муҳаррирнинг «қўли теккани» учун ҳам менга қадрли. Учинчи курсда устознинг ташаббуси билан янги – «Онамнинг кўнглига кетамиз» номли шеърий тўпламимнинг муҳокамаси бўлиб ўтди. Факултетда ўтган бу тадбир мен тугул, бошқа талабаларга ҳам кўп нарса берган, десам янглишмасам керак. Домла китоб чиқариш, унинг масъулияти ҳақида куйиниб сўзлагани эсимда. У ўзи айтмоқчи адабиётнинг росмана талаблари билан ёндашишга арзийдиган китоб чиқаришимизни истар эди. Ўзимизга шундай катта талаб қўйиб ёзишимизни хоҳларди.
Устоз муҳокама баҳона дилидаги гапларини айтганди: «Авваллари биринчи китоб чиқиши байрам бўларди. У бир адиб адабиётга кириб келаётганидан дарак берарди. Бугун эса сўзнинг, китобнинг қадри анча пасайиб кетди. Масъулият сусайган. Олдин китоб муҳаррирлари қаттиққўл ва талабчан бўлиб, муаллифлар билан ижодий иш олиб борарди. Бу эса яхши китобнинг дунёга келишига сабаб бўларди. Ҳозирги китобларда таҳрирсиз жумлалар жуда кўп. Ҳатто “Китоб савиясига муаллиф жавобгар” деган ёзувлар пайдо бўлди. У ҳолда китобни нашр қилган одамнинг масъулияти қаерда қолади? Умуман, китоб ҳолатида чоп этилган бадиий асарлар таҳрир қилиниши, муҳаррирларнинг обрўйини кўтариш керак. Ахир Навоий ҳам Ҳусайн Бойқарога таҳрир қилдирган эди-ку. Демак, ўша замонларда сўзнинг қадри жуда баланд бўлган. Афсуски, ҳозир “жўқийлик шеърияти” жуда авж олди. Бадиий сўз қадрланадиган ижодий муҳит яратилиши, ўқувчининг бадиий дидини ўстириш лозим. Ана шундагина яхши китоблар кўпаяди». Домла китобларнинг «махсус муҳаррир»лари зиммасидаги масъулият ҳақида ҳам куйиниб сўзлаганини кўп эшитганмиз.
Ўшанда мен ҳам устоз назарда тутган мағзи тўқ китоб чиқаришни астойдил ният қилганман. Шу мақсадда навбатдаги тўпламим қўлёзмасини ҳеч иккиланмай Маҳмуд Саъдийга олиб борганман. Домла ниятимни тўғри тушунди-ю, «Чидармикансан?» дегандай маъноли қараб қўйди. Розилик олдим, аммо бир хавотир бор. Устознинг одатини яхши биламан, битта сўз устида соатлаб бош қотириши мумкин. Бундан ташқари, шеърлар композицияси борасида ҳам анча инжиқ: ҳар бир шеър жой-жойини топмагунча қўймайди. Хуллас, ишнинг «чўзилиб» кетишидан чўчир эдим. Лекин на илож? Китоб чиқаришни, устига-устак, Маҳмуд Саъдий билан ишлашни чидаганга чиқарган.
Mahmud_Sa'diyУстоз ўз амали билан ёшларни «қора меҳнат»дан қочмасликка ўргатиб боради. Бир жойда бир дақиқадан кўп тура олмайдиган янги замон ёшлари учун бу катта мактаб. Ўзимдан қиёс: домланинг «секин» ишлашидан, йўғе, ишлатишидан бўғилган бўламан, «қуённинг расмини чизиш»га уриниб кўраман. Ишлайвераман, ишлайверамиз. Кейин яна… Ҳар битта сўз «чиғириқ»дан ўтади. Қарабсизки, бошида ўзимга «сал хомроқ» туюлган материалнинг камчилиги устознинг ақл «кўзойнаги»да микроскопдаги микробдай аниқ кўринади. Баъзида материал ойлаб ишланади, аниқроғи, қайта туғилгандай бўлади. Кейин ўзим шундай асар ёзганимга ишонгим келмай юраман.
Қўлёзмани ишлашни бошлаб олдик. (Унгача ҳам қанча тайёргарлик кўрилди.) Дастлаб барча шеърлар мавзусига қараб бўлимларга ажратилди. «Ўқиганда фикринг чалғиб кетмайди» дея изоҳ берди бунга устоз. Дарвоқе, у кишининг яна бир одати бор: кайфиятига қараб шеър ўқийди. Бунинг ҳам яхши томони кўп экан. Биринчидан, шеър тушуниб ўқилади, кам-кўсти кўзга ташланади. Иккинчидан, китобга биринчи ўқишда яхши таассурот қолдирадиган «силлиқ» шеърлар киритилмайди. Ёки аксинча бир ўқишда унча ёқинқирамаган, тагида чуқур маъно мужассам шеърлар «тушиб» қолмайди. Масалан, менинг шошма-шошарлик билан қилган қистовларим туфайли устоз «кайфиятсиз» ўқиган шеърлар кейин қайта кўриб чиқилиб, яна тикланди, баъзилари олиб ташланди.
Сўзни ҳурмат қилиш керак, дея уқтиради домла. Ҳар бир сўзни ўз ўрнида ишлатишга ундайди. Матнда «қовушмаган» ёки маъноси кучсизроқ сўз бўлса, албатта, муносибини топишни тавсия қилади.
Устозга «ясалган» шеърлар ҳеч ёқмайди. Китоб тайёрлаш жараёнида сўз ясашдан қочиш кераклигини кўп бора таъкидлади. Айниқса, мавҳумликни хушламайди. Шеърда ҳам аниқлик бўлсин, деб баъзи мисраларни қайта ишлаттирди.
Матнда тиниш белгилари ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини билардим-у, шеърда бунга кўпам эътибор бермасдим. Сўроқ, ундов белгиси, кўп нуқтани, ўрни келса-келмаса, ишлатаверардим. Маҳмуд Саъдий тиниш белгиларининг ҳам тилини топиб, уларга шеър мазмуни, руҳини кучайтириш вазифасини юклай оладиган синчи муҳаррир экани туфайли тиниш белгилари борасида ҳам ҳушёрроқ бўлиб қолдим. Яна, шеърни овоз чиқариб ва овоз чиқармасдан ўқишнинг ўзида катта фарқ борлигини айтиб, баъзан кўз, баъзан қулоқ алдайди, лекин овоз чиқариб ўқиш фойдалироқ, дерди. Бир шеъримда «Оёғим остидан чиққан арилар, Умримдан гуноҳлар йиққан арилар» сатрларидаги оёғим остидан жумласи устозга маъқул бўлмади. «Арининг оёқ остидан чиқиши ғалати, шу жойини ўзгартириш керак», деди. Кейин мисра шундай ишланди: «Мудом кўз остидан чиққан арилар». Ана шу тарзда домланинг талаби билан китобга кирган юздан ортиқ шеърнинг ҳаммасини овоз чиқариб ўқиб, сўзма-сўз, қайта-қайта кўриб чиққанмиз.
Муҳими – устоз фақат ўзининг фикринигина маъқуллаб қолмайди. «Бундай қилсак, нима бўларкин?» деб маслаҳат сўрагандай иш тутади. Муаллифни «ўзининг чизиғидан юриш»га мажбур қилмайди. Китобнинг номи масаласида ҳам анча тортишганмиз. Вариантлар кўп бўлди. Менга устоз танлаб берган ном у қадар маъқул бўлмади ва буни очиқ айтдим. Охири мен танлаган «Сен қачон гуллайсан» номида тўхтадик.
Домла китоб сўзбошиси умумий гаплардан иборат ёки муаллифнинг шахсияти ҳақида гапириш билангина чекланилган бўлса, унинг кераги йўқ, дерди. Менингча, китобга сўзбоши ёзишда  ўзи айтганига амал қилди.
Қисқаси, қанчадан-қанча гап эшитишлар, қайта-қайта ишлаш натижасида китоб дунё юзини кўрди. Уни қўлга олганлар ҳали ўқиб чиқмасданоқ ҳазил аралаш «Маҳмуд Саъдий муҳаррирлик қилибдими, яхши китоб бўлган» дейишди. Бу эса устозга берилган ҳақиқий, холисона баҳо, албатта.
Устознинг бир «касали»ни ўзимга юқтира олмай ҳалакман. Ўлгудай «китобхўр» бўлиш бадиий ижод билан шуғулланаётган киши учун кони фойда экан. Бу шеър ёзишда, таҳрир жараёнида ҳам жуда асқотаркан. Илм ўрганиш ва ўргатиш вақт, жой танламаслигини устозни кўриб, кузатиб юриб тушунганман. Ишда, кўчада, уйда – исталган ерда илм олиш имкони топилади. Биз эса ҳамма бойлик кутубхонада, деймиз-да, диққинафас хонадан чиқмай ўтираверамиз. Таъбир жоиз бўлса, устознинг ҳар бир суҳбати – илм. Биргина «тешик қулоқ» бўлиб туришнинг ўзидаёқ қанча нарса ўрганганман. Устоз «ихтиро қилган» янги сўзларга бир қулоқ тутинг: «қўлоғоч» («сотка»), «жўқий» (қўштирноқ ичидаги шоир)…
Одатда хазинани узоқ қидирадилар. Не бахтки, унинг ўзи бизни топиб турибди. Лекин баъзан ўзимиздан орта олмай (муштдай бошимизга-я), шу хазинани «бир оз» унутиб қўйганимиздан хижолат бўламан. Аслида эса, хазиналар ҳеч қандай эътиборга муҳтож бўлмайди. Шундай эмасми?

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
2009

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 343

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *