Шеър – ботиний эҳтиёж маҳсули. Шоир Фахриёр билан суҳбат

– Илк бор… Фахриёр ака, такрор, давомийлик каби сўзларнинг зидди бўлган ушбу ибора менга бошқача туюлади. Ёш ижодкорнинг матбуотда чоп этилган илк шеъри ё ҳикояси, нашр этилган илк тўплами, илк эътироф, рағбат… Бетакрор ва самимий бўлгани учунми, шундай қувончли лаҳзалар ижодкор хотирасида узоқ сақланиб қолади. Келинг, ёшлик дамларингизни бир ёдга олайлик. Илк ёзган шеърингиз, китобингиз, мухлислар ва устозларингиз эътирофлари хусусида сўзлаб берсангиз…

– Негадир мен бу нарсага шубҳа билан қарайман. Адашмасам, Бернард Шоунинг, одам яхши китоб ёзишдан олдин бир қанча ёмон китоб ёзишга мажбур, деган гапи бор. Албатта, истеъдод илк қадамларданоқ ярқ этиб кўринса яхши, бироқ ҳаётда илк тўплами тақлиддан нарига ўтолмай, кескин танқидга учраган, шундан сўнг “кимлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб”, “шер олдида шер жанги” қилган ижодкорлар ҳам кўп.
Илк тўпламим на ўзимни қувонтирган, на адабий танқидчиликнинг эътиборига тушган. Бу ҳам етмагандай, негадир нашриёт унинг “Дарднинг шакли” деган номини ҳам қўштиноқ ичига олиб берган. Ўйлаб қарасам, 97-йилларга келиб ҳам “дард” сўзи цензура қопқонидан чиқиб кета олмаган экан. Йигирма йил олдин у қопқонга тушган ва қозиғи атрофида оғриқдан додлаб, айланиб юрган бўлса, энди уни, бор-йўқлигини ҳам биров билмасин, ғингшиганини эшитмасин, деб қоронғи катакка қамаб, оғзига қўрқув отлиқ тошни бостириб қўйдик.
Тўғриси, ҳалигача машқларимни биров ўқийдими, йўқми, билмайман. Фақат аҳён-аҳёнда биров-ярим, ўқидим, деб қолади. Шунисига ҳам шукр. Аввало, шеър мен учун – ички эҳтиёж, у ёзилаётган пайтда туюладиган завқ. Бинобарин, ўқувчи қандай қабул қилиши ёки қилмаслиги у қадар қизиқтирмайди.
Лекин устоз масаласида омадим бор экан. Мактабда ўқиб юрган кезларим устозим Зиёвуддин Қўзиевдан кўп нарса ўргандим. Ҳар доим ёзганларимни танқид қилар, уларни маъқуллата олмай хунобим ошар, хунобим ошган сари тинмай ўқиб изланадиган бўлганман.
Илк машқим нима ҳақда эканини, тўғри, эслолмайман, аммо уни рус тили ўқитувчимизга олиб бориб кўрсатганимда, бўғину қофияси қани деб сўрагани ва улар нима эканини билмасдан уялиб қолганим ёдимда. Бу шеър қонун-қоидаларидан хабари бўлмаган болакайнинг “кимлигини кўрсатиб қўйиш”га бўлган илк беҳуда уриниши эди.

– Нега ижодда айнан ноанъанавий – экспериментал шеърлар ёзиш йўлини танлагансиз? Бу урф ортидан эргашишми ёки онгли тарзда танланган услубми? Бир вақтлар танқидчилар, Фахриёрнинг шеърлари оммалашмайди, деб ёзган эди. Бундан қўрқмайсизми?

– Албатта, дастлаб шу йўналишда ижод қилаётган устозларга эргашиш ҳам, тақлид ҳам бўлган ва бу ҳали ғўр, йўл бошида турган қаламкаш учун табиий ҳол. Ёмони – ўша тақлиддан қутулиб кета олмаслик. Тинмай ўқиб-изланишлар, жаҳон адабиётидан бохабар бўла бориш, ўша сиз айтаётган экспериментал шеъриятнинг илдиз ва пайдо бўлиш сабабларини излаб топиш машқларингга ҳушёр қараш, камчиликларни тузатиш ва бошқаларникига ўхшамаган услуб ахтаришга мажбур қилади. Шунинг учун, раҳматли устоз Аҳмад Аъзам айтмоқчи, мазмунни шакл орқали янгилаш эҳтиёжини урфга эргашиш дея олмайман. Шаклий, ҳатто айтиш мумкинки, фикрий экспериментларга киришишдан аввал менда шеъриятда ўша пайтлар вужудга келган турғунлик ва ундан чиқиш йўлидаги изланишлар ҳақида тушунча бор эди. Шунинг учун услуб онгли тарзда танланган деб бемалол айта оламан. Тушунча деяётганимнинг сабаби ўзимни мақташ эмас, сиз айтаётган оммалашмасликни бўйинга олиш, яъни машҳурликдан хомтама бўлмай ёзавериш эди. Чунки оммани эргаштириш ўрнига унинг дидига ёки танқидчининг талабларига мослашиш изланишларни чеклаб қўйиши турган гап. Қолаверса, шеър машқ қилиш ҳеч қачон мен учун тирикчилик воситаси бўлган эмас. Шунинг учун қўрқувга айтарлик сабаб кўрмаганман, кўрмаяпман ҳам. Эксперимент – изланиш, фикрни янгича айтишдан, хато қилишдан, ҳатто мухлис эътиборига тушмасликдан қўрқмасликдир.

– Ўтган асрнинг сўнгги чорагида эксперимент шеърлар ёза бошлаган талай шоирларимиз шеъриятга янги нафас, руҳ, оҳанг олиб кирди. Аммо ушбу ҳодисага нохолис ёндашиб, бундай шоирларнинг ижодини тушуниб-тушунмай нигилистликда айблаган танқидчилар ҳам бўлди. Мунаққидларнинг ноанъанавий шеъриятни “ҳазм қила олмаслиги”ни қандай тушуниш мумкин?

– Жамият янгиликни ҳеч қачон қучоқ очиб, қарсаклар билан кутиб олмайди. Чунки ҳар қандай жамият моҳиятан консервативдир. У кўзи кўриб, қўли ушлаб турган нарсагагина ишонади ва энг қизиғи, ўзига наф бериши мумкин бўлган янгиликдан ҳам бегонасирайди. Жамиятнинг узви бўлмиш – шу сўзни озар қардошларимиз тўғри ишлатади, чунки «аъзо» унинг кўплик шаклидир – ўқувчининг кўнглидаги бегоналик ҳиссини йўқотишни, уни янги ғояларга ишонтиришни маълум маънода адабиёт ўз зиммасига олиши керак эди. Унинг мана шу ишонтира билиш хусусиятидан совет мафкураси зўравонлик билан фойдаланди ва халқни ўзи истаган чорчўплар ичида тийиб, ўзини англашга интилишларини «чукбуррон» қилиб турди. Зулм сал юмшагач эса, янгилик ахтараётган адабиёт изланишларини тузумга мухолифлик сари йўналтираман деб тиканлари орасига яширинган типратикандай ҳурпайиб олди. Чунки ўша пайтлар стадионларга чиқиб, шеър ўқиш, қайта қуриш даврида эса адабий-бадиий журналларнинг адади миллионлаб – ўзимизда юз минглаб – нусхага етгани сабаби уларда биқиқ расмиятчиликнинг моғор босиб, қўланса ҳид анқиб турган тилидан фарқли ўлароқ, жонли, ҳақиқатни мажозларга буркаб бўлса-да айта оладиган асарлар чоп қилина бошлагани эди. Фақат анъанавий усулдаги асарларни ўқиб олишга ўрганиб қолган ўқувчи тикон – нотаниш ифода усулларидан бошқа нарсани кўрмай қолди ва мафкура номидан сўзлаётган мунаққид тилидан «шеърингизни тушунтириб беринг», деб ёзғира бошлади. Ўшанда нафақат ўқувчи, ҳатто адабий танқид ҳам буни қабул қилишга тайёр эмас эди.
Энди бевосита экспериментларга келсак, улар бир тарафдан ташқи таъсир, иккинчи тарафдан ўзгараётган замонни янгича акс эттириш эҳтиёжидан пайдо бўлган десак янглишмаймиз. Бироқ, афсуски, ғадир-будур, айқаш-уйқаш прозаю поэзия намуналари бўлғуси, яъни ҳозирги маънавий инқирознинг қайсидир маънода даракчиси ҳам эди. Экспериментлар замонидаги фикр мавҳумлиги ҳозирги ижтимоий-иқтисодий ҳаётга кўчганга ўхшаб кўринади. Аммо абстракт фикрлаш муайян қонун-қоидалар кўринишидаги тўсиқларни енгиб ўтиб, мавжуд муаммоларга янгича ечим топишга туртки бериши билан ҳам муҳимдир. Шу маънода адабиёт, тасвирий санъат, театр ва бошқа соҳаларга эксперимент тариқасида кириб борган абстракт фикрлаш вақт ўтиши билан янги жамиятга пойдевор бўлиши ҳам мумкин. Бироқ адабиётнинг ҳозирги аҳволини кузатиб, бу жараён жуда узоққа чўзилиб кетишидан хавотирим бор.
Танқидчиларнинг сиз айтаётган ноанъанавий шеъриятдан ёзғириши эса жаҳон адабиёти таъсирида пайдо бўл(аёт)ган янги адабий ҳодисаларни совет адабиётшунослиги мезонлари билан ўлчашга уринишидан бошқа нарса эмас. Табиийки, кўпқиррали тошни тўртбурчак ғишт қолипга жойлаб бўлмайди.

– Бугунги кунда ёш шоиру носирларимиз ҳам абсурд, модерн, постмодерн сингари оқимлар таъсирида шеър ва ҳикоялар ёзяпти. Ўн-ўн беш йиллардан кейин миллий адабиётимиз турли “изм”ларга оид асарлар билан бойиса, ажаб эмас. Аммо бу сингари асарлар мавжуд муаммоларга ечим топиб бера оладими? Адабиётнинг келажаги нима бўлади?

– Келинг, олдин сиз санаётган «…изм»ларнинг Ғарб жамиятида пайдо бўлиш сабабларига қараб кўрайлик. XIX асрнинг иккинчи ярмида куртак ёза бошлаган модернизм Ғарбда санъат ва адабиётдаги шаклларни узлуксиз янгилаб бориш, услубни мавҳумлаштириш орқали бадиий ижоднинг эски, гўёки имкониятларини сарфлаб бўлган усулларидан воз кечишни, дунёга янгича қараш, ички эркинлик ва мутлақо янгича ифода усуллари ёрдамида асарлар яратиш ғоясини байроқ қилиб олган эди. Қизиғи шундаки, у оқим сифатида фақат адабиёт ёки санъат билан чекланиб қолмасдан, инсон тафаккурининг барча соҳаларини қамради ва улар ривожланишига туртки берди. Гарчи у ҳам ҳар қандай янгилик сингари кескин қаршиликларга дуч келган бўлса-да, Ғарб жамияти тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлгани сабабли ғайриоддий туюлмайди. ХХ асрнинг бошларида рўй берган инқилоб халқнинг қўлидан мулкини тортиб олиш, давлат ҳокимиятини мутлақлаштириш билан боғлиқ турли экспериментлар қилган шўро ҳокимияти, ҳаттоки фашизмнинг вужудга келиши ҳам айнан модернизм мақсад қилиб олган дунёни ўзгартириш, янги жамият қуришга интилиш маҳсули эди.
Шўро ҳокимиятининг халқларни узоқ йиллар изоляцияда тутиб келгани таъсирида, айтиш мумкинки, адабиётимиз дарахти модернизмдан бебаҳра бўлиб келди ва фақат ХХ асрнинг 60-70-йилларига келибгина унинг шохларида модерн куртаклар бўрта бошлади. Тақдир ҳазилини қарангки, у совет воқелигига қарши исён тарзида, ички эркинликка интилиш сифатида майдонга чиқди. Шу маънода адабий изланишларни фақат тажриба деб қараш унчалик тўғри эмас.
Ўзбекистон дунёга очилиб борган сари бундай таъсирлашув, адабий жанру услубларнинг «миллий арсенали» орта боради ва бундан хавотирланишнинг ҳожати йўқ. Бугунги кунда ҳатто энг анъанавий усулда ёзаётган шоирлар шеъриятида ҳам янгича метафораларни кузатиш мумкин ва буни фақат анъанавий тафаккур тадрижи билан боғлаш тўғри эмас.
Адабиёт тараққиёти ўзаро таъсирлашув ва шу асосда бошқа адабиётлар тажрибаси билан миллий анъаналарни қай даражада синтез қила олишга боғлиқ. Лекин «изм»ларга кўр-кўрона эргашиш сиз билан биз кутаётган ўзбек адабий ҳодисасига сабаб бўла олмайди – у чинакам изланишу машаққатларсиз «изм»лигича қолиб кетаверади.
Назаримда, миллий адабиёт келажаги жаҳон адабий тажрибаси билан халқ достонлари образлилиги, сўфиёна фикрлаш тарзи, эзотерикани чоғиштириб, мутлақо янги тажрибалар қилиш билан боғлиқ бўлади. Мени ҳар доим авлиёларнинг инсон фикрини ўқий ёки тушларини бошқара олиши, телепортация ҳодисаси қизиқтириб келади. Афсуски, олган дунёвий билимларимиз бундай ҳодисаларни тушунишга йўл бермайди. Балки муайян вақт ўтиб, ҳам пухта дунёвий, ҳам дин илмига эга ижодкорлар бунинг ҳам уддасидан чиқар. Шунда ўзимизнинг ҳам фусункор – балки бошқа бирор ном топилар – адабиётимиз вужудга келар.

– Истеъдодни рўёбга чиқариш учун кўп ўқиш ҳам кераклиги ҳеч кимга сир эмас. Ноанъанавий усулда ижод қилишингиз жаҳон адабиётини кўп ўқишингиз билан боғлиқми?

– Бу саволингизга «ҳа» деб ҳам, «йўқ» ҳам деб жавоб бериш мумкин. Албатта, ижодкорнинг қандай китоб ўқиётгани билан нима ёзаётгани ўртасида муайян боғлиқлик бор. Бироқ буни асосий омил қилиб кўрсатиш фикридан йироқман, чунки сўнгги пайтларда кўпроқ проза, сиёсатшунослик, мемуаристикага оид асарларни ўқияпман ва бу шеър ёзишимга умуман халақит бермайди. Сиз айтаётган ноанъанавий ёки танқидчилар ҳали ҳам ётсираётган услуб бизга у қадар бегона эмас. Ўрхун-Энасой битикларини ёки фольклордаги сажъ усулини эсланг. Бармоқ ёки аруз вазни ҳам анъанавийлашишидан олдин ўзига хос новаторлик бўлган. Вақт ўтиши билан сарбастни ҳам халқ қабул қилишига ишонаман. Бунинг учун уни, аввало, дарслик ёзаётган олимлар яхшилаб тушуниб олиши ва ўқувчига бегонаситмай тушунтира билиши керак. Нега Ғафур Ғуломнинг «Турксиб йўлларида» ёки «Сен етим эмассан» шеърини қабул қилган мактаб ўқувчиси бугунги сарбаст олдида талмовсирайди, тушунишга қийналади? Чунки бугунги сарбастнинг тарғиботи кам. Математика, кимё ёки физика формулаларини осон ўрганиб олаётган ўқувчига шеър алифбоси, умуман, адабиёт саёз ўқитилади, фақат анъана билан чекланиб қолинади. Оқибатда у янги шеър тили, рамз – кодларидан бебаҳра, уларни қабул қила олмай ўсмоқда.

– Сиз ҳар доим китобни ўз тилида ўқишга ҳаракат қиламан, ўзбек тилига ўгирилганларини ўқимайман, деб айтасиз. Наҳотки ўша асарларни маромига етказиб таржима қиладиган мутахассисларимиз бўлмаса? Ё бошқа сабаби борми?

– Афсуски, дунё адабиётининг дурдона асарлари ҳали ҳам кўпинча тилимизга рус тили орқали таржима қилинмоқда. Шу сабабли мен уларнинг русча таржимасини топиб ўқишга ҳаракат қиламан. Агар ўша асарлар мен билмайдиган тилдан таржима қилинганида ўзбекча ўқишим табиий эди. Бизда рус тилидан рисоладагидай ўгирадиган таржимонлар кўп, ўзига хос мактаб ҳам бор. Афсуски, мактаб кўрганлар бошқа чет тилларини билмайди, чет тилларини билганлар эса ўзбекчада эплаб ёза олмайди.

– Бугун бевосита аслиятдан ўзбекчага таржима қилинган асарлар саноқли, лекин уларни ҳам талабга жавоб беради, деб бўлмайди. Сизнингча, ушбу муаммога қандай ечим топса бўлади?

– Муайян асарни аслият тилини билмай бошқа тил орқали таржима қилган ҳар қандай мутахассис тирбанд йўлдан кетаётган сўқир одамга ўхшайди – асарни аслиятда ўқий олмайди. Шунинг учун уни ҳар қандай етук мутахассис ўгирса ҳам аслиятдан узоқлигича қолаверади. Битта мисол. Таржимашуносликда адекват таржима деган гап ва бунинг яхши тарафи ҳам, ёмон тарафи ҳам бор. Дейлик, Маркес асарларини рус тилига таржима қилаётган мутахассис уларда қўлланган мақолу қочиримларни ўз тилига сўзма-сўз таржима қила олмайди – калька бўлиб қолади ва ўқувчи буни қабул қилиши қийин. Шу сабабли у аслият тилидагига мос рус мақоли ёки қочиримидан фойдаланади. Шу ҳолатнинг ўзиёқ ўзбек таржимонини испанча эмас, русча мақол ёки қочиримни ўзбекчалаштиришга мажбур этади.
Аслиятдан қилинаётган таржималар билан боғлиқ муаммоларга келсак, ўша хорижий тилни яхши билган мутахассислар уларни ўзбекча яхши жаранглата олмаётгани, афсуски, бор гап. Бу ерда ҳаваскорлик билан иш битмайди. Қани таржимонлар тайёрлайдиган олий ўқув юртларида етук таржимонларнинг устахоналари бўлса. Ёш таржимонлар Иброҳим Ғафуров ёки Низом Комилов устахонасида таълим олса.
Бундан ташқари, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Ижод» жамғармаси маблағларини ҳам жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига бевосита таржима қилиш, шу билан бирга, ўзбек ёзувчиларининг асарларини чет тилларга таржима қилишга йўналтириш ва уларни рағбатлантириш ҳақида бош қотириш вақти келмадимикан? Бунинг учун уюшмани фақат ўз китобларини ёзиш ва чоп қилиш билан овора ёзувчи раҳбарлар эмас, ижод қилмаса ҳам инсофли, замонавий, қолаверса, ватанпарвар менежерлар бошқариши керак.

– Бугунги кунда инглиз тилини ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Бошқа миллат адиблари асарларини ўзбек тилига, ўзбек адиблари асарларини эса инглизчага ўгиришга уринишлар бўляпти. Бунга муносабатингиз…

– Уларни уриниш сифатида қўллаб-қувватлайман. Лекин фалончи фалон асарни фалон тилга қойиллатиб таржима қилибди, деган гапни эшитганим йўқ. Таржима шунчалик масъулиятли ишки, йигирма-ўттиз йиллаб, чет элларда яшаб, ўша миллатлар тилини «сув қилиб ичиб юборган» шоир ёки ёзувчиларимиз ҳам бу ишга қўл уриб, ном чиқаришга интилаётганини кўрганим йўқ. Сабаби, улар бадиий асарни ўша тилга адекват таржима қилиш масъулиятини, машаққатини яхши тушунади.
Эсингизда бўлса, Шекспир, Гёте каби даҳолар асарларини рус тилига ҳали номи ҳеч кимга маълум бўлмаган ҳаваскорлар эмас, Борис Пастернак, Самуил Маршак каби машҳур шоирлар ўгирган эди. Шунинг учун ёш таржимонларнинг ўзбекча шеърий ва насрий асарларни бошқа тилларга қилаётган таржимаси сифатига шубҳам бор. Балки улар ўша тилни жуда яхши билар, ўша тил она тили бўлган етук муҳаррирлар билан ҳамкорлик ҳам қилаётгандир. Бироқ ўзим шеърларимни рус ва инглиз тилларига сўзма-сўз таржима қилиб берган ва ўша тиллардаги етук таржимонларнинг таглама ёрдамида қилган таржимасидан умуман кўнглим тўлмаган одам сифатида бунақа ишларга истеҳзо билан қарайман.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор.
Кейинги пайтларда ўзбекча шеър ёки ҳикоя ёзиб бир нарсани қойил қила олмаган ҳаваскорларнинг машқларини тенгдошларига бошқа тилларга таржима қилдириб, сохта обрў орттиришга интилаётгани одамнинг кулгисини қистайди. Ижодкорга асаридан бошқа ҳеч нарса тиргак ҳам бўлмайди, обрў ҳам олиб бермайди.
Ундан кўра, ишни ўзбек адабиётини чет элда танитишга иштиёқманд таржимонларни йиғиб, энг сара асарларни – тагламадир, сўзма-сўздир – таржима қилдириб, ўша хорижий тиллар она тили бўлган ва бадиий асарлар таҳририга ихтисослашган муҳаррирларни ишга маълум рағбат эвазига жалб қилиб, йўлга қўйса бўлади-ку. Шундай қилинса, тасодифий асарларнинг таржима қилиниши олди олинади ва миллий адабиётимизни дунёга танитиш борасида амалий иш қилинган бўлади.

– Ҳозирги адабий жараёндан кўнглингиз тўляптими?

– Афсуски, адабий жараённи тўлиқ кузатишга имконим бўлаётгани йўқ. Шунинг учун кўнглим тўляпти ёки тўлмаяпти, деб қатъий гапирсам ёлғон бўлади. Яхши шеърлар, ҳикоялар, романлар ёзиляпти, умидли ёш ижодкорлар пайдо бўляпти – баҳоли қудрат ўқиб боряпман.
Ҳарқалай, нималардир ёзиляпти, янгилик қилишга уринишлар бор.
Шу билан бирга, адабиётга алоқаси бўлмаган олди-қочди нарсалар кўпайиб кетаётгани одамни ташвишлантиради. Ҳатто ҳали адабиёт нималиги, шеър қонун-қоидалари нималигини яхши англамай туриб, ўнталаб тўплам чиқараётган ва кимларнидир «авом шоири», ўзини эса уялмай-нетмай «хослар шоири» деб атаётган «авлиёлар» пайдо бўлгани, афсуски, қаровсиз қолган адабиёт майдонининг бугунги манзарасидир.
Кимдир, уларга эътибор қилмаслик керак, деб ўйлаётгандир. Ҳатто яқинда айрим дўстларимиз Дилмурод Қуроновнинг мана шундай нобоп ҳолатларни танқид қилиб ёзган мақолаларини, нега ўша қаламкашни реклама қиляпти, дейишгача борди. Беихтиёр, ҳой, биродар, бу гапларни кимдир айтиши керак-ку, нега энди раҳмат айтиш ўрнига Дилмурод Қуроновни янишимиз керак, дегинг келади.
Мени ўйлантираётган яна бир муаммо айни пайтда адабиёт эшигини қоқиб турган ёш қаламкашларнинг тилни (ҳатто русчани ҳам) яхши билмаслиги ва жаҳон адабиётидан унчалик хабардор эмаслигидир. Балки вақт ўтиши билан бу камчиликлар ўрни ҳам тўлиб, уларнинг учқунлаётган истеъдоди ҳаммамиз интиқлик билан кутаётган улкан асарлар ёзилишига сабаб бўлар.
Кутайлик-чи.

Умид Али суҳбатлашди.

Шеър – ботиний эҳтиёж маҳсули. Шоир Фахриёр билан суҳбат: 1 изоҳлар

  • Март 28, 2020 в 10:02 дп
    Permalink

    Assalomu alaykum! Hurmatli ustozimiz Faxriyor she’riyati haqida sodda, jo’n, xalqona tilda yozilgan iborasini qo’llash, ehtimol, to’g’ri kelmas, ammo o’sha xalqning bir vakili sifatida bir voqeani eslasam:
    Ancha yillar ilgari, litsey davrimda, shahar kutubxonasiga darslik qidirib bordim. Va bir to’plam topib oldim. Uning muallifiga ham qaramay (kitobni o’qigach, muallifiga e’tibor berish kerak, deb o’ylayman) o’qishni boshladim. Avvaliga hech nimani tushunmadim. She’rga o’xshaydi-yu, nimadir kamdek. (Aslida o’sha kamchilik menda bor ekan!)
    Lekin nimadir meni qitiqlay boshladi. Hislarimni, tuyg’ularimni o’ynatib yubordi! O’sha nimadir! Va ovozimni baralla qo’yib bir soat deganda kitobni tugatdim. O’sha nimadir sevgi edi, qo’rqinch edi, do’stlik edi, ojizlik va qudrat edi. Hammasi oddiy edi. Oddiy ham yangi edi. Mendek o’smirning hech kimga ayta olmaydigan kechinmalari bor edi. Xullas SHE’R EDI! MENI YUKSALTIRGAN SHE’R EDI…
    O’shanda kitob ustidagi Faxriyor degan so’zni o’qidim va bu ijodkor meni bir qadam yuksaltirganini sezdim.
    Zero, xulosam shunday edi: Xalqni yuksaltirgan shoir haqiqiy shoirdir!

    Ответ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.